ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Хокимиятлардаги комиссиялар ва органлар /

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.11.2010 й. 251-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 11 ноябрдаги

251-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги

Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш,

ободонлаштириш ва сақлаш департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларини ободонлаштиришни яхшилаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2009 йил 22 январдаги ПҚ-1045-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаментини ташкил этиш тўғрисида" 2004 йил 24 декабрдаги 606-сон, "Бюджет ташкилотларини молиялаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон, "Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 1 апрелдаги 91-сон қарорлари асосида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаментининг (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Мустақиллик майдонидаги ободонлаштириш объектларини (йўллар, йўлкалар, яшил майдонлар, ирригация тармоқлари, яшил дов-дарахтларни сунъий суғориш тизими, архитектура иншоотлари ва ёдгорликларини) сақлаш ва улардан фойдаланиш Департамент фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарорларига, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Департамент мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, банкда ҳисоб рақамига эга бўлган юридик шахс ҳисобланади.


5. Департаментнинг номи:

лотин ёзувидаги давлат тилида - Toshkent shahar hokimligi huzuridagi Mustaqillik maydonini ko'kalamzorlashtirish, obodonlashtirish va saqlash departamenti. Қисқача номи - Departament;

рус тилида - Департамент по озеленению, благоустройству и содержанию площади Мустакиллик при хокимияте г. Ташкента. Краткое наименование - Департамент.


6. Департамент чекланмаган даврга ташкил этилган.



II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ МУАССИСИ

ВА УНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


7. Амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида қуйидаги ваколатларга эга бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги Департаментнинг муассиси ҳисобланади:

Департаментнинг мол-мулки билан боғлиқ бўлган шартномалар бўйича қонунга зид бўлган хатти-ҳаракатлар тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилиш;

Департаментнинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёки белгиланмаган мақсадда фойдаланилаётган мол-мулкини олиб қўйиш;

Департаментга етказилган зарар юзасидан ташкилотлар ва муассасаларга нисбатан даъво қўзғаш;

Департаментнинг йиллик ишлаб чиқариш режасини тасдиқлаш ва амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш;

Департаментга фойдаланиш учун берилган давлат мол-мулкини назорат қилиш ва бегоналаштиришдан сақлаш.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ МОЛ-МУЛКИ


8. Департаментнинг мол-мулки:

муассис томонидан Департаментга тезкор бошқариш ҳуқуқи билан бириктирилган мол-мулклар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган манбалар ҳисобига шакллантирилади.


9. Департаментнинг мол-мулки қиймати унинг балансида акс эттирилади.


10. Департаментнинг мол-мулки бўлинмас ҳисобланади ва Департамент ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.


11. Департамент ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли бўлган мол-мулк билан жавоб беради.


12. Департамент муассиснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



IV. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


13. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Мустақиллик майдонидаги ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ишларни архитектура-қурилиш ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ ўз вақтида ва сифатли бажаришни ташкил этиш, шу жумладан:

мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалаш (супуриш, суғориш, ювиш, чангларни, қорни, музларни йўқ қилиш, ирригация хўжалиги объектларини механик усулда тозалаш, қаттиқ қопламаларни ювиш);

кўкаламзорлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш, дарахтлар, буталар, гуллар ва кўкаламзорлаштирилган майдончаларни таъмирлаш ҳамда улар бўйича зарур агротехника ишларини амалга ошириш;

майдонни сақлаш, ундан фойдаланиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажаришни ташкил этиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича пудрат шартномалари тузиш ҳамда сунъий суғориш тизимлари, насос станциялари, қудуқлар тизимларининг, мармар плиталар ётқизилган қаттиқ қопламали йўллар ва йўлкаларнинг зарур даражада санитария ва техник ҳолатда бўлишини таъминлаш;

архитектура иншоотларидан фойдаланиш, уларни жорий ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек зарур даражада санитария ва техник ҳолатда сақлаш.



V. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Департаментни Тошкент шаҳар ҳокими қарорига мувофиқ лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ бошқаради.


15. Департамент бошлиғи:

яккабошчилик асосида Департамент фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг, бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини ҳамда уларнинг Департамент фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан жавобгарлик даражасини белгилайди;

қонун ҳужжатлари асосида, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига биноан ўз фаолияти доирасида Департамент ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, уларнинг бажарилишини таъминлайди ва зарур даражада назоратни амалга оширади;

штатлар жадвалини тасдиқлайди, зарурат бўлганда, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Департамент аппарати тузилмасига, шунингдек кейинчалик молия органида рўйхатдан ўтказган ҳолда Департамент аппарати харажатлари сметасига ўзгартиришлар киритади;

Департамент аппарати ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, ходимларни аппаратга ишга қабул қилади ҳамда улар билан меҳнат шартномаси тузади, меҳнат шартномаларига ўзгартиришлар киритади ва шартномаларни бекор қилади;

ишончномасиз Департамент номидан иш кўради ва унинг манфаатларини ҳимоя қилади, ўз ваколатлари доирасида шартномалар тузади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

зиммасига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;

Департамент ходимларининг штатдаги сонини ва уларнинг иш ҳақи миқдорларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлайди;

ушбу Низомда назарда тутилган тартибда Департамент фаолияти тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳисобот беради;

Тошкент шаҳар ҳокимлигига ободонлаштириш объектлари (йўллар, йўлкалар, яшил майдонлар, ирригация тармоқлари, яшил дов-дарахтларни сунъий суғориш тизими, архитектура иншоотлари ва ёдгорликлари)ни сақлаш ва улардан фойдаланишни яхшилаш бўйича лойиҳалар тақдим этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. Департамент бошлиғи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда ташкилот манфаатларини кўзлаб иш кўради ҳамда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг ўз вақтида тўланишини, ҳуқуқий меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган барча талабларнинг қондирилишини таъминлаш, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган эҳтиёжларга пул маблағлари ўтказилиши, ўзининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан Департаментга етказилган зарарлар, шу жумладан, Департаментга берилган мол-мулкнинг йўқолиши ҳолатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



VI. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


17. Департамент ўз фаолиятини Мустақиллик майдонини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун ажратиладиган тасдиқланган бюджет маблағлари доирасида амалга оширади.



VII. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


18. Департамент ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молиявий ҳисоботни ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг белгиланган тартибда давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.


19. Пул маблағлари, моддий бойликлар, бухгалтерия ҳисоб-китоблари ва кредитларга тааллуқли барча ҳужжатлар бошлиқ ёки унинг ўринбосари ва бош бухгалтер томонидан имзоланади.


20. Департамент фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассис ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



VIII. ДЕПАРТАМЕНТНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ЁКИ ТУГАТИШ


21. Департамент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори ёки суд қарори билан қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 46-сон, 414-модда.











































Время: 0.0181
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск