язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.03.2004 й. 153-сон "Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.03.2004 й.

N 153



ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ҲАМДА

ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ

БАНКИ ИШТИРОКИДАГИ ЛОЙИҲАЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН НОРМАТИВ

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Пахта ва дон маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларда қатнашувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари хўжалик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Инфратузилмаларни ривожлантиришни, шунингдек Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги таркиби ўзгартирилган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2001 йил 2 майдаги 201-сон ҳамда "Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш" лойиҳасини амалга оширишга тайёрланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2001 йил 26 ноябрдаги 461-сон қарорларига мувофиқ кўрсатиб ўтилган лойиҳаларга киритилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси ва дон маҳсулотлари харидлари бўйича топшириқлар ўрнига белгилаб қўйилган харид квоталари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларида қатнашувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ички хўжалик дренажлари ва ирригация тизимларини тиклаш ҳамда мелиоратив қурилиш техникаси етказиб бериш учун инвестиция харажатларини қоплаш механизми тўғрисидаги Вақтинчалик низом 1-иловага мувофиқ;

Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларига киритилган туманларда қишлоқ хўжалиги корхоналари учун пахта хом ашёси ва дон маҳсулотлари учун ҳисоб-китоб қилиш ва харид квоталарини тақсимлашнинг Вақтинчалик тартиби 2-иловага мувофиқ;

Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларида қатнашувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан белгиланган харид квоталаридан ортиқча етиштирилган пахта хом ашёси ва дон маҳсулотлари етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом 3-иловага мувофиқ;

Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларида қатнашувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан белгиланган харид квоталаридан ортиқча етиштирилган пахта хом ашёсини қайта ишлашдан олинган пахта маҳсулотларини сотиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом 4-иловага мувофиқ;

Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларида қатнашувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан харид квоталаридан ортиқча етиштирилган пахта хом ашёси учун уни давлат эҳтиёжлари учун сотишда шартномавий нархларни белгилашнинг Вақтинчалик тартиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2004 йил 1 ноябргача бўлган муддатда лойиҳаларда қатнашувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта хом ашёси етиштириш ва сотишни ташкил этиш механизмини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсинлар, бунда жалб этилган инвестицияларни ҳисобга олган ҳолда ҳосилдорликни оширишнинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш, қарз маблағларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини назарда тутсинлар.


4. Белгилаб қўйилсинки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларида қатнашувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган пахта маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорларга мувофиқ белгиланган тартибда пахта терминалларидан сотилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларининг амалга оширилиши, уларни амалга оширишга ажратилган маблағларнинг самарали ва ўз вақтида сарфланиши устидан доимий назоратни амалга оширсинлар.


6. Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг кўрсатиб ўтилган лойиҳаларини самарали амалга ошириш учун Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий ўзгартириш агентлигига ҳамда лойиҳаларга киритилган туманлар ҳокимликларига кредит маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ зарур ҳисоботлар ва ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланиши ва киритилишини таъминлаш юзасидан жавобгарлик юклансин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 13-сон, 153-модда.