ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини оширишнинг ташкилий тузилмаси ва тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.12.2013 й. 328-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 14 декабрдаги

328-сон қарорига

1-ИЛОВА



Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

ходимларининг малакасини оширишнинг

ташкилий тузилмаси ва тизими тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини оширишнинг ҳуқуқий асосларини, умумий ва махсус талабларини, асосий йўналишларини, шунингдек уларнинг ўқишини назорат қилиш ва сифатини баҳолаш механизмларини белгилайди.


2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш (кейинги ўринларда малака ошириш деб аталади) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасида касбий маҳоратнинг тизимли асосда доимий ўсишини таъминлайдиган касбий билимларнинг ва бошқарув билимларининг, маҳорат ва кўникмаларнинг даврий равишда янгилаб борилишини назарда тутади.


3. Малака ошириш тўғридан-тўғри ёки билвосита шаклда амалга оширилади.


4. Тўғридан-тўғри малака ошириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари (кейинги ўринларда Ўқув курслари деб аталади) базасида амалга оширилади.


5. Ўқув курсларида фуқаролар йиғинлари раислари, фуқаролар йиғинларининг масъул котиблари ва "Маҳалла посбони" жамоат тузилмаларининг аъзолари (кейинги ўринларда тингловчилар деб аталади) ўз малакасини оширадилар.

6. Билвосита малака ошириш илмий, илмий-амалий семинарларда, конференцияларда, давра суҳбатларида ва бошқа тадбирларда қатнашиш йўли билан амалга оширилади.



II. ЎҚУВ КУРСЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА МАЛАКА ОШИРИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


7. Қуйидагилар Ўқув курсларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўз олдиларида турган, шу жумладан, маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия, ёшларни касбга йўналтириш, кичик ва хусусий тадбиркорликни, оилавий бизнесни ривожлантириш, аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини ташкил этиш, табиатни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳаларидаги вазифаларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини, касбий ва бошқариш кўникмаларини ҳамда ижтимоий-иқтисодий билимларини оширишни ташкил этиш;

фуқаролар йиғинларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик механизмларини шакллантириш ва ривожлантиришга йўналтирилган фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш.


8. Малака ошириш қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади:

аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш;

ижтимоий шериклик механизмларини шакллантириш;

демократик қадриятларни кенг тарғиб қилиш;

жамоат тартибини ва хавфсизликни таъминлаш;

ёшларни касбга йўналтириш ва вояга етмаганлар билан ишлаш;

аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорликни, шу жумладан, оилавий бизнесни ривожлантириш;

жамоат назоратини ташкил этиш;

табиатни муҳофаза қилишда, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда қатнашиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг қонунчиликда белгиланган бошқа соҳалари.



III. МАЛАКА ОШИРИШ БЎЙИЧА УМУМИЙ

ВА МАХСУС ТАЛАБЛАР


9. Малака ошириш бўйича умумий ва махсус талаблар малака ошириш тизимини ташкилий ва илмий-методик таъминлаш учун қўлланилади.

Малака оширишнинг сифати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари тайёргарлигининг зарур ва етарлича даражаси, улар билимлари ва амалий кўникмаларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги билан белгиланади.


10. Малака оширишнинг мазмуни ва сифатига умумий ва махсус талаблар тегишли ўқув режалари ва дастурлари билан белгиланади.


11. Ўқув режалари ва дастурларининг мазмуни фаолият йўналишлари бўйича умумий ва махсус тайёргарликни назарда тутиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда юз бераётган ўзгаришларга мувофиқ бўлиши керак.



IV. МАЛАКА ОШИРИШНИНГ ТАШКИЛИЙ АСОСЛАРИ


12. Ўқув курслари фаолиятига ташкилий раҳбарлик қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўқув курсларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўради;

малака ошириш тизимини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

малака оширишнинг режа-жадвалларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди билан биргаликда малака оширишга муҳтож кадрлар контингентини аниқлайди, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг Ўқув курсларида қатнашишини таъминлайди, уларнинг малака ошириш курсларидан ўтиши ҳисобини юритади;

халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари турар жойларида жойлар етишмаганда (бўлмаганда) таълим муассасалари турар жойларида жойлар ажратилишини таъминлайди.


14. Ўқув курсларининг фаолиятига ўқув-методик раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан амалга оширилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди билан биргаликда малака ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларнинг доимо янгиланишини таъминлайди;

малака ошириш тизимини такомиллаштириш механизмлари ва методларини белгилайди;

Ўқув курслари ўқитувчиларининг малакасини оширишни ташкил этади;

малака ошириш тизимига ўқитишнинг замонавий шакл ва методларини, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларини жорий этади;

Ўқув курсларида таълим олиш ва ўқитиш жараёни мониторингини олиб боради.


16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

малака ошириш жараёнига илмий тадқиқотлар натижаларини жорий этади;

малака оширишнинг ўқув-методик асосларини ишлаб чиқишга кўмаклашади;

малака ошириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани умумлаштиради ва ўқитиш жараёнига жорий этади;

малака ошириш тизимида масофадан ўқитишни ишлаб чиқади ва жорий этади;

Ўқув курсларини юқори малакали кадрлар билан таъминлайди;

зарурият бўлганда, идоравий мансуб таълим муассасаларининг турар жойларидан тингловчилар яшаши учун ўринлар ажратади.


17. Ўқув курслари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларида жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўқув курсларига ўқув машғулотларини олиб бориш учун зарур хоналар ва талабаларнинг яшаши учун ўринлар ажратилишини таъминлайди.



V. ЎҚУВ КУРСЛАРИНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


18. Ўқув курслари юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


19. Ўқув курсларининг тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида" 2013 йил 10 октябрдаги ПҚ-2050-сон қарори билан тасдиқланган.

Ўқув курсларига директор раҳбарлик қилади.

Ўқув-методик ва ташкилий масалалар бўйича бўлим бўлимнинг бошлиғи ва бош методистдан иборат бўлади.

Ўқув курсларининг бухгалтерия ҳисобини бош бухгалтер юритади.

Амалиётчи мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар таркиби шартнома асосида жалб этилади.


20. Ўқув курслари директори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Директор лавозимига олий маълумотли, камида 5 йил педагогик иш стажига ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти билан боғлиқ амалий иш тажрибасига эга бўлган шахс тайинланади.


21. Ўқув курслари директори:

Ўқув курслари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Ўқув курсларига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

белгиланган тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида ўқув материалларини ишлаб чиқиш ишларини ташкил қилади;

ўқув материаллари назарий аспектларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари амалий фаолияти билан алоқасини таъминлайди;

таълим жараёнига ўқитишнинг илғор шакллари, шу жумладан, масофадан ўқитиш, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари жорий этилишини ҳамда улардан самарали фойдаланишни ташкил этади;

Ўқув курслари ваколатига кирувчи масалалар бўйича шартномалар тузади;

Ўқув курслари фаолиятига тегишли буйруқлар чиқаради, шунингдек Ўқув курсларининг ходимлари, жалб этилган мутахассис-амалиётчилар ва профессор-ўқитувчилар таркиби бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

Ўқув курслари ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Ўқув курслари ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини кўриб чиқади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда, Ўқув курслари харажатлари сметасини тасдиқлайди;

ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашини, тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларини Ўқув курслари фаолияти тўғрисида хабардор қилади;

ўқитишнинг интерактив методлари, замонавий педагогика ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши юзасидан жавоб беради.


22. Ўқув-методик ва ташкилий масалалар бўлими:

бўлим фаолиятининг йиллик, ярим йиллик ва ойлик режаларини ишлаб чиқади, шунингдек уларнинг натижаларини таҳлил қилади;

дарслар юкламасини ўрганади, режалаштиради ва тақсимлайди, профессор-ўқитувчилар таркиби учун штат жадвалини тузади;

профессор-ўқитувчилар таркибининг соатлар бўйича юкламасини белгилайди;

тингловчилар билимларини баҳолаш шаклларини жорий этади;

профессор-ўқитувчилар таркибининг Ўқув курсларига жалб этилишини таъминлайди;

ўқув материалларини ишлаб чиқади;

республиканинг бошқа таълим муассасаларида ўқув жараёнини юритиш тажрибасини ўрганади ва Ўқув курсларида жорий этади;

ўқув жараёни сифатини доимий назорат қилишда қатнашади;

ўқув жараёнини давр талаби даражасида шакллантиради ва сақлайди, унинг замонавий техник воситалар асосида ўтказилишини таъминлайди, уларни такомиллаштириш чора-тадбирларини мунтазам равишда амалга оширади;

тингловчиларни Ўқув курсларининг ички тартиб-қоидалари билан таништириш ва уларни тушунтириш ишларини олиб боради;

тингловчиларни ўқув материаллари билан ўз вақтида таъминлайди;

профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан тингловчиларга қўйилган балларни назорат қилади ва уларнинг махсус комиссиялар томонидан текширилишини амалга оширади;

Ўқув курслари фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлайди;

ўқув жараёнининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, ахборот ва ҳисоботларнинг сақланиши учун жавоб беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ва ваколатларни амалга оширади.


23. Ўқув курсларининг ходимларини ишга қабул қилиш тартиби, шартлари ва муддатлари, шунингдек профессор-ўқитувчилар таркиби ва амалиётчи мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш қонун ҳужжатларида белгиланади.


24. Ўқув курслари ходимларига олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.


25. Ўқув курслари ходимларининг, шунингдек амалиётчи мутахассисларининг ва профессор-ўқитувчилар таркибининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари лавозим йўриқномаларида белгиланади.



VI. ЎҚУВ КУРСЛАРИДА ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


26. Ўқув жараёнини ташкил этиш учун Ўқув курслари:

тасдиқланадиган ўқув режалари, ўқув дастурлари ва режа-жадваллар асосида малака оширишни ташкил этади;

малака ошириш курсларида ўқитишга етакчи олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, шунингдек амалиётчи мутахассисларининг жалб этилишини таъминлайди;

Ўқув курсларининг моддий-техника базасини ривожлантиради;

ўқув ва ўқув-методик ишланмаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нашр қилади ва тарқатади.


27. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малака ошириш курсларидан заруриятга кўра, бироқ ҳар уч йилда камида бир марта ўтадилар.


28. Ўқув курсларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қуйидаги ходимларининг малакасини ошириш бўйича гуруҳлар ташкил этилади:

а) фуқаролар йиғинлари раислари гуруҳи;

в) фуқаролар йиғинларининг масъул котиблари гуруҳи;

г) "Маҳалла посбони" жамоат тузилмалари аъзолари гуруҳи.

29. Гуруҳлар 20 - 25 кишидан иборат бўлади.


30. Ўқув курсларида ўқув йили сентябрь ойидан бошланади ва кейинги календарь йилнинг июль ойигача давом этади.


31. Малака ошириш муддати бир ҳафтадан иборат бўлади.

Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг энг кўп ҳажми 36 академик соат этиб белгиланади.

Ўқув курсларида машғулотлар, якшанба ва байрам кунларидан (ишланмайдиган кунлардан) ташқари (дам олиш кунларини белгилаган ҳолда) ҳар куни соат 9:00 дан соат 16:00 гача, шанба куни соат 13:30 гача ўтказилади.


32. Ўқув курсларида тингловчилар малакасини ошириш ишга бормаган ҳолда ўтказилади.


33. Тингловчилар малакасини ошириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

лекциялар, семинарлар, амалий машғулотлар;

илмий, илмий-амалий семинарларда, конференцияларда, давра суҳбатларида ва бошқа тадбирларда қатнашиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш намунали органларида амалиётни ўташ (тажриба орттириш);

масофадан ва кўчма машғулотлар ўтказиш.

Ўқув жараёни ўқитишнинг замонавий шакллари ва методларидан, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.



VII. ТИНГЛОВЧИЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


34. Тингловчилар малакасини ошириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилган режа-жадвал асосида амалга оширилади.


35. Туман (шаҳар) ҳокимликлари ўқув машғулотлари бошланишидан бир ой олдин Ўқув курсларига малака ошириш учун юбориладиган тингловчилар рўйхатларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этадилар.


36. Малака ошириш учун келган тингловчиларни Ўқув курсларига қабул қилиш, тасдиқланган режа-жадвал асосида, Ўқув курслари директорининг буйруғи билан амалга оширилади.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари (белгиланган даврийликни ҳисобга олган ҳолда) тегишли минтақа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малака оширишдан ўз вақтида ўтишлари учун масъулдирлар.


37. Ўқиш даврида тингловчиларнинг асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланади.

Бошқа жойлардан келган тингловчиларга уларни юборган томон ҳисобига суткалик пул тўланади ҳамда республика доирасидаги хизмат сафарларида белгиланган тартибда ва миқдорда ўқиш жойига бир марта бориш-келиш йўл ҳақи пули тўланади.


38. Тингловчилар ўқув машғулотлари бошланишидан олдин Ўқув курсларининг ички тартиб-қоидалари билан таништирилади.


39. Узрли сабаб билан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлмаган тингловчилар ўз аризасига кўра тингловчилар таркибидан чиқарилади.


40. Тингловчилар таркибидан чиқариш тўғрисидаги буйруқ Ўқув курсларининг ташкилий масалалар бўйича мутахассиси томонидан тузилган ва директори тасдиқлаган далолатнома асосида расмийлаштирилади. Бу ҳақда тингловчини юборган тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига хабар қилинади.



VIII. ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


41. Ўқув курслари тингловчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқув режалари ва ўқув дастурларида назарда тутилган билимлар олиш;

Ўқув курслари директорига ўқув жараёнини янада яхшилаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

маънавий-маърифий ва маданий тадбирларда қатнашиш;

малака ошириш билан боғлиқ бўлган қўшимча маълумотлар ва маслаҳатлар олиш;

Ўқув курсларининг аудиториялари, ахборот-ресурс маркази, ўқув хоналари, шунингдек асбоб-ускуналаридан фойдаланиш;

Ўқув курслари ходимлари қарори юзасидан шикоят қилиш.

Тингловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


42. Ўқув курслари тингловчилари қуйидагиларга мажбур:

таълим дастурлари талабларини бажариш;

ўқув машғулотларига ўз вақтида қатнашиш;

ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган якуний синов имтиҳонларини топшириш (суҳбатдан ўтиш);

ўз назарий билимларини, касбий кўникмалари ва маҳоратлари даражасини ошириш;

ўқув жараёни топшириқларини ўз вақтида бажариш;

Ўқув курслари мулкини эҳтиётлаш, ички тартиб-қоидаларга риоя этиш.

Тингловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



IX. ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ БИЛИМЛАРИНИ БАҲОЛАШ


43. Тингловчиларнинг билимлари якуний синов имтиҳони (суҳбатдан ўтиш) асосида баҳоланади.


44. Синов имтиҳонини (суҳбатдан ўтишни) ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўқув курслари директорининг буйруғи билан синов имтиҳони комиссияси тузилади. Комиссия, қоидага кўра, раис ва камида икки нафар аъзодан иборат бўлади.

Синов имтиҳони комиссияси таркибига, келишув асосида, нодавлат нотижорат ташкилотлари, олий таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва манфаатдор идоралар вакиллари киритилиши мумкин.


45. Тингловчилар билан синов имтиҳони (суҳбат) улар касбий фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ўтказилади. Синов имтиҳони (суҳбат)дан ўтиш натижалари ведомостда "синовдан ўтди" ёки "синовдан ўтмади" деб баҳоланади ҳамда комиссия раиси ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.


46. Ўқув курслари дастурларида назарда тутилган барча талабларни бажарган ва синов имтиҳонини муваффақиятли топширган (суҳбатдан ўтган) тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.


47. Синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчига сертификат берилмайди. Бу ҳолда тингловчиларга малака оширишда қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.


48. Синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчилар тўғрисида Ўқув курслари томонидан уларни юборган тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига хабар қилинади. Агар тингловчилар синов имтиҳони (суҳбатдан ўтиш) натижаларидан норози бўлса, улар синов имтиҳони (суҳбатдан ўтиш) натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб бир кун мобайнида Ўқув курслари директори номига ёзилган ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Бу ҳолда Ўқув курслари директорининг буйруғи билан профессор-ўқитувчилар таркиби ва Ўқув курсининг амалиётчи мутахассисларининг камида уч нафар вакилидан иборат таркибда апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси тингловчиларнинг аризасини кўриб чиқиб, янгидан ташкил этилган синов имтиҳони (суҳбатдан ўтиш) натижалари бўйича шу куннинг ўзида хулоса беради.


49. Синов имтиҳонида (суҳбатдан ўтишда) узрли сабаб билан қатнашмаган тингловчилар синов имтиҳонида (суҳбатдан ўтишда) кейинги гуруҳ тингловчилари билан бирга қатнашиши мумкин.


50. Малака ошириш курсини узрли сабабга кўра охиригача тамомламаган тингловчилар курсларни кейинги гуруҳ билан бирга тамомлаши мумкин.



X. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


51. Малака ошириш сифатини назорат қилишда ички ва ташқи назорат тамойилларига асосланилади.

Ички назорат - Ўқув курслари директори томонидан, ташқи назорат - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.


52. Малака ошириш бўйича Ўқув курслари фаолиятини баҳолаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 23 декабрь, 51-сон, 663-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 12-сон, 93-модда





























Время: 0.0260
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск