Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси фаолияти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 12-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

12-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг диний маърифат

ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари

бўйича маслаҳатчиси фаолияти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси (кейинги ўринларда маслаҳатчи деб аталади) фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Маслаҳатчи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширади.


3. Маслаҳатчига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иш ҳақи тайинланади.



II. МАСЛАҲАТЧИ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳолида, биринчи навбатда, ёшларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий, диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаш ва ривожлантириш, маънавий муҳит барқарорлигини ҳамда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишларини тизимли тарзда амалга ошириш маслаҳатчи фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


5. Қуйидагилар маслаҳатчининг асосий вазифалари ҳисобланади:

жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда фуқаролар фаоллигини оширишга кўмаклашиш;

жамиятда хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳушёрлиги ва огоҳлигини ошириш, тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашда фуқаролар йиғинининг давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ижтимоий шериклик муносабатларини кенгайтиришга кўмаклашиш;

аҳолида, энг аввало, ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролар йиғини ҳудудида ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий тарғибот ишларини тизимли амалга оширишга кўмаклашиш;

миллий маънавиятимизга зид бўлган турли салбий таъсирларнинг олдини олиш юзасидан тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш;

мамлакатимизда қарор топган тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини аҳоли онгига сингдиришда фуқаролар йиғини кенгашига кўмаклашиш;

фуқаролар йиғини ҳудудида барқарор диний ва маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлашга, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фуқароларнинг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни кўриб чиқиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

аҳолининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбияга оид таклифларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) муҳокамасига киритиш;

носоғлом диний ғоялар таъсирига тушиб қолган оилалар ва фуқаролар йиғини аъзолари билан, шунингдек жиноят содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган ёки ўтаб қайтган шахсларнинг оилалари билан алоҳида иш олиб бориш, уларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш;

гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка ружу қўйганларни, оила-турмуш доирасида мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этувчиларни, ўзларининг жамиятга зид хатти-ҳаракатлари билан фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ёки улар тарбияси билан шуғулланмаётган ота-оналарни, нотинч оилаларни, вояга етмаганларни турли ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундовчи шахсларни, ёшлар онгини заҳарлаб, уларни турли диний экстремистик ғоялар таъсирига тушишларини таъминлаш мақсадида мазкур йўналишдаги ташкилотларга аъзо бўлишга даъват этувчи шахсларни, турли ноқонуний тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борувчи шахсларни, ёшларга қонунга хилоф равишда диний таълим берувчиларни, конституциявий тузумга қарши турли ахборотларни тарқатувчи шахсларни аниқлаш ҳамда улар билан профилактик-тарбиявий ишлар олиб боришда ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизлар, шунингдек махсус ўқув-тарбия муассасасидан қайтган қизларни турар жой ва иш билан таъминлаш бўйича фуқаролар йиғини кенгаши орқали маҳаллий ҳокимликка таклифлар киритиш;

ижтимоий кўникма марказлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия билан ҳамкорлик ўрнатиш;

гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка ружу қўйган хотин-қизларнинг тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан (шу жумладан, наркологик диспансерда текин ва аноним тарзда кўрикдан) ўтишларини ташкиллаштириш, зарур ҳолларда уларни мажбурий даволаш чора-тадбирлари амалга оширилишида кўмаклашиш;

маҳаллада, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарор бўлишига эришиш мақсадида хотин-қизлар ўртасида турли жиноятлар, ўз жонига қасд қилиш, фоҳишабозлик, қонун ҳужжатлари талабларига зид тарзда вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларининг сабабларини чуқур ўрганиш, натижалари бўйича фуқаролар йиғини кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тезкор йиғилишларда муҳокама этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда бундай салбий иллатларнинг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

оилаларда маънавий ва жисмоний жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш, уни диний экстремизм ва ақидапарастлик мафкурасининг таъсиридан, гиёҳвандлик ва бошқа салбий ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган соғлом маънавий-ахлоқий муҳитнинг барқарорлигини таъминлашга доир тизимли ишларни ташкил этиш;

маҳалла аҳолиси ўртасида оила ва никоҳ муносабатларининг қонунийлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

миллий, диний урф-одатлар ва маросимларнинг ихчам ва замонавий, кенг аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилишида фуқаролар йиғини кенгашига кўмаклашиш;

маҳалла хотин-қизлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, кийиниш маданиятини юксалтириш борасида самарали тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фуқаролар йиғини кенгаши ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда аҳолининг, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар ижтимоий бандлигини таъминлаш борасида амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш;

тарбияга оид масалалар юзасидан таълим муассасалари билан ҳамкорликни таъминлашда "Оила - маҳалла - таълим муассасаси" ҳамкорлик механизмини кучайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар мажмуаси амалга оширилишига кўмаклашиш;

ота-оналарнинг ёш авлодни тарбиялаш бўйича ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини ошириш мақсадида фуқаролар йиғини ҳузурида ташкил этилган "Ота-оналар университетлари" фаолиятига кўмаклашиш;

белгиланган тартибда фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ишида фаол иштирок этиш.

Маслаҳатчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Маслаҳатчи мазкур Низомда белгиланган вазифаларни бажаришда белгиланган тартибда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва йиғин ҳузуридаги "Ота-оналар университетлари" билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.


7. Маслаҳатчи ушбу Низомда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда оммавий ахборот воситаларидан фаол фойдаланиши мумкин.



III. МАСЛАҲАТЧИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Маслаҳатчи лавозимига ҳаётий тажрибага эга бўлган, аҳолига, биринчи навбатда, ёшлар онгига соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий-диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалаларида зарур билимларга эга бўлган ҳамда тарбиявий таъсир ўтказа оладиган обрўли ва фаол аёллар орасидан тайинланади.

Маслаҳатчи лавозимига номзодларни танлашда уларнинг билими, маълумоти, дунёқараши ва талабчанлигига, фуқаролар йиғини ҳудуди ва аҳолисини мукаммал билишига, ташаббускорлиги ва ташкилотчилигига, фуқаролар йиғини аъзоларига ҳар томонлама ўрнак бўла олишига, ахлоқ-одобига алоҳида эътибор қаратилади.

Маслаҳатчини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш фуқаролар йиғини кенгаши томонидан амалга оширилади.

Маслаҳатчи лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита тайинлангунгача камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида, таълим муассасаларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.


9. Қуйидагилар маслаҳатчи лавозимига тайинланмайди:

ўз турмуш тарзи билан фуқаролар йиғини аъзолари ўртасида салбий тавсифланган аёллар;

ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган аёллар;

руҳий касаллиги, гиёҳвандликка, сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турган аёллар;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган аёллар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган аёллар;

ҳақиқий ҳарбий хизматдаги аёллар;

диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари.


10. Маслаҳатчи лавозимига номзоднинг ушбу Низомнинг 8 ва 9-бандларида белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганишда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман (шаҳар) бўлими ва туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорлик қилади.


11. Маслаҳатчини лавозимидан озод қилиш:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

умумқабул қилинган ахлоқ, одоб нормаларини қўпол равишда бузганда;

маслаҳатчи мақомини бадном қилувчи ва фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этганда;

ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда фуқаролар йиғини кенгаши томонидан қарор қабул қилинганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этганда;

ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги натижасида ҳудуднинг ижтимоий-маънавий муҳити барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар сони ошиб кетганда фуқаролар йиғини аъзоларининг фикрини ҳамда фуқаролар йиғини раиси тавсиясини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.


12. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини кенгашининг қарорига асосан лавозимга тайинланган маслаҳатчи билан меҳнат шартномаси тузади.


13. Давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар маслаҳатчининг мазкур Низомда белгиланган фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратишда, шунингдек қонун ҳужжатларида берилган ваколатларни амалга оширишида кўмаклашади.


14. Маслаҳатчи фаолиятини фуқаролар йиғини раиси мувофиқлаштиради.

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман (шаҳар) бўлинмаси, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маслаҳатчи фаолиятини самарали ташкил этишга услубий ва амалий кўмаклашади.


15. Маслаҳатчи ушбу Низомда белгиланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги иш услубларидан фойдаланиши мумкин:

диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия ишларини олиб боришда жамоавий ва якка тартибдаги суҳбатлар, учрашувлар, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш;

босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан чиқишларни амалга ошириш;

хотин-қизлар дунёқараши, уларнинг билимлари даражасини оширишга хизмат қилувчи тадбирларни (бадиий кечалар, интеллектуал танловлар ва ҳ.к.) ўтказишда ваколатли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

фуқаролар йиғини ҳудудидаги мавжуд оилаларнинг маълумотлар банкини яратиш, уларга асосланган ҳолда аҳоли ўртасида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия ишларини олиб бориш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш;

фуқаролар йиғини ҳудудида носоғлом муҳит юзага келган оилалар аниқланганда, уларга ёрдам бериш учун зарур чора-тадбирлар белгилаш ва уларни амалга оширишни ташкил этиш, бу борада мутахассислар ёрдамидан фойдаланиш, зарур ҳолатларда бундай оилалар муаммоларини ҳал этишда ваколатли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

муаммоли, нотинч оилалар билан якка тартибда иш олиб бориш, индивидуал суҳбатлар ўтказиш, бу борада бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларининг маслаҳатчилари билан ўзаро тажриба алмашиш;

фуқаролар йиғини ҳудудидаги намунали оилалар ва обрў-эътиборга эга бўлган шахслар салоҳиятидан диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий аҳамиятга эга бўлган тадбирларни амалга оширишда самарали фойдаланиш, уларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш;

фуқаролар йиғини ҳудудидаги фаол аёлларни аниқлаш, улар билан алоҳида иш олиб боришнинг самарали шаклларидан фойдаланган ҳолда уларни фуқаролар йиғини фаолиятига жалб этиш;

ваколатли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари талаблари асосида чоп этилган диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбияга оид буклетлар, қўлланмалар ва рисолаларни фуқаролар йиғини кенгаши билан келишилган ҳолда аҳоли ўртасида оммалаштириш;

ўз вазифаларини бажаришда бошқа иш услубларидан фойдаланиш.



IV. МАСЛАҲАТЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


16. Маслаҳатчи ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зиммасига юкланган вазифаларнинг амалга оширилишини тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари талабларига фуқаролар йиғини аъзолари томонидан риоя қилинмаган ҳолларда фуқаролар йиғини ва унинг фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда тегишли тарбиявий таъсир чораларини кўриш, тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича фуқаролар йиғини раисига таклифлар киритиш, ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилишида ҳамкорлик қилиш;

фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасидаги турли низоларни ҳал қилишда, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни муҳокама қилишда, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этишга мойил шахслар билан маънавий-ахлоқий тарбия мавзуидаги суҳбатларни ўтказиш чоғида бевосита иштирок этиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш;

ҳудудда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, ибратли миллий-диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаш ва ривожлантиришга доир таклифлар киритиш;

ўз вазифаларининг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларига, "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг туман (шаҳар) бўлинмасига ҳамда туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилиш;

фуқаролар йиғини кенгашига йиғин органлари фаолиятини самарали ташкил этишга доир таклифлар киритиш;

фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар мажлисларида маслаҳат овози билан қатнашиш;

"Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари ижросини таъминлаш юзасидан ўз ваколатлари доирасида таклифлар билдириш;

ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш.


17. Маслаҳатчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

фуқаролар йиғини ҳудудида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий, диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, маънавий муҳит барқарорлигини ҳамда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишларини тизимли равишда амалга ошириш;

маслаҳатчи фаолиятига доир тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда юритиш;

ўз фаолияти давомида фуқаролар билан муносабатда оғир, вазмин ва хушмуомала бўлиш, низоли масалаларни ҳал этишда адолатли ва холис бўлиш;

ўз билимларини, айниқса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари ҳамда қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, уларнинг ижросини таъминлаш каби соҳалардаги ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билимларини мунтазам равишда кенгайтириб бориш ҳамда ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун иш тажрибасини ошириш;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши ҳамда аъзо бўлган асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва фуқаролар йиғини кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш орқали маҳалланинг нуфузи, ўз обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

йилнинг ҳар чораги якунида ушбу Низомда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан фуқаролар йиғинига (вакиллар йиғилишига) ҳисобот бериш;

қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.


18. Маслаҳатчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.


19. Маслаҳатчининг ўзига юкланган вазифаларни бажаришида маълум бўлган оилавий ёки шахсий сирларни ўзгаларга ошкор қилиши қатъиян тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.



V. МАСЛАҲАТЧИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

МУВОФИҚЛАШТИРИШ


20. Фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда фуқаролар йиғинининг барча аъзолари ҳудудда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда, ибратли миллий-диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришда, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маслаҳатчига ёрдам беришлари зарур. Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар ўзига юкланган вазифаларни зарур даражада бажаришда ўрнак кўрсатган маслаҳатчини моддий ёки маънавий жиҳатдан рағбатлантиришлари мумкин.


21. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш, шунингдек белгиланган тартибда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси томонидан маслаҳатчининг фаолиятини йўналтириш ва услубий-амалий ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилади.


22. Маслаҳатчининг фаолиятини ўрганиш, таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, фаолиятини такомиллаштириш ва уни рағбатлантириш ҳақидаги масала Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги ҳудудий кенгашлари томонидан ҳар йили камида бир марта муҳокама этиб борилади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Маслаҳатчини ушбу Низомда кўрсатилмаган вазифаларни бажаришга жалб этиш тақиқланади.


24. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда









































Время: 0.0070
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск