язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Конституциялар/ Ўзбекистон Республикасининг 01.11.1990 й. 156-XII-сон "Ўзбекистон Республикасида ижроия ва бошқарув ҳокимиятининг тузилишини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

01.11.1990 й.

N 156-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ИЖРОИЯ ВА

БОШҚАРУВ ҲОКИМИЯТИНИНГ ТУЗИЛИШИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ (АСОСИЙ

ҚОНУНИ)ГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА*


Давлат бошқарувининг уйғун системасини яратиш, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини бир-биридан қатъий фарқлаб қўйиш, давлат органлари фаолиятида параллелчилик ва бир-бирининг ишини такрорлашга, бир органларнинг бошқа органлар вазифасини бажаришига барҳам бериш мақсадида ҳамда бозор муносабатларига ўтиш шароитида ижроия ҳокимиятини бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, давлат, хўжалик ва социал-маданий қурилишнинг ҳамма жабҳаларида интизом ва тартиб ўрнатиш айниқса муҳим эканлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Президентлик ҳокимияти билан Министрлар Советининг ижроия-бошқарув ҳокимияти қўшиб юборилсин. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига айлантирилсин. Ўзбекистон Республикаси Президенти айни бир вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг аппарати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги битта аппаратга бирлаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вице-Президенти лавозими таъсис этилсин. Вице-Президентни Ўзбекистон Республикаси Президенти тайинлаб, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Олий Совети тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Вице-Президенти Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилади ва шунинг ишини ташкил этади.


3. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Президиуми, Министрлар Советининг Раиси, Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари лавозими тугатилсин.


4. Вазирлар Маҳкамаси Раисининг давлат-хўжалик ва социал-маданий қурилишнинг асосий, белгиловчи йўналишлари бўйича биринчи ўринбосарлари, ўринбосарлари лавозимлари таъсис этилиб, улар зиммасига ўзлари раҳбарлик қилаётган тармоқлар бўйича фаолиятни уйғунлаштириш ва пировард натижаларни таъминлаш вазифаси юклатилсин, Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарларини, вазирларни ва қўмиталарнинг раисларини Президент тайинлайди, сўнгра улар республика Олий Совети томонидан тасдиқланади.


5. Республика Ҳукумати таркибига Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, вазирлар, давлат комитетларининг раислари, йирик концернларнинг ва бирлашмаларнинг раҳбарлари киради. Ҳукумат аъзоларини тайинлаш ва озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган тартибда амалга оширилади.

Ушбу Қонун қабул қилиниши муносабати билан амалдаги қонунларга зарур ўзгартишлар киритилсин.


II. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (Асосий Қонуни)га қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:


1. 89-модданинг сўнгги қисмидаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. 102-модданинг 8 ва 9-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Вице-Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарларининг тайинланишини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибини ҳамда унга киритиладиган ўзгартишларни тасдиқлайди; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси министрликлари ва давлат комитетларини тузиш ҳамда тугатиш ҳақидаги қарорларини тасдиқлайди; Ўзбекистон Республикаси Президентининг СССР Бош прокурори билан келишилган тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Прокурорини ва унинг ўринбосарларини тайинлайди;

9) Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитетининг раисини, Ўзбекистон Республикаси Олий судини, шунингдек областлар, Тошкент шаҳар судларининг судьяларини сайлайди. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ҳакамини, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат комитетининг раисини тайинлайди";

шу модданинг 21-банди чиқариб ташлансин;


3. 107-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий Советида қонун лойиҳаларини таклиф этиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг комитетлари ва комиссиялари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий назорат комитети, Қорақалпоғистон Республикаси номидан унинг давлат ҳокимиятининг олий органи, Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитети, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Прокурори, Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ҳаками, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат комитетининг раиси эга";


4. 109-модда қуйидаги мазмунда бўлган тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, областлар, Тошкент шаҳар судлари судьяларига малака класслари беради. Бу масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Президиуми қарорлар қабул қилади".

Ушбу модданинг амалдаги тўртинчи қисми бешинчи қисми деб ҳисоблансин.


5. 112-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мансабдор шахсларни тайинлаш, сайлаш ва тасдиқлаш, Ҳукумат томонидан тайёрланган республикани иқтисодий ва социал ривожлантириш планларини, энг муҳим республика программаларини, Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетини, шунингдек тасдиқланган план, бюджет ва комплекс программаларни ўзгартириш тўғрисида таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий Совети тегишли комитетларининг хулосалари мавжуд бўлганда тасдиқланади";


6. 113-моддадаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


7. 116-моддада:

биринчи қисмнинг 4-бандидаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

биринчи қисмнинг 5-бандидаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисмидаги "ёки Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига" деган сўзлар "ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


8. 12-1 ва 13-боблар 13-бобга бирлаштирилиб, у "Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати" деб аталсин.


9. 118-1-модда қуйидаги мазмунда бўлган иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасида олий ижроия ва бошқарув ҳокимиятини амалга оширади, айни бир вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси бўлади".


10. 118-4-модданинг 4, 6, 7, 8-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4) Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; Ўзбекистон Республикаси министрликларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат комитетларини тузади ва тугатади, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг тасдиғига киритади";

"6) Ўзбекистон Республикаси Вице-Президентини, Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарларини тайинлаб, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг тасдиғига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Советига Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитетининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ҳаками, Ўзбекистон Республикаси Прокурори, прокурор ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат комитетининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади;

мазкур мансабдор шахсларни вазифасидан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Советига тақдимномалар билан киради. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси бундан мустаснодир;

халқ депутатлари область Советлари, Тошкент шаҳар Совети ижроия комитети раиси лавозимига тайинлаш учун Советларнинг раислари билан келишган ҳолда номзодлар тавсия этади";

"7) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзоларини лавозимидан озод қилади ва тайинлайди, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг тасдиғига тақдим этади;

8) Ўзбекистон Республикаси қонунларини имзолайди; қонунга оид эътирозларини кўпи билан икки ҳафта ичида билдириб, такрорий муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекиcтон Республикаси Олий Советига қайтаришга ҳақлидир. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Совети овозларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги билан илгари ўзи қабул қилган қарорни тасдиқласа, Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни имзолайди; Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига мувофиқ келмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси министрликлари, давлат комитетлари ва идоралари, халқ депутатлари маҳаллий Советлари ижроия комитетлари ҳужжатларининг амал қилишини тўхтатади ва уларни бекор қилади".

Ушбу модданинг 9-банди чиқариб ташланиб, унинг ўрнига қуйидаги мазмунда бўлган янги 9-банд киритилсин:

"9) Гражданларнинг хавфсизлигини таъминлаш манфаатларини кўзлаб Ўзбекистон Республикасининг бутун территориясида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиб, қабул қилган қарорини зудлик билан Ўзбекистон Олий Советининг тасдиғига киритади".


11. 118-5, 118-6-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"118-5-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгаши фаолият кўрсатади. Президентлик Кенгашининг вазифалари Президентлик Кенгаши тўғрисидаги Низом билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгашининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. Ўзбекистон Республикаси Вице-Президенти лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгаши таркибига киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгашининг мажлисларида қатнашишга ҳақлидирлар.

118-6-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун территориясида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради".


12. 118-8-модда чиқариб ташлансин.


13. 118-9-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"118-9-модда. Агар Ўзбекистон Республикаси Президенти у ёки бу сабабларга кўра ўз вазифаларини бажаришни давом эттира олмаса, Ўзбекистон Республикаси янги Президенти сайлови уч ойлик муддат ичида ўтказилиши керак. Бу даврда Президентнинг вазифалари Вице-Президент зиммасига, бунинг имкони бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси зиммасига юкланади.


14. 119-модда чиқариб ташлансин.


15. 120-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"120-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вице-Президенти, Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси вазирлари, Ўзбекистон Республикаси давлат комитетларининг раислари, йирик концернларнинг ва бирлашмаларнинг раҳбарларидан иборат бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Министрлар Советининг Раиси лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати таркибига киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Вице-Президенти Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилади ва унинг ишини уюштиради.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ваколати ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тўғрисидаги Низом билан белгиланади".


16. 121 - 127-моддалар чиқариб ташлансин.


17. 131-моддадаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


18. 143-модда қуйидаги мазмунда бўлган учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Совет ва унинг ижроия комитети ишини уюштиришни таъминлаш учун ягона аппарат ташкил этилади. Аппаратнинг тузилиши ва штатлари Совет томонидан белгиланади".


19. 144-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"144-модда. Халқ депутатлари маҳаллий Советлари томонидан сайланадиган ижроия комитетлари маҳаллий Советларнинг ижроия ва бошқарув органлари бўлади. Улар тегишли территорияда қонунларни, Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, тегишли Советлар, шунингдек юқори турувчи Советлар ҳамда уларнинг ижроия ва бошқарув органларининг қарорларини рўёбга чиқарадилар.

Халқ депутатлари Совет ижроия комитетларининг раислари лавозимига кўра халқ депутатлари тегишли область, Тошкент шаҳар ва район Совети раисининг биринчи ўринбосарлари бўладилар.

Халқ депутатлари область Советлари, Тошкент шаҳар Совети ижроия комитетининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Совет раиси билан келишилган тавсиясига кўра тегишли Советнинг сессиясида тайинланади.

Халқ депутатлари шаҳар (район ва областга бўйсунувчи шаҳар) областга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари, посёлка, қишлоқ ва овул Советларининг тегишли халқ депутатлари Советлари томонидан сайланадиган раислари ушбу территорияда ҳам ижроия, ҳам бошқарув ҳокимиятини бир ўзлари амалга оширадилар.

Халқ депутатлари Совети ижроия комитетининг раиси лавозимига тайинлаш чоғида муқобил номзодлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Маҳаллий Советларнинг ижроия комитетлари ҳам ўзларини сайлаган Советга, ҳам юқори ижроия ва бошқарув органига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита ҳисоб берадилар";


20. 152-моддадаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


21. 153-моддадаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети" деган сўзлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


22. 154-моддадаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети" деган сўзлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


23. 159-моддадаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети" деган сўзлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


24. 160-моддадаги "Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


25. 21-боб қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"21-боб ПРОКУРАТУРА


175-модда. Ўзбекистон Республикаси территориясида барча министрликлар, давлат комитетлари ва идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг ижроия ва бошқарув органлари, колхозлар, кооператив ва бошқа жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар, шунингдек гражданлар томонидан қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилишини олий даражада назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Прокурори ҳамда унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.


176-модда. Ўзбекистон Республикаси Прокурори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг СССР Бош прокурори билан келишилган тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан тайинланадилар, улар Олий Совет олдида масъулдир ва унга ҳисоб берадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори республика Прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Олий Совети томонидан тайинланади.

Область, район ва шаҳар прокурорлари Ўзбекистон Республикаси прокурори томонидан тайинланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори, область, район ва шаҳар прокурорларининг ваколат муддати - беш йил.


177-модда. Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасининг органлари ўз ваколатларини амалга оширишда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, мансабдор шахслардан эркин бўлиб, фақат Ўзбекистон Республикаси Прокурорига бўйсунадилар".



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.

"Қорақалпоғистон Республикаси" номи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқ келтирилган.