Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Прокуратура /

Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 23.10.2009 й. 2023-сон билан рўйхатга олинган 13.10.2009 й. Марказий банки Бошқарувининг 23/6-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 32-сон Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 23 октябрда 2023-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг ҳамда

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ,

валютага оид жиноятларга ва жиноий

даромадларни легаллаштиришга қарши

курашиш департаментининг

2009 йил 13 октябрдаги

23/6, 32-сон қарорига

ИЛОВА


Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган

даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни

молиялаштиришга қарши курашиш

бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда), "Банк сири тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 144-модда), "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 9-сон, 160-модда) қонунларига мувофиқ тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил қилиш ҳамда амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тижорат банки - Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган ва тегишли фаолият турини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган тижорат банки;


ички назорат - тижорат банкининг махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлашга доир фаолияти;


Ички назорат хизмати - ички назоратни амалга ошириш учун жавобгар ҳисобланган тижорат банкининг махсус бўлинмаси;


масъул ходим - тижорат банки филиалида ички назоратни амалга ошириш учун масъул бўлган шахс;


Ички назорат хизмати ходимлари - ички назорат амалга оширилиши учун масъул бўлган тижорат банки бош офисидаги Ички назорат хизмати ходимлари, тижорат банки филиалидаги масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари ва ходимлари;


тижорат банкининг ички назорат тизими - мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар билан белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган Ички назорат хизматининг тижорат банкининг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширадиган ҳаракатлари йиғиндиси;


ички ҳужжатлар - тижорат банки фаолиятини тартибга солувчи ва унинг раҳбарияти томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ҳужжатлар;


ички қоидалар - тижорат банкида ва унинг филиалларида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи ички ҳужжатдир;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти номидан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш Бошқармаси (кейинги ўринларда - Департамент);


мижоз - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни амалга ошириш тўғрисида тижорат банкига топшириқ (ариза, илтимоснома) билан мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;


мижознинг ҳақиқий эгаси - юридик шахс - мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи шахс, яъни мижоз ва (ёки) амалга оширилаётган операциядан манфаат кўрадиган шахсга нисбатан мулкий ёки назорат ҳуқуқига эга бўлган бир ёки бир неча шахслар;


операция иштирокчилари - мижозлар, уларнинг вакиллари ҳамда мижознинг операцияда иштирок этувчи ҳамкорлари;


гумонли операция - мазкур Қоидаларни жорий қилиш жараёнида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида тижорат банкида гумон уйғотувчи ҳамда уни шубҳали операциялар туркумига киритиш (киритмаслик) ҳақида қарор қабул қилгунга қадар бўлган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция;


шубҳали операция - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларни жорий қилиш жараёнида тижорат банкида уни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - мазкур Қоидалар билан белгиланган шубҳалилик мезонлари ва аломатларидан фойдаланган ҳолда комплекс таҳлил асосида аниқланадиган ҳамда Департаментга хабар қилиниши лозим бўлган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


бир маротабалик операциялар - мижозлар томонидан банк ҳисобварағини очмаган ҳолда, камида бир ой давомида такрорланмайдиган, бир маротабалик тартибда амалга ошириладиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


мунтазам равишда амалга ошириладиган операциялар - таҳлил қилинадиган давр мобайнида мижозлар томонидан мунтазам равишда амалга ошириладиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


таҳлил қилинадиган давр - кейинги текширув босқичида тижорат банки мижознинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини таҳлил қиладиган ҳамда давомийлиги мижоз томонидан бажарилган операция турига кўра бир неча кундан бир неча ойгача бўлиши мумкин бўлган давр;


мижозларни лозим даражада текшириш - мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш, таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида, доимий асосда ўрганишларни ўтказиш;


мижозни идентификациялаш - тижорат банки томонидан мижозни лозим даражада текшириш мақсадида мижозлар ҳақидаги маълумотларни улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида аниқлаш;


мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш - тижорат банки томонидан қонун ҳужжатлари билан белгиланган таъсис ҳужжатлари (устав ва (ёки) таъсис шартномаси, низом) асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали юридик шахс бўлган мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи шахсни аниқлаш;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган ҳамда ўзларининг миллий қонунчилигида бу борадаги халқаро андозаларни жорий қилмаётган давлатлар ёки ҳудудлар. Мазкур давлат ва ҳудудлар рўйхати Департамент томонидан шакллантирилади;


оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи органлар - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар фаолияти устидан контроль ва назорат қилиш функцияларига эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи, лицензияловчи, рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа давлат органлари.


3. Тижорат банкларининг ички назорат тизими мақсади қуйидагилар ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

тижорат банкининг қасддан ёки қасддан бўлмаган ҳолда жиноий фаолиятга жалб қилинишига, унинг устав фонди (капитали)га жиноий фаолият натижасида олинган капиталнинг, шунингдек тижорат банкини бошқаришга жиноятчи шахсларнинг кириб келишига йўл қўймаслик;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.


4. Тижорат банклари ички назорат тизимининг асосий вазифалари:

қонун ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатларга мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

мижозларнинг ҳақиқий эгасини аниқлаш ва ўрганиш, шунингдек операцияни амалга оширишда фойдаланиладиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларнинг манбасини аниқлаш бўйича асосли ва кўрилиши мумкин бўлган чораларни амалга ошириш;

мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар билан белгиланган мезонлар асосида гумонли ва шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотлар (ҳужжатлар)ни Департаментга ўз вақтида тақдим этиш;

алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни юридик ёки жисмоний шахс ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операцияларни истисно этганда, бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туриш ҳамда бундай операция ҳақида операция тўхтатиб турилган куннинг ўзида Департаментни хабардор қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида сақланишини таъминлаш;

тегишли қарорлар қабул қилиш учун тижорат банки раҳбариятини аниқ ахборотлар ва материаллар билан оператив ва мунтазам равишда таъминлаб бориш;

шубҳали операциялар амалга оширилган ёки амалга оширишга бўлган уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар билан алоқадор шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек бундай маълумотларни бошқа тижорат банклари ҳамда давлат органлари билан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзаро алмашиб бориш;

республикадаги ва чет элдаги бошқа банклар билан корреспондентлик алоқаларини ўрнатишда уларнинг ички назорат тизимини ўрганиш;

операцияларнинг анонимлигини оширувчи янги технологиялар ёрдамида қонунга хилоф иш қилиш, хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш учун тижорат банки хизматларидан фойдаланиш таҳдидининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиши мақсадида зарур бўлган тадбирлар қўллаш;

сўровномалар бўйича мижозлар базасидан террорчилик фаолиятини молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлашдан иборат.


5. Ички назорат тизими мақсад ва вазифаларига эришиш учун Ички назорат хизмати қуйидагилар бўйича функцияларни бажаради:

қонунга хилоф иш қилиш ҳолатларини, шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни ва (ёки) терроризмни молиялаштириш учун тижорат банки хизматларидан фойдаланиш таҳдидининг олдини олиш учун қонун ҳужжатларида, мазкур Қоидаларда, ички ҳужжатларда кўзда тутилган чораларни кўриш;

тижорат банки томонидан қонун ҳужжатлари ва тижорат банки ички ҳужжатлари талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш;

тижорат банки фаолиятидаги қонун ҳужжатлари ва ички ҳужжатлар талабларига риоя қилинмаганлиги бўйича аниқланган камчилик ва хатоларни бартараф этиш юзасидан раҳбарият кўриб чиқиши учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (кейинги ўринларда - Марказий банк) ваколатли вакиллари, тижорат банкининг ички аудит хизмати ходимлари, ташқи аудиторлар ҳамда Департамент ходимлари томонидан ўтказилган текширув жараёнида ички назорат тизимини ташкиллаштиришда ва унинг фаолиятида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этилишини мониторинг қилиш;

ички назоратни ташкил этиш, ходимлар томонидан қонун ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар талабларининг бузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш масалалари бўйича Марказий банк ва Департамент билан ҳамкорлик қилиш.


6. Ҳар бир тижорат банки қонун ҳужжатлари ва мазкур Қоидалар асосида Ички назорат хизматининг вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгилайдиган низомни ишлаб чиқиши, банк кенгашида тасдиқлаши ва амалга киритиши лозим.

Мазкур Низом Ички назорат хизмати тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни акс эттириши керак:

унинг мақсади ва вазифалари;

унинг тижорат банкининг бошқа бўлинмаларидан мустақил бўлишини таъминлаш усуллари;

унинг тижорат банкининг бошқа бўлинмалари, шунингдек тижорат банки ички аудит хизмати билан ўзаро муносабати;

ўзига юклатилган функцияларни бажариш учун зарур бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек мазкур маълумотларни тақдим этиш масалалари юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича тижорат банкининг бошқа бўлинмалари ходимларининг мажбурияти;

қонун ҳужжатлари ва ички ҳужжатлар бўйича мумкин бўлган бузилишларни ўрганиш ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши;

олинган маълумотларни тижорат банки бошқаруви раисига ва зарур ҳолларда тижорат банки кенгашига эркин ифодалаш ва ошкор этиш ҳуқуқига эга бўлиши;

бошқарув раисига тегишли ҳисоботни тақдим қилиш мажбурияти;

тижорат банки бошқарувига қонун ҳужжатлари ва стандартларга мувофиқлик масалалари бўйича, жумладан мазкур соҳадаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар юзасидан маслаҳатлар бериш мажбурияти;

ходимларни танлаш талаблари ва тартиблари;

малакани ошириш бўйича махсус курсларда мунтазам равишда ўқиб бориш мажбуриятлари.


7. Тижорат банклари ҳар йили мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиқиб, қуйидагиларни акс эттирган ҳолда ички қоидаларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим:

мижозларни лозим даражада текшириш, шу жумладан, мижозларни ва уларнинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш, шунингдек мижозларнинг операциялари устидан доимий мониторингни амалга ошириш қоидалари;

зарур бўлган ахборотни расмийлаштириш ва унинг маҳфийлигини таъминлаш тартиби;

Ички назорат хизмати ходимлари томонидан тижорат банки бош офисидаги Ички назорат хизмати раҳбарига (кейинги ўринларда - Ички назорат хизмати раҳбари) қонун ҳужжатлари бузилиши далиллари тўғрисида ахборот тақдим этиш тартиби;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга доир малака талаблари;

гумонли операцияларни аниқлаш мезонлари ва уларнинг аломатлари;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чоралар ва бошқалар.

Ички қоидалар тижорат банки кенгаши томонидан тасдиқланади.



II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ


8. Тижорат банкининг ички назорат тизими банк фаолиятининг жиҳатлари, асосий йўналиши, мижозлар базаси ва мижозлар ҳамда уларнинг операциялари билан боғлиқ хатарлар даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкиллаштирилади.


9. Тижорат банкининг, шу жумладан, унинг филиалларининг ички назорат тизими тузилмаси тижорат банки кенгаши қарори билан белгиланади ва Марказий банкнинг талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқилиши лозим.


10. Тижорат банки ички назорат тизими тузилмаси тижорат банки бош офисининг Ички назорат хизматини, шунингдек тижорат банкининг ҳар бир филиалидаги Ички назорат хизматини ёки масъул ходимни ўз ичига олади.


11. Ички назорат хизмати ички назорат мақсадларига самарали эришиш ва вазифаларни унумли бажариш учун етарли миқдорда ходимлар билан шакллантирилади.


12. Ички назорат хизмати раҳбари ва ходимлари тижорат банки бошқаруви раисининг буйруғи билан тайинланади.

Ички назорат хизмати раҳбари олий иқтисодий ёки юридик маълумотга ва тижорат банкининг банк операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлинмасида камида икки йиллик раҳбарлик тажрибасига ёхуд Ички назорат хизматида камида бир йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.

Ички назорат хизматининг раҳбари ва ходими лавозимига тайинланувчи шахсдан қуйидагилар талаб қилинади:

банк ва молия қонунчилигини, шу жумладан, Марказий банкнинг меъёрий ҳужжатларини билиш;

бухгалтерия ҳисоби қоидалари ҳақидаги билимга эга бўлиш, шунингдек мунтазам равишда малакани ошириш бўйича махсус ўқув курсларида иштирок этиш.


13. Ички назорат хизмати раҳбари ёки ходими лавозимига қуйидаги шахслар тайинланиши мумкин эмас:

ўз фаолияти ва ахлоқида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқаргани ёки ишни виждонан юритмаганини намоён этган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги жинояти учун аввал суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар.


14. Тижорат банки ички назорат тизими тузилмасини шакллантириш, Ички назорат хизмати раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилгандан сўнг 10 (ўн) кун муддат мобайнида тайинланган шахслар тўғрисидаги сўровнома маълумотларини илова қилган ҳолда бу ҳақда Марказий банкка хабар бериши лозим.


15. Ички назорат хизмати раҳбари ва ходимлари қуйидаги ҳуқуққа эга:

ички назоратни амалга ошириш мақсадида тижорат банки бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларидан керакли фармойиш берувчи ва бухгалтерия ҳужжатларини талаб қилиб олиш;

ички назоратни амалга ошириш мақсадида олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, тижорат банкининг электрон маълумотлар базаларида, локал ҳисоблаш тармоқлари ва автоном компьютер тизимларида сақланадиган файллар ва бошқа ёзувлардан нусхалар олиш;

тижорат банкининг бошқа бўлинмалари мутахассисларидан ёрдам сўраш ва олиш;

тижорат банки бўлинмаларининг хоналарига кириш, шунингдек тижорат банки бошқаруви раисининг ёзма рухсатномаси билан ҳужжатлар сақланиши учун фойдаланиладиган (архивлар), нақд пул ва қимматликлар сақланадиган (пул омбори), компьютер маълумотларини қайта ишлаш ва маълумотларни электрон шаклда сақлаш хоналарига кириш;

бошқарув раисининг ёки тегишли ваколатга эга бўлган унинг ўринбосарининг ёзма розилиги билан терроризмни молиялаштиришга боғлиқ бўлган операцияларни тўхтатиб туриш ҳақида банк филиаллари раҳбарларига кўрсатмалар бериш;

мижозларнинг операцияларига нисбатан келгуси ҳаракатлари, жумладан, қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча маълумот олиш ёки мавжуд маълумотларни текшириш бўйича тижорат банки бошқаруви раисига таклифлар тақдим этиш;

мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатларга мувофиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш.


16. Ички назорат хизмати раҳбари ва ходимлари тижорат банки номидан тўлов (ҳисоб-китоб), кредит ва бухгалтерия ҳужжатларини имзолаш ёки ушбу ҳужжатларга имзо қўйиш орқали розилик билдириш (визалаш) ҳуқуқига эга эмас.


17. Ички назорат хизматининг раҳбари ва ходимлари ўз вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбурдирлар:

ўз ваколати доирасида мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар билан юклатилган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажариш учун зарур чораларни кўриш;

тижорат банкининг тегишли бўлинмаларидан олинган ҳужжатларнинг сақланишини ва қайтарилишини таъминлаш;

ўз вазифаларини амалга оширишда олинган маълумотларнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатларга мувофиқ бошқа мажбуриятларни амалга ошириш.


18. Ички назорат хизмати раҳбари бевосита тижорат банки бошқаруви раисига ҳисобдордир ва тижорат банкининг бошқа бўлинмаларидан мустақилдир.

Ички назорат хизмати ходимлари бевосита Ички назорат хизмати раҳбарига ҳисобдордир.


19. Тижорат банки бўлинмалари ходимлари Ички назорат хизматига унинг вазифаларининг амалга оширилишида мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатларга мувофиқ кўмаклашадилар.


20. Тижорат банки бўлинмалари ходимларининг Ички назорат хизмати раҳбари ёки ходимлари ўртасидаги ўзаро муносабат тартиби ички ҳужжатлар билан белгиланади.


21. Ходимларнинг сўнгги янгиликларга, жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг ва терроризмни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида тижорат банклари мунтазам равишда ходимларни қайта тайёргарликдан ўтказишлари шарт.



III. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


22. Тижорат банклари қуйидаги ҳолларда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўришлари керак:

а) хўжалик ва фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларни ўрнатишда, шу жумладан:

юридик ёки жисмоний шахс банк ҳисобварағини (омонатни) очиш учун ариза билан мурожаат қилганда;

тижорат банки томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозлар харидида;

жисмоний шахс кредит олиш учун мурожаат қилганида;

б) бир марталик операциялар амалга оширилган қуйидаги ҳолларда:

энг кам иш ҳақи миқдорининг 1000 бараварига тенг ёки ундан ошган суммада жисмоний шахслар томонидан накд чет эл валютаси ва (ёки) йўл чеклари сотилишида;

энг кам иш ҳақи миқдорининг 100 бараварига тенг ёки ундан ошган суммада жисмоний шахслар томонидан накд чет эл валютасини майдаланишида, алмаштирилишида ва (ёки) конверсияланишида;

энг кам иш ҳақи миқдорининг 100 бараварига тенг ёки ундан ошган суммада мижозлардан нақд чет эл валютаси ва (ёки) йўл чекларини экспертиза учун қабул қилинишида;

мижозлар томонидан пластик карточкалар бўйича нақд хорижий валюта олинишида;

жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасини ва (ёки) чет эл банклари ва молия институтлари томонидан чиқарилган йўл чекларини сотиб олинишида;

банк ҳисобварағини очмасдан ёки ҳисобваракдан фойдаланмасдан, пул ўтказмаларини амалга оширишда ёки қабул қилишда (коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бундан мустасно);

в) шубҳали операциялар амалга оширилганда;

г) мижознинг шахси тўғрисида аввал олинган маълумотларнинг тўғрилигига нисбатан гумонлар мавжуд бўлганда;

Мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар мазкур Қоидалар кучга киргунга қадар ҳисобварақ очилган мижозларга нисбатан ҳам амалга оширилади.

23. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича тижорат банклари томонидан кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;

мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялашни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказишни.


24. Тижорат банки томонидан мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасининг идентификацияси мазкур Қоидаларнинг 1 ва 2-иловаларида кўзда тутилган маълумотлар, шунингдек операциялар ва бошқа битимларнинг бажарилиши учун асос ҳисобланувчи ҳужжатлар ва бошқа зарур маълумотлар асосида амалга оширилади.

Олинган ахборотларнинг (ҳужжатларнинг) ишончлилигига шубҳалар мавжуд бўлса, тижорат банклари ушбу ахборотларни (ҳужжатларни) текшириш (верификациялаш) бўйича чораларни кўришлари лозим. Бундай ҳолатларда, тижорат банклари мижозлар ҳақидаги ахборотларнинг (ҳужжатларнинг) ишончлилигини (ҳақиқийлигини) аниқлаштириш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақли.

25. Пластик карточкалардан фойдаланилган ҳолда операциялар бажарилганда мижозни идентификациялаш пластик карточканинг реквизитлари асосида амалга оширилади.

Мижоз банкка келмаган ҳолда операцияни амалга ошириш имконини берувчи дастурлар ёрдамида шубҳали операциялар ўтказиш ҳақидаги гумонлар мавжуд бўлганда, тижорат банки тегишли дастурдан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилган, жумладан, бевосита банк хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган ва лозим даражада текширилган шахслар томонидан операциялар амалга оширилаётганлигини мижознинг юридик манзили бўйича ўрганиш ҳуқуқига эга.

Юқоридагиларни ўрганиш жараёнида, тижорат банки мижоз томонидан Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1122, 2002 йил 15 апрель, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2002 йил 7-сон) талабларига риоя қилинишини, хусусан пул ҳисоб-китоб ҳужжатларининг расмийлаштирилиши, ваколатли шахслар (раҳбари, бош ҳисобчиси) томонидан пул ҳисоб-китоб ҳужжатларининг имзоланиб тасдиқланиши, ушбу ҳужжатлар бўйича ўтказмалар айнан электрон имзолаш ҳуқуқи мавжуд бўлган шахс томонидан электрон имзолаш орқали тасдиқланган ҳолда амалга оширилишига, мазкур ҳужжатларнинг сақланишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Мижозни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи барча ҳужжатлар улар тақдим этилган санада кучини йўқотмаган бўлиши шарт.


26. Тижорат банки томонидан жисмоний шахс - мижозни идентификациялаш шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат) асосида амалга оширилади. Бунда, тижорат банки мустақил равишда бундай ҳужжатнинг асли билан танишиб чиқиши лозим.


27. Юридик шахс - мижозларга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар бажарилаётганда тижорат банклари улардан давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни, раҳбарияти ҳақидаги, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларни олишлари лозим.

Юридик шахсларни лозим даражада текшириш жараёнида тижорат банки пировард натижада мижознинг мулкдори бўлган ёки мижозни назорат қилувчи мижознинг ҳақиқий эгаси - жисмоний шахсни идентификациялаш бўйича, шу жумладан мижознинг ҳамда унинг таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари)нинг мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали асосли ва имкони мавжуд бўлган чораларни кўриши лозим.

Агар мижоз ёки мижознинг ҳақиқий эгаси мулкчилик таркиби тўғрисида маълумотни ошкор қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари татбиқ қилинувчи юридик шахс ҳисобланса, бундай юридик шахснинг таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари)ни аниқлаш ва тасдиқлаш талаб этилмайди.


28. Тижорат банки юридик шахс - мижозни батафсил ўрганиш мақсадида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиши лозим:

мижознинг таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари) таркибига, мижознинг устав фонди (капитали)нинг 10 фоиздан ортиқ улушига эгалик қилаётган шахсларни аниқлашга;

мижоз бошқаруви органлари тузилмасига ва уларнинг ваколатларига;

мижоз устав фонди (капитали)нинг рўйхатга олинган миқдорига.


29. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш чора-тадбирларининг ўтказилиши талаб қилинмайди.


30. Норезидент - банк билан вакиллик муносабатлар ўрнатилишида ва амалга оширилишида норезидент - банкни идентификациялашдан ташқари, тижорат банки қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

норезидент - банкнинг иш фаолияти хусусиятлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун у ҳақидаги ахборотларни йиғиш;

очиқ маълумотлар асосида норезидент - банкнинг обрўсини ва назорат сифатини, жумладан, ушбу банкка нисбатан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга алоқадор қонун ҳужжатларини бузганлик учун тергов олиб борилган ёки борилмаганлигини аниқлаш;

"транзит ҳисобварақлар"га нисбатан - банк - респондентда банк - корреспондент сўрови бўйича мижоз тўғрисида керакли идентификациялашга оид зарур маълумотларни тақдим этиш имконияти мавжудлиги тўғрисида тасдиқ олиш;

транзит ўтказмаларини амалга ошириш мақсадида бошқа банклар билан муносабатларни ўрнатишда электрон тўловлар тўғрисидаги барча маълумотларни сақлаш.

Норезидент - банк билан вакиллик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қарор тижорат банки бошқаруви томонидан қабул қилинади.


31. Тижорат банклари вакиллик муносабатлари ўрнатилаётган норезидент - банклар томонидан текширишнинг халқаро стандартлар қўлланилиши ва операцияларга нисбатан тегишли текширув тартибларидан фойдаланилиши ҳақида ишонч ҳосил қилишлари керак.


32. Тижорат банклари вакиллик муносабатларини давом эттириш жараёнида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар ҳудудида жойлашган норезидент - банкларга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Тижорат банклари:

улар рўйхатдан ўтган давлатларнинг ҳудудида доимий фаолият юритувчи бошқарув органлари бўлмаган банклар томонидан ҳисобварақлари фойдаланаётганлиги тўғрисида маълумот мавжуд бўлган норезидент - банклар билан муносабатлар ўрнатилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўришлари шарт;

халқаро ҳисоб-китоблар амалга оширилишида мазкур ҳисоб-китоблар билан боғлиқ тўлов тафсилотлари ва бошқа маълумотларни банк - корреспондентларга тақдим этиши мумкин;

жўнатувчи тўғрисидаги маълумотлар (жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, юридик шахсларнинг номи, жўнатувчининг манзили ва ҳисоб рақами) тақдим этилмаган ёхуд қисман тақдим этилган халқаро пул ўтказмалари билан боғлиқ операцияларга алоҳида эътибор қаратишлари ва батафсил таҳлил қилишлари лозим;

тўлов ўтказмаларини амалга оширишда воситачи сифатида иштирок этсалар электрон ўтказмалар билан бирга жўнатиладиган, жўнатувчи тўғрисидаги барча маълумотларни тўлиқ узатилишини ва сақланишини таъминлашлари шарт;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги халқаро талабларни бажармайдиган ёки қисман бажарадиган давлатларда жойлашган ўзларининг чет элдаги шўъба банклари, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан ушбу соҳадаги халқаро стандартларга риоя қилинишига эътибор қаратишлари лозим;

чет элдаги шўъба банклари, филиаллари ва ваколатхоналаридан улар жойлашган мамлакатлар қонунчилигида тегишли чоралар тақиқланганлиги мавжудлиги сабабли, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли чораларни татбиқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, бош банкка ахборот берилишини талаб қилишга мажбурдирлар. Ўз навбатида тижорат банклари бу ҳақда Марказий банкка ва Департаментга хабар беришлари шарт.

Тижорат банкларининг чет элдаги шўъба банклари, филиаллари ва ваколатхоналари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда халқаро стандартлар ва улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим.


33. Мижозни ва мижознинг ҳақиқий эгасини қайта идентификациялаш мажбурий ҳисобланмайди, агар ушбу мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгаси мазкур Қоидаларга мувофиқ тижорат банки томонидан аввал индентификацияланган бўлса.


34. Мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини қайта идентификациялаш аввалги идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар аниқлигига гумон туғилган тақдирда амалга оширилиши лозим.


35. Мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялашда тижорат банки олинган маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Департамент томонидан шакллантириладиган ва тижорат банкларига тақдим қилинадиган, мазкур Қоидаларнинг 42-бандида кўрсатилган шахслар рўйхати (кейинги ўринларда - Рўйхат) ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар рўйхати билан солиштириб чиқиши шарт.

Мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш жараёнида Рўйхатга киритилган шахслар аниқланган тақдирда тижорат банки мазкур Қоидаларнинг VIII бобида ўрнатилган чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.


36. Тижорат банклари қуйидаги ҳолларда мижозга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширишни рад этишга ҳақлидирлар:

юридик шахс бошқаруви органи ёки юридик шахс номидан ишончномасиз фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзининг жойлашган ери (почта манзили) бўйича мавжуд бўлмаганида;

шак-шубҳасиз нотўғри бўлган ҳужжатлар тақдим этилганда ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ сўраладиган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


37. Тижорат банкларига қуйидагилар тақиқланади:

аноним (номи кўрсатилмаган ҳолда) шахсларга, яъни ҳисобварақ (омонат) очаётган жисмоний ёки юридик шахслар томонидан уни идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолда, ҳисобварақ (омонат) очиш;

ўйлаб чиқарилганлиги аниқ бўлган номларга ҳисобварақлар очиш;

ҳисобварақ очаётган шахснинг ёхуд унинг ваколатли вакилининг шахсан иштирокисиз ҳисобварақ очиш;

ўзлари ва доимий фаолият юритувчи бошқарув органлари улар рўйхатдан ўтган давлатларнинг ҳудудида жойлашмаган норезидент - банклар билан муносабат ўрнатиш ва давом эттириш;

тақдим этувчига бўлган қимматли қоғозлар ва бошқа молиявий инструментлар чиқариш.


38. Мижозни лозим даражада текширишни амалга оширишнинг имкони мавжуд бўлмаган тақдирда тижорат банки Департаментга хабар бериш масаласини кўриб чиқиши ва иш муносабатларига киришишни ёки бундай мижознинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини амалга оширишни рад этишга ёхуд у билан ҳар қандай иш муносабатларини тўхтатишга мажбур.

Норезидент - банк томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар талаблари бузилиши ҳолатлари ҳақида ахборот мавжуд бўлган тақдирда, тижорат банки бошқаруви ушбу вакил банк билан ҳамкорликни тўхтатишгача бўлган тегишли чоралар кўриш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши керак.


IV. ГУМОНЛИ ВА ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР

МЕЗОНЛАРИ ВА АЛОМАТЛАРИ


39. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар қуйидаги мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда гумонли операция деб тан олинади:

1) тижорат банки томонидан операцияга ёки уни амалга ошираётган мижозга хатар даражаси юқори деб берилган;

2) пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига оффшор ҳудудларда доимий яшовчи ёки рўйхатга олинган шахсларнинг ҳисобварағига ёки фойдасига кўчирилиши, ёхуд бундай шахсларнинг ҳисобварағидан Ўзбекистон Республикасига 30 календарь кундан ошмаган муддат давомида охирги ўтказиш (келиб тушиш) кунида белгиланган энг кам иш ҳақининг 1000 бараварига тенг бўлган ёки ундан ошадиган умумий суммада маблағлар бир маротаба ёки кўп маротаба ўтказилиши (келиб тушиши);

3) резидент - мижоз томонидан товар етказиб бериш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) шартномаси бўйича аввал олинган бадал суммасининг норезидент фойдасига мунтазам равишда қайтариб берилиши;

4) операцияни амалга ошириш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига (ишончлилигига) гумон туғилиши ва (ёки) операция тўғрисидаги, шу жумладан, операция бажарувчи томонларнинг бири ҳақидаги маълумотлар тижорат банкида мавжуд бўлган маълумотларга мувофиқ келмаслиги;

5) операцияни амалга ошириш учун ариза (топшириқ, илтимоснома) билан мурожаат қилинганда мижоз хатти-ҳаракатларининг ғайриоддийлиги, масалан: асабийлашиши, иккиланиши, мижознинг ҳаракатларини бошқариб турувчи шахсларнинг мавжудлигида унинг агрессивлиги ёки унинг бошқа шахсларга арзимас сабаб юзасидан телефон орқали маслаҳат учун мурожаат қилиши;

6) мижознинг маҳфийлик масалалари юзасидан ғайриоддий ташвишланиши ёки тижорат банки томонидан операция ҳақида сўралган маълумотларни мижоз томонидан асоссиз рад этилиши ёхуд тақдим этилишида ноўрин кечиктирилиши;

7) амалга оширилаётган операция бўйича мижоз ҳамкорларини аниқлаш имкони йўқлиги;

8) операция иқтисодий моҳиятга эга эмаслиги ва мижоз фаолиятининг тавсифи ва фаолият турига мувофиқ келмаслиги;

9) мижоз фаолияти тавсифига боғлиқ бўлмаган ҳолда унинг ҳисобварағида пул маблағлари айланмасининг асоссиз кўпайиши;

10) тижорат банки иштирокида мижоз томонидан бажарилаётган операцияларнинг операцияларни амалга оширишнинг умумқабул қилинган амалиётига номувофиқлиги;

11) мижоз томонидан бажарилаётган операцияларга ўхшаш операцияларнинг суммалари асоссиз тақсимланиши;

12) ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби мижознинг оддий фаолиятидан фарқ қилувчи ностандарт ёки ғайриоддий мураккаб схемалардан иборат бўлиши;

13) мижоз томонидан операциянинг аввал келишилган амалга ошириш схемасига унинг ижро қилиниши бевосита бошланишидан олдин, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларнинг ҳаракат йўналишига тааллуқли бўлган ўзгартиришлар киритилиши;

14) жисмоний шахс томонидан айирбошлаш кунига белгиланган энг кам иш ҳақининг 1000 баравари миқдорига тенг бўлган ёки ундан ошадиган суммада бир қийматдаги банкнотларни бошқа қийматдаги банкнотларга айирбошлаш;

15) операция амалга оширилиш кунига белгиланган энг кам иш ҳақининг 1000 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган суммада жисмоний шахс томонидан нақд пул кўринишидаги пул маблағларини юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг банк ҳисобварағига қарз, кредит, молиявий ёрдам, устав фонди (капитал)га қўйилма сифатида киритилиши;

16) норезидент томонидан резидентга грантлар, молиявий ёрдам, қарз ёки беғараз ёрдам сифатида пул маблағлари берилиши.

40. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар қуйидаги мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда шубҳали операция деб тан олинади:

1) операция бажарувчи томонларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса;

2) жисмоний шахслар томонидан, шу жумладан, пул ўтказмалари тизимлари орқали бир вақтда ёки 3 ойдан ошмаган муддат давомида кўп маротаба энг кам иш ҳақининг 1000 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада чет эл валютасида пул маблағлари олиниши ёки жўнатилиши;

3) жисмоний шахслар томонидан бир вақтда ёки 3 ойдан ошмаган муддат давомида кўп маротаба энг кам иш ҳақининг 1000 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада чет эл валютасидаги пул маблағлари сотилиши ёки сотиб олиниши;

4) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига номи кўрсатилмаган ҳолда, (аноним) шахсга очилган ҳисобвараққа пул маблағлари кўчирилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасига номи кўрсатилмаган ҳолда, (аноним) шахсга очилган ҳисобварақдан ёки жўнатувчиси тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган пул маблағларининг тушиши;

5) тижорат банки томонидан хабар қилиниши лозим бўлган операциялар тоифасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган гумонли операция.


41. Ички қоидалар билан гумонли операцияларнинг қўшимча мезонлари ва аломатлари белгиланиши мумкин.



V. АЛОҲИДА ҲОЛЛАРДА ХАБАР ҚИЛИНИШИ

ЛОЗИМ БЎЛГАН ОПЕРАЦИЯЛАР МЕЗОНЛАРИ


42. Операция бажарувчи томонларидан бири қуйидаги шахслар ҳисобланиши тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олинган ахборот мавжуд бўлганда ҳар қандай операция алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим:

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс.



VI. ХАТАР ДАРАЖАСИНИ АНИҚЛАШ


43. Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган маълумотлар асосида, мижознинг фаолияти ва операциялари турларини инобатга олган ҳолда, Ички назорат хизмати мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш мақсадида операцияларнинг амалга оширилишини баҳолаши ва тегишли (юқори ёки паст) хатар даражасини белгилаши лозим (кейинги ўринларда - хатар даражаси).


44. Тижорат банки аввалдан қуйидаги мезонларга жавоб берадиган мижозларни юқори даражадаги хатар тоифасига киритиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим:

а) террорчилик фаолиятида иштирок этаётганлиги ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларнинг назорати остида эканлиги ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган ёки шуғулланишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори эканлиги ёхуд уни назорат қилаётганлиги тўғрисида мавжуд бўлган маълумотга тегишли шахслар;

б) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

в) оффшор ҳудудларда ҳисобвараққа эга бўлган резидент ва норезидентлар;

г) ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаган ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

д) фаолият даври молиявий йилнинг бир чорагидан ошмаган ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

е) ҳақиқий эгаси мазкур банднинг "а", "б" кичик бандларида кўрсатилган шахслар ҳисобланган ташкилотлар;

ж) мунтазам равишда (масалан, 3 ой ичида кетма-кет) шубҳали ёки гумонли операцияларни амалга оширувчи мижозлар;

з) мижознинг шахсан иштирокисиз операцияни амалга ошириш имконини берувчи дастурий комплекслардан фойдаланувчи мижозлар;

и) ички қоидаларда белгиланадиган бошқа шахслар.

46. Тижорат банки қуйидаги мезонларга жавоб берадиган операцияларни юқори даражадаги хатар тоифасига киритиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим:

а) иштирокчилари мазкур Қоидалар 44-бандининг "а", "б" кичик бандларида кўрсатилган шахслар ҳисобланган операциялар;

б) оффшор ҳудудда очилган ҳисобварақлар орқали амалга ошириладиган операциялар;

в) қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар, шунингдек таркибида қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар мавжуд бўлган заргарлик буюмлари билан операциялар, тижорат банклари ўзлари амалга оширадиган бундай операциялардан ташқари;

г) жўнатувчи тўғрисидаги маълумотлари (жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, юридик шахсларнинг номи, жўнатувчининг манзили ва ҳисоб рақами) тўлиқ тақдим этилмаган пул маблағларини ўтказиш билан боғлиқ бўлган операциялар;

д) ички қоидаларда белгиланадиган бошқа операциялар.


47. Мижоз ёки мижоз томонидан амалга ошириладиган операция юқори даражадаги хатар тоифасига киритилган тақдирда, бундай мижоз операцияни амалга ошириши ҳақида (ҳисобварақ очиш, ҳисобварақдан маблағ кўчириш ва шу кабиларда) тижорат банкининг тегишли бўлинмаси Ички назорат хизматига хабар бериши керак. Ички назорат хизмати ушбу мижоз томонидан амалга оширилаётган операциялар устидан доимий мониторинг юритиши шарт.

Мижоз томонидан амалга оширилаётган операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, тижорат банки зарур ҳолларда у билан ишлаш бўйича хатар даражасини қайта кўриб бориши лозим. Тижорат банклари барча мураккаб, ғайриоддий йирик миқдордаги операцияларга, шунингдек иқтисодий ёки қонуний мақсадсизлиги аниқ бўлган операцияни ғайриоддий амалга ошириш схемаларига кучайтирилган эътибор қаратишлари керак.



VII. ГУМОНЛИ ВА ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШ


48. Идентификациялаш жараёнида олинган маълумотлар, шунингдек мижоз билан ишлаш бўйича белгиланган хатар даражаси операцияларнинг мижоз фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ва зарур ҳолларда маблағлар манбаларини ўрганиш учун ўтказиладиган мижозлар томонидан амалга ошириладиган (оширилган) операцияларнинг мониторингига асос бўлиб ҳисобланади.


49. Мижозлар операцияларининг жорий текшируви тижорат банкининг мижозларга бевосита хизмат кўрсатувчи (масъул ижрочилар, кассирлар ва шу каби) тегишли ходимлари томонидан, лавозим мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур ходимлар гумонли операциялар аниқланган тақдирда бундай операциялар ҳақида бевосита ўз раҳбарига ва Ички назорат хизмати ходимларига ёзма равишда хабар беришга мажбурдирлар.

Мижозлар операцияларининг кейинги текшируви Ички назорат хизмати ходимлари томонидан жорий текширув жараёнида аниқланмайдиган шубҳали операцияларни аниқлаш мақсадида, мижознинг ўтган давр мобайнида бажарган операцияларини таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.


50. Гумонли операциялар аниқланганда тижорат банкининг мижозларга бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлари Ички назорат хизматининг топшириғига биноан зарур ҳолларда ўтказилаётган операция ҳақидаги қўшимча маълумотлар юзасидан мижозга мурожаат қиладилар.


51. Ички назорат хизмати ходимлари мижоз ва операция ҳақидаги маълумотларни ўрганади, тегишли маълумотларни Ички назорат хизматининг махсус журналида ва мижоз сўровномасида қайд этади, шунингдек уларни Ички назорат хизмати раҳбарига юборади.

52. Асосли шубҳалар мавжуд бўлган тақдирда Ички назорат хизмати раҳбари мижоз операциясини шубҳали деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилади.


53. Операцияларни шубҳали деб тан олиш ҳар бир алоҳида ҳолатда мазкур Қоидалар билан белгиланган шубҳали операциялар мезонлари ва аломатларидан фойдаланган ҳолда комплекс таҳлил асосида амалга оширилади.


54. Мижоз операцияси шубҳали деб тан олингандан сўнг, Ички назорат хизмати раҳбари тижорат банкининг мижозга нисбатан келгуси ҳаракатлари юзасидан, шу жумладан:

Департаментга шубҳали операция тўғрисида хабар бериш;

тижорат банкининг тегишли раҳбарларини ва унинг мижозлар билан бевосита фаолият юритадиган мутасадди бўлинмалари раҳбарларини операция шубҳали деб тан олинганлиги тўғрисида маълум қилиш;

мижоз тўғрисида қўшимча маълумот олиш;

мижоз билан ишлаш хатар даражасини қайта кўриб чиқиш;

мижоз билан операциялар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш зарурияти;

қонун ҳужжатларига ва мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ шартнома муносабатларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилади.

Шубҳали операция ҳақидаги хабар тижорат банки томонидан у аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ Департаментга берилади.


55. Ҳар бир хабар берилиши тўғрисидаги маълумот Ички назорат хизматининг махсус журналида қайд этиб борилади.


56. Тижорат банклари, шунингдек тегишли операциянинг шубҳали эканлигини тасдиқловчи ёки шубҳалилигини олиб ташловчи ҳар қандай маълумот юзасидан дарҳол Департаментга хабар беришлари зарур.



VIII. АЛОҲИДА ҲОЛЛАРДА ХАБАР БЕРИЛИШИ

ЛОЗИМ БЎЛГАН ОПЕРАЦИЯЛАР АНИҚЛАНГАНДА

АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР


57. Агар мижоз билан муносабатларни ўрнатиш даврида ёки ушбу муносабатларни амалга оширишда, ёхуд бир маротабалик операцияларни ўтказишда Ички назорат хизмати раҳбарида ёки ходимларида мазкур Қоидаларга мувофиқ операция алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозимлиги тўғрисида шубҳалар пайдо бўлса, Ички назорат хизмати раҳбари ёки ходимлари қуйидаги чора-тадбирларни кўришлари лозим:

мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини батафсил идентификациялаш;

юридик ёки жисмоний шахс ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операцияларни истисно этганда, бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туриш тўғрисида асослантирилган фармойиш қабул қилиш;

операция тўхтатиб турилган куннинг ўзида операция тўғрисидаги хабарни Департаментга юбориш учун тайёрлаш;

операция ҳақидаги маълумотни Ички назорат хизматининг махсус журналига киритиш.


58. Операцияни тўхтатиш фақатгина тижорат банкида мижоз тўғрисидаги мавжуд ахборотлар Рўйхатдаги маълумотлар билан тўлиқ мос келган тақдирда амалга оширилади.


59. Операция тўхтатилган тақдирда мижознинг топшириғи асосида ҳисобварақлардан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш амалга оширилмайди.

Мижоз топшириғи операциялари тўхтатилган мижозларнинг топшириқлари рўйхатга олинадиган алоҳида журналда рўйхатга олиниши, шунингдек операция тўхтатилиши муддати тугагунига қадар махсус жилдга жойлаштирилиши лозим.

Операциялари тўхтатилган мижозларнинг топшириқларини рўйхатга олиш учун алоҳида журналда тўхтатилган операцияни, шунингдек ушбу операция иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи маълумотлар қайд этиб борилади.


60. Департаментнинг операцияни икки иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмаси мавжуд бўлганда, тижорат банки уни кўрсатилган муддатгача тўхтатади.



IX. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН ДЕПАРТАМЕНТ

СЎРОВЛАРИНИНГ БАЖАРИЛИШИ


61. Департамент жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, шу жумладан, тижорат банкининг автоматлаштирилган ахборот, маълумотнома тизимларидан ҳамда маълумотлар базаларидан сўраш ва бепул олиш ҳуқуқига эга.


62. Тижорат банклари Департаментнинг сўровлари бўйича қўшимча маълумотларни тақдим қиладилар.


63. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи хорижий органлар сўров билан Департаментга мурожаат қиладилар. Департамент Марказий банк орқали тегишли сўровни тижорат банкларига тақдим этади. Тижорат банклари бундай сўров асосида сўралаётган маълумотни Департаментга тақдим этадилар.



X. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

НАТИЖАСИДА ОЛИНГАН МАЪЛУМОТЛАР

ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

САҚЛАШ ВА МАҲФИЙЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ


64. Мижозларни лозим даражада текшириш билан боғлиқ бўлган тўлиқ ёки қисман ва хорижий тилда тузилган ҳужжатлар тижорат банки томонидан, зарур ҳолларда, давлат тилига ёки рус тилига таржимаси билан талаб этилиши мумкин.


65. Тақдим қилинган ҳужжатлар нусхаларининг тўғрилигига гумон ёки бошқа зарурат пайдо бўлган тақдирда, тижорат банки танишиш учун ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


66. Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган мижоз тўғрисидаги маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ мижоз сўровномасида қайд этилади. Тижорат банки ички ҳужжатларга мувофиқ мижоз сўровномасига бошқа маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга.


67. Сўровномалар махсус дастурлар ёрдамида барча мижозлар бўйича электрон шаклда тўлдирилади. Шубҳали операцияларни амалга оширувчи ва юқори даражадаги хатар тоифасига киритилган мижозлар бўйича сўровномалар қоғоз шаклида ҳам тўлдирилади.

Электрон шаклда тўлдирилган мижоз сўровномаси қоғоз шаклида чиқарилганда тижорат банкининг бош бухгалтери ёки у бўлмаган тақдирда, унинг муовини ёхуд масъул ходим томонидан тасдиқланади.

68. Мижозлар сўровномалари мижозлар мақоми бўйича (юридик ва жисмоний шахслар бўйича) хронологик тартибда алоҳида жилдларда тикиб борилади ва Ички назорат хизмати ходими томонидан сақлаб борилади.

Электрон шаклда тўлдирилган сўровномалар тижорат банкининг мижозларни идентификациясини амалга оширувчи ходимларига мижоз тўғрисидаги маълумотларни текшириш учун доимий режимда тезкор фойдаланиш имкониятини берувчи электрон базада сақланади.


69. Мижоз сўровномаси тижорат банкида мижоз билан муносабатлар тўхтатилган кундан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақланади.


70. Мижоз сўровномасида кўрсатиладиган маълумотларнинг ўзгаришига, шунингдек у томонидан амалга оширилаётган молиявий операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, тижорат банклари зарур ҳолларда мижоз билан ишлаш бўйича хатар даражасини қайта кўриб бориши лозим.


71. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборот зарурат туғилган тақдирда операция тафсилотларини қайта тиклаш мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.


72. Тижорат банклари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида, лекин бундай операциялар амалга оширилганидан ёки мижозлар билан амалий иш муносабатлари тўхтатилганидан кейин камида беш йил мобайнида сақлашлари шарт.


73. Тижорат банклари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотга кириш имкониятини чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг операциялари ҳақида Департаментга хабар берилганлиги тўғрисида маълум қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Тижорат банки ички назорат вазифаларини бажариш жараёнида олинган маълумотларнинг банкнинг ходимлари томонидан ошкор қилинмаслигини (ёки улардан шахсий мақсадда ёхуд учинчи шахслар манфаатларида фойдаланмаслигини) таъминлайди.


74. Учинчи шахсларга маълумотлар, шу жумладан, сўровномадан мижознинг идентификация маълумотларини ташкил этувчи маълумотлар тақдим қилиниши қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


75. Мижозни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар, тижорат банки мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришни амалга ошириш хатари юқори деб баҳолаган тақдирда, камида бир йилда бир маротаба ҳамда бошқа ҳолларда камида уч йилда бир маротаба янгиланиб борилиши лозим.



XI. ТИЖОРАТ БАНКИНИНГ, ИЧКИ НАЗОРАТ

ХИЗМАТИ ҲАМДА БОШҚА БЎЛИНМАЛАР

РАҲБАР ВА ХОДИМЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


76. Тижорат банклари, Ички назорат хизмати ва бошқа бўлинмалар раҳбар ва ходимлари мазкур Қоидаларни бузганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


77. Қонун ҳужжатлари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тижорат банки ходимлари томонидан операцияларни амалга ошириш жараёнида бузиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлиб қолган тижорат банки ходимлари ушбу далилларни дарҳол Ички назорат хизмати раҳбарига ёки ходимларига ёзма равишда етказадилар.



XII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


78. Тижорат банклари томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Марказий банк томонидан ва зарур ҳолларда Департамент билан биргаликда амалга оширилади.


79. Тижорат банки бошқаруви ички ва ташқи вазиятларнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда, тижорат банки ички назорат тизимини доимий равишда мониторинг қилиб боради ва самарадорлигини баҳолаб боради, шунингдек зарур ҳолда самарали ишлашини таъминлаш учун унинг фаолиятини кучайтиради.

Ички назорат тизими самарадорлигини мониторинг қилиш тижорат банки ички аудит хизмати томонидан ҳам олиб борилиши мумкин.


80. Тижорат банкининг ички аудит хизмати ёки бошқа назорат хизматлари томонидан аниқланган ички назорат тизимининг камчиликлари ўз вақтида тижорат банки бошқаруви раисига маълум қилинади. Маълумотни олгандан сўнг тижорат банки бошқаруви раиси аниқланган камчиликларнинг ўз вақтида бартараф қилинишини таъминлаши лозим.






Қоидаларга

1-ИЛОВА


Жисмоний шахсларни

идентификациялашда зарур бўлган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Фамилияси, исми, отасининг исми.


2. Туғилган санаси ва жойи.


3. Фуқаролиги.


4. Доимий ва (ёки) вақтинчалик яшаш жойи.


5. Паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат реквизитлари: ҳужжат серияси ва рақами, ҳужжат берилган сана, ҳужжатни берган орган номи.


6. Солиқ тўловчининг идентификацион рақами (агар мавжуд бўлса).


7. Уй телефони рақами (агар мавжуд бўлса).






Қоидаларга

2-ИЛОВА


Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни

идентификациялашда зарур бўлган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Юридик шахсларни идентификациялашда зарур бўлган маълумотлар:

а) тўлиқ, шунингдек агар давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган бўлса, қисқартирилган номи;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) солиқ тўловчининг идентификацион рақами;

г) жойлашган ери (почта манзили);

д) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

е) лицензияланиши лозим бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган лицензиялар тўғрисида маълумотлар: фаолият тури, лицензиянинг рақами ва берилган санаси; ким томонидан берилганлиги; амал қилиш муддати;

ж) юридик шахс номидан иш кўрувчи жисмоний шахснинг идентификацияси тўғрисида маълумотлар;

з) юридик шахс таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари) ҳақидаги ҳамда уларнинг устав фонди (капитали)даги улушлари тўғрисида маълумотлар;

и) рўйхатга олинган ва тўланган устав фонди (капитали) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

к) юридик шахс бошқарув органлари (юридик шахснинг бошқарув органларининг тузилмаси ва шахсий таркиби) тўғрисидаги маълумотлар;

л) телефон рақамлари.


2. Якка тартибдаги тадбиркорларни идентификациялашда зарур бўлган маълумотлар:

а) мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида кўзда тутилган маълумотлар;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот:

сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) фаолият амалга ошириладиган жой;

г) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

д) фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд гувоҳномалар ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар: фаолият тури, лицензия рақами, берилган санаси; ким томонидан берилганлиги; амал қилиш муддати;

е) телефон рақамлари.






Қоидаларга

3-ИЛОВА


Мижоз сўровномасида кўрсатиладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Мижозни идентификациялаш жараёнида олинган, мазкур Қоидаларнинг 1, 2-иловаларида кўрсатилган маълумотлар.


2. Хатар даражаси ҳақида маълумот, шу жумладан, хатарни баҳолаш асослари.


3. Банк томонидан мижозни идентификациялашда амалга оширилган қўшимча чора-тадбирлар натижалари.


4. Мижоз билан муносабатлар ўрнатилган сана - тижорат банкидаги биринчи банк ҳисобварағи (омонати) очилган сана.


5. Мижоз сўровномаси тўлдирилган ва ўзгартириш киритилган сана.


6. Мижоз билан ишлашга масъул ходим, хусусан, ҳисобварақ очган ва ҳисобварақ очилганлигини тасдиқлаган ходим (бош бухгалтер ва унинг муовини) фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими.


7. Қоғоз шаклидаги мижоз сўровномасини тўлдирган ходим имзоси (фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда) ва электрон кўринишдаги мижоз сўровномасини тўлдирган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими.


8. Ички қоидаларда белгиланадиган бошқа маълумотлар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 44-сон, 472-модда.





























Время: 0.0107
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск