ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сув хўжалиги. Сув хўжалиги иншоотлари ва гидротехник объектлар /

Ўзбекистон катта тўғонлар миллий қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.03.2011 й. 88-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 25 мартдаги

88-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон катта тўғонлар

миллий қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон катта тўғонлар миллий қўмитаси (кейинги ўринларда Миллий қўмита деб аталади) Катта тўғонлар халқаро комиссиясида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалайди.


2. Миллий қўмита ўз фаолиятини катта тўғонларнинг техник ҳолати ишончлилиги ва иши хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ижобий халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикасида гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


3. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда - "Сувхўжаликназорат" инспекцияси) Миллий қўмитанинг ижро этувчи органи ҳисобланади.

4. Миллий қўмита коллегиал орган ҳисобланади, унинг таркибига турли вазирликлар ва идораларнинг масъул вакилларидан, катта тўғонларнинг техник ҳолати ишончлилигини ва иш хавфсизлигини таъминлаш соҳасида етакчи олимлар ва мутахассислардан аъзолар жамоатчилик асосида киради.


5. Миллий қўмитанинг чиқувчи хат-хабарлари Катта тўғонлар халқаро комиссиясининг эмблемасидан фойдаланган ҳолда махсус намунадаги бланкада расмийлаштирилади.


6. Миллий қўмитанинг почта манзили: 100200, Тошкент шаҳри, Туркқўрғон кўчаси, 26-уй.



II. МИЛЛИЙ ҚЎМИТАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ,

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


7. Қуйидагилар Миллий қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг катта тўғонлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги манфаатларини, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича нуқтаи назарини илгари суриш;

бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, бошқа мамлакатлар миллий қўмиталари билан илмий, техникавий ахборотлар ва бошқа ахборотлар алмашиш йўли билан тўғонлар хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, катта тўғонлар соҳасидаги энг янги илмий ва амалий ахборотларни тарқатиш;

Катта тўғонлар халқаро комиссияси ва унинг доимий ишчи гуруҳлари таркибига етакчи мутахассислар ва олимларни йўллаган ҳолда уларнинг ишида иштирок этиш, Катта тўғонлар халқаро комиссиясининг халқаро конгрессларини, минтақавий конференцияларини ва бошқа анжуманларини ташкил этишда кўмаклашиш.


8. Миллий қўмита асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш асосида катта тўғонларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий усуллар ва технологияларни жорий этиш ва ёйиш;

катта тўғонлар хавфсизлиги муаммолари, шунингдек катта тўғонларни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда тадқиқотлар натижалари ва янги ютуқлар тақдимоти бўйича семинарлар ва конференциялар ўтказиш;

кадрлар ва ташкилий салоҳиятни ривожлантириш мақсадида катта тўғонларга тегишли соҳаларда ўз аъзолари ва манфаатдор шахслар учун профессионал тренинглар ва ўқув курслари ташкил этиш ва ўтказиш;

Миллий қўмита аъзолари ва вакилларининг катта тўғонлар муаммолари бўйича Катта тўғонлар халқаро комиссияси томонидан ташкил этиладиган халқаро тадбирларда ҳамда Катта тўғонлар халқаро комиссиясининг ишчи органларида самарали иштирок этишини таъминлашга кўмаклашиш;

катта тўғонларни ривожлантириш масалалари юзасидан дастурлар, лойиҳалар ва стратегиялар бўйича таклифларни тайёрлаш ва ишлаб чиқишда қатнашиш;

катта тўғонларнинг ҳолати юзасидан профессионал маслаҳат бериш, баҳолаш ва техник назорат қилиш;

биргаликда тадқиқотлар олиб бориш ва инвестицияларни жалб этиш мақсадида миллий ва халқаро даражаларда катта тўғонлар масалалари бўйича манфаатдор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Катта тўғонлар халқаро комиссиясининг босма нашрларини (илмий журнал, ойлик ва чораклик ахборот нашрлари) тарқатиш;

Катта тўғонлар халқаро комиссияси ва Ўзбекистон Республикасининг ихтисослаштирилган нашрларида Ўзбекистонда катта тўғонларнинг хавфсизлиги муаммолари бўйича илмий мақолалар ва ахборот тусидаги материаллар эълон қилинишига кўмаклашиш;

Катта тўғонлар халқаро комиссиясига аъзо мамлакатларнинг миллий қўмиталари билан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш;

Миллий қўмитанинг йиллик ҳисоботларини тузиш.


9. Миллий қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

катта тўғонлар билан боғлиқ масалалар бўйича зарур ҳужжатларни тегишли вазирликлар ва идоралардан сўраб олиш;

юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарурият бўлганда мутахассислар ва экспертларни жалб этиш;

катта тўғонлар билан боғлиқ миллий ва халқаро лойиҳаларда қатнашиш;

катта тўғонлар масалалари бўйича ташкилотларнинг тегишли раҳбарлари ахборотини эшитиш;

катта тўғонлар масалалари бўйича миллий ва халқаро ташкилотлар билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилиш;

катта тўғонларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлаш бўйича таклифлар киритиш.



III. МИЛЛИЙ ҚЎМИТА ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Миллий қўмита фаолиятига унинг раиси - лавозими бўйича Сув хўжалиги вазири раҳбарлик қилади.

11. Қўйилган вазифалар тезкор ҳал этилишини таъминлаш мақсадида Миллий қўмитада 5 кишидан иборат таркибда президиум ташкил этилади. Президиум аъзолари таркибининг учдан бирини икки йилдан кейин алмаштириш йўли билан Миллий қўмита аъзоларидан сайланади.


12. Миллий қўмита мажлислари жорий йил иш режасига мувофиқ бир йилда камида бир марта ташкил этилади ва ўтказилади. Зарурият бўлганда, президиумнинг қарорига кўра иш режасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Иш режасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар Миллий қўмитанинг президиуми ва тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда иш режасига киритиш учун масалаларни таклиф қиладиган бошқа ташкилотлар томонидан тавсия этилади.


13. Катта тўғонлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги алоҳида муҳим масалалар ва вазифалар Миллий қўмита ва "Сувхўжаликназорат" инспекциясининг Эксперт кенгаши қўшма мажлисларида муҳокама қилиниши мумкин.

14. Мажлислар ўртасидаги оралиқда кечиктирилмасдан ҳал этишни талаб этадиган масалалар тегишли қарор қабул қилинган ҳолда Миллий қўмитанинг президиуми томонидан кўриб чиқилади.


15. Миллий қўмита мажлисларининг қарорлари оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва тавсия хусусиятига эга бўлади. Овозлар тенг бўлиб қолганда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.



IV. МИЛЛИЙ ҚЎМИТАНИНГ ИЖРО

ЭТУВЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


16. Миллий қўмитанинг ижро этувчи органи:

Миллий қўмитанинг навбатдаги даврга иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;

барча зарур материаллар Миллий қўмитанинг навбатдаги мажлисига тайёрланишини таъминлайди ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, хўжалик юритувчи субъектлардан ва миллий қўмита аъзоларидан зарур материалларни ва хулосаларни олади;

кун тартиби масалалари бўйича Миллий қўмита мажлислари ўтказилишини таъминлайди;

Миллий қўмитанинг кўриб чиқиши учун ахборот материаллари ва таҳлилий материалларни тақдим этади;

катта тўғонлар бўйича эксперт ишини ташкил этади;

Миллий қўмитанинг қарорларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


17. Миллий қўмита котиби:

Миллий қўмитанинг ёзишмаларини юритади ва тушган ҳужжатларни кўриб чиқишни ташкил этади;

материаллар тайёрлаш ва Миллий қўмита мажлисларини ўтказиш бўйича Ижро этувчи орган ишини ташкил этади;

Миллий қўмитанинг протоколлари лойиҳаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Миллий қўмита аъзоларига, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади;

Миллий қўмита қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини кўриб чиқиш учун Миллий қўмита мажлисига тақдим этади.



V. МИЛЛИЙ ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА ҲИСОБОТ БЕРИШ


18. Миллий қўмита фаолиятини молиялаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Катта тўғонлар халқаро комиссиясига йиллик аъзолик бадалларини тўлаш харажатлари ҳар йили Давлат бюджетидан "Сувхўжаликназорат" инспекциясига ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

19. Миллий қўмитанинг харажатлари сметаси раис томонидан тасдиқланади.


20. Бир йилда қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисобот Миллий қўмита мажлисида кўриб чиқилади ва раис томонидан тасдиқланади.

Катта тўғонлар халқаро комиссиясига ҳисобот йили учун Миллий қўмита фаолияти тўғрисидаги ахборот юборилади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Миллий қўмита фаолиятини тўхтатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 12-13-сон, 119-модда.


































Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск