язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Уй-жой коммунал хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.01.2002 й. 21-сон "Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг фоизсиз кредити доирасида газни ҳисобга олиш приборлари сотиб олиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.01.2002 й.

N 21



ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУКУМАТИНИНГ ФОИЗСИЗ КРЕДИТИ

ДОИРАСИДА  ГАЗНИ  ҲИСОБГА  ОЛИШ

ПРИБОРЛАРИ СОТИБ ОЛИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига 20 йил муддатга, шу жумладан 10 йил имтиёзли даврга 30 млн юан миқдорида фоизсиз кредит бериш тўғрисида 2001 йил 11 апрелдаги Битимни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ХХР Ҳукуматининг фоизсиз кредити маблағларини Ўзбекистон Республикасида сертификация қилинган J-1,6 типидаги газни ҳисобга олиш приборлари етказиб беришга йўналтириш тўғрисида Айирбошлаш ноталари имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

"Ўзкоммунхизмат" агентлигининг "Бошкоммунгаз" корхонаси ушбу кредит бўйича қарз олувчи;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредитга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш бўйича молиявий агент ҳисобланади.


3. Қуйидагилар:

"Ўзкоммунхизмат" агентлигининг "Бошкоммунгаз" корхонаси ХХРнинг ваколатли банки билан қарз битимини белгиланган тартибда тузишга;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири "Ўзкоммунхизмат" агентлиги "Бошкоммунгаз" корхонасининг тўлов мажбуриятлари бўйича  Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ХХРнинг ваколатли банкига белгиланган тартибда кафолат беришга;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ХХРнинг ваколатли банки билан банклараро битимни имзолашга  ва кредитга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш бўйича "Бошкоммунгаз" корхонаси билан агентлик битимини имзолашга вакил қилинсин.


4. "Ўзкоммунхизмат" агентлигининг "Бошкоммунгаз" корхонаси:

J-1,6 типидаги газни ҳисобга олиш приборлари етказиб беришга Хитой томонидан тендер асосида аниқланган хитойлик ваколатли етказиб берувчи  билан бир ой муддатда импорт контракт тузилишини ва улар кейинчалик аҳоли эҳтиёжлари учун  ўрнатилишини;

газни ҳисобга олиш приборлари етказиб бериш лойиҳаси бир ой муддатда экспертизадан ўтказувчи ваколатли органлар билан келишилишини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши белгиланган тартибда тасдиқланишини;

газни ҳисобга олиш приборларига "Сувжиҳозгаз" қўшма корхонасида кафолатли сервис хизмати кўрсатиш ташкил этилишини;

ўз маблағлари ҳисобига, иловага мувофиқ жадвалга биноан ХХР Ҳукуматининг кредити ўз вақтида қайтарилишини ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ зарур тўловлар ва  воситачилик тўловлари тўланишини;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳрининг уй-жой фонди мазкур кредит доирасида етказиб берилган газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозланишини ва ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборлари учун аҳоли томонидан маблағлар қайтарилишини таъминласин.

Кредит ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш учун жавобгарлик "Ўзкоммунхизмат" агентлиги ва "Бошкоммунгаз" корхонасининг бош директорлари зиммасига юклансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ХХР ваколатли банкига кафолати юзасидан белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


6. Қуйидагилар:

мазкур кредит доирасида Ўзбекистон Республикасига келтирилаётган газни ҳисобга олиш приборлари божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно);

"Ўзкоммунхизмат" агентлигининг "Бошкоммунгаз" корхонаси мазкур кредит бўйича келтирилаётган газни ҳисобга олиш приборлари аҳолига сотилиши ва монтаж қилинишига нисбатан қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинсин.


7. "Ўзкоммунхизмат" агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда аҳоли эҳтиёжлари учун газни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ҳамда кредитга хизмат кўрсатиш ва уни қайтариш бўйича харажатларни  қоплаш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ХХР Ҳукуматининг фоизсиз кредити доирасида газни ҳисобга олиш приборлари етказиб бериш лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги Инвестиция дастурининг аниқ мўлжалли қисмининг Ҳукумат кафолати остида чет эл инвестициялари ва кредитларини жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган лойиҳалар бўлимига киритсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                              И. Каримов