Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маҳаллий ҳокимият органлари /

Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.01.2011 й. 13-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 17 январдаги

13-сон қарорига

1-ИЛОВА



Вояга етмаганлар ишлари бўйича

комиссиялар тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар (кейинги ўринларда комиссиялар деб аталади)ни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Комиссиялар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш органлари ҳисобланади.

Комиссиялар:

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш мақсадида тузилади.

2. Комиссиялар туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тузилади.

Туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар тегишли ҳудудлар ҳокимлари томонидан тузилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги комиссия Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилади.


3. Комиссиялар ўз фаолиятида юқори комиссияларга, шунингдек тегишли ҳудудлар ҳокимларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб берадилар.


4. Туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги комиссиялар юқори комиссияни ҳар ярим йиллик якунлари бўйича ўз фаолияти тўғрисида хабардор қилиб турадилар ва уларга ҳисобот берадилар, тегишли ҳудудлар ҳокимларини, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисини эса - ҳар йил якунлари бўйича хабардор қилиб турадилар ва уларга ҳисобот берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги комиссия йил якунлари бўйича ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини хабардор қилиб туради ва унга ҳисобот беради.


5. Комиссиялар раис (туман (шаҳар), вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки уларнинг ўринбосари), раис ўринбосари, масъул котиб ва комиссиянинг 6 - 12 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади. Комиссия аъзолари сони комиссиянинг иш ҳажмига қараб белгиланади.

Комиссиянинг масъул котиби жорий ишларни ва комиссия қарорларининг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади. Туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги комиссияларда масъул котиб лавозими, зарурият бўлганда эса вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозими жорий этилади.

Комиссия таркибига тегишли равишда халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ички ишлар органлари, шунингдек хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, мудофаага кўмаклашиш жамияти, меҳнат жамоалари, маданий-маърифий ва бошқа муассасаларнинг вакиллари кирадилар.

Комиссиялар таркибида: вояга етмаганлар ўртасида маданий-тарбиявий ишлар бўйича, таълим муассасалари ўқувчилари билан ишлаш бўйича, вояга етмаганларни ишга жойлаштириш ва уларнинг маиший турмуши шароитларини яхшилаш масалалари бўйича, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ва тарбиялаш колонияларидан озод қилинган вояга етмаганларни назорат қилиш бўйича секциялар ташкил этилиши мумкин.


6. Комиссияларнинг фаолияти кенг жамоатчилик иштирокида амалга оширилади. Комиссия ишига касаба уюшмалари, таълим муассасаларининг ота-оналар қўмиталари, васийлик кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари жалб этилади.

Комиссиялар ишлашга жалб қилинган шахслардан вояга етмаганлар билан ишловчи жамоатчи инспекторлар ва жамоатчи тарбиячилар ажратадилар.


7. Комиссиялар ўз ваколатларига киритилган масалалар бўйича давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қиладилар.

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар комиссия қарорларини бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида комиссияга ўн кун мобайнида хабар беришлари шарт.


8. Комиссияларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича вазифалар тегишли равишда туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юкланади.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

ҲУЗУРИДАГИ ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ИШЛАРИ БЎЙИЧА

КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига таклифлар киритиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ:

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширади;

туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги комиссиялар фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради, уларнинг фаолиятини таҳлил қилади, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ижобий иш тажрибасини умумлаштиради ҳамда оммалаштиради, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш, уларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари, ота-оналар қаровисиз қолган болаларни аниқлаш ва жойлаштириш билан боғлиқ масалаларни ўрганади ва умумлаштиради;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича келишиб олинган ёндашишларни ишлаб чиқади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича тадбирлар комплексини ишлаб чиқади, шунингдек ушбу тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

Комиссия ваколатига киритилган муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ мақсадли дастурлар лойиҳаларини ўрганади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликни, қаровсизликни, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни таҳлил қилади;

вояга етмаганлар ўртасидаги назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасалар фаолиятини ўрганади, уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг Комиссия ваколатига кирувчи масалалар бўйича таклифларини кўриб чиқади.



III. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР КЕНГАШИ, ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ

ШАҲАР ҲОКИМЛИКЛАРИ ҲУЗУРИДАГИ

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ИШЛАРИ БЎЙИЧА

КОМИССИЯЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


11. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар (кейинги ўринларда туманлар (шаҳарлар) комиссиялари деб аталади) фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш.


12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ:

Тошкент шаҳри, тегишли вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, ушбу ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, болаларни жойлаштириш ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг фаолиятини назорат қиладилар, йўналтирадилар ва мувофиқлаштирадилар;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ижобий иш тажрибаларини умумлаштирадилар ва оммалаштирадилар, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатадилар;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштирадилар;

туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг қарорларини текширадилар ва ноқонуний ёки асоссиз қарорларни бекор қиладилар.



IV. ТУМАНЛАР (ШАҲАРЛАР) ҲОКИМЛИКЛАРИ

ҲУЗУРИДАГИ ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ИШЛАРИ

БЎЙИЧА КОМИССИЯЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


13. Қуйидагилар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

вояга етмаганларни тарбиялаш, ўқитиш, таъминлаш шароитлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муассасаларида вояга етмаганлар билан муомала қилиш юзасидан назоратни ташкил этиш;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёхуд ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларни ишга жойлаштириш ва уларнинг маиший яшаш шароитини яхшилашда ёрдам кўрсатиш, давлат ёрдамига муҳтож бўлган бошқа вояга етмаганларни жойлаштириш шаклларини аниқлашда, шунингдек вояга етмаганларни ижтимоий реабилитация қилишга доир қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширишда кўмаклашиш.


14. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ:

халқ таълими, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, маданият, ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг болаларни тарбиялаш, уларни жойлаштириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштирадилар;

туманлар (шаҳарлар) ҳудудидаги вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг келтириб чиқарувчи сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, болаларни жойлаштириш, шунингдек уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

давлат ва жамоат ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тадбирларини амалга оширадилар;

вояга етмаганлар, педагогик жамоалар ва жамоатчилик ўртасида ҳуқуқий тарғиботни амалга оширадилар;

вояга етмаганларнинг, уларнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг, шунингдек вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ бошқа шахсларнинг шикоятлари ва аризаларини кўриб чиқадилар;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларни ишга жойлаштиришга ва уларнинг маиший яшаш шароитларини яхшилашга, давлат томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаганларни жойлаштириш шаклларини аниқлашга ёрдам берадилар;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ комиссиялар ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадилар;

вояга етмаганларга нисбатан таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини кўрадилар ва мазкур Низомда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни бажарадилар.



V. ТУМАН (ШАҲАР) КОМИССИЯЛАРИНИНГ

НАЗОРАТ ФУНКЦИЯЛАРИ


15. Комиссиялар ички ишлар органлари билан биргаликда тарбиявий таъсир қилиш ёки маъмурий жазолаш чоралари кўрилган, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган, жазога шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган вояга етмаганларнинг хулқ-атворини кузатиб боришни ташкил этадилар, шунингдек ушбу тоифадаги вояга етмаганларнинг ҳисобини олиб борадилар.

Комиссиялар, зарур бўлган ҳолларда, вояга етмаганларни ишга жойлаштириш ёки уларни таълим муассасаларига юбориш чора-тадбирларини кўрадилар.


16. Комиссиялар болаларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ҳамда етим ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун мўлжалланган таълим муассасаларида сақлаш ва тарбиялаш шароитлари, болаларнинг истиқомат жойларида маданий дам олишлари уюштирилиши, шунингдек зарур ҳолларда, умумий таълим мактабларида, бошқа таълим муассасаларида, маданий-маърифий муассасалар ва спорт ташкилотларида вояга етмаганлар билан тарбиявий ишлар олиб борилиши юзасидан назоратни амалга оширадилар.

Вояга етмаганларни умумтаълим мактабларидан ёки бошқа таълим муассасаларидан чиқариш фақат комиссиянинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

17. Комиссиялар корхоналар, муассасалар, ташкилотларда вояга етмаганларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинаётганлиги, улар билан олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг аҳволи, уларнинг умумий таълим, маданий ва касбий даражасини ошириш учун зарур моддий-маиший шароитлар яратиб берилганлиги юзасидан назоратни амалга оширадилар.

Комиссиялар, агар ишларни давом эттириш вояга етмаганларнинг соғлиғига хавф соладиган ёки улар учун бошқача зиён келтирадиган бўлса, улар билан тузилган меҳнат шартномасини тўхтатишни талаб қилишга ҳақлидир.

18. Комиссиялар мазкур туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тарбия колонияларида, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмаларида ва вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида тарбиявий ишлар, умумий таълим ва касб-ҳунар ўқувларининг олиб борилиши, уларни сақлаш ва меҳнатнинг тўғри ташкил этилиши юзасидан доимий назоратни амалга оширадилар, шунингдек ушбу муассасаларга кўрсатиб ўтилган ишларни амалга оширишда ёрдам кўрсатадилар.



VI. ТУМАН (ШАҲАР) КОМИССИЯЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


19. Туман (шаҳар) комиссиялари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларда вояга етмаганларни сақлаш, тарбиялаш ва ўқитиш шароитларини назорат қилиш;

етим ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун таълим муассасаларида, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тарбия колонияларида ҳамда ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида вояга етмаганларни сақлаш ва тарбиялаш шароитларини, шунингдек ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларидаги ишларнинг ҳолатини текшириш;

умумтаълим мактаблари ва бошқа таълим муассасаларида, маданий-маърифий муассасаларда, шунингдек вояга етмаганлар ишлаётган корхоналар, муассасалар, ташкилотларда вояга етмаганлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг аҳволини текшириш;

янги уй-жой мавзелари ва туманларни қуриш лойиҳалаштирилганда ўйин ва спорт майдончалари, болалар стадионлари ва болалар дам олиш зоналари қуриш учун ер майдонлари ажратилишини назорат қилиб бориш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан комиссия иши учун зарур бўлган маълумотларни олиш;

кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ахборот ва тушунтиришлар олиш учун ўз мажлисларига мансабдор шахсларни, мутахассисларни ва бошқа шахсларни таклиф этиш;

комиссия мажлисларида корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг тегишли органлари раҳбарларининг вояга етмаганларни сақлаш ва тарбиялаш шароитларига оид масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш;

вояга етмаганларни, ота-оналарни шахсан қабул қилиш, уларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш, уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдлари билан танишиш;

зарур тайёргарликка, ҳаётий тажрибага ёки болалар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган фуқароларни уларнинг розилиги билан ота-оналарга ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга ёрдам бериш учун ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни қайта тарбиялашга жалб этиш;

прокуратура органларига вояга етмаганлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳоллари, шунингдек комиссияларнинг тақдимномаларида кўрсатилган вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишларини бартараф этиш чораларини кўрмаган шахслар тўғрисида хабарлар юбориш;

вояга етмаганлар билан тарбиявий иш олиб бориш, уларни ўқишга юбориш ва ишга жойлаштириш масалалари юзасидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг тегишли органларига тақдимнома киритиш;

вояга етмаганларни афв этиш тўғрисида илтимос қилиш, уларни жавобгарликдан озод қилиш, уларга анча енгилроқ бўлган жазони қўллаш, уларни шартли равишда ҳукм этиш, судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги тавсияномалар билан жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига мурожаат қилиш; жазони ижро этувчи орган билан биргаликда вояга етмаганларни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисида жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига тавсиянома киритиш; ички ишлар органи билан биргаликда озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукмнинг ижросини кечиктиришни бекор қилиш ҳамда маҳкумни ҳукмда белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ учун юбориш тўғрисида жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш; тарбия колониясининг маъмуриятига озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташ вақтида сақлаб туриш шароитларини ўзгартириш ҳақида жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш тўғрисида розилик бериш;

вояга етмаганлар билан тарбиявий иш олиб боришнинг, улар касб-ҳунар таълимининг, уларни ишга жойлаштириш ва ўқишга юборишнинг аҳволи тўғрисидаги масалаларни туман (шаҳар) ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритиш;

давлат тегишли органлари ва бошқа ташкилотларга уларнинг комиссиялар қарорларини бажармаган мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар ўз функцияларини бажаришда ушбу бандда назарда тутилган ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.



VII. ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


20. Туман (шаҳар) комиссиялари таълим, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, ички ишлар органлари билан биргаликда ва жамоатчиликнинг фаол иштирокида етим ва ота-она қаровисиз қолган болаларни; вояга етмаганларни ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилаларни; таълим муассасаларида машғулотларга узрли сабабсиз мунтазам бормайдиган вояга етмаганларни, шунингдек давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган бошқа вояга етмаганларни аниқлайдилар ва ҳисобга қўядилар ҳамда уларни жойлаштириш чора-тадбирларини кўрадилар.


21. Туман (шаҳар) комиссияларининг вояга етмаганларни жойлаштириш шакли кўрсатилган қарорлари:

1) таълим органларига:

болаларни умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларига жойлаштириш учун;

жисмоний ёки ақлий ривожланишида етишмовчилиги бор болаларни ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларига ва бошқа тегишли ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш учун;

2) меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларига - ногирон болаларни жойлаштириш учун;

3) васийлик ва ҳомийлик органларига - етим ва ота-она қаровисиз қолган болаларни жойлаштириш учун;

4) соғлиқни сақлаш органларига - спиртли ичимликлар, гиёҳванд воситалар, психотроп ёки интеллектуал-ўзини идора қилиш фаолиятига таъсир этадиган бошқа моддаларни мунтазам истеъмол қиладиган вояга етмаганларни даволашни, ривожланишида ёки хулқ-атворида нуқсонлари бўлган вояга етмаганларга ихтисослаштирилган диагностика ва даволаш-тиклаш ёрдами кўрсатишни ташкил этиш учун;

5) ички ишлар органларига - вояга етмаганлар ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилалар билан якка тартибда профилактика ишлари олиб боришни ташкил этиш учун;

6) корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига (меҳнат органларидан бўш иш жойлари ва бўш лавозимлар борлиги тўғрисида маълумотлар олингандан кейин) - ишга қабул қилиш учун юборилади.



VIII. КОМИССИЯЛАР ТОМОНИДАН

КЎРИБ ЧИҚИЛАДИГАН ИШЛАР


22. Туман (шаҳар) комиссиялари зиммасига:

ўн тўрт ёшга тўлмасдан жамият учун хавфли хатти-ҳаракатлар содир этган, ўн уч ёшга тўлгандан кейин оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдирган вояга етмаганлар бундан мустасно;

ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган даврда улар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, жамият учун хавфли хатти-ҳаракатлар содир этган;

ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган даврда жиноят аломатлари бўлган хатти-ҳаракатлар содир этиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш рад қилинган ёки жиноий иш тўхтатилган;

ўн олти ёшгача бўлган даврда йўл ҳаракати қоидаларини бузган;

бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган;

ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими таълим муассасаларида (умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида) ўқишдан бош тортган;

жамият учун катта хавфли бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этганида терговчи ёки прокурорнинг қарори ёхуд суд ажрими асосида жавобгарликдан озод қилинган;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган вояга етмаганлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш юкланади.


IX. КОМИССИЯЛАР ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

ТАЪСИР КЎРСАТИШ ЧОРАЛАРИ ВА УЛАРНИ

ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ


23. Туман (шаҳар) комиссиялари ушбу Низомнинг 22-бандида назарда тутилган ҳолларда вояга етмаганларга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллашлари мумкин:

вояга етмаганга жабрланувчидан узр сўраш мажбуриятини юклаш тўғрисида туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш;

огоҳлантириб қўйиш;

ўн беш ёшга тўлган вояга етмаган зиммасига, агар у мустақил иш ҳақига эга бўлса ва зарар миқдори белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки уни бартараф этиш мажбуриятини юклаш ёки белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан ортиқ бўлмаган моддий зарарни ўз меҳнати билан қоплаш мажбуриятини юклаш тўғрисида туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш;

ўн олти ёшга тўлган ва мустақил иш ҳақига эга бўлган вояга етмаганга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган ҳолларда ва миқдорларда жарима солиш;

вояга етмаганни ўз ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд жамоат тарбиячилари назоратига, шунингдек уларнинг розилиги билан меҳнат жамоаси ёки нодавлат нотижорат ташкилот кузатувига топшириш;

вояга етмаганни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш.

Ҳар бир аниқ ҳолат бўйича қабул қилинган таъсир кўрсатиш чоралари тўғрисида комиссиялар вояга етмаганнинг яшаш, ўқиш ёки иш жойи бўйича ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмалари томонидан вояга етмаганлар ўртасида якка тартибда профилактика ўтказилишини таъминлаш учун ички ишлар тегишли ҳудудий органларини хабардор қилишга мажбур.


24. Туман (шаҳар) комиссиялари вояга етмаганларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан, вояга етмаган шахсни сақлаш, тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўз вазифаларини бажаришдан бош тортганлиги ёки ўз вазифаларини зарур даражада бажармаганлиги ёхуд вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатганлиги ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлганлиги учун, шу жумладан, вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишга жалб қилганлиги учун, шунингдек вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги учун қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллаши мумкин:

жамоат танбеҳи бериш;

огоҳлантириб қўйиш;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган миқдорларда жарима солиш;

фавқулодда ҳолларда, боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита хавф солинганда иш суд томонидан ҳал этилгунгача болани вақтинча ота-онасидан ёки бола уларнинг васийлигида бўлган бошқа шахслардан олиб қўйиш тўғрисида васийлик ва ҳомийлик органларига илтимоснома киритиш.

Комиссия ота-оналарнинг муомала лаёқатини чекланган деб топиш, уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш, болаларни ота-оналаридан уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этмасдан олиб қўйиш, шунингдек агар болаларнинг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлиб, шу болалари билан биргаликда яшашлари мумкин эмас деб топилса, уларни бошқа тураржой бермасдан кўчириб юбориш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

25. Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига юбориш комиссиянинг илтимосномаси асосида чиқарилган жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг ажрими бўйича амалга оширилиши мумкин.


26. Туман (шаҳар) комиссиялари ўз болаларини тарбиялашга нотўғри муносабатда бўлаётган ёки комиссия чиқарган қарорнинг бажарилишига тўсқинлик қилаётган ота-оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш ҳақида, шунингдек болаларнинг ҳуқуқбузарликлар қилишлари учун шароит яратиб бераётган ёхуд вояга етмаганларни жиноят ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар қилишга ундаётган ёки жалб этаётган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларига тақдимнома киритадилар.

27. Ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилаётганда туман (шаҳар) комиссияси ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини ва сабабларини, вояга етмаганнинг ёшини ва унинг ҳаёт шароитларини, унинг ҳуқуқбузарлик қилишда қай даражада иштирок этганлигини, шунингдек унинг турмушидаги, таълим муассасасидаги ва ишдаги хулқ-атворини албатта ҳисобга олиши лозим.

Комиссиянинг огоҳлантириш бериш тўғрисидаги қарори бир йил мобайнида амал қилади. Агар таъсир кўрсатиш чораси қўлланилган вояга етмаган шу муддат ичида янги ҳуқуқбузарлик содир этмаса, таъсир кўрсатиш чораси тугалланган ҳисобланади. Таъсир кўрсатиш чорасини қўллаган комиссия ўз қарорига биноан, агар ана шундай таъсир кўрсатиш чораси қўлланилган вояга етмаган намунали ахлоқи билан ўзини кўрсатса, жазони бир йил ўтмасдан ҳам бекор қилиши мумкин.

Комиссиянинг вояга етмаганни ўз ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд жамоат тарбиячилари назоратига ёки меҳнат жамоаси, нодавлат нотижорат ташкилот кузатувига топшириш тўғрисидаги қарорининг амал қилиш муддати, агар вояга етмаган ўзининг намунали ахлоқи ва ишга ҳамда ўқишга бўлган ҳалол муносабати билан ўзининг тузалганлигини исбот этса, мазкур шахслар ёки ташкилотлар илтимосномасига биноан исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.

Танлаб олинган тарбиявий таъсир кўрсатиш чораси вояга етмаганга таъсир қилмаган тақдирда комиссия бундай вояга етмаганга нисбатан ушбу Низомнинг 23-бандида кўрсатилган таъсир кўрсатиш чораларидан қаттиқроғини қўллашга ҳақлидир.


28. Туман (шаҳар) комиссиясининг жарима солиш тўғрисидаги қарори шу қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида ана шундай жарима солинган шахс томонидан тўланиши лозим, бундай қарор устидан шикоят ёки протест берилган тақдирда эса - мазкур шикоят ёки протест қондирилмаганлиги ҳақида маълумотнома олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай тўланади.

Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар мустақил иш ҳақига эга бўлмаса, жарима уларнинг ота-онасидан ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан ундириб олинади.

Комиссиянинг қарори билан солинган жарима тегишли банк муассасасига тўланади.

Жарима муддатида тўланмаган тақдирда комиссиянинг жарима солиш тўғрисидаги қарори жарима суммасини суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ жарима солинган шахснинг иш ҳақидан ёки бошқа маошидан, пенсияси ёки стипендиясидан мажбурий тартибда ушлаб қолиш учун юборилади.

Агар жарима солинган шахс ишламаётган бўлса ёки солинган жаримани бошқа сабабларга кўра унинг иш ҳақидан ёки бошқа маошидан, пенсияси ёки стипендиясидан ундириб олишнинг иложи бўлмаса, жарима комиссиянинг жарима солиш тўғрисидаги қарори асосида ундирувни ҳуқуқбузарнинг мол-мулкига, шунингдек унинг умумий мулкдаги улушига қаратиш йўли билан суд ижрочиси томонидан ундириб олинади.

29. Вояга етмаганлар ихтисослаштирилган мактабларда ўн беш ёшга етгунгача, ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларида эса - ўн саккиз ёшга етгунгача сақланадилар.

Фавқулодда ҳолларда бундай ўқувчиларни ихтисослаштирилган мактабларда сақлаш муддати улар ўн олти ёшга етгунгача узайтирилиши мумкин.

Вояга етмаганлар ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ахлоқан тузалгунларигача сақланадилар, лекин бу муддат уч йилдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси ўқувчига кўрсатиб ўтилган муассасаларда жорий ўқув йилида ўрта умумтаълим мактаби ёки касб-ҳунар коллежининг тегишли синфини тугаллагунгача уч йил муддат ўтгандан кейин ҳам қолишга рухсат бериши мумкин.

Ихтисослаштирилган мактабларнинг ўн беш ёшга тўлган, аммо ахлоқан тузалмаган ўқувчилари шу мактаблар жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси томонидан ихтисослаштирилган махсус касб-ҳунар коллежларига юборилиши мумкин.

Вояга етмаганларнинг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида бундан кейин бўлишларининг мақсадга мувофиқ-номувофиқлиги масаласи вақт-вақти билан, лекин йилига камида бир марта шу муассасалар жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссиялари томонидан, мазкур комиссияларнинг ўз ташаббуси билан, ана шу муассасалар маъмуриятларининг тақдимномаси ёки вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар илтимосномасига биноан кўриб чиқилади.

30. Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жисмоний нуқсонлари, ушбу муассасаларда сақлаш, тарбиялаш ва ўқитишга тўсқинлик қилувчи, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган касалликлар рўйхатига киритилган касалликлари бўлган вояга етмаганларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас.

31. Вояга етмаганнинг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасида бўлиши педагоглар кенгашининг шу муассаса раҳбари томонидан тасдиқланган қарори асосида мазкур муассаса жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссиясининг қарори билан тўхтатилади, бу ҳақда вояга етмаган шу муассасадан чиққунга қадар камида бир ой олдин унинг яшаб турган жойидаги комиссияга хабар берилади, комиссия вояга етмаганни ишга жойлаштириш ёки таълим муассасасига юбориш ҳамда унга зарур моддий-маиший шароитлар яратиш юзасидан чора-тадбирлар кўриши шарт.

32. Агар вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасидан, етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун мўлжалланган таълим муассасасидан чиқарилганидан кейин, уни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунда белгиланган тартибда ота-оналик ёки васийлик ҳуқуқларидан маҳрум этилганлиги туфайли улар ҳузурига юбориш мумкин бўлмаса, шунингдек унинг аввалги истиқомат жойига келиши бир қанча сабабларга кўра (ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар йўқлиги, турмуши ва меҳнат қилиши ҳамда бундан кейин тарбияланиши учун қулай шароитлар йўқлиги сабабли) мумкин бўлмаса, ушбу муассаса жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси вояга етмаганни мазкур шахснинг маиший яшаш шароитини яхшилаш, уни ўқиш ёки ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўради. Зарур ҳолларда туман (шаҳар) комиссияси вояга етмаган шахсга васий, ҳомий тайинлаш тўғрисидаги тақдимнома билан тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ушбу масалаларни ҳал қилишда мазкур бандда кўрсатилган муассасалар жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси вояга етмаган илгари яшаб келган жойдаги ёки унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар турган жойдаги комиссиянинг тегишли хулосасини олиши лозим.


33. Тарбия колониясидан озод бўлган вояга етмаган истиқомат қилаётган жойдаги комиссия у ўн саккиз ёшга етгунгача уни ишга ёки ўқишга жойлаштириш чораларини кўради ва унинг ахлоқини назорат қилиб боради.

Озод бўлган вояга етмаганнинг ўз ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар ҳузурига қайтишига уларнинг йўқлиги ёхуд ота-оналик ҳуқуқидан ёки васийлик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги муносабати билан имкон бўлмаса, озод бўлган вояга етмаганнинг илгари яшаб келган жойидаги комиссия тарбия колонияси маъмуриятининг тақдимномасига биноан уни ихтисосига мувофиқ келадиган ишга ёки ўқишга жойлаштириш, шунингдек унга тегишли уй-жой-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўради.

Тарбия колониясидан озод бўлган вояга етмаганни тарбиявий мулоҳазалар сабабли илгариги истиқомат жойига юбориш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган фавқулодда ҳолларда уни ишга жойлаштириш тарбия колонияси маъмуриятининг тақдимномасига биноан шу тарбия колонияси жойлашган жойдаги комиссия томонидан амалга оширилади.

Комиссия тарбия колониясидан озод бўлган вояга етмаганни у ёрдам сўраб мурожаат қилган кундан бошлаб ўн кун муддатдан кечиктирмай жойлаштириш масаласини ҳал қилиши шарт.



X. КОМИССИЯЛАР ТОМОНИДАН ИШЛАРНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


34. Комиссиялар:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда топширилган ишларни;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни;

ички ишлар органлари, таълим муассасалари тақдимномаси бўйича берилган ишларни;

касаба уюшмалари, таълим муассасалари ҳузуридаги ота-оналар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар тақдимномаси бўйича топширилган ишларни;

фуқароларнинг аризалари бўйича кўриладиган ишларни;

ўз ташаббуси билан кўриладиган ишларни кўриб чиқадилар.

Комиссиялар ишларни улар комиссияга тушган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда кўриб чиқадилар.

35. Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқбузарликлар қилганлиги тўғрисида туман (шаҳар) комиссияси кўриб чиқиши лозим бўлган материаллар комиссиянинг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан олдиндан ўрганиб чиқилади ва улар:

ишни комиссия мажлисида кўриб чиқиш;

ишга оид материалларни қўшимча равишда текшириш ёки тушган аризалар, тақдимномалар бўйича текшириб чиқиш;

унчалик зарарли бўлмаган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни, агар ҳуқуқбузарга нисбатан тарбиявий таъсир кўрсатишга муваффақ бўлинса, вояга етмаган яшаётган ёки ўқиётган жой бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёки нодавлат нотижорат ташкилотларга топшириш хусусида қарор қабул қилади.


36. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш комиссияда қўриб чиқилгунга қадар вояга етмаган ўз ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кузатувига топширилиши мумкин, етим ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун таълим муассасаларида ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчи вояга етмаган эса - шу муассасалар маъмуриятининг назоратига берилиши мумкин.

Ишини комиссия кўриб чиқиши керак бўлган вояга етмаган, унинг руҳий жиҳатдан соғлом эканлигига шубҳа туғилган тақдирда, мазкур шахс тиббиёт текширувидан ўтиш учун юборилади.


37. Комиссия ишларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш пайтида вояга етмаганнинг ёшини, машғулотини, яшаб турган ва тарбияланаётган шароитини, ҳуқуқбузарлик қилганлиги фактини ва унинг мазмунини тасдиқловчи маълумотларни, ҳуқуқбузарлик қилишга даъват этган катта ёшдаги кишилар ва бошқа қатнашчилар бўлган-бўлмаганлигини, вояга етмаганларга илгари таъсир кўрсатиш чораси қўлланилган-қўлланилмаганлигини аниқлаши зарур.

Комиссия вояга етмаганнинг ҳуқуқбузарликлар содир этишига олиб келган сабаб ва шароитларни текшириб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши шарт.


38. Комиссия зарур маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиб олиши, шунингдек комиссияда кўрилаётган масалалар юзасидан изоҳлар олиш учун мансабдор шахслар ва фуқароларни чақириши мумкин.

Мансабдор шахслар ва фуқаролар комиссия чақириғи бўйича узрсиз сабаблар билан келмаган тақдирда комиссия ишни кўриб чиқишни қолдириши, уларни ишлаётган ёки ўқиётган жойидаги маъмурият, нодавлат нотижорат ташкилотлар орқали келтиришни таъминлаш чораларини кўриши мумкин.

Иши кўрилаётган вояга етмаган, шунингдек унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар комиссия мажлисига узрсиз сабаблар билан келишдан бош тортган тақдирда улар ички ишлар органлари орқали комиссиянинг асосланган қарори бўйича олиб келиниши мумкин.


39. Иш кўришга тайёр деб топилгач, шу ишни тайёрлаш вазифаси топширилган комиссия раиси, раис ўринбосари ёки аъзоси иш кўриб чиқилишидан олдин вояга етмаганни, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни, зарур ҳолларда эса таълим муассасаларининг вакилларини ҳам барча материаллар билан таништириб чиқади, комиссия мажлисига кимларни чақириш кераклигини аниқлаб олади ҳамда иш кўриладиган вақт ва жойни белгилайди.

Комиссия мажлиси бўладиган кун прокурорга маълум қилинади.


40. Комиссиянинг мажлиси комиссия таркибининг ярмидан кўпи ҳозир бўлган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.

Комиссиянинг мажлисида иши кўрилаётган вояга етмаган, шунингдек унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, зарур ҳолларда эса таълим муассасаларининг вакиллари бўлиши шарт.

Ҳукм этилган вояга етмаганларни жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, уларга тайинланган жазони енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисидаги жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига илтимосномаларни ва маҳкумлар хусусидаги бошқа илтимосномаларни қўзғатиш масалаларини кўриб чиқишда комиссия мажлисида тарбия колонияси маъмуриятининг вакили ва маҳкумнинг ўзи ҳозир бўлиши шарт.

Агар ҳолатларни текшириб чиқиш ва муҳокама қилиш вояга етмаганга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, комиссия материалларни мажлисда вояга етмаганнинг иштирокисиз кўриб чиқишга ҳақлидир.


41. Комиссиялар вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги ўзларига тегишли ишларни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда кўриб чиқадилар.


42. Комиссия иш юзасидан тўпланган материалларни кўриб чиқади, вояга етмаганнинг, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг, жабрланганнинг ва гувоҳларнинг тушунтиришларини тинглайди ва ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама кўриб чиққач, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

ушбу Низомнинг 23 ва 24-бандларида назарда тутилган таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш;

ишни тўхтатиш;

ишни кўришни қолдириб, қўшимча текширув ўтказиш;

ишни тергов ёки суриштирув органларига топшириш.


43. Комиссия мажлисида протокол тузилади, унда мажлис бўлган сана ва жой, кўриб чиқилаётган ишнинг мазмуни, ишни кўришда қатнашаётган шахсларнинг мажлисга келган-келмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг берган изоҳларининг қисқача мазмуни, ишга оид бошқа маълумотлар, шунингдек қабул қилинган қарорни ўқиб эшиттириш ва унинг юзасидан шикоят бериш ва муддатларини тушунтириш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Протоколни раислик қилувчи ва комиссия котиби имзолайди.

Комиссия иши кўрилаётган шахсларнинг ишлайдиган ёки яшайдиган жойида сайёр мажлислар ўтказиши мумкин.


44. Комиссия қарорлари мажлисда қатнашган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Комиссия қарори ёзма шаклда, далиллар билан асосланган бўлиши лозим.

Таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорда:

комиссиянинг номи; ишни кўриб чиқиш санаси; иши кўриб чиқилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар; ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланган ҳолатлар; мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат, иш юзасидан қабул қилинган қарор кўрсатилади.

Қарор раислик қилувчи ва комиссиянинг масъул котиби томонидан имзоланади ва қабул қилингандан кейин эълон қилинади.

Комиссия қарорининг нусхаси уч кун мобайнида вояга етмаганга, унинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса - вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларга топширилади ёки почта орқали юборилади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида комиссия вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг ишлаб, ўқиб турган жойига ёки яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, шунингдек унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар яшаб турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хабар беради.


45. Жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига юбориш тўғрисидаги қарори бажарилишини таъминлаш учун вояга етмаган ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштирилиши мумкин, у бу ерда барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилгунгача, Халқ таълими вазирлиги ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан йўлланма олингунгача, кўпи билан ўттиз кун сақланади.

Фавқулодда ҳолларда вояга етмаганнинг ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида туриш муддати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўпи билан ўн беш кунга узайтирилиши мумкин.

Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари вояга етмаган учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини расмийлаштиришни тугаллайдилар ҳамда Халқ таълими вазирлиги ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан йўлланма олинганидан кейин вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия материаллари бўйича жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг чиқарилган ажрими асосида вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига келтирадилар.


46. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи шароитлар ва сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида комиссиялар ўз мажлисларида кўриб чиқилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ҳисобини юритадилар ва туман (шаҳар), вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси доирасида ушбу ҳисобга олиш маълумотларини ҳар чоракда умумлаштириб борадилар.


47. Комиссия қарори юзасидан вояга етмаган, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи, шунингдек жабрланувчи томонидан юқори комиссияга ёки судга шикоят берилиши мумкин.

Комиссия қарори юзасидан юқори комиссияга у чиқарилган кундан бошлаб ўн кун муддатда шикоят берилиши мумкин. Юқори комиссиянинг шикоят бўйича қарори ўн беш кундан кечикмай қабул қилиниши керак ва у узил-кесил ҳисобланади.

Комиссия қарори юзасидан судга шикоят бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Комиссиянинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарган қарори юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда шикоят берилиши мумкин.

Комиссиянинг қарори ва шикоят бўйича чиқарилган қарор юзасидан прокурор протест билдириши мумкин. Прокурорнинг протест билдириши шу протест кўриб чиқилгунга қадар комиссия қарорининг ва шикоят юзасидан чиқарилган қарорнинг ижросини тўхтатиб туради.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 3-сон, 23-модда.






































Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск