язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.11.2001 й. 437-сон "Қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ХХР Ҳукуматининг имтиёзли кредитидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.11.2001 й.

N 437



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАСИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

УЧУН ХХР ҲУКУМАТИНИНГ ИМТИЁЗЛИ

КРЕДИТИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Замонавий мини-тракторлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарини, фермер ва деҳқон хўжаликларини улар билан таъминлаш учун Хитой Халқ Республикаси томонидан Ўзбекистон Республикасига имтиёзли кредит бериш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги олдиндан келишилган Битимни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

"Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмасида 30 от кучи қувватига эга бўлган мини-тракторларни йиғиб ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки томонидан 12062580 АҚШ доллари (100 млн юань) миқдорида 10 йил муддатга 4 фоизли йиллик ставка билан имтиёзли кредит берилганлиги;

"Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси томонидан Тяньзин машиналар сотиш ва харид қилиш компанияси (ХХР) билан 2500 комплект мини-тракторлар, шу жумладан уларга бутловчи ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш юзасидан умумий қиймати 12062580 АҚШ доллари (100 млн юань) бўлган импорт контракти тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

лойиҳанинг тасдиқланган техник-иқтисодий асослашларига мувофиқ, мини-тракторлар комплектлари етказиб беришни маблағ билан таъминлаш уч босқичда, ХХР Эксимбанкининг "Пахта-банк" томонидан қайта молиялаштириладиган кредити ҳисобига амалга оширилади;

650 комплект мини-тракторлар ишлаб чиқариш учун 3,25 млн АҚШ доллари миқдоридаги биринчи босқич 2001 йилдан бошлаб амалга оширилади, кредитни иккинчи ва учинчи босқичларда ўзлаштириш муддатлари биринчи ҳамда тегишли равишда иккинчи босқични амалга ошириш натижалари бўйича аниқлаштирилади.


3. "Пахта-банк" ХХР Эксимбанки билан кредит битими тузсин ва ХХР Эксимбанки маблағларининг "Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси учун қайта молиялаштирилишини таъминласин.


4. Белгилансинки, кредитга хизмат кўрсатиш ва уни қайтариш билан боғлиқ харажатлар "Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси маблағлари ҳисобига иловага* мувофиқ график бўйича амалга оширилади.

Кредитдан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда унинг ўз вақтида қайтарилиши учун жавобгарлик "Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси раҳбарига юклансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ХХР Эксимбанкига "Пахта-банк" мажбуриятлари бўйича ва "Пахта-банк"га "Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси мажбуриятлари бўйича белгиланган тартибда кафолатномалар беришга вакил қилинсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ХХР Эксимбанки ва "Пахта-банк" ўртасидаги кредит битими бўйича берилган кафолатномалари юзасидан юридик хулосани белгиланган тартибда расмийлаштирсин.


7. Мазкур кредит ва тузилган контракт доирасида етказиб бериладиган мини-тракторларга бутловчи буюмлар ва узеллар, уларга эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно).


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси буюртманомаларига кўра кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга келиш визаларининг консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда берилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси буюртманомаларига кўра лойиҳанинг хорижий иштирокчиларини уларнинг яшаш жойларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини, визалар ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини давлат божи ундирмасдан амалга оширсин.

10. "Тошкент трактор заводи" давлат-акциядорлик бирлашмаси "Пахта-банк" ва ХХР Эксимбанки ўртасида кредит битими имзолангандан кейин бир ой муддатда Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" компанияси, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси техник хизмат кўрсатиш марказлари кўмагида, шу жумладан майда улгуржи дўконлар шохобчаларидан фойдаланган ҳолда мини-тракторларни машина-трактор паркларига, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)га, фермер ва деҳқон хўжаликларига сотиш юзасидан шартномалар тузилишини таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                           И. Каримов


*) Илова берилмайди.