ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари. Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.12.2005 й. ПҚ-229-сон "Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.12.2005 й.

N ПҚ-229



ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқимизга зарур соғлом ва муносиб турмуш шароити яратиш, ҳамма фойдалана оладиган ва сифатли соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармони ва мақсадли дастурлар доирасида фуқаролар соғлиғини сақлашни тубдан яхшилаш, хотин-қизлар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш учун ташкилий ва амалий шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ врачлик пунктларини шакллантириш, касалликлар тарқалишининг олдини олиш тадбирлари изчиллик билан амалга ошириб борилмоқда, бу ўз навбатида аҳоли турмуш тарзини сезиларли даражада соғломлаштириш имконини берди.

Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тизимида тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш ва моддий рағбатлантиришга йўналтирилган тадбирларга ғоят муҳим аҳамият берилмоқда. Кейинги йилларда шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг мансаб маошлари кўпайтирилди, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг прогрессив шакллари жорий этилди.

Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари меҳнатини баҳолаш ва ҳақ тўлашнинг амалдаги тизимини янада яхшилаш, улар олаётган иш ҳақи ва рағбатлантириш механизми бажарилаётган ишнинг мураккаблик даражасига ва кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига аниқ ва бевосита боғлиқ эканини таъминлаш талаб этилади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида ҳар бир тиббиёт ходимининг ўз профессионал савияси ва қобилиятларини доимий оширишга интилишига ундайдиган барқарор моддий манфаатдорликни яратиш зарур.

Қишлоқ шифокорининг кўп қиррали меҳнатига ҳақ тўлаш даражаси қўйилаётган талаблардан жиддий орқада қолмоқда, бу эса ёш истиқболли мутахассисларни мазкур иш соҳасига жалб этиш ва муқим ўрнашиб қолишига имкон бермайди. Кичик тиббиёт ходимлари ва ҳамшираларнинг айниқса ихтисослаштирилган стационар даволаш муассасаларидаги иш ҳақи миқдорлари уларга юкланган иш даражасига мос келмайди, натижада тиббиёт муассасалари ушбу ходимлар билан тўлиқ таъминланмаган.

Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш ва уларни моддий рағбатлантириш, уларнинг меҳнат ҳақи миқдорлари бажарилаётган ишнинг мураккаблик ва ўта масъулиятлик даражасига, кўрсатаётган тиббий ёрдам сифатига боғлиқлигини кучайтириш, шунингдек тиббиёт ходимларининг профессионал савияси ва малакасини узлуксиз ошириш учун рағбатлантириш омилларини яратиш мақсадида:


1. Қуйидагилар тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

- тиббиёт ходимлари меҳнатига даволаш муассасаларининг ихтисослашув соҳаси ва ходимларнинг малака тоифасини ҳисобга олган ҳолда, кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб табақалаштирилган тарзда ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш;

- тиббиёт ходимларининг қишлоқ жойларда муқим ўрнашиб қолишини назарда тутган ҳолда, шунингдек ихтисослаштирилган даволаш муассасаларида ишлайдиган кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

- шифокорларнинг шахсий ҳиссасига, ишларни оғир, ўта оғир ва соғлиқ учун хавфли меҳнат шароитларида бажаришига, шунингдек замонавий тиббиёт ускуналаридан фойдаланган ҳолда ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар ташхиси ҳамда уларни даволашнинг замонавий усулларини эгаллаганига қараб шифокорларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш;

- ўзининг профессионал бурчига содиқ бўлган ва малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган ходимлар меҳнатини холис баҳолаш ва рағбатлантириш борасида тиббиёт муассасалари раҳбарларининг ҳуқуқларини янада кенгайтириш ҳамда масъулиятини ошириш.


2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

- 2006 йил 1 январдан бошлаб лавозимлар ва малака тоифалари бўйича базавий тариф ставкалари, шунингдек уларга тузатиш коэффициентлар ўрнатилган ҳолда муассасалар гуруҳлари бўйича тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини амалда жорий этиш;

- неонатолог шифокорлар, нейро-, кардио- ва микрохирурглар, иши юқумли касалликларни қўзғатувчи жонли микроорганизм ва вируслар билан боғлиқ бўлган лабораториялар, сил касаллиги, анестезиология, реанимация, интенсив терапия, патологик анатомия, рентген ва радиология бўлимлари тиббиёт ходимларининг мансаб маошларига устама ҳақ миқдорларини маошнинг 25-35 фоизи доирасида ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки, 2006 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳар бир тиббиёт муассасасида (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг тиббиёт муассасалари бундан мустасно) Тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси негизида Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилади. Қуйидагилар ҳар бир тиббиёт муассасаси учун мазкур Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, болалар тиббиёт муассасалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ижтимоий касалликларга (сил, буйрак етишмовчилиги, онкология, руҳий, наркология, эндокрин, мохов (лепра), юқумли, жинсий йўл билан юқтириладиган, ОИТС) ихтисослашган тиббиёт муассасаларида - умумий харажатларнинг 10 фоизи;

республика ва вилоят даражасидаги бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида - умумий харажатларнинг 5 фоизи;

фаолият ихтисослиги бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан келадиган даромадлар;

ҳисобот чорагининг охирги иш кунида харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар, капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун кўзда тутилган маблағлар бундан мустасно;

тиббиёт ташкилотининг балансида бўлиб, ижарага берилган мол-мулклар учун олинган маблағларнинг бир қисми;

белгиланган тартибда бюджет ташкилотларининг ихтиёрида қолдириладиган маблағлар;

хайрия ишларидан тушган маблағлар.

4. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидагиларга:

вақтинча ишга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш ва мавжуд кредиторлик қарзларини узишга;

бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларига;

бюджет ташкилоти ходимларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирларига сарфланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг бюджет ташкилотларига кўрсатган хайрия ишларидан тушган барча маблағлар, агар хайр-эҳсон қилувчилар томонидан бошқа шартлар қўйилмаган бўлса, бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга сарфланади.

Жамғарма маблағларини тасарруф этиш учун ҳар бир тиббиёт муассасасида тегишли муассаса раҳбари бошчилигида ва касаба уюшмаси ташкилоти вакилларининг иштирокида махсус комиссиялар тузилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги Тиббиёт муассасасини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни, шунингдек тиббиёт муассасалари тўртта (I-IV) гуруҳининг ҳар бири учун Жамғарма харажатлари манбаларининг иккала йўналишлари ўртасидаги фоиз нисбатларини қўшма қарор билан тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тиббиёт ходимлари меҳнат ҳақини такомиллаштиришга оид чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобидан уларнинг иш ҳақи келгуси йилда барча ҳақ тўлаш манбалари ҳисобига (ҳар йилги индексациялар бу ҳисобга кирмайди) 1,3 баравар оширилиши тўғрисидаги баёноти маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2006 йилги Давлат бюджети доирасида давлат муассасалари тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш билан боғлиқ харажатлар ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

- ўз мажлисида давлат муассасалари тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини, шунингдек тиббиёт муассасаларининг барча гуруҳлари (I-IV) бўйича иш стажи учун устама ҳақ тўлашни назарда тутган ҳолда, тиббиёт ходимларининг айрим тоифаларига устама ва қўшимча ҳақ белгилашга оид амалдаги норматив ҳужжатлар қайта тасдиқланишини кўзда тутувчи, Давлат муассасалари тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

- тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва унинг натижаларини ҳар чоракда ўз мажлисларида муҳокама қилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 47-48-сон, 354-модда.


























Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск