язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Электр энергетикаси/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.11.2014 й. ПҚ-2260-сон "Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши" лойиҳасини амалга оширишда биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.11.2014 й.

N ПҚ-2260



"ТЎРАҚЎРҒОН ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР

СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛИШИ" ЛОЙИҲАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШДА БИРИНЧИ НАВБАТДАГИ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Энергияни тежайдиган замонавий юқори самарали технологияларни жорий этиш ҳисобига энергия ишлаб чиқариш қувватларини янада ривожлантириш, мамлакат энергетика тизими фаолиятининг пишиқ-пухталигини янада ошириш ва республика истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида:


1. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан "Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш учун 40 йил муддатга, 10 йил имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 71 839 млн. Япония иенаси (эквиваленти 704 млн. АҚШ долларига тенг) миқдорда қарз берилгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

мазкур лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, шунингдек Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун "Ўзбекэнерго" ДАК ижро этувчи орган ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарзига хизмат кўрсатувчи молиявий агент ҳисобланади;

Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарзини узиш, шунингдек фоизлар, комиссияларни тўлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар "Ўзбекэнерго" ДАКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан қарз битимини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ўзбекэнерго" ДАК билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарзидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги агентлик битимини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолаш ваколати берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасидаги қарз битими бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқий хулоса берсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Япониянинг "Tokio-Mitsibushi UFJ. Ltd." банки билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги қарзидан фойдаланиш мақсадида банклараро битим тузсин.


6. "Ўзбекэнерго" ДАК уч ой муддатда "Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши" лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиб, ваколатли экспертиза органлари билан келишилган ҳолда, белгиланган тартибда тасдиқлатиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 17 ноябрь, 46-сон, 550-модда