язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2003 й. 293-сон "Ўзбекистон Республикаси вакилларини ўқитишни ташкил этиш учун Япония Ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.06.2003 й.

N 293


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАКИЛЛАРИНИ ЎҚИТИШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ УЧУН ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИ ГРАНТИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси вакилларини Японияда ўқитишни ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг 58 млн. Япония йени миқдоридаги грантидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Япония Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси вакилларини Япониянинг етакчи университетлари магистратурасида ўқитишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

20 кишидан иборат номзодларни танлаб олиш Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С.Кароматов Айирбошлаш нотаси тарзидаги битимни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил килинсин.


3. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига - Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун беғараз ёрдам маблағларини олиш ва уларга хизмат кўрсатишга доир барча тартиботларни расмийлаштириш, шу жумладан стипендиатларни биргаликда танлаш ва Японияга юбориш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига - юқорида кўрсатилган беғараз ёрдам ҳисоб-китоби юзасидан хизмат кўрсатиш юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси Айирбошлаш ноталарида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи Япония мутахассисларини давлат божи ундирмасдан яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказсин ва вақтинча рўйхатдан ўтказишни узайтирсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Япония таълим грантлари соҳиблари маълумотлар банкини яратсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мазкур тоифадаги ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

уларнинг хизмат фаолияти доимий мониторингини ташкил этсин.


8. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар, концернлар ва корпорациялар, корхоналар ва ташкилотлар магистратурани битириб чиққан Япония грантлари соҳибларининг устувор равишда ишга қабул қилинишини ҳамда улар учун зарур иш шароитлари яратилишини таъминласинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                               И. Каримов