язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.10.2009 й. ПҚ-1215-сон "Ислом тараққиёт банки, Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида "Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ирригация-дренаж тармоқларини тиклаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.10.2009 й.

N ПҚ-1215



ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ, ҚУВАЙТ АРАБ

ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ ВА

ОПЕК ХАЛҚАРО ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ

ИШТИРОКИДА   "ЖИЗЗАХ   ВА   СИРДАРЁ

ВИЛОЯТЛАРИДА ИРРИГАЦИЯ-ДРЕНАЖ

ТАРМОҚЛАРИНИ ТИКЛАШ" ЛОЙИҲАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги суғориладиган ерларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини барқарор ривожлантиришни таъминлаш ирригация-мелиорация комплексидан фойдаланиш самарадорлигин ошириш, шунингдек Ислом тараққиёт банки, Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, "Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ирригация-дренаж тармоқларини тиклаш" лойиҳасини амалга ошириш учун:

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) билан беш йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, муддати 17 йил бўлган, 52,65 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда молиявий маблағларни бериш тўғрисида Истисно Шартномаси ва Агентлик битими имзоланди;

ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси билан беш йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, муддати 20 йил бўлган, 12,72 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда қарз бериш тўғрисида қарз битими имзоланди;

Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси (ҚАИТЖ) олти йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, муддати 21 йил бўлган, 4,34 млн. қувайт динори (эквиваленти 15,62 млн. АҚШ долларига тенг) миқдорида Ўзбекистон Республикасига қарз берилишини маъқуллади;

Ўзбекистон Республикасининг мазкур лойиҳани амалга оширишдаги улуши 13,34 млн. АҚШ доллари эквивалентини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бажариладиган ишлар ҳажми 5,22 млн. АҚШ долларини ҳамда "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. Фаза-2" лойиҳаси доирасида - 2,66 млн. АҚШ доллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари - 5,46 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳани 2009 - 2014 йиллар даври мобайнида амалга ошириш белгилаб қўйилган.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жалб этиладиган кредит маблағларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда ушбу лойиҳанинг самарали амалга оширилиши учун жавобгар бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

ҚАИТЖ ва ОПЕК Жамғармасининг қарзлари бўйича фоизлар ва комиссияларни, қарзларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек ИТБ томонидан ажратилаётган молиявий маблағларни, устама нархни ҳам ҳисобга олган ҳолда қайтариш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағи ҳисобидан амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

"Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ирригация-дренаж тармоқларини тиклаш" лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари билан техник-иқтисодий асоси 1-иловага* мувофиқ;

"Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ирригация-дренаж тармоқларини тиклаш" лойиҳасини қисмлар, манбалар ва йиллар бўйича молиялаштириш режаси 2-иловага мувофиқ;

ИТБнинг молиявий маблағларини қайтариш, ҚАИТЖ ва ОПЕК Жамғармасининг қарзлари бўйича фоизлар ва комиссияларни, қарзларни тўлаш жадвали 3, 4 ва 5-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси молия вазири ҚАИТЖ билан тузилган Қарз битимини Ўзбекистон Республикаси номидан имзолашга вакил этиб тайинлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан ИТБ ўртасидаги Истисно Шартномаси ва Агентлик битими, Ўзбекистон Республикаси билан ҚАИТЖ ўртасидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕК Жамғармаси ўртасидаги қарз битимлари бўйича юридик хулосаларни берсин.


6. "Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ирригация-дренаж тармоқларини тиклаш" лойиҳасини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш учун 6-иловага мувофиқ таркибда Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилсин.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

лойиҳа доирасида алоҳида устувор лойиҳаларни сифатли танлаш, экспертизадан ўтказиш ва ўз вақтида амалга оширишга тайёрлаш, ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланишни назорат қилиш;

лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар) харид қилиш бўйича тендер комиссиялари таркибини тасдиқлаш;

лойиҳанинг амалга оширилишини мунтазам кўриб бориш ва зарур ҳолларда уларнинг самарали ҳамда ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги икки ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида лойиҳани бошқариш гуруҳи тузилишини таъминласин, унинг зиммасига лойиҳани мувофиқлаштириш ва бошқариш вазифалари юклансин, шунингдек Гулистон ва Жиззах шаҳарларида лойиҳани амалга оширувчи иккита гуруҳ ташкил қилсин ҳамда уларнинг лавозимлар рўйхатини ва улар фаолиятини молиялаштиришнинг ҳар йилги сметасини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан албатта келишиб олсин.


8. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлари зиммасига лойиҳа тадбирларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш, шунингдек ИТБ, ҚАИТЖ ва ОПЕК Жамғармаси тартиб-қоидалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ зарур ҳисоботлар ва ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаш ҳамда тақдим этишни ташкил қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш Департаменти 2010 йилдан бошлаб, ҳар йили инвестиция дастурларини шакллантиришда мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг улушини молиялаштиришни назарда тутсин.


10. Лойиҳани амалга ошириш даврида мазкур лойиҳа доирасида ИТБ маблағлари, ҚАИТЖ ва ОПЕК Жамғармаси қарзлари ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар), транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари), қўшилган қиймат солиғидан, мақсадли давлат жамғармаларига тўланадиган мажбурий ажратмалардан озод этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ушбу лойиҳа доирасида белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ҳамда лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш сифати устидан қатъий назорат ўрнатсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг талабномаларига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


14. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



*) Иловалар берилмайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2009 й., 10-сон, 405-модда