язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.04.2006 й. ПҚ-315-сон "ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш бўйича ҳалқаро Глобал жамғармаси грант маблағларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.04.2006 й.

N ПҚ-315



ОИТС, СИЛ ВА БЕЗГАК

КАСАЛЛИКЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШ

БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ГЛОБАЛ ЖАМҒАРМАСИ

ГРАНТ МАБЛАҒЛАРИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



ОИТС, сил ва безгак касалликлари тарқалишига йўл қўймаслик вазифаларини самарали амалга ошириш, шунингдек ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш бўйича халқаро Глобал жамғармаси томонидан бериладиган грант маблағларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш бўйича халқаро Глобал жамғармаси (кейинги ўринларда Глобал жамғарма деб юритилади) Ўзбекистон Республикасига мазкур касалликларнинг тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган, биринчи босқичда умумий миқдори 12,2 млн. АҚШ доллари, жумладан ОИТСга қарши - 4,8 млн. АҚШ доллари, силга қарши -6,1 млн. АҚШ доллари, безгакка қарши - 1,3 млн. АҚШ долларига тенг миқдордаги стратегик дастурларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағи ажратган;

дастурларни амалга оширишининг иккинчи босқичида Глобал жамғарма томонидан 28,6 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилади;

қуйидагилар:

ОИТС бўйича - Республика ОИТС маркази, сил касаллиги бўйича -Республика DOTS маркази, безгак касаллиги бўйича - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мазкур дастурларни амалга оширишда ижро этувчи органлар ҳисобланади.


2. Белгилансинки, грант маблағлари Ўзбекистон Республикасининг эпидемияга қарши Республика Фавқулодда комиссияси томонидан қабул қилинган ОИТВ/ОИТС, сил ва безгак касалликлари тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган стратегик дастурларга кўра иловага* мувофиқ йўналишлар бўйича фойдаланилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига (Ф.Р. Назиров) дастурларни самарали амалга ошириш ва Глобал жамғарманинг грант маблағларидан мақсадли фойдаланиш, жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Инвестиция лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш мониторинги механизмларини такомиллаштириш, мурувват ёрдами юкларини ва техник кўмаклашиш маблағларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 15 ноябрдаги 251-сонли қарори талабларига қатьий амал қилган ҳолда дори-дармонлар, тиббий ва лаборатория асбоб-ускуналари ҳамда бошқа товарларни харид қилиш механизмига риоя этилиши учун масъулият юклансин.


4. ОИТВ/ОИТС, сил ва безгак касалликлари тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган стратегик дастурлар доирасида Глобал жамғарманинг грант маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган ва сотиб олинаётган дори-дармонлар, тиббий ва лаборатория асбоб-ускуналари, хизматлар ва бошқа товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси сифатида божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Глобал жамғарма иштирокида стратегик дастурлар доирасидаги тадбирларни амалга ошириш даврида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тасдиқланган бюджет маблағлари доирасида Глобал жамғарманинг грант маблағлари ҳисобига сотиб олинган дори-дармонлар, тиббий ва лаборатория асбоб-ускуналари ҳамда бошқа товарларни минтақаларга етказиб бериш бўйича сарф-харажатларнинг молиялаштирилишини назарда тутсин.


6. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Глобал жамғарманинг грант маблағлари ҳисобидан харид қилинган юкларга тўлов ундирилмаган ҳолда хизмат кўрсатишни таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабномаларига кўра дастурларни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда белгиланган тартибда визалар расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Глобал жамғарманинг грант маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ахлоқ тузатиш муассасалари тизимида ОИТС ва сил касалликларига қарши саъй-ҳаракатлар бўйича чора-тадбирлар комплексини тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни саклаш вазирлиги талабномаларига кўра дастурларни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларнинг вақтинча рўйхатда туришини давлат божлари ундирилмаган ҳолда таъминласин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Глобал жамғарма грант маблағлари ҳисобидан минтақалардаги тиббиёт муассасаларига етказиб бериладигаи дори-дармонлар, тиббий ва лаборатория асбоб-ускуналари ва бошқа товарлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширсин.

Ўзбекистон Республикасининг эпидемияга қарши Республика фавқулодда комиссияси барча молиялаштириш манбалари, жумладан Глобал жамғарма грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ОИТВ/ОИТС, сил ва безгак касалликлари тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган стратегик дастурлар доирасидаги тадбирлар ижросини мунтазам равишда кўриб чиқсин.


10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.