язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.04.2002 й. 117-сон "Япония Ҳукуматининг беғараз ёрдамидан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.04.2002 й.

N 117



ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИНИНГ

БЕҒАРАЗ ЁРДАМИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА



Япония Ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналари етказиб беришни ташкил этиш учун 500 млн Япония йени миқдоридаги беғараз ёрдамидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Х. Холтоев Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Айирбошлаш нотасини имзолашга вакил қилинсин.


2. Қуйидагилар:

беғараз ёрдамни олиш учун барча тартиботларни Япония томони билан келишилган муддатларда расмийлаштириш ва беғараз асосда ажратилаётган маблағларга хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига;

юқорида кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдамга  ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига юклансин.


3. Беғараз ёрдам доирасида Ўзбекистон Республикасига келтирилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва хизматлар божхона тўловлари, солиқлар, йиғимлар ва Йўл жамғармасига ажратмалардан  озод қилинсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига  кўра лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларни консуллик йиғимлари ундирмасдан белгиланган тартибда келиш визалари билан таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички  ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига  кўра лойиҳанинг хорижий қатнашчиларини давлат божи ундирмасдан яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказсин, визалар ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддатларини узайтирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Х. Холтоев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                     И. Каримов