ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Пенсия таъминоти / Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти /

Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини инвестиция ва кредит ресурслари сифатида жойлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом (Молия вазирлигининг 11.10.2006 й. 88-сон, Марказий банк Бошқарувининг 07.10.2006 й. 282-В-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ва

Марказий банки Бошқарувининг

2006 йил 7 октябрдаги 88-сонли

ва 282-В сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Жамғариб бориладиган пенсия тизими

маблағларини инвестиция ва кредит ресурслари

сифатида жойлаштириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, у жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини инвестиция ва кредит ресурслари сифатида, шу жумладан молиявий воситаларга жойлаштириш тартибини белгилаб беради.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1 .Ушбу Низом мақсадида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари - Халқ банкидаги шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида жамланадиган маблағлар йиғиндиси;


маблағларни жойлаштириш - жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларидан инвестиция ва кредит ресурслари сифатида, шунингдек, молиявий воситаларга жойлаштиришда фойдаланиш.



II. ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ

ТИЗИМИ МАБЛАҒЛАРИНИ САМАРАЛИ

ЖОЙЛАШТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


2. Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини самарали жойлаштиришни ташкил этиш мақсадида Молия вазирлиги, Марказий банк ва Халқ банкининг вакилларидан иборат бўлган Жамғариб бориладиган пенсия тизими (кейинги ўринларда - ЖБПТ) маблағларини жойлаштириш ва даромадларини шакллантириш сиёсатини белгилаш бўйича иловага мувофиқ Мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда - Мувофиқлаштирувчи кенгаш) ташкил этилади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари сони (Мувофиқлаштирувчи кенгаш котибидан ташқари) тоқ бўлиши лозим.


3. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

муддатлилик, қайтаришлилик, даромадлилик ва диверсификациялаш тамойиллари асосида ЖБПТ маблағларини жойлаштириш объектларини белгилаш;

ЖБПТ маблағларининг ҳар бир жойлаштириш обьектига жойлаштириладиган энг кўп ҳажмини аниқлаш;

ЖБПТ маблағларини жойлаштириш объектларини хатарлилик бўйича гуруҳларга ажратиш;

ЖБПТ маблағларини жойлаштириш ва инвестиция қилишдан олинган даромаддан Халқ банки оладиган маржа миқдорини белгилаш ва фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ҳисобланадиган фоиз ставкасини белгилаш.


4. Мувофиқлаштирувчи кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

Халқ банкининг ЖБПТ маблағларини жойлаштириш бўйича таклифларини амалдаги қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки номидан ЖБПТ маблағларини жойлаштириш масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш;

Халқ банкидан унга юклатилган вазифаларни бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган ахборотларни олиш;

Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисларини ўтказилиш санаси, жойи ва кун тартибини белгилаш, зарур ҳолларда уларга ўзгартириш киритиш.


5. Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

амалдаги қонунчилик ва ушбу Низомга мувофиқ ЖБПТ маблағларини жойлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан ўрнатилган тартибга риоя қилиш ва уни ижро этиш;

Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг Халқ банки томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан мониторинг ўтказиш.


6. Мувофиқлаштирувчи кенгаш иш фаолиятини ташкил этиш тартиби:

Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлислари ҳар чоракда камида бир марта, зарурият пайдо бўлганда даврий равишда Кенгаш аъзоларининг камида тўртдан уч қисми иштирокида ўтказилиши лозим;

Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорлари мажлисда иштирок этувчи Кенгаш аъзолари томонидан кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар миқдори тенг бўлган ҳолларда Мувофиқлаштирувчи кенгаш Раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади;

Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлиси мажлисда иштирок этган Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари томонидан имзоланадиган ҳамда Кенгаш раиси томонидан тасдиқланадиган мажлис баёни билан расмийлаштирилади.


7. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Халқ банки ҳисобланади.



III. ХАЛҚ БАНКИНИНГ ЖБПТ

МАБЛАҒЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Халқ банки ЖБПТ маблағларини жойлаштиришда фақат ЖБПТ омонатчиларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширади ҳамда ЖБПТ маблағларини "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва ушбу Низомга асосан бошқаради.


9. Халқ банки қуйидагиларни амалга оширишга мажбурдир:

а) Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисини чақиришга доир ташкилий масалаларни ҳал қилиш;

б) Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни ўз вақтида ва сифатли ижро этиш ҳамда ЖБПТ маблағларини фақат Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар ҳамда ушбу Тартибга мувофиқ белгиланган тартибда шартномалар тузиш орқали жойлаштириш;

в) ЖБПТ маблағларини жойлаштириш бўйича таклиф қилинаётган объектларни дастлабки экспертизасини тайёрлаш;

г) Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига келиб тушаётган маблағлар, ушбу маблағларни жойлаштириш йўналишлари, битимлар тўғрисида ҳисоботлар, шунингдек шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидан тўловлар тўғрисида ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ва Марказий банкка маълумот тақдим қилиб бориш;

д) маблағларни жойлаштириш эвазига олинган қимматли қоғозлар ҳисобини юритишни ташкил қилиш, қимматли қоғозлар сертификатларини сақлаш ва алоҳида турдаги қимматли қоғозлар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш.



IV. ХАЛҚ БАНКИДА ЖБПТ МАБЛАҒЛАРИ

ҲИСОБИНИ ЮРИТИШНИНГ ЎЗИГА

ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


10. Халқ банки Марказий амалиётлар филиали билан Халқ банкининг шаҳар ва туман филиаллари ўртасида ЖБПТ маблағларининг ўсиб бориш ва умумий ҳажми бўйича маълумотларни ҳар йили таққослаб борилади. Шунингдек, олдинги ҳисобот йили давомида келиб тушган бадал маблағлари ва фуқароларнинг шахсий пенсия ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиқлари бўйича ҳам таққослаш ишларини олиб боради.


11. Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги бадаллардан таркиб топган пул маблағлари суммаси баланснинг пассив қисмида акс эттирилади. Бунда баланснинг актив қисмида ушбу Тартибга мувофиқ жойлаштирилган маблағлар акс эттирилиши лозим.


12. Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларини юритиш бўйича қилинаётган харажатлар ҳамда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидан амалга оширилаётган тўловлар ҳисоби Халқ банкининг бошқа харажатларидан алоҳида тарзда юритилади.


13. ЖБПТга келиб тушган маблағлар Халқ банкининг филиаллари томонидан Халқ банкининг Марказий амалиётлар филиалига 16102 - "Бош банк/филиалдан олинадиган нақдсиз маблағлар" ҳисобварағи орқали ўтказиб берилади.


14. Халқ банки филиаллари томонидан Марказий амалиётлар филиалига ўтказиб берилган маблағлар 22203 - "Бош банк/филиалга тўланадиган нақдсиз маблағлар" ҳисобварағида юритилади.


15. ЖБПТ маблағларини жойлаштиришдан олинган фоиз даромадлари ҳисоби Халқ банкининг Марказий амалиётлар филиалининг 45994 - "Бошқа даромадлар" ҳисобварағида юритилади.


16. Халқ банкининг Марказий амалиётлар филиалида ўтказиб берилган маблағларнинг филиаллар қирқимида тизимдан ташқари ҳисоби олиб борилади.


17. Йил охирида ЖБПТ маблағларини жойлаштиришдан олинган маржа ҳар бир филиалга ўтказиб берилган маблағларга мос ҳолда тақсимлаш учун Марказий амалиётлар филиалига ўтказиб берилади.


18. Халқ банки ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкига жойлаштирилган ЖБПТ маблағларининг ҳаракати тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Ҳисобот шакли Молия вазирлиги томонидан Марказий банк билан келишилган ҳолда белгиланади.



V. ЖБПТ МАБЛАҒЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ


18. Жамғариб бориладиган пенсия бадаллари шаклида ўтказилган маблағлар Халқ банки филиали томонидан махсус транзит ҳисобрақамида ҳисобга олинади ва кейинчалик Халқ банкининг Марказий амалиётлар филиали томонидан 22628 - "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлар" баланс ҳисобрақамида жамланиб борилади.


19. Халқ банкининг Марказий амалиётлар филиали томонидан жамланган ЖБПТ маблағларининг умумий суммасига ҳамда календар йил давомида жамғариб бориладиган пенсия тўловларининг мўлжалланган ҳажмидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш учун йўналтириладиган бўш маблағлар ҳажми белгиланади.


20. Халқ банки филиалларида махсус ҳисобварақлардаги ЖБПТ маблағлари қолдиғи жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидан 1 ой давомида амалга ошириш учун зарур бўлган тўловлар суммасидан кам бўлмаслиги лозим.


21. ЖБПТ маблағларини жойлаштириш Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан тасдиқланадиган квоталарга мувофиқ Халқ банки томонидан амалга оширилади.


22. ЖБПТ маблағларини объектлари бўйича жойлаштириш квоталари ҳар чоракда Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорлари билан тасдиқланади.


23. ЖБПТ маблағлари қуйидаги объектларга жойлаштирилиши мумкин:

а) Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматбаҳо қоғозларига;

б) ипотека облигацияларига;

в) амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида муомалага чиқарилган ва листингдан ўтган корпоратив қимматбаҳо қоғозларга;

в) банклардаги миллий ва чет эл валютасидаги муддатли депозитларга;

д) қонунчиликда белгиланган, Мувофиқлаштирувчи Кенгаш қарори билан ҳар бир ҳолат учун алоҳида тасдиқланган ва мазкур Низомнинг 27-банди талабларига жавоб берадиган бошқа объектларга.


24. Давлат қисқа муддатли облигациялари ва давлат ўрта муддатли облигацияларига маблағларни жойлаштириш Давлат қисқа муддатли облигациялари чиқарилишларининг муомалада бўлиши ва уларга хизмат кўрсатилиши тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами N 552, 30 ноябр 1998 йил) ва Муомалага чиқарилган Ўзбекистон Республикасининг давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини жойлаштириш, муомалада бўлиши ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами N 1327, 16 март 2004 йил), Ўзбекистон Республикаси Қонунлари тўплами (2004 й., N 11, 135-модда)ларга мувофиқ амалга оширилади.


25. ЖБПТ маблағлари суд жараёнидан олдинги санация чоралари кўрилаётган ёки Ўзбекистон Республикасининг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан банкротлик жараёни қўзғатилган (кузатиш, вақтинча (ташқи) бошқариш) ёки охирги икки йил мобайнида ушбу жараёнлар қўлланилган эмитентларнинг қимматбаҳо қоғозларини сотиб олиш учун ишлатилиши мумкин эмас.

Шунингдек, ликвидлилик, тўловлилик, даромадлилик ва бошқа қўйилган талабларга жавоб бермайдиган қимматли қоғозлар эмитентларига ЖБПТ маблағларидан жойлаштирилиш учун фойдаланиш мумкин эмас.


26. ЖБПТ маблағлари ушбу Низомда кўзда тутилмаган объектларга жойлаштирилиши мумкин эмас.



VI. ЖБПТ МАБЛАҒЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШ ОБЪЕКТЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


27. ЖБПТ маблағларини ушбу Низомнинг 23 банди "д" кичик бандида кўрсатилган объектларга жойлаштиришда Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қуйидаги талаблар қўйилади:

а) кредит ташкилотининг фаолият олиб бориш бўйича лозим бўлган касбий тажрибага эгалиги;

б) активларнинг минимал миқдори, таркиби ва структураси билан боғлиқ бўлган касбий фаолиятни амалга ошириш тажрибасига эга эканлиги;

в) кредит ташкилотининг ёки хўжалик юритувчи субъектининг хусусий капиталининг минимал миқдори;

г) корпоратив қимматли қоғозлар эмитентларининг рентабеллиги, молиявий барқарорлиги, иш юритиш ва бозордаги фаоллиги ҳамда амалдаги қонунчилик ва Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан белгиланган бошқа талаблар.


28. ЖБПТ маблағларини мазкур Низомнинг 23 банди "д" кичик бандида назарда тутилган, хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланадиган бошқа объектларга жойлаштиришда уларнинг молиявий ҳисоботларининг ишончлилиги тўғрисидаги тасдиқланган аудиторлик хулосаси, солиқ инспекцияси томонидан тасдиқланган молиявий ҳисоботи, ЖБПТ маблағларини жойлаштириш тўғрисидаги ариза беришдан олдинги уч йил учун фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботни ҳамда ЖБПТ маблағларини жойлаштириш масаласини батафсил кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.



VII. ЖБПТ МАБЛАҒЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШДАН ОЛИНГАН

ДАРОМАДЛАРНИ ТАҚСИМЛАШ


29. Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини жойлаштиришдан олинган даромад, Халқ банки оладиган маржа суммаси чегириб ташлангандан сўнг, ҳар йили йил якунида фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига, улардаги мавжуд бўлган қолдиқ миқдорига мутаносиб равишда ўтказилади.


30. ЖБПТ маблағларини жойлаштиришдан олинадиган Халқ банки маржаси миқдори Молия вазирлиги томонидан Мувофиқлаштирувчи Кенгаш тавсиясига асосан дастлаб - аванс қисми йил бошида 1 февралгача, узил-кесил - декабрнинг охирги ўн кунлигида белгиланади.


31. ЖБПТ маблағларини жойлаштиришдан олинадиган маржани Халқ банки ва филиаллари орасида тақсимлаш тартиби Халқ банки томонидан белгиланади.





Низомга

ИЛОВА


Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини

жойлаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш

ТАРКИБИ


Ашрафхонов Б.Б. - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси


Рофиев Қ.Т. - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви Раисининг биринчи ўринбосари, Мувофиклаштирувчи кенгаш раиси ўринбосари


Жумагалдиев М.Р. - Давлат тижорат Халқ банки Бошқаруви Раиси, Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси


Мансуров Ш.Х. - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия фонди ижро этувчи директори, Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси


Маматов А.М. - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тижорат банкларига лицензия бериш ва улар фаолиятини тартибга солиш департаменти директори, Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси


Туляганов Т. - Халқ банкининг Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини бошқариш департаменти директори, Мувофиқлаштирувчи кенгаш котиби



Изоҳ: Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркибига кирувчи шахслар бошқа ишга ўтганларида ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркибига киритилади.































Время: 0.0041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск