язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари/ Маҳалла посбони жамоат тузилмалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.04.1999 й. 180-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 19 апрелдаги

180-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Маҳалла посбони" жамоат

тузилмалари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Маҳалла посбони" жамоат тузилмаларини ташкил этиш, улар билан ишлаш, уларга рахбарлик қилиш, шунингдек уюшма аъзоларининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатдир.


2. Тузилмаларни ташкил этишдан асосий мақсад фуқароларнинг фаоллигини ошириш йўли билан ҳуқуқий демократик давлат қуриш жараёнини жадаллаштириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат бошқарув тизимининг айрим ваколатларини бажаришига кенг йўл очиш, осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда давлат идоралари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамкорликда иш олиб боришини таъминлаш, аҳолининг ўзаро ҳамжиҳатлигини оширишдан иборатдир.


3. Ҳар бир маҳаллада, аҳоли истиқомат қилувчи жойларда, қишлоқ ва овулларда юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда аҳоли орасидан ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва сиёсий-ижтимоий вазиятни барқарорлаштиришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам бериш истагини билдирган, маънавий пок, соғлом фикрли кўнгиллилар аниқланиб, улар жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи тузилмага бирлаштирилади.


4. "Маҳалла посбони" тузилмаси раҳбарига маҳаллий бюджет ҳисобидан тегишли фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи раисининг маошига тенг миқдорда ойлик иш ҳақи белгиланади.


5. "Маҳалла посбони" тузилмасига унинг ўз ишчанлик ва бошқарувчилик хусусиятлари билан ажралиб турувчи, ўз сафдошларига ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган аъзоси маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарори билан раҳбар этиб тайинланади.



II. "МАҲАЛЛА ПОСБОНИ" ЖАМОАТ

ТУЗИЛМАСИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


6. "Маҳалла посбони" жамоат тузилмасига Фуқаролар йиғини кенгашининг қарорига биноан онгли равишда ватан ва халқ манфаатлари йўлида садоқат билан беғараз хизмат қилишга тайёр, жисмоний ва маънавий соғлом, пок, иймон-эътиқодли, юксак инсоний ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлашда хуқуқ-тартибот органларига кўнгилли равишда ёрдам бериш истагини билдирган тегишли маҳаллада истиқомат қилувчи 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинадилар.


7. Тузилмага қабул қилиш учун танланган номзоднинг шахси ва турмуш тарзи маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари томонидан милиция ҳудудий инспектори иштирокида ўрганиб чиқилиб, лозим топилган тақдирда фуқаролар йиғини кенгашининг тегишли қарорига асосан фуқаро маҳалла посбони деб эълон қилиниб, жамоат тузилмасига қабул қилинади ("посбонлар" деб аталади).


8. Посбонлар сони маҳалла ҳудудининг табиий-географик, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-демографик, криминоген хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарорига мувофиқ белгиланади. Ижобий тавсифланган шахсларни посбонликка қабул қилишда ва ўзларини салбий томондан намоён этган шахсларни посбонликдан чиқаришда ушбу маъмурий ҳудудга бириктирилган милиция ҳудудий инспекторининг фикри инобатга олинади. Посбонларни тузилмага қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш фақатгина фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.


9. Ўзининг турмуш тарзи билан маҳалла аҳли ўртасида салбий тавсифланган, ички ишлар идораларининг профилактик ҳисобида турувчи, ҳамда муқаддам судланган шахслар посбонликка қабул қилинмайдилар.


10. Посбонларнинг сони маҳалланинг катта-кичиклиги, ушбу ҳудудда яшайдиган аҳоли сони ҳамда юзага келган вазият ва уни барқарорлаштириш йўлидаги мақсадлардан келиб чиққан ҳолда фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан ўзгартирилиши мумкин.



III. "МАҲАЛЛА ПОСБОНИ" ЖАМОАТ

ТУЗИЛМАЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ


11. Маҳалла ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва ушбу ҳудудда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга алоқадор вазифаларни амалга ошириш, фуқаролар билан муомала маданияти, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга қаратилган ва бошқа масалалар юзасидан тузилмага қабул қилинган ҳар бир посбон билан ушбу маъмурий ҳудудга бириктирилган милиция ҳудудий инспектори ҳамкорликда иш олиб боради.


12. Посбонларга маҳалла ҳудудида хуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш билан боғлиқ вазифаларни адо этишда биринчи навбатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчиликка, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ва ахлоқ-одоб мезонларига риоя этиш зарурлиги уқдирилади.


13. Посбонларга маҳалла ҳудудида хизмат қилиш жараёнида қўлга ва кўкракка тақиладиган махсус ёзувли белгилар берилади.


14. Посбонлар рўйхати, уларга қўлга ва кўкракка тақиладиган махсус белгиларнинг берилганлиги, ҳар бири билан якка тартибда ўтказилган суҳбатлар натижалари махсус китобда қайд этиб борилади. Ушбу қайд китоби милиция ҳудудий инспекторининг хизмат хонасида сақланади.


15. Маҳалла ҳудудида жойлашган давлат идоралари ва жамоатчилик уюшмалари, барча ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар маҳаллада истиқомат қилувчи барча фуқаролар ушбу ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашда посбонларга кўмак беришлари лозим.



IV. "МАҲАЛЛА ПОСБОНИ" ВАЗИФАЛАРИ


16. Маҳалла посбонлари ўзлари яшаётган ҳудудда содир этилиши мумкин бўлган турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишда, содир этилган жиноятларни очишда, шунингдек аҳоли билан турли профилактик ва огоҳлантирувчи мазмундаги тадбирларни ўтказишда хуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг энг яқин кўмакчилари ҳисобланадилар.


17. Посбонлар маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ички ишлар органлари ходимларига ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва маҳаллада хуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга алоқадор бўлган қуйидаги вазифаларни бажаришда ёрдам берадилар:


фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, маҳалла ҳудудида қонун устуворлигини ва осойишталикни таъминлаш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ва ахлоқ-одоб мезонларига риоя қилинишини, жамоат тартиби сақланишини таъминлаш, маҳаллада тартиб ўрнатиш билан боғлиқ бўлган бошқа ишлар;


муайян ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан паспорт режимига амал қилинишини текшириш ва назорат қилиш;


аҳоли ўртасида ёнғин ва ҳаракат хавфсизлигига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориш;


маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйганларни, оила-турмуш доирасида мунтазам хуқуқбузарликлар содир этувчиларни, ўзларининг жамиятга зид хатти-ҳаракатлари билан фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ёки улар тарбияси билан шуғулланмайдиган ота-оналарни, нотинч оилаларни, вояга етмаганларни турли хуқуқбузарликлар содир этишга ундовчи шахсларни, ёшлар онгини заҳарлаб, уларни турли диний экстремистик ғоялар таъсирига олиш мақсадида бундай ташкилотларга аъзо бўлишга даъват этувчи, турли ноқонуний тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борувчи шахсларни, ўсмирларга қонунга хилоф равишда диний таълим берувчиларни, конституцион қонуний тизимга қарши турли бўҳтонларни тарқатувчи шахсларни аниқлаш ва улар билан профилактик-тарбиявий тушунтириш ишлари олиб бориш;


ички ишлар идоралари ҳисобида турувчи, тарбияси оғир вояга етмаганлар билан аниқ мақсадли профилактик тадбирлар олиб бориш;


маҳаллаларни ободонлаштириш юзасидан турли хашарлар ва тадбирларни амалга ошириш.


18. Маҳалла посбонлари табиий офатлар, оммавий тартиббузарликлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда жамоат тартибини сақлаш, ва бундай ҳолларнинг оқибатларини тугатишда тегишли давлат идораларига яқиндан ёрдам берадилар.


19. Маҳалла ҳудудида оғир турдаги, мураккаб ва кўп эпизодли жиноятлар содир бўлганда уларни очиш, айбдор шахсларни аниқлаш, суриштирув-тергов ишлари олиб боришда ички ишлар органлари ходимлари посбонлардан ёрдамчи сифатида фойдаланадилар. Улар жиноятга алоқадор бўлган барча шахсларни аниқлаш, ушлаш, тинтув ўтказишда фаол қатнашадилар.


20. Маҳалла посбонларига ички ишлар органларини:


ноқонуний равишда маҳаллада истиқомат қилаётган, узоқ муддатдан буён уйига келмаётган ва ўз уйида яшамаётган, ўз уйини ишратхонага айлантирган, қўшмачилик билан шуғулланаётган ҳамда қонунда белгиланган бошқа меъёрларни бузаётган шахслар тўғрисида;


қайси ҳудудда содир этиш учун мўлжалланганлигидан қатъи назар ўзларига маълум бўлган, содир этиш учун тайёргарлик кўрилаётган жиноятлар тўғрисида хабардор қилиб туриш уқдирилади.


21. Маҳалла посбонларига қонунга хилоф топшириқларни бериш тақиқланади, таркибида жиноят аломатлари бўлган ёки жиноятга алоқадор маълумотлар бўлган, процессуал, бевосита ички ишлар органлари ваколати доирасига кирувчи ишларни кўриб чиқиш ва ҳал этишни уларга топшириш, уларни давлат ва хизмат сирига эга бўлган ҳужжатлар билан таништириш қатъий тақиқланади.



V. МАҲАЛЛА ПОСБОНЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


22. Посбонлар маҳалла ҳудудида тартиб ўрнатиш ва рўй бериши мумкин бўлган турли қонунбузарликларнинг олдини олишда милиция ҳудудий инспекторининг ёрдамчилари ҳисобланадилар. Уларга қуйидаги хуқуқлар берилади:


ким томонидан амалга оширилаётганидан қатъи назар, маҳалла ҳудудида содир этилаётган ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқбузарликларни тўхтатишни фуқаролардан талаб қилиш. Бошқа таъсир чоралари қолмаган тақдирда тартиббузар шахсларни милиция худудий инспектори хизмат хонасига, ички ишлар органига олиб келиш ёки милиция ходимларига топшириш;


жиноят содир этилган жойда бўлган фуқаролардан ҳамда зарур ҳолларда маҳалла ҳудудида пайдо бўлиб қолган шубҳали шахслардан паспортини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа хужжатларни кўрсатишни талаб қилиш;


ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш чоғида ҳуқуқбузар шахслардан уларни содир этиш воситаларини олиб қўйиш ва дарҳол милиция ҳудудий инспекторига ёки ички ишлар идорасига топшириш;


маҳалла ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳайдовчиларни тартибга чақириш;


маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасидаги турли низоларни ҳал қилишда, хуқуқбузарлик содир этган шахсларни муҳокама қилишда, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этишга мойил шахслар билан ҳуқуқий-тарбиявий мазмундаги суҳбатларда ва қонунда белгиланган тартибда бошқа огоҳлантирув-профилактик суҳбатлар чоғида бевосита иштирок этиб, ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдириш;


маҳалла ҳудудида осойишталикни таъминлаш билан боғлиқ бўлган ва бошқа тадбирларни ўтказиш жараёнида қўлга ва кўкракка тақиладиган махсус белгиларни тақиб юриш;


ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва жамоат тартибини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган фаолият самарадорлигини оширишга доир тегишли таклифлар киритиш.


23. Маҳалла худудида хуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга алоқадор вазифаларни бажаришда ёрдам бериш истагини билдирган посбонларга бериладиган топшириқлар фақатгина ушбу Низом доирасида бўлиб, ички ишлар органлари ваколати доирасига кирувчи вазифаларни посбонлар бевосита ўзлари кўриб чиқиш хуқуқига эга эмаслар.


24. Милиция ҳудудий инспектори фуқаролар йиғини кенгаши билан биргаликда:


посбонларга берилган вазифаларни бажариш усуллари тўғрисида аниқ кўрсатмалар беради, йўл-йўриқ кўрсатади, ўзаро алоқа ва ҳамкорлик қилиш йўлларини белгилаб беради;


посбонларнинг ўзларига юклатилган жамоатчилик топшириқлари моҳиятини ва уни бажариш йўлларини қай даражада тушунганлиги қатъий тартибда текшириб кўрилади. Уларнинг олиб бораётган ишлари, жамоатчилик асосида берилган вазифаларни бажариш жараёнидаги хатти-ҳаракатлари мунтазам назорат қилиб борилади. Улардан олинган маълумотларга кўра қарор қабул қилишда ушбу маълумотларнинг тўғрилиги албатта текшириб кўрилади.


25. Хизмат килиш жараёнида ижобий тавсияномага эга бўлган посбонларга ички ишлар органларига хизматга қабул қилишда алоҳида имкониятлар яратилади.


26. Жамоатчилик топшириғини бажаришда қўпол хатоларга йўл қўйган ёки ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этган маҳалла посбонларига нисбатан барча ҳужжатлар умумий тартибда кўриб чиқилади.


27. Жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишда, фуқаролар осойишталигини таъминлашда, жамоат тартибини сақлашда, шунингдек жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни аниқлашда, қўлга олишда ва бошқа муҳим топшириқларни бажаришда ўрнак кўрсатган посбонлар қонунда белгиланган тартибда ҳокимликлар ва ички ишлар органлари раҳбарияти томонидан рағбатлантирилиши мумкин.


28. Жиноятчиликка қарши кураш ва халқ осойишталигини таъминлашда алоҳида ўрнак кўрсатган фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳукумат мукофотларига тақдим этиладилар.



VI. МАҲАЛЛА ПОСБОНЛАРИНИНГ БУРЧЛАРИ


29. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва ҳукумат қарорлари талабларига тўлиқ риоя этиш, фуқаролар билан муносабатда оғир, вазмин ва хушмуомала бўлиш, низоли масалаларни ҳал этишда адолатли бўлиш.


30. Маҳаллада ёки ўзлари истиқомат қилаётган жойларда жиноят содир этилганда бу тўғрида зудлик билан ички ишлар органига ёки милиция ҳудудий инспекторига хабар бериш ва хуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар ходимлари келгунга қадар жиноят содир этилган жойларга бошқа шахсларнинг кирмаслиги, жиноят излари ва жиноятга алоқадор бўлган барча ашёвий далилларнинг йўқолмаслиги чораларини кўриш.


31. Жиноят, ҳуқуқбузарлик ёки бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланган шахсларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиш, уларнинг қариндош-уруғларини воқеадан хабардор қилиш, тиббий муассасаларга ва тегишли идораларга хабар бериш.



VII. "МАХАЛЛА ПОСБОНИ" ЖАМОАТ

ТУЗИЛМАСИГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


32. "Маҳалла посбони" жамоат тузилмасига раҳбарлик қилиш амалдаги қонунлар асосида олиб борилади.


33. Посбонларга маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ушбу маъмурий ҳудудга бириктирилган милиция ҳудудий инспектори рахбарлик қилади.


34. Вазифаларни бажаришда жамоатчилик вакили бўлган посбонлар томонидан камчиликларга йўл қўйилган тақдирда, уларнинг сабаблари ўрганиб чиқилиб, бартараф этиш чоралари кўрилади, келгусида бу каби вазифаларни қонун доирасида тўлиқ ҳал этиш бўйича амалий-услубий ёрдамлар кўрсатилади.


35. Маҳалла посбонларининг фаолияти юзасидан умумий назорат қилиш ушбу ҳудуддаги фуқаролар йиғини кенгашига ва милиция ҳудудий инспектори зиммасига юкланади.