ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш / Давлат мулкини (акциялар, улушлар ва пайлар) реализация қилиш /

Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жараёнларини чуқурлаштиришнинг Асосий йўналишлари (ЎзР ВМ 04.12.1995 й. 448-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 4 декабрдаги

448-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида давлат

тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш

ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш

жараёнларини чуқурлаштиришнинг

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


I. 1994-1995 ЙИЛЛАРДА ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН

ЧИҚАРИШ ВА ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ

ЧУҚУРЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ИЛГАРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН

ДАСТУРЛАРНИНГ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАНЛИГИ

НАТИЖАЛАРИНИНГ ТАҲЛИЛИ


1995 йилда 1994-1995 йилларда Ўзбекистон Республикасида Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш дастури билан белгиланган давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни ўтказиш кўламларини кенгайтириш, монополистик ишлаб чиқариш-хўжалик тузилмаларини кичиклаштириш ва рақобат бозори муҳитини яратиш, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида республиканинг кенг аҳоли қатламларининг, хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг иштирок этишларини таъминлашга оид мақсадларни амалга ошириш давом эттирилди. Хусусийлаштирилган корхоналарга иш шароитлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, нодавлат секторларини янада кенгайтириш, қимматли коғозлар бозорини шакллантириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Натижада 3800 дан ортиқ давлат корхоналари негизида очиқ турдаги акционерлик жамиятлари ташкил этилди. Республикада 17000 дан ортиқ деҳқон ва фермер хўжаликлари пайдо бўлди, акционерлик жамиятлари "Ўзмаишийхизматуюшма", "Ўзбексавдо", "Ўзмонтажмахсусқурилиш" ва бошқаларни кичиклаштириш, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманлари тажрибаси бўйича савдо ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишдаги монопол тузилмаларни тугатишга оид ишлар олиб борилди, ҳозирги вақтда 5230 объект акционерлик жамиятлари таркибидан чиқди, мингдан ортиқ акционерлик жамиятлари ёпиқ турдаги акционерлик жамиятларидан очиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантирилди.

Кўчмас мулк ва қимматли қоғозлар бозорлари инфраструктураларини яратишга асос солинди. Республика фонд биржаси, кўчмас мулк биржаси, Миллий депозитарийлар, инвестиция фондлари ташкил этилди. Ахборот-телекоммуникация тизимларини қуриш дастури тузилди, брокерлик идоралари ва фонд дўконлари тармоқлари шакллантирилмоқда.

1995 йил охиригача Республика фонд биржаси, депозитарийси, Республика кўчмас мулк биржаси ва Республика товар-хом ашё биржасининг ҳудудий филиаллари ташкил этилади.

1995 йил октябрида фонд биржаси аъзо сифатида Евро-Осиё фонд биржалари федерациясига қабул қилинди, бу эса Ўзбекистон қимматли қоғозларининг Федерация аъзолари бўлган мамлакатларга чиқишига имкон берди.

Кўчмас мулк Биржасида йил бошидан буён 900 дан ортиқ ким ошди савдолари, танловлар ва биржа савдолари ўтказилди. Қурилиши тугалланмаган 600 объект, хизмат кўрсатиш ва савдр соҳаси объектлари учун - 2 минг, якка тартибда ўй-жой қурилиши учун - 2 минг, автомобилга ёнилғи қуйиш станциялари учун 152 ва автотранспорт воситалари учун мингтадан ортиқ ер участкалари сотилди.

Қимматли қоғозлар бозорини ташкил этишнинг биринчи босқичида аҳоли кенг қатламларига, юридик шахсларга ва хорижий инвесторларга сотиш назарда тутилган қимматли қоғозлар ҳажми ўртача давлат корхоналарини очиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантириш ҳисобига юзага келди.

Хорижий инвесторлар томонидан қимматли қоғозларга маблағлар қўйиш амалга оширилди, акцияларнинг тўхтатиб қўйилган давлат улушини сотиш ўтказилди, яъни улар фонд биржасида ва фонд дўконларида қайта сотила бошланди. Корхоналар негизида янгидан ташкил этилган акционерлик жамиятларидаги давлат ва меҳнат жамоасининг улуши устав сармоясининг жами 49 фоизидан ошмайди.

Республикада миллий инвестиция фонди ташкил этилган. У таъсисчилар ва аҳоли ўртасида тарқатилган 4 млн сўмлик биринчи эмиссияни чиқаришни амалга ошириб бўлди. 10 млн сўмлик иккинчи эмиссияни рўйхатдан ўтказиш ва уни чиқариш амалга оширилди. Инвестфонд ҳузурида ташкил этилган фонд дўконлари орқали аҳолига нақд пулга 232 минг сўмлик 1160 акция сотилди.

Ташкил этилганидан буён Миллий депозитарий томонидан муайян ишлар амалга оширилди, жумладан, устав фондининг умумий ҳажми 8 млрд сўм бўлган 3352 акционерлик жамияти эмиссияси тарқатилди ва рўйхатдан ўтказилди, улардан 4 млрд сўми сақлаб қўйиш учун қабул қилиб олинди. Акция эгалари томонидан 150 минг ҳисоб-китоб счётлари очилди, уларнинг 145 мингги жисмоний шахсларга тегишлидир. Акция эгаларига акцияларнинг 965 минг сертификати берилди. Республика фонд биржасининг биржа савдолари орқали жами 700 млн сўмдан ортиқ қимматли қоғозлар сотилди. Фонд дўконлари орқали аҳолига 22 млн сўмлик акция сотилди. Акцияни сотишнинг опцион (танлов) тизими ташкил этилди, натижада 20,5 млн сўмлик маблағ олинди.

Республикада қийматли қоюзлар бозорини янада фаоллаштиришга тўсқинлик қилаётган омиллар чуқур таҳлил қилинди, натижада Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат мулки бўлган корхоналарни акционерлаштиришни жадаллаштириш ва қимматли қоғозлар бозорини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1995 йил 12 июндаги ПФ-1164-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат корҳоналарини очиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" 1995 йил 15 июндаги 221-сон Қарори қабул қилинди.

Махсус инвестиция лойиҳаларини сотишга оид хорижий сармояни жалб қилишга алоҳида эътибор берилган иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қулай инвестиция муҳити яратиш бўйича ҳам мақсадли сиёсат бошлаб юборилди. Олдиндан кўрилган чора-тадбирлар натижасида хорижий инвесторларнинг Ўзбекистондаги бозор ислоҳотлари жараёнларига иштирок этишга қизиқишлари бир мунча ошди. 1995 йилда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 1500 тадан ошиб кетди. Қўшма корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми жиддий равишда кўпайди.

"Завод - маҳалла" тамойили ривожланишида ишлаб чиқариш ва маҳалла қўмиталари ўзаро ҳамкорлигининг янги-янги шакллари пайдо бўлмоқда.



II. АСОСИЙ МАҚСАДЛАР ВА УСТУВОРЛИКЛАР


Қуйидагилар давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жараёнларини чуқурлаштиришга оид асосий йўналишларнинг бош мақсадлари ҳисобланади:

- халқ хўжалигини ислоҳ қилиш сабабли бўшаб қолган одамларни иш билан таъминлаш учун янги ишчи ўринлари ташкил этиш;

- бозор муносабатларини ва бозор инфраструктурасини жадал ривожлантириш, рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

- айниқса, банк, аудиторлик, консалтинг, воситачилик фаолияти билан боғлиқ кўп билим талаб қиладиган хизмат кўрсатиш ҳажмларини кескин кўпайтириш;

- хўжалик юритиш самарадорлигини оширишни, ички бозорни товар билан тўлдиришни, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни таъминловчи унча катта бўлмаган ишлаб чиқаришлар, кичик ва хусусий корхоналарни жорий қилиш;

- республиканинг барча минтақаларида бозор маконини шакллантириш.

Қуйидагилар давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жараёнларини чуқурлаштиришга оид асосий йўналишларни янада амалга оширишнинг асосий устуворликлари ҳисобланади:

- йирик ва ўртача корхоналарни давлат тасарруфидан чиқаришни ва хусусийлаштиришни янада ривожлантириш;

- тадбиркорлик ва уни давлат томонидан бутун чоралар билан қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратиш;

- халқ хўжалиги тармоқларини бошқариш тузилмасини янада ислоҳ қилиш ва уни бозор иқтисоди шароитларига мувофиқлаштириш;

- иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш жараёнларини амалга оширишда ҳудудларнинг ролини ошириш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий муносабатларни тубдан ўзгартириш;

- хорижий инвесторлар иштирокидаги ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларини шакллантириш, экспорт имкониятларини ошириш;

- давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларида хорижий инвесторларнинг бевосита иштирок этишларини таъминлаш;

- давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида аҳолини ижтимоий кафолатлашни ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик инфраструктураларини ташкил этишда қуйидаги йўналишлар бўйича кўмаклашиш: улгуржи-воситачилик тузилмаларини ва товар-хом ашё биржаси филиалларини ривожлантириш, агрохизматлар бозорини ривожлантириш, ижтимоий-маиший хизматлар бозорини ривожлантириш, қишлоқда тадбиркорлар савдо палаталарини, бизнес-марказларни ташкил этиш;

- ахборот ва консалтинг фирмалари тармоқларини ташкил этиш;

- лизинг корхоналар ташкил этишда кўмаклашиш ва уларни ҳам ўзимиздаги, ҳам хориждаги техника ҳамда ускуналар, шунингдек, технологиялар тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаш;

- кўчмас мулк, қимматли қоғозлар ва депозитар тармоқлар ва унинг инфраструктураларини қуйидаги йўналишлар бўйича янада шакллантириш ва ривожлантириш: инвестиция институтлари, инвестиция компаниялари, инвестиция фондлари, траст компаниялари, фонд дўконлари ташкил этиш ва брокерлик идоралари тармоқларини кенгайтириш, республика ҳудудида хорижий эмитентлар қимматли қоғозлари бозорини ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси эмитентлари акцияларини хорижий инвесторларга сотиш, қимматли қоғозлар иккиламчи бозорини ташкил этиш, қимматли қоғозлар билан қилинадиган операциялар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг марказини тузиш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ер кадастрини, маълумотлар базаларини тузиш ва давлат ва нодавлат мулки мавжудлиги ва унинг ҳаракатини ҳисобга олишни ташкил этиш.



III. ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ,

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ВА ТАДБИРКОРЛИКНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАРАЁНЛАРИНИ

ЧУҚУРЛАШТИРИШГА ОИД АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

УСУЛЛАРИ ВА МЕХАНИЗМЛАРИ


1. Ўзбекистон Республикасидаги хусусийлаштириш

жараёнининг илгари қабул қилинган

моделини такомиллаштириш


Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг энг муҳим ўзига хос хусусиятларидан бири хусусийлаштиришга сектор бўйича ёндашишни қўллаш ҳисобланади.

Хусусийлаштиришни сектор бўйича амалга ошириш ва такомиллаттириш учун Давлат мулки қўмитаси томонидан ҳар бир тармоқдаги ишлаб турган тузилмаларни таҳлил қилиш ўтказилади, яъни хусусийлаштирилаётган даврда алоҳида корхоналарнинг, янгидан ташкил этилган бозор тузилмаларининг молия-хўжалик фаолиятлари, уларнинг молиявий аҳволлари, тармоқдаги ва бозордаги ўринлари ва роллари ўрганилади. Тўпланган ахборотлар негизида хусусийлаштиришнинг илгари қабул қилинган тармоқ тамойили такомиллаштирилади, бу тармоқни янада қайта қуриш, яъни унинг ички бозор инфраструктурасини янада ривожлантириш, тармоқнинг бозор шароитларида фаолият кўрсатишини прогнозлаш, нодавлат асосида бошқарувнинг тармоқ тузилмаларини ташкил этиш (масалан, холдинг компаниялари ёки молия-саноат гуруҳлари ва бошқалар), республика иқтисодини янада қайта ўзгартиришни жадаллаштириш мақсадида аҳоли ўртасида норматив-хуқуқий базаларни такомиллаштириш ишларини олиб бориш, мафкуравий ишларни ўтказиш имконини беради.

Хусусийлаштиришнинг минтақавий жараёнлари республика туман-шаҳарлари даражасида чуқурлаштирилади.

Қўйилган вазифаларни бажариш мақсадида таҳлил қилиш ва бозор жараёнларини прогнозлаштириш ҳамда бозор конъюнктурасини тартибга солиш усуллари тўғрисида таклифлар тайёрлаш учун Давлат мулки қўмитаси тузилмасида таҳлил қилиш бошқарувини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.



2. Йирик ва ўртача давлат корхоналарини қайта ўзгартириш


Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш дастури билан қўйилган давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш миқёсларини кенгайтириш, монопол ишлаб чиқариш-хўжалик тузилмаларини кичиклаштириш ва рақобат бозор муҳитини яратиш, давлат тасарруфидан чиқаришда республика аҳолисининг кенг қатламлари, хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг иштирок этишларини таъминловчи хусусийлаштириш механизмини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигига кўпроқ эришиш мақсадларини амалга ошириш давом эттирилади. Хусусийлаштиришдан кейинги даврда иш шароитлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, нодавлат секторини янада кенгайтириш, қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси фаолияти асосан йирик ва ўртача корхоналарни очиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантириш асосида иқтисодиётда янада таркибий ўзгаришларни амалга оширишни таъминлашга қаратилади. Йирик корхоналарни очиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантиришга, хорижий инвесторларга акциялар пакетини сотиш йўли билан бу акционерлик жамиятларига хорижий сармояни жалб қилишга катта эътибор берилади. Хорижий инвесторларга таклиф қилинадиган мулкчилик шакли ўзгартирилган корхоналар маълумотларининг махсус базаси шакллантирилади ва чет элларда реклама қилиш ташкил этилади. Чет элларда Ўзбекистон Республикасининг бозор тузилмаларига уларнинг чет эллардаги кўчмас мулк ва қимматли қоғозлар бозорларида ўз фаолиятларини амалга оширишда ёрдам беришга, шунингдек, хорижий инвесторларни Ўзбекистон иқтисодига жалб қилиш учун кўмаклашишга даъват этилган ваколатхоналари очилади. Қурилиш, транспорт ва саноатдаги айрим корхоналарни улардан чиқариш йўли билан монопол акционерлик жамиятларини босқичма-босқич кичиклаштириш амалга оширилади.

Акционерлик жамиятларининг нормал фаолият кўрсатишларини таъминлаш учун траст компанияларига бошқариш ҳуқуқини бериш амалиёти қўлланилади ва норматив-ҳуқуқий база, намунавий низомлар яратилади, мавжуд органлардан трастларга бошқарув механизмини бериш ташкил этилади. Траст компаниялари ишида, траст компанияларини амалий ташкил этишда қатнаша оладиган ва уларда қатнашишни хоҳлайдиган мутахассислар тўғрисидаги банк ва базалар ташкил этишга кўмаклашилади. Траст компаниялари ишида қатнашиш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш рағбатлантирилади, шунингдек, траст бошқармасидаги корхоналарни танлов асосида танлов ғолиблари бўлган хорижий компанияларга бериш мумкинлиги назарда тутилади.



3. Молия-саноат гуруҳларини ривожлантириш


СССР парчаланиб кетгандан сўнг илгари узилиб қолган самарали хўжалик алоқаларини янги иқтисодий асосларда тиклаш мақсадида бир-бирига яқин корхоналарни, уларга хорижий корхоналарни ҳам қўшиб, кооперациялаш йўли билан кўплаб илм ва меҳнат талаб қиладиган мақсулотлар ишлаб чиқариш учун молия-саноат гуруҳлари ташкил этиш рағбатлантирилади. Шу мақсадда хомашё, материаллар ва таннарх нархлари бўйича алоҳида компонентли буюмлар алмашиш ва фойдани молия-саноат гуруҳлари ўртасида тақсимлаш масалаларини ҳал этиш учун норматив-ҳуқуқий база ишлаб чиқилади. Иқтисодиётнинг самолёт ва автомобилсозлик, электроника воситалари ишлаб чиқариш, энергиянинг ноанъанавий манбаларини тайёрлаш каби устувор тармоқларида молия-саноат гуруҳлари ташкил этишга кўмаклашилади.

Хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш мақсадида ва жисмоний шахсларнинг МДҲ мамлакатларининг фонд бозорларига ва кўчмас мулк бозорларига эркин кириб чиқишларини назарда тутувчи чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилади. МДҲ мамлакатлари бўлган шерикларнинг нуқтаи-назарларини яқинлаштириш мақсадида бож, солиқ, молия қонунчилигини соддалаштириш сиёсати давом эттирилади.



4. Холдинг компаниялари ташкил этиш


Молия ресурсларини марказлашгиришнинг юқори даражасига эришиш ва улардан фойдаланишдан кўп фойда олиш, холдинг қатнашчиларининг бошқарув, фан-техника ва тижоратчилик хизмати кўрсатишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида уларнинг назорат акциялари пакетларини сотиб олиш йўли билан ташкил қилинадиган акционерлик жамиятлари бирлашмаси ҳисобланадиган холдинг компанияларини барпо этиш кўзда тутилган.

Мулкчиликнинг ҳар хил: давлат, жамоа ва хусусий, шунингдек, аралаш сармоя шакллари уйғунлашиши холдинг фаолият кўрсатишининг иқтисодий асоси бўлиб хизмат қилади.

Мулкчиликнинг турли хил шаклларидаги хўжалик субъектларини холдинг доирасида бирлаштириш хўжалик, тижорат ва юридик мустақилликни сақлашда холдинг томонидан олинадиган фойда (даромад)ни максималлаштириш мақсадида амалга оширилади. Республика ҳудудида ёки унинг ташқарисида фаолият кўрсатадиган мулкчиликнинг ҳар қандай шаклидаги ташкилотлар ва корхоналар, трансмиллий компаниялар, ихтиёрийлик асосида бирлашадиган бошқа юридик ва жисмоний шахслар холдинг қатнашчилари бўлишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган фаолиятнинг молиявий, ишлаб чиқариш, таъсис, инвестиция, инновация ва тижорат турлари, шунингдек, фаолиятнинг бошқа турлари холдинг фаолиятининг асосий шакллари бўлиши мумкин.

Фаолият шаклларига қараб холдинг қуйидаги функцияларни амалга ошириши мумкин:

- сармоянинг бир тармоқдан иккинчи тармоққа ўтишини енгиллаштириш;

- ишлаб чиқариш қатнашчиларининг барқарор даромад олишларини таъминловчи шароит яратиш;

- қатнашчиларнинг устав фондидаги бадаллари миқдорида уларнинг молиявий ресурсларини бир жойга тўплаш, улардан самарали фойдаланиш стратегиясини ва энг мақбул шартларини белгилаш;

- ишлаб чиқариш дастурларини ўзгартиришда, бозорларни диверсификациялашда ва инвестиция сиёсатини ўтказишда хизматлар кўрсатиш;

- шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш, уларни қатнашчилар билан келишиб олиш ва шартномалар тузилишини ва бажарилишини назорат қилиш;

- акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар чиқариш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;

- бошқа акционерлик жамиятларининг акцияларини ва бошқа қимматли қоғозларини алмаштириш ва олди-сотдисини амалга ошириш;

- акцияларнинг давлат улушига эга бўлган акционерлик жамиятларидаги акцияларнинг давлат пакетларини бошқаришда давлат органларининг воситачиси ёки ишончли шахси бўлиш;

- ишлаб чиқариш, тижорат ва илмий-техника фаолиятида инвестициялашни ўтказиш;

- қатнашувчи корхоналарни санация қилиш зарурияти бўлганда молия ёрдами кўрсатиш;

- холдинг корхоналари ишлаб чиқариш дастурининг, бозор конъюнктурасининг баланслилигини ўрганиш ва таҳлил қилиш, маркетинг фаолиятини амалга ошириш;

- илмий-техник ишланмалар, стандартлаштириш, маҳсулотни бир хил қилиш, ишлаб чиқариш экологияси ва холдинг қатнашчилари бўлган меҳнат жамоаларининг ижтимоий дастурлар соҳасидаги стратегия ва тактикани шакллантириш;

- ишлаб чиқариш рентабеллигини, ички ва ташқи бозорларда маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлилигини оширишни таъминлаш;

- янги ишлаб чиқариш, товар, инжиринг, молия-кредитга оид ташкилий тузилмалар ва уларнинг уйғунлашувини шакллантириш;

- корхоналарни техник ривожлантириш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш йўналишларини танлаш юзасидан кафолат бериш;

- мажбурий суғурта фаолиятини жорий қилиш;

- ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

- қонунчиликка зид келмайдиган бошқа хил фаолиятни бажариш.



5. Монополиядан чиқариш ва қулай

рақобат муҳитини шакллантириш


Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида хусусийлаштириш жараёнида монополияга қарши принциплардан кенг фойдаланиш. Объектларни йирик корхоналар таркибидан ажратиш имкониятларидан фойдаланиш. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик занжирини бузмасдан йирик корхоналарни бир-бирига боғлиқ бўлмаган рақобатлашувчи ёнма-ён корхоналарга айлантириш имкониятларини аниқлаган ҳолда уларни хусусийлаштиришга алоҳида-алоҳида ҳолда аниқ ёндашиш. Йирик объектларни хусусийлаштириш давомида мол-мулкни сотиб олиш ҳуқуқи билан ёки бундай ҳуқуқсиз алоҳида цехлар, участкаларга ижарага бериш ва корхонанинг бошқа таркибий бўлинмалари билан биргаликда иқтисодий муносабатлар тизимини шакллантиришни амалиётда қўллаш.

Хусусийлаштириш рақобат муҳитини келтириб чиқариши керак. Бунинг учун хусусийлаштириш жараёнида тадбиркор учун ҳаётий муҳим бўлган моддий ресурсларни олиш, бозор инфраструктурасини барпо этиш, маҳсулотлар сотиладиган бозорларни шакллантириш вазифалари ҳал этилиши зарурдир. Мана шу мақсадда омборхоналар, сақлаш жойлари ва совутгичлар, юк автотранспорти биринчи навбатда хусусийлаштирилиши керак. Экспортни ривожлантириш, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари экспорт қилинишини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслар томонидан чет элларда ва МДҲ мамлакатларида омбор хўжалиги объектлари ва дўконлар мулк сифатида олинишига кўмаклашиш.



6. Банкрот бўлган корхоналарни хусусийлаштириш


Ушбу жараённи амалга ошириш учун зарар кўриб ишловчи корхоналарни санация қилишни, шунингдек хўжалик судининг қарорига кўра уларни тугатишни амалга ошира оладиган компаниялар ташкил этишга кўмаклашиш зарур. Корхоналарни сунъий равишда банкротлик ҳолатига келтириш ҳисобига фойда олиш имкониятини истисно қилиш мақсадида банкротликни баҳолаш мезонларини белгилаш, қасддан қилинган банкротлик учун жавобгарликнинг қонуний чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурдир.



7. Кўчмас мулк ва қимматли қоғозлар

бозорларини шакллантириш


Кўчмас мулк ва қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш давом эттирилади. Асосий эътибор иккиламчи бозорлар ташкил этишга қаратилади. Кўчмас мулк ва қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозорларини барпо этишда сифат жиҳатидан янги жараёнларнинг ривожлантирилиши кутилмоқда. Кўчмас мулкни биржалар, ким ошди савдолари, танловлар орқали сотиш ҳажми ошади. Брокерлик идоралари тармоғи кенгаяди. Тугатилган ва тугатиладиган корхоналарнинг, шу жумладан, банкротга учраган корхоналарнинг мол-мулки (активлари) ким ошди савдоларида сотилади. Қарздор корхоналар танлов асосида сотилади. Қурилиши тугалланмаган объектларни сотадиган танловлар ривожлантирилади. Кўчмас мулкни баҳолайдиган мутахассисларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилади.

Кўчмас мулк билан амалга ошириладиган операцияларни белгиланган тартибда кўчмас мулк ягона давлат реестрида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизимини амалиётга жорий этиш мўлжалланмоқда.

Давлат тасарруфидан чиқариш суръатларининг тезлашиши, очиқ турдаги акционерлик жамиятлари ташкил этилиши корхоналар акцияларининг фонд бозорига оммавий равишда тушиши учун шарт-шароит яратади. Шу муносабат билан қимматли қоғозлар иккиламчи бозорини ривожлантириш ва кўплаб инвесторлар билан ишлаш мақсадида фонд бозори инфраструктураси битимлар, клиринг тузиш, қимматли қоғозларни бериш ва уларни сақлаш масалалари билан шуғулланувчи юқори ихтисослашган ташкилотлардан ташкил топган бўлиши керак. Шу сабабли қимматли қоғозлар бозори инфраструктурасини ривожлантириш депозитарий, клиринг ва агентлик тармоғини, шу жумладан, реклама агентликлари реестрни юритиш хизматларини бажарувчи профессионал рўйхатга олувчилар тармоғини илдам ривожлантириш йўли билан амалга оширилади.

Инвестиция муассасалари тармоғини ривожлантириш инвестиция жамғармалари, хусусийлаштирилган инвестиция фондлари (уларга хусусийлаштирилган корхоналар акцияларининг 30 фоизгачаси сотилади), шунингдек, хусусий инвестиция компаниялари, фонд дўконлари, консалтинг фирмалари (инвестиция маслаҳатчилари) ташкил этиш йўли билан таъминланади. Суғурта компаниялари ва давлатга қарашли бўлмаган пенсия фондлари ташкил этиш йўли билан институционал инвесторлар тармоғи ривожлантирилади. Ушбу тузилмаларнинг тузилиши майда инвесторларга танлаш эркинлиги шароитларини яратишга, таваккалчилик ва эҳтимол тутилган самарасиз қўйилмалардан кўриладиган йўқотишлар даражасини камайтиришга қаратилгандир.

Фонд бозорида брокерлик идоралари ва фонд дўконларининг фаолиятини мувофиқлаштирадиган Биржа брокерлик палатасини яратиш. Уларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш, Вазирлар Маҳкамаси орқали Олий Мажлисга қонунчилик ташаббуси билан чиқиш. Иқтисодий ва хуқуқий тусдаги маслаҳат хизматлари ва бошқа зарур ахборот хизматлари кўрсатиш.

Фонд бозори бозор тузилмаларининг ишини нормаллаштириш ва молия ишларига умумий методологик ёндашиш мақсадида Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда қуйидаги низомларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш зарур:

- акционерлик жамиятларидаги бухгалтерия ҳисоб-китоби тўғрисида;

- фонд бозорида қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган молиявий операцияларнинг бухгалтерия ҳисоб-китоби тўғрисида;

- инвестиция фондлари ва биржаларда молиявий операцияларнинг бухгалтерия ҳисоб-китоби тўғрисида;

- аудиторлик текширишларнинг намунавий стандартларини ишлаб чиқиш.



8. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик

инфраструктурасини ташкил этиш ҳамда

давлат йўли билан қўллаб қувватлаш

чора-тадбирлари


Бозор инфраструктурасини жадал ташкил этиш жараёнларини уюштириш ва бошқариш ҳамда уни жаҳон иқтисодиёти талабларига мослаштириш мақсадида республика минтақаларида бозорни қайта ташкил этишларни давлат йўли билан қўллаб-қувватлашга, самарали бозор инфраструктураси тизимини шакллантиришга, республика ички ва ташқи иқтисодий хўжалик алоқаларини мувофиқлаштириш ва ривожлантиришга даъват этилган тадбиркорлик департаментлари - ташкил этилади. Кичик ва хусусий корхоналарга тадбиркорлик таваккалчилигидан суғурта қилиш билан имтиёзли шартларда кредитлар бериш, тўланмаган кредитлар учун қарз берувчиларнинг жавобгарлигини суғурталаш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга йўналтирилаётган хорижий инвестицияларнинг суғурта ҳимоясини таъминлаш.

Ўз манфаатларини жамоа бўлиб ҳимоя қилишга даъват этилган фаолият турлари бўйича майда ишлаб чиқарувчилар уюшмалари ташкил этилишига, хўжалик юритишнинг илғор усулларини ёйишга кўмак берилади. Кредит муассасаларини ривожлантириш, кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасида инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ихтисослаштирилган тижорат банклари тармоқлари, шу жумладан, хорижий сармоя иштирокидаги банклар тармоқларини кенгайтириш давом эттирилади, савдо уйлари, инвестиция компаниялари, инвестиция воситачилари, фонд дўконлари, клиринг ва агентлик тармоқлари фаолияти кенгаяди. Бозор конъюнктурасини ўрганувчи, бозор имкониятларига ахборот хизмати кўрсатишни таклиф этувчи кичик ва хусусий корхоналарни, хусусий фирмалар ишини ахборот билан таъминлашга ёрдам берилади. Қишлоқ хўжалиги хом ашёсини ва ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш, деҳқон (фермер) хўжаликларини юқори навли қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатлари билан ўз вақтида таъминлаш учун биржа савдоси ва улгуржи ярмаркаларнинг ҳудудий тармоғи ташкил этилади. Қишлоқда тадбиркорларга тузатиш-тиклаш, агрокимё, зооветеринария ва хизматларнинг бошқа турларини кўрсатиш учун агросервис корхоналари ташкил этилади.

Давлат мулки қўмитаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар билан таъминлашда, технопарклар тармоқлари, лизинг корхоналар, бизнес-инкубаторлар, ишлаб чиқариш-технология марказлари ташкил этишда давлат органлари орқали кўмаклашади, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ишлаб чиқаришни жойлаштириш ва ихтисослаштирилган асбоб-ускуналар ва маҳсулотларнинг бошқа турларини етказиб бериш чора-тадбирларини амалга оширади, уларнинг фаолиятини, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлари сотиладиган ихтисослаштирилган улгуржи бозорлар, ярмаркалар ташкил этишда, шу жумладан, давлат мулки бўлган бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш ва хизмат жойлари, бошқа мол-мулкни бериш йўли билан кўмаклашади.

Қишлоқда маҳаллий аҳолига тегишли бўлган давлат мулки объектларини кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига устун даражада бериш мақсадида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чоғида давлат мулкини сотиш бўйича ёпиқ танловлар ўтказилади. Консервация қилинган ва фойдаланилмаётган асосий фондлар ва ишлаб чиқариш қувватларини, шунингдек, ижтимоий инфраструктура объектларини кичик ва хусусий тадбиркорларга сотиш ташкил этилади.

Бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда корхоналарнинг уларни молиявий имкониятларини баҳолашни, техник, технологик ва ташкилий иқтисодий ўзгартирилиши режаларини ишлаб чиқишни назарда тутувчи хусусийлаштиришдан кейинги даврда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик хўжалик субъектларнинг барқарорлигини таъминлаш учун корхоналарни қайта тузиш ва реконструкция қилишни инвестициявий қўллаб-қувватлаш тартиблари жорий этилади. Кейинчалик ишлаб чиқаришга жорий этиш учун асбоб-ускуналар технологияларнинг, шу жумладан, хорижий асбоб-ускуналар ва кичик технологияларнинг доимий ишловчи кўргазмалари ташкил этилади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт-импорт операцияларида иштирок этишларини кенгайтириш, шунингдек, ушбу субъектларнинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишлари юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусий ва кичик тадбиркорликка инвестиция лойиҳалари, чет элда реклама ташкил этиш асосида хорижий сармоя жалб этилади. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида очиқ тендер асосида ва махсус инвестиция савдолари орқали, шунингдек бошқа муассасалар ва механизмлар воситасида хорижий инвестициялар талаб этилган ҳолда техникавий кўмаклашиш дастурлари доирасида пилот лойиҳалар амалга оширилади, янги илмий-техникавий инфраструктура, шу жумладан, фанга ва фирмалар, компаниялар, марказларнинг илмий ишлаб чиқаришига хизмат кўрсатувчи ёрдамчи, функционал, илмий-ишлаб чиқариш инфраструктураси ташкил этилади.



9. Хусусийлаштириш жараёнига хорижий

инвестицияларни жалб этишни тезлаштириш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жарёнида хорижий инвесторларни фаол қатнаштириш, шунинг асосида халқ хўжалигининг замонавий тузилмасини ташкил этиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни, жумладан қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

- Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

- қимматли қоғозлар миллий бозорида хорижий инвесторлар фаолиятини бошқариш тартибини ишлаб чиқиш;

- инвестиция савдоларини ўтказиш ҳақидаги низомни тасдиқлаш;

- хорижий инвесторларга сотиш кўзда тутилган объект қийматини хорижий валютада баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Мўлжалланган мақсадларга эришиш учун хорижий сармояни жалб этишнинг қуйидаги усулларидан фойдаланилади:

- эҳтимол тутилган хорижий инвесторларнинг энг яхшиларини жалб этишга қаратилган музокаралар олиб бориш йўли билан хусусий фирмаларни жалб этган ҳолда сармояни жойлаштириш;

- давлат корхоналари негизида хорижий инвестор иштирокида акционерлик жамиятлари ташкил этиш. Хорижий инвестор ушбу корхонани техникавий қайта ташкил этиши ва техника билан қайта жиҳозлаши, шунингдек, бошқарув соҳасида ўз тажрибасини ўргатишимумкин;

- хорижий инвесторлар ҳам эркин сотиб олиши учун акцияларни очиқ тарқатиш.



10. Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва

хусусийлаштиришда ер муносабатлари


Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ордери берилган ҳолда давлат хўжаликлари ва жамоа хўжаликларини хўжалик юритишнинг бошқа шаклларига айлантириб хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш йўли билан қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш чуқурлаштирилади. Мол-мулкни ким ошди савдоси ва танловда сотиш ривожлантирилади. Деҳқончилик саноати мажмуининг қайта ишлаш тармоқларида кичик бизнес ташкил этиш устун даражада ривожлантирилади.

Хусусийлаштирилган савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларининг ер майдонларини сотиш давом эттирилади. Шаҳарларда хорижий юридик шахсларга узоқ муддатга ижарага бериш учун ер майдонлари ажратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ерларини мерое қилиб қолдириш ҳуқуқи билан муддатсиз фойдаланишга бериш бўйича ким ошди савдоси ва танловлар ташкил этилмоқда. "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Ўэбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ер ости бойликларини иқтисодий баҳолаш тизими жорий этилмоқда, ер ости бойликларини қазиб олганлик учун концессиялар бериш масалалари ишлаб чиқилади.

Ер кадастри тизими такомиллаштирилади, ер муносабатлари ва кадастр бўйича янги бошқарув органи ташкил этилади, ушбу орган сотиш учун мўлжалланган ер майдонларининг ҳақиқий бозор қийматини аниқлаш учун зарур бўлган ахборот билан таъминлайди.



11. Хусусийлаштиришнинг норматив-ҳуқуқий

асосларини ривожлантириш


Хусусийлаштиришнинг норматив-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак:

- бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларнинг халқаро қонун ҳужжатлари нормалари ва асосларига бутун чоралар билан риоя қилиш, бу хорижий инвесторларга қулай муҳитни таъминлайди;

- бозорга босқичма-босқич ўтишни, бозор иқтисодиёти шаклланиши даври хусусиятларини ҳисобга олиш. Ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари республика аҳолисининг онглилик даражасини, унинг бўлажак ўзгартиришларга тайёрлигини, унинг зарур эканлигини тушуниб етишни ҳисобга олиш зарур;

- янги мулкдорларнинг, мулкка бўлган ҳуқуқларини тасдиқ ҳужжат берилган пайтдан бошлаб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Мулкдорнинг рухсатисиз унинг мулки соҳасига киришни тақиқловчи қонунчилик механизми ҳамда мулкдорнинг ҳуқуқларини суд ҳимоя қилиш механизми пухта ишлаб чиқилиши керак. Шу бир қаторда жамиятнинг бошқа аъзолари томонидан мулкдан нотўғри фойдаланиш натижасида етказилган зарар учун мулкдорларнинг жавобгарлиги нормалари яратилиши керак.



12. Аҳолини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари


Ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидан ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий қўллаб қувватлаш масалаларини аниқ фарқлашни назарда тутувчи-янги тизимга ўтиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилади. Бунда даражалар (корхона, ҳудуд, республика) бўйича табақалаштирилган ижтимоий кафолатлар фуқароларга, шу жумладан, кичик ва хусусий тадбиркорликда билан банд бўлган фуқароларга зарур минимумда берилиши белгиланади. Ижтимоий кафолатларнинг таркиби, тузилмаси ва миқдорлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади. Даражалар бўйича табақалаштирилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш, биринчидан, муайян муддатга берилади; иккинчидан, тегишли бюджетнинг ҳолати билан тўлиқ боғлиқ бўлади; учинчидан, иқтисодий ислоҳотнинг у ёки бу босқичида шаклланган шароитларга боғлиқ бўлади Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам қонун ҳужжатлари билан, ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий органларининг, мулкдорлар раҳбарларининг қарорлари билан амалга оширилиши мумкин. "Корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ижтимоий кафолатларнинг кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ижро этилиши устидан самарали назорат таъминланади. Мажбурий тиббий суғурта масалаларига алоҳида эътибор берилади. "Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади ва Олий Мажлисга киритилади. Давлат бюджетида соғлиқни сақлашга харажатлар таркиби соғлиқни сақлаш объектларини хусусийлаштиришдан олинган маблағлар тушуми ҳисобга олинган ҳолда қайта кўриб чиқилади ва, тегишлича, уларни ривожлантиришга имтиёзли кредитлар ажратиш имконияти кўриб чиқилади. Қишлоқда аҳолининг иш билан бандлиги муаммоларига алоҳида эътибор берилади. "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади ва кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга киритилади. Ушбу қонун ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши натижасида бўшаб қолган ходимларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлагини, аҳолининг иш билан таъминланганлиги ҳолатига боғлиқ равишда муайян ҳудудларда қисқартирилган иш вақтини жорий этиш имкониятларини, янги иш жойлари ташкил этиш бўйича иш билан таъминловчиларнинг чиқимларини хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қисман қоплашни ва ишдан бўшатилиши керак бўлган шахсларни қайта ўқитиш учун ўқув тузилмалари ташкил этишни кўзда тутади. "Давлат хизматчилари тўғрисида"ги Қонун ишлаб чиқилади.



13. Телекоммуникация тизими


Кўчмас мулк ва қимматли қоғозларнинг Европа ва жаҳон бозорларига чиқишини назарда тутувчи замонавий компьютерлаштирилган тармоқларни ташкил этиш, шунингдек хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида телекоммуникация тизими изчил жорий этилмоқда.

Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистон умумдавлат ахборот-телекоммуникация тизимини шакллантириш кўзда тутилган. Ушбу тизим электрон алоқа ёрдамида республиканинг барча вилоятларини, йирик шаҳарлар, туманларни бири-бири билан боғлаши керак. Бу тизим фойдаланувчининг биринчи талаби билан батафсил ахборот беради. Ушбу тизим қимматли қоғозларнинг тез ўтадиган (сотиладиган) бозорини таъминлаши керак, эмитентларга қисқа муддатларда самарали ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур маблағларни жалб этиш, инвесторларга эса ўз маблағларини фойдали қўйиш имконини беради.



14. Реклама-ахборот ва ноширлик фаолияти


Республикада тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида тадбиркорларни маркетинг ахбороти билан таъминлаш, бозор конъюктурасини ва аҳоли талабини ўрганиш, бозор имкониятларини ўрганиш масалалари бўйича ахборот хизмати кўрсатишни таклиф этувчи хусусий фирмалар ишини кенгайтириш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи мавжуд илмий тадқиқот муассасалари ва ихтисослаштирилган бўлинмалар ишини қайта қуриш, тармоқлараро банк маълумотлари ташкил этиш масалалари билан боғлиқ муаммоларни тизимли комплекс ҳал этишга қаратилган бир қанча тадбирларни амалга ошириш зарур. Уларга қуйидагилар ҳам тегишлидир:

- ихтисослаштирилган маслаҳат бериш фирмалари ва ахборот тизимлари ташкил этишга кўмаклашиш. Ахборот тизими ахборотни қайта ишлаш ва узатишнинг замонавий тизимидан фойдаланишга асосланувчи, унинг тезкорлиги ва ишончлилигини таъминловчи умумреспублика, минтақалараро ва маҳаллий ахборот тизимларини ўз ичига олиши керак. Тизим қуйидаги функцияларни бажариши керак:

- банк-кредит соҳаси, молиявий муассасалар, қимматли қоғозлар ва кўчмас мулк бозорларининг аҳволи, акциялар котировкаси, чет эл валютаси қиймати ва бошқалар тўғрисида ахборот тайёрлаш ва бериш. Ушбу ахборот тизимларига қўйиладиган талаблар товар ахбороти тизимига қўйиладиган талаблар билан бир хилдир;

- хўжалик юритувчи субъектлар тўғрисидаги ахборотни тўплаш.

Ушбу тизим тадбиркорлик фаолиятининг тадрижий ўсишини қандай таҳлил қилиш ва янги корхоналарни шакллантириш имкониятини шунингдек кредит контрагетлари, шу жумладан хорижий фирмалар тўғрисидаги зарур маълумотларни бериши керак.


























































Время: 0.0195
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск