язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.09.2007 й. ПҚ-698-сон "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.09.2007 й.

N ПҚ-698



ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ

ИШТИРОКИДА "БУХОРО, НАВОИЙ

ВА ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТЛАРИДАГИ

ЕРЛАРНИНГ МЕЛИОРАТИВ ҲОЛАТИНИ

ЯХШИЛАШ" ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шунингдек қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларини бошқариш инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

2006 йил 24 июлда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Директорлар кенгаши "Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш учун 60,2 млн. АҚШ доллари миқдорида, шу жумладан ОТБнинг одатдаги ресурсларидан 32,6 млн. АҚШ доллари миқдорида беш йиллик имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олган ҳолда узиш муддати 25 йил ҳамда ОТБнинг Махсус фондидан - 18,515 млн. махсус қарз олиш ҳуқуқлари (МҚҲ) миқдорида (эквиваленти 27,6 млн. АҚШ долларига тенг), саккиз йиллик имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олган ҳолда узиш муддати 32 йил бўлган икки турдаги қарз ажратишни маъқуллади;

мазкур лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши 15,6 млн. АҚШ долларини, шу жумладан солиқлар, божхона тўловлари ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш тарзида 11,6 млн. АҚШ доллари ҳамда фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари (бенефициарлар)нинг улуши - эквиваленти 0,4 млн. АҚШ долларини ташкил этади;

лойиҳа Бухоро вилоятининг Бухоро, Жондор ва Ромитан туманларида; Навоий вилоятининг Қизилтепа, Хатирчи ва Навбаҳор туманларида ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Ғузор ва Косон туманларида амалга оширилади (бундан буён матнда - лойиҳага киритилган туманлар ва вилоятлар деб юритилади).


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда лойиҳани амалга оширишга жавобгар ижро этувчи орган ҳисобланади;

Пахта-банк "Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағларини қайта молиялаштирувчи молиявий агент ҳисобланади;

лойиҳани амалга ошириш даври (2007 - 2012 йиллар)да қарз бўйича фоизлар ва комиссияларни тўлаш ОТБ қарз маблағлари ҳисобидан қопланади.


3. Қуйидагилар:

ОТБ қарзини узиш ва фоизларини тўлаш жадваллари 4 ва 5-иловаларга* мувофиқ;

лойиҳани амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда лойиҳага киритилган туманлар ҳокимлари зиммаларига лойиҳа тадбирларини амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитларни таъминлаш, шунингдек ОТБ тартиб-қоидаларига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур ҳисобот ва ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаш ва тақдим этишни ташкил қилиш учун шахсий жавобгарлик юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси молия вазири ОТБ билан тузилган қарз битимларини, шунингдек ушбу лойиҳанинг "Хўжалик ичидаги тиклаш ишлари" кичик компоненти доирасида танлаб олинган тижорат банклари би лан тузиладиган ҳуқуқларни бериш тўғрисидаги битимларни Ўзбекистон Республикаси номидан имзолашга вакил этиб тайинлансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ОТБ ўртасида тузилган қарз битимлари юзасидан белгиланган тартибда юридик хулосалар берсин.


5. Белгилаб қўйилсинки, лойиҳани амалга ошириш даврида лойиҳага киритилган туманларда 2008 йил ҳосилидан бошлаб тажриба тариқасида:

давлат эҳтиёжлари учун харид қилиш топшириқлари ўрнига ОТБ билан тузилган қарз битимлари шартларига мувофиқ пахта хомашёси ва буғдой учун давлат харид квоталари белгиланади;

фермер хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 30 мартдаги 153-сонли қарори билан тасдиқланган норматив ҳужжатлар татбиқ этилади;

пахта хомашёси учун харид нархлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахта нархини шакллантириш механизми тўғрисида" 2002 йил 20 августдаги ПФ-3114-сонли Фармонида белгиланган тартибда жорий қилинади.


6. Лойиҳани амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш (Ш. Мирзиёев):

лойиҳа ечимларини татбиқ этишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда, ажратиладиган маблағларни самарали ўзлаштириш устидан қаттиқ назорат ўрнатилишини таъминласин;

лойиҳанинг амалга оширилишини мунтазам кўриб борсин ва зарур ҳолларда унинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

мазкур лойиҳа доирасида ускуналарни етказиб бериш ҳамда ирригация тизимларини реконструкция қилиш ва қайта тиклаш ишларини бажаришда танлов тадбирларини ўтказиш учун тендер комиссияси таркибини белгиланган тартибда тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин;

икки ҳафта муддатда мазкур лойиҳани амалга ошириш юзасидан мувофиқлаштириш ва бошқариш вазифаларини Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта қуриш лойиҳасини амалга ошириш агентлиги зиммасига юклаш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этсин ва зарур ҳолларда қарз битими шартлари бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган штат жадвали ва ҳар йилги молиялаштириш сметасига мувофиқ мутахассисларни қўшимча равишда ёлласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳар йили Инвестиция дастурини шакллантиришда, 2008 йилдан бошлаб, мазкур лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улушини молиялаштиришни назарда тутсин.


9. Ўзбекистон Республикаси билан ОТБ ўртасида эришилган битимга ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, лойиҳа доирасидаги инвестиция даври мобайнида бевосита етказиб берувчилардан ва пудратчилардан сотиб олинадиган ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа товарлар (ишлар, хизматлар) солиқлардан, давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан ва божхона тўловлари (ягона ижтимоий тўлов ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилиши маълумот учун қабул қилинсин. Мазкур имтиёзларни бериш натижасида бўшайдиган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшадиган улуши ҳисобланади.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


12. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2007 йил, 9-сон, 464-модда.