Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Кредитлаш /

Кредит уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга лицензия бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 01.03.2010 й. 2084-сон билан рўйхатга олинган Марказий банки Бошқарувининг 23.01.2010 й. 3/6-сонли қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 1 мартда 2084-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2010 йил 23 январдаги

3/6-сонли қарорига

ИЛОВА



Кредит уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш

ва уларга лицензия бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, 12-сон, 247-модда), "Кредит уюшмалари тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, 4-5-сон, 65-модда) ва "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, 5-6-сон, 142-модда) қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кредит уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга лицензия бериш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


кредит уюшмаси - кредитлар бериш ҳамда бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий тенг ҳуқуқли аъзолик асосида тузиладиган кредит ташкилотидир;


лицензиялаш департаменти - лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш вазифалари юклатилган Марказий банкнинг таркибий тузилмаси;


комиссия - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ташкилотларини рўйхатга олиш ва лицензиялаш комиссияси.



II. ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

ОЛИШ УЧУН ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


2. Кредит уюшмалари учун устав фондининг энг кам миқдори қуйидаги миқдорларда ўрнатилади:

100 минг Евро эквивалентида - Тошкент шаҳрида тузилаётган кредит уюшмалари учун;

50 минг Евро эквивалентида - бошқа аҳоли пунктларида тузилаётган кредит уюшмалари учун.

Устав фондининг белгиланган энг кам миқдорининг миллий валютадаги эквиваленти муассислар томонидан кредит уюшмасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (бундан кейинги ўринларда Марказий банк деб юритилади) валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларни юритиш учун эълон қилинган евро курси асосида белгиланади.


3. Устав фонди мазкур Низомда кредит уюшмаларига ўрнатилган миқдордан кам бўлган кредит уюшмалари ушбу Низом кучга кирган кундан бошлаб бир йил давомида устав фондининг миқдорига қўйилган талабларни бажаришлари лозим.

Миллий валюта эквивалентидаги устав фондининг миқдорини аниқлаш ҳисобот ойининг охирги кунига Марказий банк томонидан хорижий валюталар бўйича эълон қилинган курс бўйича амалга оширилади.


4. Кредитга ва гаровга олинган маблағлардан ҳамда бошқа жалб этилган маблағлардан кредит уюшмасининг устав фондини шакллантириш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.


5. Қуйидаги шахслар кредит уюшмаси аъзолари бўла олмайди:

бошқа кредит ташкилотлари;

оффшор ҳудудда доимий яшовчи жисмоний шахслар ва ушбу ҳудудда рўйхатга олинган норезидент юридик шахслар;

оффшор ҳудудларда жойлашган банкларда ҳисобвараққа эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар;

юридик шахслар, агар уларнинг акциядори (иштирокчиси) оффшор ҳудудда доимий яшовчи жисмоний шахс ёки рўйхатга олинган юридик шахслар бўлса.


6. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш пайтигача устав фонди маблағларини тўплаш учун Ўзбекистон Республикаси банкларида вақтинчалик жамғарма ҳисобварағи очилади.


7. Вақтинчалик жамғарма ҳисобварағи кредит уюшмасининг ваколатли вакили аризаси асосида очилади.


8. Пай бадаллари кредит уюшмаси аъзолари томонидан устав фондини шакллантириш учун кредит уюшмаси номига тижорат банкида очилган вақтинчалик жамғарма ҳисобварағига шахсан топширилади.


9. Марказий банкка кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлиқ ҳужжатлар тўплами тақдим этилгандан сўнг ва кредит уюшмаси фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензия олгунга қадар, банкларда очилган вақтинчалик жамғарма ҳисобварағига қўшимча пул маблағларини қўйиш ёки жамғарилган пул маблағларини қайтариб олишга йўл қўйилмайди.


10. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган ҳолларда вақтинчалик жамғарма ҳисобварағидаги маблағлар муассисларга қайтарилади.



III. ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ УЧУН ДАВЛАТ БОЖИ


11. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.


12. Давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия олиш учун ҳужжатларни тақдим этишдан аввал кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи Марказий банк ҳисобварағига ўтказилади.


13. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган ҳолда тўланган давлат божи Марказий банк томонидан уч кун ичида муассисларга қайтарилиши керак.



IV. ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


14. Марказий банк томонидан кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш ёки рад этиш ўттиз кун ичида амалга оширилади.


15. Муассислар кредит уюшмаси манфаатларини ва Марказий банкнинг давлат рўйхатидан ўтказишга ҳамда лицензия беришга доир талабларини бажаришга ваколатли шахсни тайинлайдилар. Мазкур шахснинг ваколатлари муассислар умумий йиғилишининг баёни билан белгиланади.


16. Ваколатли шахс муассислар умумий йиғилиши томонидан кредит уюшмасини тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг ўттиз кундан кечиктирмасдан Марказий банкка ёки унинг ҳудудий бошқармасига уч нусхада қуйидагиларни тақдим этади:

а) жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолдаги рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза;

б) муассислар умумий йиғилишининг кредит уюшмасини тузиш тўғрисидаги баённомаси;

в) кредит уюшмасининг устави;

г) мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ кредит уюшмаси фаолиятининг бизнес-режаси;

д) юридик шахслар - муассисларнинг молиявий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар;

е) кредит уюшмасининг устав фонди шаклланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати;

ж) давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.


17. Кредит уюшмасида ахборот тизимларининг ўзаро ишлаши ва алмашинувини таъминлаш мақсадида қуйидагилар мавжуд бўлиши лозим:

банк телекоммуникация тармоғига уланиш учун модем алоқаси;

кредит уюшмаси биноси ва банк телекоммуникация тармоғининг жиҳозлари ўрнатилган автоматик телефон станцияси билан алоҳида сифатли алоқа линияси;

кафолатланган электр таъминоти (220 В);

кунлик бухгалтерия ҳисобини юритилишини таъминловчи дастурий таъминот;

кредит уюшмаси фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўлган бошқа техник воситалар.

Кредит уюшмаси биноcи ва ундаги касса хоналари техник жиҳатдан мустаҳкамланган ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Кредит уюшмаси биноcи ва ундаги касса хоналарининг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланганлиги, шунингдек ахборот тизимларининг ўзаро ишлаши ва алмашинувини таъминлаш мақсадида модем ва сифатли алоқа линияси мавжудлиги ҳамда бухгалтерия ҳисоби амалиётларини амалга ошириш бўйича техник талабларга мос келувчи дастурий таъминот билан таъминланганлиги бўйича Марказий банкнинг тегишли ҳудудий бошқармасининг хулосаси олиниши лозим.

18. Ҳажми бир варақдан зиёд ҳолда тақдим этиладиган барча ҳужжатлар алоҳида йиғмажилд шаклида тикилган бўлиши лозим.


19. Агар мазкур Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ҳудудий бошқармага тақдим этилган бўлса, ҳудудий бошқарма уч кун муддат ичида ҳужжатлар тўпламини мазкур Низом талабларига мувофиқ тўлиқлигини ўрганиб чиқади, шундан кейин ушбу ҳужжатлар тўпламини кредит уюшмаси касса хоналарининг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш - ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланганлиги бўйича хулоса билан бирга Марказий банкка юборади.


20. Ваколатли шахс ёки тегишли ҳудудий бошқарма томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўплами тўлиқ жамланса, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига мувофиқ келса, лицензиялаш департаменти комиссияга кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисидаги масалани киритади.


21. Давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда кредит уюшмасига кредит уюшмаси фаолиятини амалга ошириш учун мазкур Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ лицензия берилади.


22. Лицензия берилган вақтдан бошлаб олти ой муддат ичида кредит уюшмаси ўз фаолиятини амалга оширишга киришиши лозим.


23. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин Марказий банк уч нусхада қуйидагиларни ўз ичига олувчи юридик йиғмажилдларни расмийлаштиради:

жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолдаги рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза;

муассислар умумий йиғилишининг кредит уюшмасини тузиш тўғрисидаги баённомаси;

кредит уюшмаси устави (устки қисмига Марказий банк ваколатли мансабдор шахсининг имзоси ва Марказий банк муҳри қўйилган ҳолда);

Марказий банк Бошқарувининг кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва унга лицензия бериш тўғрисидаги қарори;

кредит уюшмаси фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия нусхаси;

кредит уюшмасини рўйхатга олиш картаси (мазкур Низомга 3-илова).


24. Уч нусхада тайёрланган юридик йиғмажилдлар Марказий банк томонидан қуйидагича тақсимланади:

лицензиянинг асл нусхасини ўз ичига олган бир нусхаси кредит уюшмасининг кенгаши раисига имзо қўйдирилган ҳолда кредит уюшмасига топширилади. Кредит уюшмасига топширилган юридик йиғмажилд юридик ҳужжатларни сақлаш учун мўлжалланган махсус жойда сақланади;

бир нусхаси Марказий банкда қолдирилади;

бир нусхаси кредит уюшмаси жойлашган манзили бўйича Марказий банкнинг ҳудудий бошқармасига юборилади.


25. Марказий банк қуйидаги сабабларга кўра кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этишга ҳақлидир:

кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

устав ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ келмаганда;

давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, шунингдек бизнес-режа асосли бўлмаганда;

юридик шахс бўлмиш бир ёки бир неча муассисларнинг молиявий аҳволи қониқарсиз бўлса.


26. Тақдим этилган бизнес-режа қуйидаги ҳолларда асосли деб ҳисобланмайди, агарда:

бизнес-режа истиқболини белгилашда ишлатилган маълумотлар нореал тахминларга асосланган бўлса;

кредит уюшмаси фаолиятини ривожлантириш стратегияси ва асосий йўналишлари тўлиқ ёритиб берилмаган бўлса;

молиявий истиқболлар (тахминий бухгалтерия баланси, янги аъзоларни жалб қилиш режаси, депозит маблағларини шакллантириш режаси) бузиб тузилган ҳамда кредит уюшмаси фаолиятининг мўлжалланган стратегиясига мос келмаса.


27. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорига ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия талабгори кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган камчиликларни тўлиқ бартараф этгандан сўнг ҳужжатларни қайтадан кўриш учун Марказий банкка тақдим этиши мумкин.



V. НОРЕЗИДЕНТ ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК

ШАХСЛАР ИШТИРОКИДАГИ КРЕДИТ

УЮШМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА

ҚЎШИМЧА ТАЛАБЛАР


28. Норезидент жисмоний ва юридик шахслар томонидан, шунингдек эллик фоиздан ортиқ акциялари (иштирокчилар улушлари) норезидент жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг эгалигида, фойдаланувида ёки тасарруфида бўлган резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасида ташкил этилаётган ёки ташкил этилган кредит уюшмасига аъзо бўлиш фақат Марказий банкнинг олдиндан рухсати олинганидан сўнг амалга оширилади.


29. Кредит уюшмасини ташкил этишда норезидент юридик шахслар қатнашса, мазкур Низомнинг 16-бандида келтирилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) норезидент юридик шахс ваколатли органининг унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги кредит уюшмасига аъзо бўлиши тўғрисидаги қарори нусхаси;

б) аудиторлик фирмаси томонидан тасдиқланган норезидент юридик шахснинг охирги уч йиллик молиявий ҳисоботи (камида уч йил фаолият кўрсатган бўлиши шарт);

в) агар норезидент юридик шахснинг мамлакати қонунлари талаб қилса, у жойлашган мамлакат назорат органининг унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги кредит уюшмасига аъзоси бўлишга розилигини тасдиқловчи ҳужжати;

г) норезидент юридик шахснинг тўловга лаёқатлилиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банк томонидан берилган тасдиқ;

д) норезидент юридик шахснинг муассислари тўғрисида қуйидаги маълумотлар:

муассис-юридик шахслар учун - фирма номи, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, муассиснинг устав фондидаги (капиталидаги) улуши;

муассис-жисмоний шахслар учун - фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи (тўлиқ манзили), муассиснинг устав фондидаги (капиталидаги) улуши тўғрисидаги маълумот.


30. Кредит уюшмасини ташкил этишда норезидент жисмоний шахс қатнашса, мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда охирги икки йил учун солиқ декларацияси ҳам илова қилинади.


31. Мазкур Низомнинг 29 ва 30-бандларида қайд этилган ҳужжатлар норезидент юридик шахс рўйхатдан ўтказилган ёки норезидент жисмоний шахс яшаётган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасида, у мавжуд бўлмаган тақдирда эса, норезидент юридик шахс рўйхатдан ўтказилган ёки норезидент жисмоний шахс яшаётган давлатнинг Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида белгиланган тартибда легаллаштирилади, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармасида тасдиқланади.


32. Норезидентларнинг аризасини кўриб чиқиш ва уларнинг молиявий аҳволини баҳолашда, Марказий банк норезидентлар мамлакатининг назорат органи маълумоти ва фикр-мулоҳазаларига таянади. Зарурат бўлганда, Марказий банк ўз мезонлари ва фикр-мулоҳазаларини қўллаш ҳуқуқига эга.


33. Норезидентлар иштирокидаги кредит уюшмасини ташкил этишга берилган аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

маҳаллий иқтисодиётга ёки рақобат муҳитига салбий таъсир ўтказиш хавфи мавжуд бўлса;

норезидент мамлакатининг назорат қилувчи органлари томонидан рад этиш тавсия қилинса;

норезидентнинг устав фондида жиноий фаолиятдан олинган маблағларнинг мавжуд бўлиши ёхуд уларнинг акциядорлари (иштирокчилари) таркибида оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтказилган юридик шахс ёки оффшор ҳудудда доимий яшовчи жисмоний шахс мавжуд бўлса;

оффшор ҳудудларда жойлашган банкларда ҳисобвараққа эга бўлса;

муассиси оффшор ҳудудда доимий яшовчи жисмоний шахс ёки ушбу ҳудудда рўйхатга олинган юридик шахслар;

норезидентнинг молиявий ҳолати қониқарсиз бўлса.



VI. КРЕДИТ УЮШМАСИ НОМИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


34. Кредит уюшмасининг фирма номида "кредит уюшмаси" сўз бирикмаси ифодаланиши ва фирма номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида келтирилган талабларга мувофиқ бўлиши зарур.



VII. КРЕДИТ УЮШМАСИ АЪЗОЛИК СЕРТИФИКАТИ

ШАКЛИ ВА УНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


35. Кредит уюшмаси давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг кредит уюшмасини ташкил этиш учун пай бадалларини тўлаган аъзоларга кредит уюшмасига аъзо бўлганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги сертификат берилади. Сертификат шахснинг кредит уюшмасига аъзо эканлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.


36. Сертификат кредит уюшмаси ижро этувчи органи томонидан имзоланади ва унинг имзоси кредит уюшмаси муҳри билан тасдиқланади. Кредит уюшмаси аъзоси томонидан киритилган пай бадали миқдори сертификатнинг иловасида акс эттирилади ва у сертификатнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Сертификатнинг иловаси бош бухгалтер имзоси ҳамда кредит уюшмасининг муҳри билан тасдиқланади.


37. Кредит уюшмасининг аъзоси - юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганида, берилган сертификат бекор қилинади ва кредит уюшмасига аъзо бўлган санаси кўрсатилган ҳолда янги сертификат берилади.



VIII. КРЕДИТ УЮШМАСИ УСТАВИГА КИРИТИЛГАН

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАРНИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ


38. Кредит уюшмаси уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар (устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисидаги ўзгартиришлар бундан мустасно) Марказий банкда давлат рўйхатидан ўтказилади.


39. Уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун кредит уюшмаси томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида Марказий банкка қуйидаги ҳужжатлар уч нусхада тақдим этилади:

кредит уюшмаси кенгаши раиси имзоси билан уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза;

уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг баённомаси;

кредит уюшмаси Кенгаши раиси томонидан имзоланган кредит уюшмаси уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар матни.


40. Кредит уюшмасининг номи ва жойлашган ерини (почта манзилини) ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун мобайнида Марказий банкка бу ҳақда хабар берилиши лозим.


41. Тақдим этилган ҳужжатлар тўплами тўлиқ жамланса, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига мувофиқ келса, лицензиялаш департаменти комиссияга кредит уюшмасининг уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалани киритади, акс ҳолда ҳужжатлар тўплами сабаблари кўрсатилган ҳолда қайтарилади.


42. Комиссия томонидан кредит уюшмаси уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг, кредит уюшмаси устави устки қисмига ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилади ва тақдим этилган ҳужжатларнинг бир нусхаси Марказий банкда сақланадиган кредит уюшмасининг юридик йиғмажилдига тикиб қўйилади.


43. Тақдим этилган ҳужжатларнинг қолган нусхалари комиссиянинг ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қилинган мажлис баённомасидан кўчирма билан бирга Марказий банкнинг тегишли ҳудудий бошқармасига ва кредит уюшмасига уларда сақланадиган юридик йиғмажилдга тикиб қўйиш учун юборилади.


44. Кредит уюшмаси уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар Марказий банкда давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб кучга киради ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.



IX. КРЕДИТ УЮШМАСИ ФИЛИАЛИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


45. Филиал кредит уюшмасининг у жойлашган ердан ташқарида ташкил этиладиган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан, ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир. Кредит уюшмаси филиали Марказий банкда рўйхатга олинади.


46. Филиал номланиши "филиал" сўзи кўрсатилган ҳолда уни ташкил этган кредит уюшмаси номи билан мос келиши лозим. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган кредит уюшмаси филиаллари юридик шахс ҳисобланмайдилар.


47. Кредит уюшмаси филиали Марказий банкнинг олдиндан розилиги олингандан сўнг, қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит уюшмаси кенгаши қарорига биноан ташкил этилади ёки тугатилади.


48. Филиал ўз фаолиятини кредит уюшмаси кенгаши тасдиқлаган филиал тўғрисидаги низом ва кредит уюшмасига берилган лицензия асосида амалга оширади.


49. Кредит уюшмаси филиал ташкил этиш учун:

қониқарли молиявий ҳолатга эга бўлиши;

қонун ҳужжатлари ва Марказий банкнинг талабларига жавоб бериши;

кредит уюшмаси кунлик жамлама бухгалтерия балансини тузиш учун керакли дастурий-техник воситаларга ҳамда малакали бухгалтерия ходимларига эга бўлиши;

рўйхатга олинган кундан бошлаб камида икки йилдан зиёд ўз фаолиятини амалга оширган бўлиши;

Марказий банк талабларига жавоб берадиган тегишли хоналар ва ускуналарга эга бўлиши лозим.


50. Кредит уюшмаси қуйидаги ҳолларда қониқарли молиявий ҳолатга эга деб ҳисобланади:

жорий йил натижаларига кўра соф фойдага эга бўлганда;

муддати ўтган кредитларнинг суммаси охирги бир йил давомида кредит уюшмаси кредит портфелининг 5% дан кам миқдорини ташкил этганда;

кредит уюшмасининг жами капиталидан устав фонди ва текинга олинган мулклар чегирилгандан сўнг, қолган капитали охирги бир йил давомида кредит уюшмаси активларининг камида 10% ини ташкил этганда.


51. Кредит уюшмаси филиалини рўйхатдан ўтказиш учун Марказий банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

иқтисодий асослаб берилган ҳолда мазкур филиални ташкил этиш тўғрисидаги ариза;

филиални ташкил этиш тўғрисидаги кредит уюшмаси кенгашининг қарори;

кредит уюшмаси филиали тўғрисида низом;

филиал раҳбари ва бош бухгалтери лавозимига кўрсатилган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар;

филиал касса хоналарининг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш - ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланганлиги бўйича Марказий банкнинг тегишли ҳудудий бошқармасининг хулосаси.


52. Тақдим этилган ҳужжатлар тўплами тўлиқ жамланса, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига мувофиқ келса, лицензиялаш департаменти комиссияга кредит уюшмасининг филиалини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги масалани киритади. Агар тақдим этилган ҳужжатлар тўплами ушбу Низом ва қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлса, ҳужжатлар тўплами сабаблари кўрсатилган ҳолда қайтарилади. Ҳужжатлар қайтадан тақдим этилганда, филиал тўғрисидаги низом кредит уюшмаси кенгаши томонидан қайтадан тасдиқланади.


53. Кредит уюшмаси филиалини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларда кейинчалик нотўғри ёки ҳаққоний бўлмаган маълумотлар мавжудлиги аниқланган ҳолда ҳамда филиалнинг фаолияти натижасида кредит уюшмасининг молиявий ҳолати оғирлашганда Марказий банк кредит уюшмасидан мазкур филиални тугатишни талаб қилиши мумкин.


54. Кредит уюшмаси филиали рўйхатга олингандан сўнг Марказий банк қуйидагиларни ўз ичига олувчи йиғмажилдни расмийлаштиради:

иқтисодий асослаб берилган ҳолда мазкур филиални ташкил этиш тўғрисидаги ариза;

филиални ташкил этиш тўғрисидаги кредит уюшмаси кенгашининг қарори;

кредит уюшмаси филиали тўғрисида низом;

комиссиянинг кредит уюшмаси филиалини рўйхатга олиш тўғрисидаги қароридан кўчирма;

кредит уюшмаси филиалини рўйхатга олиш картаси (мазкур Низомга 5-илова).


55. Кредит уюшмасининг филиали жойлашган манзили бўйича қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда банкда ҳисобварағини очади ва қонун ҳужжатларига ҳамда кредит уюшмасининг филиали тўғрисидаги низомга мувофиқ операцияларни амалга оширади.



X. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА УНИНГ ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


56. Лицензияни қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикасининг "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, 5-6-сон, 142-модда) мувофиқ амалга оширилади.


57. Лицензиянинг асл нусхаси йўқолган тақдирда, кредит уюшмаси бир ҳафталик муддатда бу ҳақда Марказий банкка ёзма равишда ахборот беради ва уни қайта тиклаш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензиянинг йўқолганлиги сабаби кўрсатилган ҳамда лицензия дубликати берилишини сўраб, лицензияни сақлаш учун жавобгар бўлган мансабдор шахсларга нисбатан кўрилган ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар акс эттирилган ариза;

топилмалар бюроси томонидан лицензиянинг йўқотилганлигини тасдиқловчи маълумотнома;

оммавий ахборот воситалари манбаларида йўқотилган лицензияни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида берилган эълон нусхаси.


58. Марказий банк бир ой муддат ичида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва кредит уюшмаси томонидан кўрилган тадбирларни мазкур Низомнинг 57-бандига мувофиқ эканлигига ишонч ҳосил қилган тақдирда лицензияни йўқотган кредит уюшмасига унинг дубликатини беради.


59. Агар лицензия дубликати олингандан сўнг аввал йўқотилган лицензия топилса, кредит уюшмаси беш иш куни ичида лицензиянинг асл нусхасини бекор қилиш учун Марказий банкка топширади.



XI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


60. Ушбу Низомга мувофиқ талаб қилинадиган барча ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 257-модда) риоя этилган ҳолда тақдим этилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Бизнес-режани ишлаб чиқиш бўйича

ТАВСИЯЛАР


I. УМУМИЙ МАЪЛУМОТ


Кредит уюшмасининг фирма номини ва манзилини кўрсатиб ўтинг.



II. КРЕДИТ УЮШМАСИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТАВСИФИ


Кредит уюшмасининг асосий фаолият йўналишини кўрсатинг.

Кредит уюшмасининг мўлжалланган хизматлар рўйхатини ва уларни амалга ошириш режасини кўрсатинг. Мўлжалланган хизматларнинг қисқача тавсифи ҳамда уларни омонатлар, кредитлар ва бошқа хизматлар бўйича таснифини тақдим этинг.

Хизматларни амалга ошириш режасини тақдим этинг. Мўлжалланган хизматларни жорий этиш стратегиясини тавсифлаб беринг. Кредит уюшмаси аъзоларига хизматлар кўрсатишга доир мавжуд усулларни кўрсатинг (оммавий ахборот воситаларида рекламалар жойлаштириш, илмий семинарлар ва йиғилишлар ўтказиш йўли билан).



III. РАҲБАРИЯТ ВА БОШҚАРИШ


Кредит уюшмасининг муассислари раҳбарлари ва кенгаш аъзолари, ижро этувчи органи ҳақида маълумот келтиринг:

кредит уюшмасининг барча муассислари ва кенгаш аъзоларининг номлари ва манзиллари;

кредит уюшмасининг ижро этувчи органи аъзоларини ҳамда бош бухгалтер номлари ва манзиллари;

вакил шахснинг исми-шарифи ва манзили.

Кенгаш аъзолари, ижро этувчи орган, кредит қўмитаси ва тафтиш комиссиясининг ташкилий таркиби ва мажбуриятларини тавсифлаб беринг.



IV. БОЗОР ТАҲЛИЛИ


Хизмат кўрсатилиши мўлжалланаётган бозорни таҳлил қилинг. Сизнинг ташкилотингиз хизмат кўрсатмоқчи бўлган бозорни иқтисодий жиҳатдан тавсифлаб беринг. Бозорда кутилаётган ўзгаришларни, бундай ўзгаришларга таъсир этувчи омилларни ва уларнинг тузилаётган кредит уюшмасига таъсирини тавсифлаб беринг. Таҳлил охирги иқтисодий маълумотлардан фойдаланишга асосланган бўлиши шарт.

Кўзда тутилаётган хизмат кўрсатиш бозоридаги рақобатни таҳлил қилиб чиқинг. Сиз хизмат кўрсатмоқчи бўлган бозор сегменти (бўғими)даги рақобатчиларни, мазкур бозорга таъсир ўтказа оладиган ташқи рақобатчиларни, шунингдек бошқа потенциал рақобатни санаб ўтинг. Уларнинг бозор стратегияси таҳлили ҳамда ўзингизнинг ўзлаштиришингизни ва тузилаётган кредит уюшмасига кутилаётган таъсирини тавсифлаб беринг.



V. МАҚСАД ВА РЕЖАЛАР


Бозор таҳлилида, янги кредит уюшмасини мақсад ва прогнозларни ўрнатилишида фойдаланилган асосий прогноз тахминларини тушунтиринг ва тақдим этинг. Энг камида қуйидаги маълумотларни киритинг:

бозор ўсиши, фоиз ставкалари, ресурслар қиймати, рақобат;

актив ва мажбуриятлар таркиби. Молиявий прогноз ҳисоботлар актив ва мажбуриятлар таркибини, асосий воситаларга бўлган инвестицияларни ҳамда ходимга берилган компенсация (тўлов)ларни кўрсатишлари лозим. Улар бозор таҳлили ва стратегияларда акс эттирилган тахминларга асосланиши шарт.



VI. КАПИТАЛИЗАЦИЯ


Танлаб олинган стратегия ва режалаштирилган харажатларга, ташқи шароитга кўпроқ мувофиқ келувчи, тахмин қилинаётган капитал таркибини тақдим этинг.

Капиталнинг ўсиш режасини ва биринчи уч йилда молиявий ўсиш фаолиятини тасвирлаб беринг.



VII. КРЕДИТ УЮШМАСИНИ ТУЗИШГА МАНФААТДОР

БЎЛГАН ШАХСЛАР ГУРУҲЛАРИНИ ЎРГАНИШ


Ҳар бир потенциал кредит уюшмаси маҳаллий аҳолининг кредит уюшмаси фаолиятига бўлган қизиқишларини, шунингдек кредит уюшмасининг потенциал аъзоларини аниқлаш мақсадида тадқиқотлар ўтказади. Тадқиқотлар натижалари тахминий бўлиб, ёзма равишда расмийлаштирилади.

Алоҳида ҳолларда кредит уюшмасининг потенциал ҳомийларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказилиши мумкин.






Низомга

2-ИЛОВА



Кредит уюшмаси фаолиятини амалга

ошириш учун ______-сонли лицензия

20__ й. "___" ________

Тошкент ш.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 20___ йил "____" ___________даги _______-сонли қарорига мувофиқ

        

(Кредит уюшмасининг тўлиқ номи)

          

кредит уюшмаси

(почта манзили ва бошқа реквизитлар)


Ўзбекистон Республикасининг "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги Қонунига асосан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.


Ушбу лицензия белгиланмаган муддат давомида амал қилади.


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ушбу лицензия амал қилишини тўхтатиб туриши ёки Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги қонунларида кўзда тутилган ҳолларда уни бекор қилиши мумкин.


Кредит уюшмаси 20___ йил "____" ___________ да ______-рақам остида кредит уюшмаларини рўйхатга олиш Давлат китобига киритилди.



Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Раисининг

ўринбосари


                   




           


(исми, шарифи)


(М.Ў.)


(имзо)

Серия АА N 000000






Низомга

3-ИЛОВА



Кредит уюшмасини рўйхатга олиш

КАРТАСИ

Кредит уюшмаси номи



Жойлашган ери (почта манзили)



Кредит уюшмаси Кенгаши раиси



Кредит уюшмаси ижро этувчи органи раҳбари



Телефон рақами



Лицензия берилган сана



Лицензия рақами



Устав фонди миқдори



Кредит уюшмаси аъзолари сони:

Шулардан,

Жисмоний шахслар -

Юридик шахслар -


Низомга

4-ИЛОВА



Кредит уюшмасига аъзолик тўғрисида

__ -сонли СЕРТИФИКАТ


N _____________________

(аъзо тартиб рақами)

20___ й. "___" __________

___________ шаҳри

Ушбу сертификат

             

(кредит уюшмасининг тўлиқ номи)

              

(почта манзили ва бошқа реквизитлар)

  

қуйидагиларни тасдиқлаш учун берилди


              

(Ф.И.Ш,

             

манзил, жисмоний шахслар учун паспорт маълумотлари ёки юридик шахснинг тўлиқ номи)

            

           

          

           

юқорида кўрсатилган кредит уюшмасининг аъзоси деб

        

                

(кредит уюшмасига аъзо бўлган сана)

ҳисобланади.

Имзо:




(кредит уюшмаси раҳбари)


Муҳр

Серия _____ N________






Сертификатга

ИЛОВА



ПАЙ БАДАЛИ МИҚДОРИ

Пай бадали миқдорини

киритган (ўзгартирган) сана


Пай бадали

қолдиғи


Аъзо имзоси


Бош бухгалтер имзоси

(муҳр)

















Низомга

5-ИЛОВА



Кредит уюшмаси филиалини рўйхатга олиш

КАРТАСИ

               

(Кредит уюшмаси филиалининг тўлиқ номи)

Кредит уюшмаси номи

              

                   

                  

(Кредит уюшмаси филиалининг почта манзили)

             

(Кредит уюшмаси филиали раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми)

                 

(Кредит уюшмаси филиали Бош бухгалтерининг фамилияси, исми, отасининг исми)

                 

(Кредит уюшмаси филиалининг рўйхатга олиш рақами)

                  

(Кредит уюшмаси филиалининг телефон рақамлари)

              

(Кредит уюшмаси филиалига талаб қилиб олгунча депозит ҳисоб рақами очиладиган банк номи)

20___ йил "___" ________________



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 9-сон, 71-модда.














































Время: 0.0084
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск