Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Кредитлаш /

Кредит уюшмаларининг активларини таснифлаш, активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираларини яратиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 10.05.2011 й. 2227-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 09.04.2011 й. 10/9-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 10 майда 2227-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2011 йил 9 апрелдаги

10/9-сон қарорига

ИЛОВА



Кредит уюшмаларининг активларини таснифлаш,

активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш

захираларини яратиш ва улардан фойдаланиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 65-модда) қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ кредит уюшмаларининг активларини таснифлаш, активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираларини яратиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираси (бундан буён матнда активлар бўйича захира деб юритилади) - кредит уюшмаси активлари ва балансдан ташқари мажбуриятлари юзасидан кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ташкил этиладиган захира;


умумий захира - кредит уюшмаси фаолиятида ҳар хил активлар ҳамда операциялар бўйича юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун мўлжалланган захира, алоҳида муайян операциялар бўйича зарарларни қоплаш бўйича яратилган махсус захиралар бундан мустасно, масалан, "яхши" деб таснифланган активлар бўйича захира;


муддати ўтган кредит - кредит шартномасида кўрсатилган кредитнинг асосий қисмини қайтариш ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизларни тўлаш жадвали бўйича муддати кечиктирилган ва тўланмаган кредит;


таъминланмаган кредит - бирор-бир таъминотсиз берилган кредитлар, шунингдек мажбуриятларини таъминлаш белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган кредитлар. Одатда бундай кредит қарздорнинг пул тушумлари потенциали ва (ёки) унинг яхши кредит тарихи асосида берилади;


тўлиқ таъминланган кредит - кредитнинг асосий қисми ва унга доир ҳисобланган фоизларни тўлиқ қоплаш имконини берадиган мажбуриятлари таъминланган кредит;


қисман таъминланган кредит - таъминланган мажбуриятнинг қиймати берилган кредитнинг асосий қисми ва унга доир ҳисобланган фоизларини тўлиқ қоплай олмайдиган кредит;


шартлари қайта кўриб чиқилган (реструктуризация қилинган) кредит - қарздорнинг молиявий аҳволи ёмонлашиши оқибатида кредит шартномасининг дастлабки шартлари ўзгартирилган кредит (фоиз ставкаларининг пасайтирилиши, кредит бўйича тўлов муддатининг кечиктирилиши ёки узайтирилиши, фоизларга доир тўловларнинг бир қисми ёки умумий миқдоридан воз кечилиши), кредит уюшмаси ва қарздорга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан шартлари ўзгартирилган кредитлар бундан мустасно.


2. Кредит уюшмасининг ҳисоботларида активлар сифати тўғри акс эттирилиши лозим.


3. Кредит уюшмаси активларни ўз вақтида ва тўғри таснифлаши ҳамда улар бўйича захира ташкил этиши шарт.



II. АКТИВЛАРНИ ТАСНИФЛАШ ТИЗИМИ


4. Кредит уюшмасининг хавф-хатарга эга бўлган барча активлари, шу жумладан, кредит характерига эга бўлган активлари (кредити, лизинги, микрокредити, микролизинги), бошқа кредит ташкилотларидаги барча маблағлари, инвестициялари, қарздорларга берилган активларнинг ўрнига гаровга қўйилган мол-мулклари, балансдан ташқари мажбуриятлари (кафолати, кафиллиги ва бошқа мажбуриятлари) таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб, доимий равишда таснифланиши ва уларга лозим даражада активлар бўйича захира яратилиши шарт.


5. Активлар бўйича захира юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплашга қаратилган бўлиб, махсус ва умумий захираларга бўлинади.

Бунда махсус захиралар "яхши", "стандарт", "субстандарт", "шубҳали" ва "умидсиз" деб таснифланадиган активлар бўйича тоифаларга ажратилади.


6. "Яхши" деб таснифланган активлар бўйича захира ташкил этиш талаб қилинмайди. "Стандарт" активлар бўйича - 10 фоиз, "субстандарт" активлар бўйича - 25 фоиз, "шубҳали" активлар бўйича - 50 фоиз, "умидсиз" активлар бўйича - 100 фоиз миқдорида захира яратилади.

Активлар таснифланиши ва уларга белгиланган миқдорда захира яратилиши ушбу активларнинг қолдиқ суммаси ҳисоб-китоби асосида амалга оширилади.


7. Қайтмаслик хавфи бўлмаган активлар "яхши" деб таснифланади. Кредит уюшмаси кенгаши қарорига мувофиқ уларга умумий захиралар яратилиши мумкин.

Муддати ўтган ва шартлари қайта кўриб чиқилган (реструктуризация қилинган) кредитлар бўйича активлар "яхши" актив сифатида таснифланиши мумкин эмас.


8. Қуйидаги хусусиятларнинг камида биттасига эга бўлган активлар "Стандарт" деб таснифланади:

тўлиқ таъминланган кредитларнинг асосий қисми ва (ёки) фоизлари бўйича тўловлар 30 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда;

мажбуриятларнинг таъминланганлиги тўғрисида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги;

кредитнинг муддати бир марта узайтирилганда.


9. Қуйидаги хусусиятларнинг камида биттасига эга бўлган активлар "Субстандарт" деб таснифланади:

таъминланмаган, қисман таъминланган кредитнинг асосий қисми ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизлари 30 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда, шунингдек тўлиқ таъминланган кредитнинг асосий қисми ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизлари 60 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда;

кредитнинг шартлари қайта кўриб чиқилган (реструктуризация қилинган)да;

таъминланган мажбуриятнинг қиймати пасайиши натижасида берилган кредитнинг асосий қисми ва унга доир ҳисобланган фоизларни тўлиқ қоплай олмаслиги.


10. Қуйидаги ҳолатларнинг камида биттасига эга бўлган активлар "Шубҳали" деб таснифланади:

таъминланмаган, қисман таъминланган кредитларнинг асосий қисми ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизлари 60 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда, шунингдек таъминланган кредитларнинг асосий қисми ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизлари 90 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда;

берилган кредитнинг асосий қисми ва унга доир ҳисобланган фоизларни тўлиқ қоплаш имконини берадиган мажбуриятлар билан таъминланмаганлиги ёки қарздор - жисмоний шахснинг муомала лаёқати чекланганлиги;

яқин келажакда кредитнинг асосий қисми ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизларнинг қисман қайтарилиши юқори эҳтимолининг мавжудлиги сабабли ушбу активларнинг "умидсиз" деб таснифланмаслиги.


11. Қуйидаги ҳолатларнинг камида биттасига эга бўлган активлар "Умидсиз" деб таснифланади:

таъминланмаган, қисман таъминланган кредитларнинг асосий қисми ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизлари 90 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда, шунингдек таъминланган кредитларнинг асосий қисми ва (ёки) фоизлари 180 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда;

гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан балансга кирим қилинган кўчар мулк 1 йилдан ортиқ муддатда ҳамда кўчмас мулк 2 йилдан ортиқ муддатда сотилмаганда, кредит уюшмаси асосий восита сифатида ҳисобга олинган ҳолатлар бундан мустасно;

гаров нарсасининг нобуд бўлиши, шикастланиши ҳамда унинг тикланиши ва алмаштирилиши эҳтимоли бўлмаганда;

қарздор - юридик шахснинг тугатилиши ёки қарздор - жисмоний шахснинг вафот этиши муносабати билан мажбуриятларнинг бекор бўлиши.



III. АКТИВЛАР БЎЙИЧА ЗАХИРАЛАРНИ

ЯРАТИШ ТАРТИБИ


12. Активлар бўйича тегишли захираларнинг яратилиши даврий равишда ҳар ойнинг сўнгги санасига қадар камида бир марта ҳар бир актив бўйича амалга оширилиши шарт.

Активлар бўйича яратилган тегишли захиралар Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилиши лозим.


13. Активнинг ҳисобдан чиқарилиши активнинг қисман ёки тўлиқ қайтарилиши мумкинлигини инкор этмайди.


14. Барча харажатлар, мажбурий тўловлар тўланганидан ҳамда кредит уюшмасининг зарур захиралари шакллантирилганидан кейин, кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг қарорига биноан кредит уюшмаси аъзоларига дивидендлар тўланиши мумкин.


15. Кредит уюшмаси томонидан мазкур Низом талаблари бўйича етарли даражада захира яратилмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки активлар бўйича захираларни яратиш бўйича қўшимча ажратмалар ажратилишини талаб қилиши мумкин.


16. Активлар бўйича захирани яратишга оид бухгалтерия ўтказмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



IV. АКТИВЛАР БЎЙИЧА ЗАХИРАЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


17. Активлар бўйича захираларнинг етарлилик даражасини доимий равишда ушлаб туришнинг таъминланиши учун жавобгарлик кредит уюшмасининг ижро этувчи органига юклатилади.


18. "Умидсиз" активлар тегишли захираларни камайтириш ҳисобига кредит уюшмаси кенгаши қарорига асосан ҳисобдан чиқарилади.


19. Кредит уюшмаси кенгаши молиявий йил якуни бўйича кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишида "Умидсиз" активларни ундириш бўйича қўлланган чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот бериши керак.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


20. Мазкур Низом бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 19-сон, 196-модда.











































Время: 0.0198
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск