ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Халқ депутатлари кенгашлари. Депутатлар /

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги Намунавий низом (ЎзР ОМ Сенати Кенгашининг 30.12.2010 й. 154-II-сонли Қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

ОМ Сенати Кенгашининг

2010 йил 30 декабрдаги

154-II-сонли Қарорига

2-ИЛОВА



Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар

Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, халқ депутатлари Кенгашининг регламенти асосида ишлаб чиқилган ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг (бундан буён матнда халқ депутатлари Кенгаши деб юритилади) доимий комиссияларини шакллантириш ва ишини ташкил қилиш тартибини, улар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда ваколатларини белгилайди.

"Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ халқ депутатлари Кенгаши сессияси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш, ўз ваколатлари доирасида назорат вазифаларини амалга ошириш учун халқ депутатлари Кенгаши ўз ваколатлари муддатига халқ депутатлари Кенгаши депутатлари (бундан буён матнда Кенгаш депутатлари деб юритилади) орасидан халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссияларини (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади) сайлайди.


2. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида, шунингдек халқ депутатлари Кенгашининг регламенти ва халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссиялари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) Кенгаш депутатлари орасидан раис ва аъзолардан иборат таркибда сайланади. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


4. Кенгаш депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин.

Доимий комиссия таркибига кирмаган Кенгаш депутати унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари доимий комиссиялар таркибига сайланиши мумкин эмас.


5. Доимий комиссиялар раислари ва аъзолигига номзодлар сессияга ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбари томонидан тақдим қилинади.

Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Доимий комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркибини ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркиби бўйича Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


6. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида очиқ овоз бериш йўли билан доимий комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан раис ўринбосарларини ва котибларини сайлайди.


7. Доимий комиссияларнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.


8. Доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгаши олдида масъул ва ҳисобдордир.


9. Кенгаш депутатининг доимий комиссиядаги ваколатлари унинг илтимосига кўра, шунингдек унинг ўз вазифаларини бажаришга имкон бермайдиган ҳолатлар муносабати билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Доимий комиссия раисининг таклифи бўйича доимий комиссия таркибидаги ўзгартишлар сессияда кўриб чиқилади.


10. Доимий комиссиялар сони ва таркиби сессияда белгиланади.

Халқ депутатлари Кенгаши таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича;

ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича;

ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;

регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.

Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссияларнинг таркибига ўзгартишлар киритилиши мумкин.



II БОБ. ДОИМИЙ КОМИССИЯЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


11. Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия:

маҳаллий бюджет лойиҳаси, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифлар, шунингдек маҳаллий бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маърузалар ва қўшимча маърузалар билан чиқади;

иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқишда иштирок этади, ўз ваколатлари доирасида таклифлар киритади;

тадбиркорлик соҳасида хусусий ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш инфратузилмасини шакллантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишга, янги иш ўринлари яратишга кўмаклашади;

бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларини ўрганади, улар бўйича тавсиялар тайёрлайди;

маҳаллий бюджет ижроси, бюджетдан ташқари ва мақсадли фондлардан мақсадли фойдаланиш тартиби устидан назоратни амалга оширади;

маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромад захиралари ва манбаларини аниқлаш бўйича иш олиб боради;

маҳаллий солиқлар ва маҳаллий бюджетга тушадиган бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларнинг миқдорларини белгилаш ва бериш масалаларини кўриб чиқади ва хулосалар беради;

ҳокимликнинг тузилиши, штатлари ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди тўғрисидаги ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбари тақдимномасини дастлабки тарзда кўриб чиқади;

халқ депутатлари Кенгашининг режалаштириш ва бюджет-молиявий фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни кўриб чиқишда қатнашади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.


12. Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия:

халқ депутатлари Кенгаши томонидан режалаштирилаётган дастурларни, шунингдек вилоят, туман, шаҳар ҳудудида (бундан буён матнда тегишли ҳудудца деб юритилади) қонунийликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ўз ваколатига тааллуқли бўлган халқ депутатлари Кенгашининг дастурлари ва ҳокимлик қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда қатнашади ва хулосалар беради;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар киритади ва уларнинг ижросини назорат қилади;

ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияси эса тегишли вилоят ҳудудида жойлашган халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;

оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади, тегишли ҳудудда жамоат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тегишли ҳудудда қонунийлик ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши масалаларига оид мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек тегишли давлат органларига сўровлар юборади ва комиссия қарорларининг бажарилишини назорат қилади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.


13. Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссия:

тегишли ҳудудни ижтимоий-маданий ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини, шунингдек уларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маъруза ва қўшимча маърузалар билан чиқади;

тегишли ҳудудни ижтимоий-маданий ривожлантириш дастурлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

анъанавий халқ ижодиёти марказлари, аҳолининг миллий-маданий анъаналари, бадиий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун шароитлар яратишга кўмаклашади;

тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, маҳаллий даволаш-профилактика муассасаларини, шу жумладан, табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

фармацевтика соҳаси самарали фаолият юритиши бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тегишли ҳудудда аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлик ҳолатини таҳлил қилади, аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

бюджет маблағлари ва корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг ҳайрия бадаллари ҳисобидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини белгилашда иштирок этади;

ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, кўп болали оилалар ҳамда кекса фуқароларнинг уй-жой ва моддий-маиший шароитларини яхшилаш бўйича қонун ҳужжатларида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек ишга жойлаштириш тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.


14. Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссия:

ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш соҳасидаги дастурларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва ишлаб чиқишда қатнашади;

таълим тизимининг ҳолатини таҳлил ва назорат қилади, таълим сифатини янада яхшилаш, мактаблар, лицейлар, коллежларда ва олий ўқув юртларида ўкув-тарбия жараёнини демократлаштиришни ривожлантириш бўйича тавсиялар киритади;

таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия жараёни қатнашчиларини соғломлаштириш ва моддий рағбатлантириш масалаларини ҳал қилишга кўмаклашади, таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий масалаларини ҳал қилиш учун пул маблағлари ажратилиши ташаббуси билан чиқади;

кадрлар тайёрлашни яхшилаш, тегишли ҳудуднинг интеллектуал салоҳиятини сақлаб қолиш мақсадида халқ депутатлари Кенгашининг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги масалаларини дастлабки тарзда ўрганади ва уни кучайтириш бўйича таклифлар киритади;

жисмоний тарбия ва спорт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, спортни ривожлантириш, шунингдек аҳоли турар жойларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш масалаларини ўрганади;

ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ишга жойлаштириш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича муаммоларни таҳлил қилади ва бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

маданият муассасалари тармоғини ривожлантиришга кўмаклашади, уларнинг ёшларни эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш бўйича таклифлар киритади;

ёшлар билан ишлашнинг шакл ва усулларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни халқ депутатлари Кенгаши томонидан тайёрлашда ва кўриб чиқишда таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар устидан васийлик ва ҳомийлик, ёшларни касбга йўналтириш бўйича ишларни назорат қилади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.


15. Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссия:

тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги ва аҳолига хизмат кўрсатишни ривожлантириш қисмини дастлабки тарзда кўриб чиқади ва тайёрлашда қатнашади;

тегишли ҳудуднинг бош режаси ва қурилиш қоидалари лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этади;

коммунал соҳа, транспорт ва алоқа ҳолатини ўрганади, аҳолига коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шаҳар транспортини ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

савдо, умумий овқатланишни ташкил қилиш, истеъмол бозорлари фаолияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

бозорлар ишини оптималлаштириш, саноат ва озиқ-овқат молларини реализация қилиш, тегишли ҳудудда ярмаркалар ташкил килиш бўйича таклифлар киритади;

ёқилғи-энергетика таъминоти, сув таъминоти, оқова сувларни четга чиқариб юбориш ва тозалаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш масалаларини кўриб чиқади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.


16. Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссия:

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича дастурларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва тайёрлашда қатнашади;

ердан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қайта ишлов бериш, табиий муҳитни яхшилаш бўйича ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий-хўжалик шароитлари масалаларини кўриб чиқади;

деҳқон ва фермер хўжаликлари, саноат корхоналари, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ўртасидаги ишлаб чиқариш алоқаларини ўрганади ва уларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритади;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликларини самарали ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш бўйича таклифлар киритади;

ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилашда, шунингдек сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда иштирок этади;

сув объектлари ҳолатини сақлаш ва яхшилаш, уларга зарарли таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек авариялар, тошқин, сел ва табиий офатлар натижасида вайрон бўлган объектларни тиклаш юзасидан таклифлар киритади;

зарур ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ экологик экспертиза ўтказиш бўйича таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.


17. Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия:

Кенгаш депутатининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шу жумладан, уни чақириб олиш тўғрисидаги, Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномаси бўйича розилик бериш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқишга тайёрлайди;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари, бошқа органларини ташкил қилиш ва тугатиш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;

халқ депутатлари Кенгашининг топшириғига мувофиқ Кенгаш депутати томонидан қонун ҳужжатлари, ахлоқ нормалари ва Депутатлик одоби қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқади ҳамда мазкур масала бўйича хулоса тақдим қилади;

халқ депутатлари Кенгашининг регламенти лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

Депутатлик одоби қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун сессияга киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

сайловчиларнинг депутатлар томонидан Депутатлик одоби қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларини кўриб чиқади;

Кенгаш депутатлари, бошқа шахслар томонидан халқ депутатлари Кенгашининг регламенти нормаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади ва уни бузиш ҳолатлари мавжуд бўлганда, уларни бартараф қилиш чораларини кўради;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.



III БОБ. ДОИМИЙ КОМИССИЯЛАР

ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини сессияда тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширадилар. Доимий комиссиянинг иш режаси халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси билан белгиланган тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Доимий комиссиянинг ташаббуси билан доимий комиссиянинг иш режасига тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Доимий комиссиянинг иш режасидаги ўзгартишлар навбатдаги сессияда тасдиқланади.


19. Доимий комиссиялар ўз ишларини масалаларни биргаликда, эркин муҳокама қилиш ва ҳал этиш, ошкоралик ҳамда доимий комиссиялар аъзоларининг кенг ташаббускорлиги асосида ташкил этадилар.


20. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини мажлис шаклида амалга оширадилар.

Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ойда камида бир марта ўтказилади.

Доимий комиссиянинг мажлислари раис, раис йўқлигида эса раис ўринбосарининг ташаббуси билан, шунингдек комиссия аъзолари кўпчилиги томонидан чақирилиши мумкин.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.


21. Доимий комиссиялар мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади.


22. Доимий комиссияларнинг мажлислари, башарти уларда доимий комиссия таркибининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Доимий комиссия аъзоси мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда доимий комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.


23. Доимий комиссиялар мажлислари кун тартиби лойиҳасига доимий комиссиялар иш режаларидаги масалалар, халқ депутатлари Кенгаши қарорларида белгиланган масалалар, шунингдек доимий комиссиялар аъзолари томонидан таклиф қилинган масалалар киритилади.

Кун тартиби лойиҳаси ва мажлисни олиб бориш тартиби доимий комиссия раиси томонидан эълон қилинади ва муҳокама қилингандан сўнг тасдиқланади.


24. Доимий комиссия мажлисларида баённомалар юритилади.

Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

доимий комиссиянинг номи, мажлиснинг тартиб рақами;

мажлис ўтказиладиган вақт, сана ва жой;

ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзоларининг сони, шунингдек таклиф этилган шахслар сони;

мажлиснинг кун тартиби, мажлисда кўриб чиқиш учун киритилган ҳар бир масала юзасидан ҳар бир маърузачи ҳамда қўшимча маърузачининг фамилияси ва лавозими;

кун тартибига мувофиқ муҳокама қилинаётган масалаларнинг моҳияти;

қлайман", "қаршиман" ёки "бетарафман" деб берилган овозлар сони кўрсатилган, қабул қилинган қарорлар рўйхати.

Мажлис баённомасига мажлисда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзолари рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати, маърузалар матнлари ва бошқа материаллар илова қилинади.

Доимий комиссия мажлисининг баённомаси мажлис тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай расмийлаштирилади. Баённома комиссия раиси ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс ва доимий комиссия котиби томонидан имзоланади.


25. Доимий комиссия мажлисини самарали олиб бориш учун, қоида тариқасида, маъруза учун 20 дақиқа доирасида, қўшимча маъруза учун 10 дақиқага қадар, музокараларда сўзга чиқувчиларга 5 дақиқадан 7 дақиқагача, ахборот ёки маълумот бериш учун эса 3 дақиқага қадар вақт берилади.


26. Доимий комиссияларнинг мажлислари очиқ ўтказилади. Доимий комиссия ёпиқ ёки сайёр мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Мажлисларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, шунингдек тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг таклиф қилинган вакиллари ва бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.

Мажлисга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек улар раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Мажлисга таклиф қилинаётган шахсларнинг сони ва таркиби доимий комиссия раиси томонидан ҳал этилади.

Мажлисда раислик қилувчи мажлисга таклиф қилинган шахслар таркиби ва сони тўғрисида доимий комиссия аъзоларини хабардор қилади.


27. Доимий комиссиялар масалаларни тайёрлаш ва уларни пухта ишлаб чиқиш учун Кенгаш депутатлари орасидан, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, мутахассислар ва олимлардан иборат ишчи гуруҳлар тузишга ҳақли.


28. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш вақтида тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва бир хил мажбуриятларга эгадирлар.


29. Доимий комиссияларнинг аъзолари комиссиялар фаолиятида иштирок этишлари, уларнинг қарорларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашишлари, доимий комиссияларнинг топшириқларини бажаришлари шарт. Доимий комиссиялар аъзолари ҳар чоракда доимий комиссия раисига доимий комиссия иш режасида назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилиши бўйича ўз фаолияти якунлари ва депутатлик вазифаларини бажариш натижалари тўғрисида ёзма ҳисоботлар тақдим этадилар.

Доимий комиссиялар аъзолари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга оширадилар. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари доимий комиссиялар аъзоларини улар ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, уларнинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Депутатлик вазифаларини бажараётган вақтда доимий комиссиялар аъзоларининг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.


30. Доимий комиссиянинг аъзоси кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади, уларни тайёрлаш, муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилишда, шунингдек халқ депутатлари Кенгашининг, доимий комиссиянинг қарорлари бажарилишини ташкил этишда иштирок этади. Доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан "ёқлайман", "қаршиман" ёки "бетарафман" деб овоз беради. Доимий комиссия мажлисида иштирок этаётган доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси муҳокама қилинаётган масала бўйича овоз беришда иштирок этишга мажбур.


31. Доимий комиссия аъзосига доимий комиссия томонидан кўриб чиқилаётган барча масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиш учун шароит яратиб берилади, унга зарур ҳужжатлар ёки бошқа материаллар олдиндан юборилади. Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби тўғрисида олдиндан хабардор қилинади.

Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия томонидан жойларда кўриб чиқилиши лозим бўлган масалаларни ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбари, доимий комиссия раисининг топшириғига биноан ёки ўз ташаббуси билан ўрганади, ушбу масала юзасидан давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролардан келган таклифларни умумлаштиради, уларни доимий комиссия мажлисида муҳокама қилади ва таклифлар киритади.


32. Бир нечта доимий комиссияларга тааллуқли масалалар доимий комиссиялар томонидан биргаликда тайёрланиши ва кўриб чиқилиши мумкин.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлисларини доимий комиссиялар раислари ўзаро келишув асосида олиб борадилар.

Доимий комиссия ўзи кўриб чиқаётган масалалар юзасидан бошқа доимий комиссияларнинг фикрини сўраб олиши мумкин.

Бошқа доимий комиссияларнинг илтимосига биноан доимий комиссия ўзига тааллуқли масалалар бўйича ушбу доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилаётган масалаларни тайёрлашда иштирок этиши мумкин.


33. Айни бир масала бўйича доимий комиссияларнинг фикри турлича бўлган тақдирда улар келишмовчиликларни бартараф этиш чораларини кўрадилар. Агар муросага келинмаса, ушбу масалани тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиянинг қарори узил-кесил ҳисобланади.


34. Доимий комиссияларда барча масалалар доимий комиссия аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан ҳал этилади.

Бир нечта доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари ўтказилганда қарор ҳар бир доимий комиссияда кворум мавжуд бўлган ҳолда мажлисда қатнашаётган доимий комиссиялар аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


35. Доимий комиссиялар кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий хусусиятга эга бўлган қарорлар қабул қилади ёки халқ депутатлари Кенгаши қарор лойиҳалари бўйича ўзига тааллуқли масалалар юзасидан хулосалар беради.


36. Доимий комиссияларнинг қарорлари, хулосалари ва баённомалари доимий комиссия раиси томонидан имзоланади.

Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қўшма қарорлар, улар томонидан биргаликда тайёрланган хулосалар, шунингдек қўшма мажлисларнинг баённомалари уларнинг раислари томонидан имзоланади.


37. Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар тегишли давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва манфаатдор шахсларга юборилади.


38. Доимий комиссияларнинг қарорлари қайси давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга нисбатан қабул қилинган бўлса, улар томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Доимий комиссия қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида доимий комиссияларга бир ойлик муддатда хабар қилиниши лозим. Доимий комиссиялар қарорларини кўриб чиқиш якунлари доимий комиссиялар мажлисларида, зарур ҳолларда эса сессияларда кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда доимий комиссия мажлисида унинг қарори ижро этилиши муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.


39. Доимий комиссия қарорларининг бажарилишининг бориши юзасидан назорат доимий комиссия раиси ёки қарорда кўрсатилган доимий комиссия аъзоси томонидан амалга оширилади.



IV БОБ. ДОИМИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


40. Доимий комиссиялар сессиялар кун тартибига доир таклифларни шакллантиришда иштирок этадилар.


41. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, ёзма хулосалар, ҳисобот маълумотлари ва бошқа материалларни сўраб олишга ҳақли.


42. Доимий комиссиялар тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларини ўз мажлисларига таклиф этиш ҳамда уларнинг халқ депутатлари Кенгаши қарорлари ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини тинглаш ҳуқуқига эга.

Доимий комиссиялар тегишли органлар ва ташкилотларни кўриб чиқиладиган масалалар хусусида олдиндан хабардор қиладилар.


43. Доимий комиссиялар ўрганиб чиқиш учун ўзларига берилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунлари юзасидан халқ депутатлари Кенгашига ўз қарорлари ёки хулосаларини тақдим этадилар.


44. Халқ депутатлари Кенгашининг топшириғига биноан, доимий комиссиялар Кенгаш депутатлари билдирган таклифлар, танқидий мулоҳазалар ва сўровларнинг амалга оширилишини назорат қиладилар.


45. Доимий комиссия раиси:

зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, комиссия мажлисини чақиради, мажлис ҳақида комиссия аъзолари ва бошқа иштирокчиларни хабардор қилади;

доимий комиссия мажлисларида раислик қилади;

доимий комиссиянинг иш режаси лойиҳасининг тайёрланишини ташкил этади;

доимий комиссия аъзолари, шу жумладан, раис ўринбосари ва доимий комиссия котиби ўртасида ишларни тақсимлайди ҳамда улар фаолиятини йўналтиради;

доимий комиссия аъзоларига топшириқлар беради, уларга доимий комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;

доимий комиссия аъзоларини ишчи гуруҳларнинг ишида қатнашиш, шунингдек доимий комиссиянинг бошқа топшириқларини бажариш учун таклиф қилади;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларини, мутахассислар ва олимларни доимий комиссия ишида иштирок этиш учун таклиф қилади;

сессияларда, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бўладиган муносабатларда доимий комиссия номидан вакиллик қилади;

доимий комиссия фаолияти тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва сессияда ҳисобот беради;

доимий комиссия қарорларининг ижро этилиши юзасидан ишларни ташкил этади;

халқ депутатлари Кенгашига, ҳокимга - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарига уларнинг топшириқлари бажарилиши юзасидан ахборот беради;

доимий комиссия аъзоларини улар томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилганлиги ва тавсиялари кўриб чиқилганлиги тўғрисида хабардор қилади;

бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда ишлар олиб борилишини ташкил қилади;

доимий комиссия мажлиси қарорлари, хулосалари ва баённомаларини имзолайди;

ўз ваколати доирасида бошқа вазифаларни амалга оширади.


46. Доимий комиссия раисининг ўринбосари раиснинг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ва раис йўқлигида ёки унинг ўз вазифаларини амалга оширишга имкони бўлмаган ҳолларда, раис вазифасини бажаради.


47. Доимий комиссия котиби:

доимий комиссия иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди;

доимий комиссия иш режасининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

доимий комиссия иш юритуви учун жавоб беради, ҳокимликнинг тегишли бўлимига ҳужжатларни сақлаш учун ўрнатилган тартибда топширади;

доимий комиссия мажлиси баённомасини юритади ва уни имзолайди;

доимий комиссия фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради.



V БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


48. Доимий комиссиялар фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимлик аппарати томонидан таъминланади.


49. Тегишли ҳокимликлар доимий комиссияларни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек доимий комиссиялар фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.


50. Доимий комиссиялар тўғрисидаги низомни қабул қилиш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарорлар сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2010 йил, 12-сон, 550-модда
























































Время: 0.0190
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск