ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ерга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар. Ердан фойдаланиш /

Танлов савдолари асосида ер майдонларини узоқ муддатли ижарага ва доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида Низом (Тошкент шаҳар ҳокимининг 2002 йил 3 январдаги 4- сонли қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Тошкент шаҳар ҳокимининг

2002 йил 3 январдаги

4- сонли қарорига

3- ИЛОВА


Танлов савдолари асосида ер

майдонларини узоқ муддатли ижарага

ва доимий фойдаланишга бериш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Тошкент шаҳар ҳокимининг 06.01.1995 йил 8- сонли "Тошкент шаҳрида ер муносабатлари хақида"ги қарорига, 09.08.1994 йил 137- сонли Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан тасдиқланган "Хорижий юридик ва жисмоний шахсларга Тошкент шаҳрида ер майдонларини ижарага бериш тўғрисида"ги ва 03.07.1995 йил 140- сонли "Тошкент шаҳрида ер бериш ва уни мусодара этиш хақида"ги қарорларга, 30.06.1997 йил 347- ф- сонли "Ер майдонларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича "Ким ошди" савдоларини ўтказиш тўғрисида"ги фармойишга, шунингдек Тошкент шаҳар ҳокимининг 04.03.2002 йил 114- сонли "Тошкент шаҳар худудида ер майдонларини ижарага бериш хуқуқларининг тартиби тўғрисида"ги қарорларига асосан ишлаб чиқилди.

Зарурат туғилган ҳолда, ушбу Низом Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорлари ва ер майдонларини ижарага бериш, доимий фойдаланиш ва эгалик қилиш масалалари бўйича Хайъат томонидан киритилган таклифларга асосан Тошкент шаҳар ҳокимининг қарор ва фармойишлари билан ўзгартарилиши ёки тўлдирилиши мумкин.

Низом юридик ва жисмоний шахсларга ер майдонларини узоқ муддатли ижарага ва келгусида қурилиш (таъмирлаш ва қайта қуриш) ишлари учун доимий фойдаланишга бериш хуқуқлари асосида танлов савдоларининг ўтказилишини ташкил этиш, ўтказиш ва якунларини чиқаришни тартибга солади.


Танлов савдоларини ўтказишдан мақсад:

- Тошкент шаҳри худудида ер майдонларидан самарали фойдаланишни амалга ошириш;

- ер майдонларидан фойдаланиш ва ишлатиш ҳуқуқини олишда танлов шартларига зид келмайдиган шаҳар манфаатлари учун афзал шароитларда, шунингдек ер майдони учун энг юқори нарх таклиф этган юридик ва жисмоний шахсларни аниқлаш.

Танлов иштирокчилари учун тенг рақобатли шарт- шароитлар яратиш, қабул қилинаётган қарорларнинг ошкоралиги ва объективлигини таъминлаш - танлов савдолари ташкил этилишининг асосий тамойиллари ҳисобланади.

Танлов савдоларига қўйилган ер майдонлари ғолибларга Тошкент шаҳридаги ер муносабатларини тартибга солувчи меъёрий хужжатлар асосида фойдаланишга топширилади.

Танлов савдоларига тайёргарлик ва уларни ўтказиш бўйича масалаларни мувофиқлаштириш Хайъат топширигига асосан Ташкилотчи томонидан амалга оширилади.

Танлов савдоларинииг ташкилотчиси, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан "Тошкенттендерконсалтинг" танлов савдоларини ўтказиш Маркази (кейинги ўринларда "Ташкилотчи" деб юритилади) ҳисобланади.

"Ташкилотчи" қуйидаги вазифаларни бажаради:

- танлов хужжатларини ишлаб чиқиш ва тайёрлашни ташкил этади;

- оммавий ахборот воситаларига эълон беради ва таклифномалар юборади;

- таклиф этилган эксперт ва маслаҳатчилар фаолиятини мувофиқлаштиради;

- иштирокчиларни танлов хужжатлари билан таништиради;

- иштирокчилардан танловда қатнашиш учун зарур бўлган хужжатларни ва танлов таклифларини қабул қилади, уларнинг ҳисоби, сақланиши ва маҳфийлигини таъминлайди;

- танлов савдоларига тайёргарлик ва ўтказиш учун зарур бўладиган сарф- харажатларни амалга оширади;

- Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосан, ҳамда шаҳар ҳокимининг қарор ва фармоишлари, шунингдек мазкур Низомга мувофиқ ҳолда фаолият кўрсатади.



I. ТАНЛОВ САВДОЛАРИНИНГ МОҲИЯТИ



Юридик ва жисмоний, шу жумладан, хорижий шахсларга ер майдонларини келгусида қурилиш (таъмирлаш ва қайта қуриш) асосида узоқ муддатли ижарага бериш ва доимий фойдаланиш хуқуқи билан топшириш танлов савдоларининг моҳияти ҳисобланади.



II.ТАНЛОВ САВДОЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ



Ўтказилиш тури буйича танлов савдолари очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. Бўлажак танлов қайси турда ўтказилишини Комиссия ўз қарори билан белгилайди.

Очиқ танловларда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча юридик ва жисмоний, шу жумладан хорижий шахслар қатнашиши мумкин.

Ёпиқ танловлар истисно ҳолларда буюртмачи томонидан олдиндан аниқланган ташкилотлар иштирокида ўтказилади ва фақат уларга таклифнома юборилади.



III. ТАНЛОВ САВДОЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ БОСҚИЧЛАРИ



Танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш босқичлари қуйидагилардан иборат:

- Меъморчилик ва шаҳар қурилиш бош бошқармасида танлов хужжатларининг техник қисмини тайёрлаш (зарурат бўлганда ихтисослашган техник ва тижорат маслаҳатчиларни таклиф этган ҳолда);

- оммавий ахборот воситаларида танлов савдолари хақида эълон бериш, салоҳиятли иштирокчиларга таклифномалар юбориш;

- иштирокчилардан танлов савдоларида иштирок этиш учун керакли хужжат ва тижорат таклифларини қабул қилиш;

- йўриқномавий ҳужжатларни тайёрлаш;

- танлов савдолари олдиндан иштирокчиларни саралаш;

- танлов савдоларига келиб тушган тижорат таклифларини баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш;

- танлов савдоларининг ғолибига хабар бериш.



IV. ТАНЛОВ САВДОЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ

ЭЪЛОННИ ТАЙЁРЛАШ ВА ЧОП ЭТИШ



1. Танлов савдолари ўтказилиши тўғрисидаги эълонларни "Ташкилотчи" қуйидаги усуллар билан:

- чет эл ва республикамиздаги оммавий ахборот воситаларида танлов савдолари ўтказилишидан камида 30 кун олдин эълонларни чоп этиш орқали;

- почта, телефакс ёки расмий таклифларнинг бошқа шаклларини юбориш орқали етказади.


2. Ёпиқ танловлар ўтказилганда оммавий ахборот воситаларида эълон берилмайди.


3. Танлов тўғрисидаги эълон қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

- "Ташкилотчи"нинг номи;

- ер майдонининг хажми, жойлашган манзили, ундан қандай фойдаланишга кўрсатма;

- танлов хужжатлари ва қўшимча маълумотларни олиш мумкин бўлган "Ташкилотчи" нинг манзили, телефони ва телефакси;

- танловда иштирок этиш учун даъвогар бўлаётганлардан керакли бўлган хужжатларни ва танлов таклифларини қабул қилиш сўнгги муддати (куни ва соати кўрсатилган ҳолда).



V. ТАНЛОВ ХУЖЖАТЛАРИ УЧУН

АСОСИЙ ШАРТЛАР



Танлов хужжатлари ўз ичига қуйидагиларни олади:


1. Танловда иштирок этиш учун керакли бўлган хужжатлар рўйхати;

2. Танлов иштирокчиси учун йўриқнома;

3. Танловнинг техник қисми;

4. Танловнинг тижорат қисми;


1. Танлов савдоларида иштирок этиш учун керакли бўлган хужжатлар рўйхатида, қандай хужжатларни тақдим этиш лозимлиги ва қўшимча маҳфий маълумотга эга бўлмаган хужжатлар рўйхати сўралиши мумкинлиги кўрсатилган.

Танлов савдоларида иштирок этиш истагини билдирган шахслар эълонда кўрсатилган муддат ичида қуйидаги расмийлаштирилган (имзоланган ва мухрланган) хужжатларни тақдим этадилар:

- танловда иштирок этиш учун Хайъат Раиси номига ёзилган ариза;

- хизмат кўрсатаётган банкдан ҳисоб рақами борлигини тасдиқловчи маълумотнома;

- давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги хужжатлар нусхаси;

- бюджетдан қарзи йўқлиги тўғрисида солиқ органларидан олинган маълумотнома (махаллий иштирокчилар учун);

- шартномалар имзолашга хакли эканлиги тўғрисида нотариал идоралар орқали расмийлаштнрилган ишончиома;

- "Ташкилотчи" хисоб рақамига танлов хужжатлари учун хамда гаров пулини тўланганлиги тўғрисидаги хужжатларнинг нусхаси;

- хизмат кўрсатаётган банкнинг кафолати;

- алохида хатжилдга солинган танлов шарт- шароитларини мукаммаллаштириш бўйича таклифлар (Хайъат қарорида кўрсатиб ўтилган бўлса);

- бошқа маълумотлар (Хайъат ихтиёрига кўра).


2. Танлов иштирокчиси учун йўриқнома қуйидагиларни ўз ичига олади:

- танловларни ўтказиш юзасидан саволларга жавобларни ва аниқликларни олиш мумкин бўлган "Ташкилотчи" билан алоқа учун манзил;

- танловда иштирок этиш учун керакли хужжатлар ва танлов таклифини расмийлаштириш тартиби, уларни имзоланишига доир талаблар;

- танлов таклифи иштирокчи томонидан Хайъатга топширилганидан сўнг унга ўзгаришларни киритиш ва расмийлаштириш тартиби;

- нарх ва валюта таклифи ҳақида кўрсатма;

- Хайъатга танлов таклифини топшириш муолажаси;

- кўрсатилган вақт мобайнида танлов иштирокчиси ўз таклифини қайтариб олмаслигини кафолатловчи гаров пулининг миқдори, уни кириташ ва қайтариш тартиби;

- танлов савдоларининг якуний хулосаси бўйича тузиладиган шартномани интизомли бажарилишини кафолатловчи пул миқдори (кафолат пули), уни киритиш ва қайтариш тартиби;

- танлов хужжатларидаги талаб ва таклифлар билан бир қаторда, танлов иштирокчиларининг муқобил таклифларини кириташ мумкинлиги тўғрисидаги маълумотлар;

- иштирокчини асосланган илтимосига кўра танлов хужжатлари ва таклифларини қабул қилинишининг сўнгги кунини кўчириш мумкинлиги тўғрисида кўрсатма;

- ўтказиладиган танловлар доирасида тузиладиган хар қандай хужжатларнинг маҳфийлигига таяниш;

- таклифлар бўлган хатжилдларни очиш ва Хайъат томонидан танлов ғолибини аниқлаш муддатлари муолажасининг ифодаси.


3. Танловнинг техник қисми қуйидагиларни ўз ичига олади:

- ер майдонини узоқ муддатли ижарага ва доимий фойдаланишга бериш шартлари;

- ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартнома лойихаси;

- ер майдонларини узоқ муддатли ижарага ва доимий фойдаланиш шартлари асосида бериш тўғрисидаги Тошкент шаҳар хокими қарорининг лойихаси;

- Бошплан ЛИИТИ рахбари томонидан имзоланган, мутасадди ташкилотлар билан келишилган лойиҳа- смета хужжатларини ишлаб чиқиш ва мўлжалланлган қурилишни амалга ошириш учун керакли бўлган шаҳарсозлик топшириғи;

- шаҳарсозлик топшириғига қўшимча сифатида (баъзи ҳолларда Комиссия қарори билан) шаҳардаги эксплуатация қилувчи ташкилотлар билан келишилган мухандислик иншоатларига уланиш учун дастлабки техник шарт- шароитлар;


4. Танлов хужжатларининг тижорат қисми қуйидагиларни ўз ичига олади:

- объектнинг бошланғич нархи;

- танлов хужжатлари жамланмасининг нархи;

- танлов таклифи топширилаётган вақтда иштирокчи томонидан бериладиган гаров пули микдори;

- танлов хужжатлари учун тўланадиган хақ ва гаров пулининг тўлов шартлари, шунингдек банк муассасасининг хисоб рақамлари;

- танлов савдоларига қўйилган объект учун тўлов шарти ва муддатлари.



VI. ТАНЛОВ САВДОСИ ИШТИРОКЧИЛАРИ



1. Танлов савдоларида талаб қилинган шартларни эълонда кўрсатилган муддат ичида бажарган, шунингдек аризани ўз вақтида расмийлаштирган махаллий ҳамда хорижий юридик ва жисмоний шахслар қатнашиши мумкин.


2. Танлов савдоларида иштирок этиш учун даъвогар бўлаётган шахслар, оммавий ахборот воситаларида эълон чоп этилгандан кейин, тўлов асосида, ўз ичига хужжатларни ишлаб - чиқиш, чоп этиш, хабар бериш ва иштирокчиларга хизмат кўрсатиш учун кетган харажатларни олган танлов хужжатлари жамланмасини (шахсни тасдиқловчи хужжат ва тилхат асосида берилади) олишлари мумкин.


3. Танлов хужжатларини олиш учун тўлов хақининг миқдори Хайъат томонидан тасдиқланади. Маҳаллий иштирокчилар танлов хужжатларини олиш учун тўлов хақини миллий валюта "сўмда" амалга оширадилар.


4. "Ташкилотчи" керакли хужжатларни қабул қилиб олганидан сўнг, даъвогарни танловда иштирок этиш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Хабар қилинган вақтдан бошлаб танловда иштирок этиш учун берилган ариза тамоман расмийлаштирилган ҳисобланади, ариза берувчи эса "танлов савдоларининг иштирокчиси" мақомига эга бўлади.


5. Мазкур Низом ва келиб тушган аризалар асосида "Ташкилотчи" танлов савдоларини ўтказишга доир хужжатларни йиғади ва мужассамлаштиради.


6. Танлов савдоларида иштирок этиш учун ариза юборган иштирокчилар хақида маълумот ошкор этилмайди. Танлов савдолари ўтказилиши тўғрисидаги эълон чоп этилган вақтдан бошлаб ўтказиб бўлгунга қадар иштирокчилар ўртасида ўзаро маълумот алмашиш ҳамда берилаётган таклифлар тўғрисидаги хабарларни тарқатиш тақиқланади.


7. Хайъат билан келишилган холда, танлов таклифлари бўлган хатжилдларни очиш, таклифларни кўриб чиқиш ва танлов савдоларининг якуни эълон қилинаётган вақтда қатнашиш учун иштирокчиларга Хайъат йиғилиши бўлиб ўтадиган сана, вақти ва манзили кўрсатилган таклифномалар берилади.



VII. ДАЪВОГАРЛАРНИ ТАНЛОВОЛДИ

САРАЛАШ МУОЛАЖАСИ



Танлов савдолари бошланишидан аввал, иштирок этиш истагини билдирган даъвогарлар билан танловолди саралаш муолажаси ўтказилади.

Саралаш муолажасидаи ўтган даьвогарларга танлов савдоларида иштирок этиш хуқуқи берилади.


1. Хайъат томонидан ўтказиладиган танловолди саралаш муолажасида қуйидаги юридик ва жисмоний шахслар танлов савдоларига қўйилмайди:

- қайта тузилиш, тугатилиш ва банкротлик арафасида турган;

- танловолди саралаш муолажаси учун мазкур Низомда кўрсатиб ўтилган барча керакли хужжатларни белгиланган муддат ичида тақдим этмаган;

- танлов савдолари ўтказилиши тўғрисидаги эълон чоп этилганда фаолият кўрсатаётганига олти ойдан кам вақт бўлган;

- хўжалик ва арбитраж судларида судлашиш ҳолатида бўлган;

- тижорат ва молиявий кўрсатгичлари бўйича танлов Хайъати талабларига жавоб бермайдиган.

Ариза берган шахс Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, шунингдек бошқа қонунчилик асосида "сотиб олувчи" сифатида тан олинмаслиги мумкин.


2. Танловда иштирок этиш учун даъвогарлар қуйидагиларга эга бўлишлари керак:

- молиявий манбаларга, бошқариш омилкорлигига, ишончлилик, шунингдек, шартномани бажариш учун ишчи кучига;

- шартномалар имзолаш хуқуқига;

- Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловлари ва ижтимоий таъминот бадалларини тўлаш юзасидан ўз мажбуриятларини бажарган бўлишлари (махаллий даъвогарлар учун).


3. Танлов хужжатларида баён этилган талабларга асосан, Хайъат даъвогарларнинг малакавий маълумотларини баҳолайди.


4. Хайъат даъвогарни қуйидаги ҳолларда, танловда қатнашишдан махрум этади:

- даъвогарнинг малакавий маълумотлари тўғрисида берилган ахборот ёлгон бўлса;

- даъвогарнинг малакавий маълумотлари тўғрисида берилган ахборот моҳияти жиҳатидан ноаниқ ёки тўла бўлмаса.


5. Даъвогарни малакавий маълумоти тўғрисидаги ахборот муҳим бўлмаган даражада нотўлиқ ва ноаниқ бўлса, Хайъат уларни даъвогар томонидан дархол бартараф этилиши шарти билан танловда қатнашиш хуқуқидан махрум этмайди.


6. Танловолди саралаш муолажасидан ўтган даъвогарлар танлов савдоларида қатнашиш хуқуқига эгадирлар.


7. Танловда иштирокини рад этиш қарори Хайъат томонидан қабул қилинади ва бу хақда "Ташкилотчи" даъвогарга ёзма равишда хабар беради.



VIII. КЕРАКЛИ ХУЖЖАТЛАР ВА ТАНЛОВ

ТАКЛИФЛАРИНИ ТУЗИШГА, УЛАРНИ

ЎЗГАРТИРИШГА ДОИР ТУШУНТИРИШЛАР



1. Иштирокчилар танловда иштирок этиш учун керакли хужжат ва танлов таклифларини тўлдириш ва тузиш бўйича тушунтиришларни сўраш ҳуқуқига эгадирлар.


2. Танлов хужжатларининг моҳияти ва ўзгартарилишига доир иштирокчилар билан учрашувлар ўтказилса, баённома тузилиши шартдир.


3. Танлов таклифлари топшириладиган муддатнинг сўнгги кунига 5 кун қолгунга кадар, танлов хужжатлари комиссия Раиси ёки Хайъат аъзоларининг ташаббуси, шунингдек иштирокчиларнинг бири томонидан тушунтиришлар тўғрисидаги сўровига жавоб тариқасида ўзгартирилиши мумкин. Бундай ҳолларда танлов хужжатларига киритилган қўшимчалар зудлик билан танлов хужжатларини олган ва улар учун ҳам мажбурий кучга кирган барча иштирокчиларга юборилади.



IX. КЕРАКЛИ ХУЖЖАТЛАР ВА ТАНЛОВ

ТАКЛИФЛАРИНИ ТОПШИРИШ



1. Танлов савдоларида иштирок этиш истагини билдирган даъвогарлар, иштирок этиш учун керакли бўлган хужжатлар ва танлов таклифларини эълонда кўрсатилган сўнгги қабул кунига қадар топширишлари керак.


2. Агар даъвогарлар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолларда керакли хужжатлар ва танлов таклифларини ўз муддатида топшириш имкониятига эга бўлмасалар, фақат Хайъатнинг қарорига кўра керакли хужжатлар ва танлов таклифларини қабул қилиш муддати узайтирилади. Қабул муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумот барча иштирокчиларга юборилади.


3. Барча хужжат рўйхатлар китобида топширувчи ва қабул қилувчининг имзоси билан, сана ва соат кўрсатилган ҳолда қабул қилинади. Рўйхатлар китоби варақлари саналган ва тикилган, орқа томоницан "Ташкилотчи"нинг муҳри билан муҳрланган бўлиши керак.


4. Даъвогарнинг сўровига кўра, танловда иштирок этиш учун керакли бўлган хужжатлар ва танлов таклифларини қабул қилиб олганлиги тўғрисида "Ташкилотчи" куни ва соати кўрсатилган тилхатни беради.


5. Танлов таклифлари "Ташкилотчи"га буюртма хат орқали ёки мухрланган икки қаватли хатжилдларда топширилади.


6. Танлов савдоларида иштирок этиш учун керакли барча хужжатлар ўзбек ва рус тилларида тузилади. Агар хужжатлар чет тилида тақдим этилса "Ташкилотчи" уларнинг таржимасини сўрашга хақлидир. Тақдим этилаётган хужжатларнинг нусхаси ва таржимаси мутасадди ташкилотлар томонидан тасдиқланиши керак.



X. ТАНЛОВ САВДОЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ



1. Танлов савдоларининг бошланиш санаси оммавий ахборот воситаларида эълон чиққан кун ёки танлов иштирокчисига почта (почта штемпели санасига қараб), телефакс ва бошқа шаклда расмий берилган маълумотга қараб белгиланади.


2. Ўтказилаётган танловлар доирасидаги таклов таклифларини тайёрлаш муддати Хайъат томонидан белгиланади ва танлов савдоларининг очилиши хақидаги эьлонда кўрсатилади.


3. Хайъат таклифларни қабул қилиш муддатини узайтиришга хақлидир. Сўнгги муддат тўғрисидаги барча ўзгаришлар танлов хужжатларшга олган иштирокчиларга зудлик билан юборилади.


4. Хайъат мустақил равишда ўзининг иш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Бу масала юзасидан қарор Хайъат аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолда, Хайъат Раисининг овози ҳал этувчи ҳисобланади.


5. Ҳар бир аниқ ҳолатда Хайъат, танлов иштирокчиси ўз таклифини қайтариб олмаслигини кафолатловчи гаров пулини ўтказиш таритиби, хажми ва шаклини белгилаб беради. Гаров пули миқдори танлов - савдоларига қўйилган объектнинг бошланғич нархидан 10%ни ташкил этади. Гаров пули "Ташкилотчи" суб/рақамига ўтказилади. Маҳаллий иштирокчилар гаров пулини миллий валюта "сўм"да ўтказадилар.


6. Хатжилдларни очиш ва уларни кўриб чиқиш муддати, мазмуни маҳфийлигини таъминлаш тартиби Хайъат томонидан қабул қилинади.


7. Танлов таклифларини қабул қилиш учун сўнгги муддат, танлов савдолари ўтказиш тўғрисидаги эълонда ва почта, телефакс орқали юборилган таклифномаларда кўрсатилган муддат хисобланади.


8. Кўрсатилган муддатдан сўнг келиб тушган танлов таклифлари кўриб чиқилмайди ва улар хатжилдлари очилмаган ҳолда эгаларига қайтариб берилади.


9. Танлов хужжатларини қабул қилиш муддатининг сўнгги кунидан 5 кун аввал, иштирокчи ўз танлов таклифига ўзгартириш киритиши ёки қайтариб олиши мумкин.

Иштирокчи ўз танлов таклифига юқорида кўрсатилган муддатдан сўнг ўзгариш киритса, уни қайтариб олса ёки қабул қилиб бўлмайдиган шартларни илгари сурса, унинг гаров пули қайтариб берилмайди.


10. Танлов савдоларининг шартлари унинг барча иштирокчилари учун мажбурий ҳисобланади.


11. Хатжилдларни очиш ишлари Хайъат йиғилишида белгиланган кун ва вақтда амалга оширилади. Иштирокчилар томонидан тақдим этилган танлов таклифларини кўриб чиқиш, уларни танлов хужжатлари талабига мувофиқлиги, керакли хужжатларни борлиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги текширилади. Ушбу маълумотлар Хайъатнинг йиғилиши баённомасида акс эттирилади.


12. Танлов таклифларини кўриб чиқиш муддати, хатжилдлар очилган вақтдан бошлаб, Хайъат томонидан белгиланади. Белгиланадиган муддат сотиб олинадиган ер участкасининг турига боғлиқ бўлади, лекин уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


13. Хайъат танлов таклифларини танлов шартларига мувофиқлиги билан бир қаторда юқори нарх берган, манфаатли тўлов шартларини таклиф қилган, шунингдек, танлов шартларида белгиланган бошқа мезонлар асосида ғолибларни аниқлайди.


14. Танлов савдоларини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича харажатлар, эксперт ташкилотларининг хизмат хақлари, иштирокчиларнинг танлов хужжатларини сотиб олиш учун киритган маблағлари ҳисобидан қопланади.


15. Танлов савдолари ўтказилиб уни хулосаси чиққанидан сўнг, "Ташкилотчи" иштирокчиларга (ғолиб ва заҳирага олинган ғолиб) гаров пулларини, банк харажатларини чегириб олган ҳолда қайтариб беради.

Гаров пули танлов савдоларининг ғолиби эълон қилингандан сўнг, кўрсатилган муддат ичида, лекин 11 банк кунидан кечиктирилмаган ҳолда қайтариб берилади.

Танлов савдолари ғолибининг гаров пули, шартнома шартларини ўз вақтида ва қониқарли бажариши учун кафолат сифатида "Ташкилотчи" ҳисоб рақамида қолиши мумкин.


16. Танлов савдоларида қатнашиш хуқуқлари ва танлов натижалари бўйича мажбуриятлар бошқа юридик шахсларга берилиши ман этилади.


17. Танлов савдолари Хайъат томонидан қуйидаги ҳолларда ўтмаган деб эълон қилинишн мумкин:

- эълонда кўрсатилган муддат ичида танлов савдоларида иштирок учун бирорта хам ариза тушмаса;

- танлов савдоларига фақат бир иштирокчидан таклиф тақдим этилган бўлса;

- тақдим этилган танлов хужжатлари орасида зарурий хужжатлар бўлмаса;


18. Тақдим этилган танлов таклифларини бирортаси ҳам танлов хужжатлари талабларига жавоб бермаса, танлов савдолари ўтказилган, лекин қониқарсиз натижа берган хисобланади.


19. "Ташкилотчи" ва ариза берувчилар ўртасидаги келишмовчиликлар томонларнинг бири Хайъатга мурожаат қилган вақтдан бошлаб бир хафта муддат ичида кўриб чиқилади. Бу масала юзасидан Хайъат қарори хал қилувчи ҳисобланади.


20. Хайъат йиғилиши, уни аъзоларидан 70% киши қатнашган тақдирда ўтказилиши мумкин. Барча мажлис ва танлов Хайъати томонидан қабул қилинган қарорлар, баённома орқали, танлов савдолари ўтган кундан бошлаб бир хафта муддат ичида расмийлаштирилади ва Хайъатнинг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённомани танлов Хайъатининг Раиси тасдиқлайди.


21. Танлов қатнашчиларининг ҳуқуқларига зид келувчи барча қонунбузарликлар - танловда иштирок этиш учун ёзилган аризани яшириш, якуний натижаларни чиқаришда уларни ҳисобга олмаслик ва бошқалар, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ жавобгарликга тортилади, бу ҳолда танлов савдоларининг натижалари бекор қилинади.



ХI. ТАНЛОВ ТАКЛИФЛАРИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ, БАҲОЛАШ ВА ТАҚҚОСЛАШ



1. Танлов савдоларининг шартларидан келиб чиққан ҳолда, Хайъат иштирокчиларнинг таклифларини танлов хужжатларидаги хамма талабларга мувофиқ бўлган ҳолдагина расмий хужжат сифатида ва ғолибни аниқлашдаги мезонлар асосида кўриб чиқади. Ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун таклиф этилган нарх ғолибни аниқлаш жараёнидаги асосий мезон ҳисобланади.


2. Хайъат талаб қилинаётган маълумот ва хужжатларнинг мавжудлигини, уларни тўғри расмийлаштирилганлигини текширади ва овоз бериш асосида танлов ғолибини аниқлайди.


3. Танлов таклифларини баҳолаш, Хайъат томонидан белгиланган муддат ичида ўтказилади.


4. Танлов таклифларини баҳолаш жараёнида Хайъат келиб тушган таклифларни тасдиқлаш, қўшимча маълумот олиш ва уларга аниқлик киритишни иштирокчилардан сўрашга хақли.


5. Танлов таклифларини баҳолаш учун Хайъат эксперт ва маслахат берувчи ташкилот вакилларини жалб этиши мумкин.


6. Иштирокчилар тақдим этган танлов таклифлари билан танишиб чиқилгандан сўнг, Хайьатининг ҳар бир аъзоси танлов савдоларининг ғолиби тўғрисида ёзма равишда асосли изоҳ тузишга хақли.


7. Икки ёки ундан ортиқ иштарокчининг таклифлари танлов савдоларининг шартларига мос бўлиб, уларда энг юқори нарх кўрсатилган бўлса, у холда Хайъат ғолибни аниқлаш учун қуйидаги қўшимча мезонларини белгилайди:


- эркин муомаладаги валюта (ЭМВ)да тўлов;

- қурилиш, таъмирлаш ёки қайта қуриш;

- Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги.


8. Танлов ғолиби тўғрисидаги расмий қарор Хайъат томонидан қабул қилинади. Бу масала бўйича қарор Хайъат аъзоларини умумий сонидан берилган овознинг кўплиги билан белгиланади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолда, Хайъат Раисининг овози ҳал этувчи ҳисобланади.


9. Танлов таклифларида арифметик хатолар мавжуд бўлса, Хайъат бу таклифни рад этишга хақлидир ёки танлов иштирокчисини бу ҳақда огохлантирган ҳолда таклифни кейинчалик кўриб чиқиш шартларини белгилайди.


10. Танлов таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш танлов хужжатларида кўрсатиб ўтилган мезонлар асосида амалга оширилади.

Танлов таклифларининг қўшимча техник, ташкилий ва тижорат сохасидаги афзалликлари ҳам инобатга олиниши мумкин.


11. Хайъат йиғилишининг натижалари асосида баённома тузилади. Танлов ғолиби тўғрисидаги Хайъат баённомасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:


- танлов Хайъатининг таркиби;

- танлов иштирокчилари ва улар киритган таклифлар хақида маълумотлар;

- ер майдонининг манзили ва хажми;

- ер майдонидан фойдаланиш мақсади;

- иштирокчилар томонидан тақдим этилган танлов таклифларининг жамланма жадвали;

- танлов ғолиби ва заҳирага олинган ғолибнинг номи;

- овоз бериш натижалари ва Хайъат аъзоларининг расмий хулосалари;

- ер майдонларини узоқ муддатли ижарага ва доимий фойдаланишга олиш ҳуқуқини берувчи шартномада кўрсатиладиган ер майдонини сотиб олинган нархи, тўлов шакли, ғолибни аниқлаш учун асос бўлган қўшимча шартлар;

- танлов ғолиби билан тузиладиган шартноманинг муддатлари.

Хайъат йиғилишининг баённомаси унинг аъзолари томонидан имзоланади ва Хайъат Раиси томонидан тасдиқланади.

Танлов савдоларининг иштирокчилари Хайъат йиғилиши баённомаси билан танишиб чиқишга хақли.


12. Агар танлов ғолиби шартномага имзо чекишдан етарли асосларсиз бош тортса, у ҳолда шартнома тузиш хуқуқи заҳирадаги ғолибга берилади, ғолиб томонидан ўтказилган гаров пули қайтарилмайди.

Иккинчи иштирокчи ҳам шартномани имзолашдан бош тортса, танлов натижалари бекор қилинади.


13. Агар танлов савдолари бўлиб ўтмаса ёки қониқарсиз натижага эга бўлса, у ҳолда танлов савдолари қайтадан ўтказилиши мумкин.


14. Ўтказилган танлов савдолари билан боғлиқ бўлган бахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


15. Танлов натижалари (қарор), танлов савдолари ўтказилганидан ва натижалари аниқланганидан сўнг 5 иш кунида маълум қилинади.


16. Танлов таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги маълумотлар баҳолаш муолажасига расман алоқаси бўлмаган шахсларга берилмайди.

Хайъат аъзолари ушбу маълумотларни ошкор этганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



XII. ХАРИДЛАР ТЎҒРИСИДАГИ

ШАРТНОМАНИНГ КУЧГА КИРИШИ



1. "Ташкилотчи" танлов ғолибига 5 иш кунида билдириш хати юборади.


2. Танлов ғолиби билан Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Улушдошликка қатнашиш бўлими ўртасида ер участкаларини узоқ муддатли ижарага ва доимий фойдаланишга олиш ҳуқуқини берувчи шартнома тузилади. Шартнома Тошкент шаҳар ҳокимиятида рўйхатдан ўтгандан сўнг қонуний кучга киради.


3. Маҳаллий иштирокчиларни танлов ғолиби деб топилганда, ғолиб 10 банк куни ичида белгиланган якуний нархни миллий валюта "сўм"да Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Улушдошликка қатнашиш бўлимининг ҳисоб рақамига ўтказади, ўз навбатида Улушдошликка қатнашиш бўлими бу ҳақда "Ташкилотчи", Меъморчилик ва шаҳар бош қурилиши бошқармаси, Ер муносабатлари ва кўчмас мулк кадастри бош бошқармасига хабар беради.


4. Танловда ғолиб чиққан иштирокчи белгиланган муддат ичида пул ўтказишни амалга оширмаса, шартномани имзоламаса ёки шартномада қўйилган талабларни бажарилишини таъминламаса, у холда Улушдошликка қатнашиш бўлими тузилган шартнома бекор қилинганлиги, иштирокчи ғолиблик хуқуқидан махрум этилганлиги, ҳамда унинг гаров пули қайтарилмаслиги тўғрисида ёзма равишда хабар беради. Унинг келгусидаги танлов савдоларига берадиган таклифлари қабул қилинмайди.

Бундай ҳолларда Хайъат қарори билан заҳирага олинган танлов ғолиби шартнома тузиш хуқуқига эга бўлади ёки танловга қўйилган ер майдони кейинги танлов савдоларига қўйилиши мумкин.


5. Агар танлов ғолиби белгиланган муддат ичида пул маблағларини ўтказиб бермаса, у холда тўловни бажара олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган, хамда тез кунда тўловни амалга оширишини кафолатловчи хат асосида Иқтисодиёт мажмуасининг раҳбари - Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарининг қарори билан пул ўтказиш муддати узайтирилиши мумкин.

Танлов савдоларида иштирок этиш учун ғолиб томонидан киритилган гаров пули якуний ҳисоб- китоб вақтида инобатга олинади.


6. Улушдошликка қатнашиш бўлими ҳисоб рақамига танлов ғолиби томонидан ўтказилган пул маблағлари келиб тушганидан сўнг, 10 иш кунида Меъморчилик ва шаҳар қурилиш, Ер муносабатлари ва кўчмас мулк кадастрини тартибга солиш бош бошқармалари томонидан тайёрланган ва расмийлаштирилган танлов хужжатлари жамланмасининг асл нусхаси танлов ғолибига 'Далолатнома асосида. топширилади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан ер участкаси Давлат рўйхатидан ўтказилади.


7. Танлов ғолиби белгиланган муддат ичида шартномани ва мазкур Низомда кўрсатилган бошқа хужжатларни имзолаш учун келмаса, унинг айби билан хужжатларни расмийлаштириш ишлари орқага сурилса, у холда танлов ғолиби ғолиблик ва ер участкасидан фойдаланиш хуқуқидан бош тортган деб ҳисобланади.


8. Танлов савдоларининг натижалари бўйича якуний тўловлар танлов ғолибини ер солиғи ва ижара хақини тўлашдан озод этмайди.


9. Шартномаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши бўйича кузатув ишлари "Ташкилотчи" томонидан амалга оширилади.



XIII. МАҲФИЙЛИК ВА ЖАВОБГАРЛИК



1. Хайъат танловга берилган таклифлар мазмунини рақобатдош иштирокчиларга билдирмаган ҳолда кўриб чиқади.


2. Хар қандай музокаралар маҳфийлик шартига эгадир. Томонлар музокараларнинг хеч қандай техник, нарх ёки ушбу музокараларга таалуқли бўлган бошқа маълумотларни иккинчи томоннинг розилигисиз ошкор этмайди.


3. Қонунчилик олдида қуйидагилар жавобгардир:

- келиб тушаётган танлов таклифларини сақланиши ва махфийлиги учун ишчи гурухи таркибига кирадиган шахслар;

- Хайъат Раиси, Хайъат аъзолари ва таклиф этилган экспертлар танлов таклифларини кўриб чиқиш, тушунтириш, баҳолаш, таққослашга доир маълумотларни ошкор қилмасликлари, танлов иштирокчилари ва бир- бирлари билан тил бириктиришга йўл қўймасликлари, шунингдек бошқа ноқонуний харакатлари учун.


4. Шартномада кўрсатилган шартларни бажармаган танлов ғолиби қонунчиликда ёки шартномада кўрсатилган тартибда жавобгарликга тортилади.


5. Мазкур Низомда белгиланган танлов савдоларини ўтказиш тартиби бузилган холда, унинг натижалари бекор қилиниши мумкин.


6. Тошкент шаҳар Хокимиятининг Улушдошликка қатнашиш бўлими ва танлов ғолиби ўртасида тузилган битим бекор қилинган тақдирда вужудга келадиган бахслар амалдаги қонунчилик асосида томонларнинг бири берган аризага мувофиқ судда ёки арбитраж судида кўриб чиқилади.


7. Ер майдонини узоқ муддатли ижарага ва доимий фойдаланишга олиш ҳуқуқини берувчи асосий ва қўшимча шартларни бажармаган танлов голибидан танлов натижалари асосида ўтказилган якуний туловлари қайтарилмаган холда ер майдони тортиб олиниши мумкин.


8. Ўтказилган танлов савдоларининг натижалари бўйича норозиликларни иштирокчилар 15 календар куни ичида билдиришлари мумкин.



Тошкент шаҳар

ҳокимининг ўринбосари                           Ш.М. Қосимов


Тошкент шаҳар

ҳокимининг ўринбосари                           Н.М. Ханов




























Время: 0.2203
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск