язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.06.2011 й. 192-сон "Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ўқишини ташкил этиш учун Япония Ҳукумати грантларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.06.2011 й.

N 192


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАКИЛЛАРИНИНГ ЎҚИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН

ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИ ГРАНТЛАРИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Япония Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси вакилларининг Японияда ўқишини ташкил этиш учун берилаётган 202 млн. Япония иенаси миқдоридаги грантларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Япония Ҳукуматининг Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги, Япония Халқаро ҳамкорлик маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан ўқиш учун номзодларни танлаб олиш амалга ошириладиган (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) Ўзбекистон Республикаси вакилларининг Япония етакчи университетлари магистратурасида ўқишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Ариповга Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Айирбошлаш ноталари ва Грант Битимини имзолаш ваколати берилсин.


3. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига - лойиҳани амалга ошириш доирасида грантларни олиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун Япония томони билан келишган ҳолда барча тартиб-қоидаларни расмийлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига - грантларга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига - грантларга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш юзасидан Япония томонига воситачилик харажатларини тўлаш учун воситачилик харажатларини эркин алмаштириладиган валютага конвертациялашни таъминлаш юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги грантга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатилганлиги учун Япония томонига воситачилик харажатларини Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича ушбу лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек уларнинг яшаш жойларида давлат божлари ундирилмасдан вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

Японияда лойиҳани амалга ошириш доирасида ўқиган ўзбекистонлик мутахассисларнинг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар нострификация қилинишига ва уларнинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашсин;

уларнинг меҳнат фаолияти юзасидан доимий мониторинг олиб борсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 26-сон, 266-модда