Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Никоҳ ва оила /

Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.04.1999 й. 171-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 12 апрелдаги

171-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида

васийлик ва ҳомийлик тўғрисида

НИЗОМ


I ҚИСМ

ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК ОРГАНЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига биноан васийлик ёки ҳомийлик ота-она вафот этганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда, ота-она муомалага лаёқатсиз деб топилганда, улар касал бўлганда, ота-она узоқ муддат бўлмаганда, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, ту жумладан, ота-она тарбиялаш, даволаш муассасалари ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасадаги ўзининг боласини олишдан бош тортганда, болалар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда, шунингдек, вояга етган, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан уларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш мақсадида, шунингдек, уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланади.


2. Саломатлиги ёмонлиги сабабли мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган, муомалага лаёқатли шахсларнинг илтимосларига биноан, уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун уларга нисбатан ҳомийлик белгиланиши мумкин.


3. Васийлик ва ҳомийлик туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.


4. Васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга ошириш;

а) 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан - халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларига;

б) суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан - соғлиқни сақлаш бўлимларига;

в) соғлиғи ёмонлиги сабабли ҳомий тайинлашга муҳтож бўлган муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларига юкланади.

5. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшайдиган, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқароларига ва соғлиғи туфайли ўз ҳуқуқини мустақил равишда амалга ошира олмайдиган, ва ўз мажбуриятини бажара олмайдиган Ўзбекистон Республикасининг вояга етган фуқароларига нисбатан васийлик ва ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари зиммасига юкланади.


6. Васийлик ва ҳомийлик органларидан ташқари бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш ва жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди.



II. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК

ОРГАНЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


7. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига биноан васийлик ва ҳомийлик органлари қуйидаги вазифаларни амалга оширадилар:

а) ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлайдилар, уларни ҳисобга олади ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳар бир ҳолатидан келиб чиқиб, болаларни жойлаштириш шаклларини танлайдилар (149-модда);

б) бола манфаатлари учун зарур ҳолларда унга васий ёки ҳомий тайинлайдилар (177, 179-моддалар);

в) туман, шаҳар ҳокимига вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш юзасидан тавсияномалар тайёрлайдилар (151 модда);

г) болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида келишув тузадилар ва уни бекор қиладилар (195, 196-моддалар);

д) васийга:

васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битам (шартнома)лар тузишга;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулкни тақсимлаш, уни бир йилдан ортиқ муддатга гаровга қўйиш ёки ижарага беришга;

васийликдаги шахс номидан мерос ва (ёки) ҳадя олишдан воз кечишга;

васийликдаги шахсга қарашли турар жойни айирбошлашга;

васийликдаги шахсга тегишли ҳар қандай ҳуқуқдан воз кечишга розилик берадилар;

е) васийликдаги ва ҳомийликдаги шахснинг таъминоти учун маблағлар етарли бўлмаган ҳолларда, унинг таъминоти учун нафақа тайинлайдилар (186-модда);

ж) васий ёки ҳомийдан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни инсофсизлик ёки эътиборсизлик билан бажариши натижасида васийликдаги шахсга етказилган мулкий зарарни тўлашни талаб қиладилар (191- модда);

з) ҳомийни ҳомийлик қилишдан озод қиладилар, васий ва ҳомийни ўз мажбуриятларини бажаришдан четлатадилар (187, 188-моддалар);

и) васий ёки ҳомийнинг хатти-ҳаракатлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқадилар (193-модда);

к) фарзандликка олиш сирининг сақланишини таъминлайдилар, фарзандликка олган ва фарзандликка олишни истовчи шахсларнинг, фарзандликка олинганларнинг, шунингдек, васийлик ва ҳомийликка эҳтиёжи бор вояга етмаганларнинг, васий ва ҳомий бўлишни ҳамда болаларни тарбияга олишни истовчи шахсларнинг, васийликка ва ҳомийликка ҳамда тарбияга олинган вояга етмаганларнинг, васийлар ва ҳомийларнинг ҳисобини юритадилар.

л) белгиланган тартибда фарзандликка олишни бекор қилиш ёки (фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш учун судга ҳужжатлар тайёрлайдилар;

м) давлат муассасалари (интернатлар)га юборилган вояга етмаган болаларнинг ҳисобини олиб боради ва уларга оид ҳужжатлар тайёрлайди;

н) ота-оналар ўртасида пайдо бўладиган боланинг исми ва (ёки) фамилиясига алоқадор келишмовчиликларни, шунингдек болаларнинг таълим ва тарбиясига тааллуқли масалаларни ҳал қиладилар (69, 75-моддалар);

о) васий ва ҳомий мажбуриятларининг бажарилиши ва ҳуқуқларининг амалга оширилиши устидан йилда камида 2 марта назоратни амалга оширадилар, оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб борадилар ва бу ҳақда тегишли маълумотномалар тузадилар (182, 200-моддалар);

п) суд қарорига асосан бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мулкини ишончли бошқариб турувчи шахсни аниқлайдилар ва у билан шартнома тузадилар (Фуқаролик кодексининг 34-моддаси);

р) ота-оналар ва болалар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолларда болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил тайинлайдилар (74-модда);

с) белгиланган тартибда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этадилар, судларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уларнинг ҳуқуқини чеклаш тўғрисида, шунингдек, ота-оналик ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда иштирок этадилар (80, 82, 83 моддалар);

т) вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қиладилар (эмансипация) (Фуқаролик кодексининг 28-моддаси);

у) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширадилар.


8. Васийлик ва ҳомийлик органлари васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга ошириш юзасидан қарорлар қабул қиладилар ва уларни манфаатдор муассасаларга, ташкилотларга ва шахсларга эълон қиладилар.


9. Васийлик ва ҳомийлик органлари ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига, бошқа қонун ҳужжатларига, мазкур Низомга, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарорларига амал қиладилар.


10. Васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятига раҳбарликни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва жойлардаги давлат ҳокимият органлари амалга оширадилар.



III. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК

ОРГАНЛАРИНИНГ АЛОҲИДА ВАЗИФАЛАРИ


А. Судлар томонидан болалар тарбияси тўғрисидаги низоларни кўриб чиқишда васийлик ва ҳомийлик органларининг қатнашуви


11. Суд томонидан болалар тарбияси тўғрисидаги низолар кўриб чиқилаётганда, боланинг ҳимояси учун ким даъво тақдим қилганлигидан қатъи назар, васийлик ва ҳомийлик органи ишда қатнашишга жалб қилиниши керак.


12. Васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳамда уни ўз тарбиясига беришни талаб қилаётган шахснинг (шахсларнинг) турмуш шароитларини текширувдан ўтказиш ва текшириш далолатномасини ҳамда унга асосланган низо моҳияти бўйича хулосани судга тақдим қилиши шарт.


13. Боланинг ҳаётига ёки унинг соғлиғига бевосита хавф туғилганда васийлик ва ҳомийлик органи болани ота-онадан (уларнинг биридан) ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан тортиб олишга ҳақлидир. Болани зудлик билан тортиб олиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг тегишли далолатномаси асосида амалга оширилади.


14. Бола тортиб олинганда васийлик ва ҳомийлик органи тезда прокурорни хабардор қилиши, болани вақтинча муайян ерга жойлаштириши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи болани тортиб олиш ҳақидаги далолатномаси чиқарилгандан кейин етти кун мобайнида ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уларнинг ота-оналик ҳуқуқларини чеклаш ҳақида судга даъво билан мурожаат этиши шарт.


15. Болани тортиб олиш ва уни бошқа шахсга (шахсларга) бериш билан боғлиқ ишлар бўйича суднинг қарорларини мажбурий тартибда ижро этиш албатта васийлик ва ҳомийлик органи ва бола тарбиялашга берилаётган шахс (шахслар) иштирокида, зарур ҳолларда эса, ички ишлар органи вакили иштирокида амалга оширилиши лозим.


Б. Туғилишни қайд қилишда васийлик ва ҳомийлик органининг ваколатлари


16. Ота ва оналари ҳақидаги маълумотлар бўлмаган ҳолларда ота ва она ҳақидаги ёзувлар "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари"га ва мазкур Низомга биноан васийлик ва ҳомийлик органи кўрсатмаси бўйича ёзиб қўйилади.


17. Боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади.

Агар ота-оналар турли фамилияларда бўлса, унда ота-онанинг келишувига биноан болага улардан бирининг фамилияси берилади. Ота-онанинг хоҳишига кўра болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра ота ёки она томонидан бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин. Ота-она ўртасида боланинг исми ва (ёки) фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан келишмовчиликлар васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.


18. Ота-оналар ўртасида никоҳдан ажралиш ёки никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши болаларнинг фамилияси ўзгаришига сабаб бўлмайди. Агар ажралишдан, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганидан кейин ёки ота-онадан бири оталик ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганидан сўнг болани ўз тарбиясига олган ота ёки она унга ўз фамилиясини беришни хоҳласа, бу масалани васийлик ва ҳомийлик органи томонидан боланинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади.


В. Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан болалар тарбияси ва улар билан кўришиб туриш тўғрисида масалаларнинг ҳал этилиши


19. Болалар тарбияси ва таълимига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан уларнинг ўзаро келишуви бўйича ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишувлар бўлмаса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


20. Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота-она билан ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади.


21. Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга бўлади.

Ота-оналар (улардан бири) боланинг яқин қариндошларга у билан кўришиб туришни рад этган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай кўришиб туришларга тўсқинлик қилмасликка мажбур қилиши мумкин.


Г. Васийлик ва ҳомийлик органининг болаларни фарзандликка олиш ва оилага тарбияга бериш билан боғлиқ масалалардаги ваколатлари


22. Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига биноан ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилади.


23. 10 ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

Фарзандликка олиш учун боланинг розилиги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан аниқланади.


24. Агар бола васийлик ёки ҳомийликда бўлса ва уни фарзандликка олиш учун ота-она розилиги талаб қилинмаса, фарзандликка олиш васий ёки ҳомийнинг розилиги билан амалга оширилади.


25. Васийлик ва ҳомийлик органи Оила кодексининг 168 ва 169-моддаларида белгиланган ҳолларда фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисида ёки фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиши мумкин.


26. Агар даъво васийлик ва ҳомийлик органига нисбатан қилинган бўлса, у бу ҳақда фарзандликка олган шахсга хабар беришга мажбур, фарзандликка олган шахс ишни кўриб чиқишда жавобгар томонида иштирок этишга ҳақлидир.


27. Васийлик ва ҳомийлик органи тутинган ота-оналарни танлашни амалга оширади, улар билан болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисида келишув тузади.


28. Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишув узрли сабаблар (касаллиги, оилавий ёки мулкий мавқеининг ўзгариши, тарбиясидаги болалар билан ўзаро бир-бирини тушунмаслик ва бошқа сабаблар) мавжуд бўлса, болаларнинг тутинган ота-онаси ташаббуси билан, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органларининг ташаббуси билан ёки бола ота-онасига қайтарилган ёхуд бола фарзандликка олинган тақдирда муддатидан илгари бекор қилиниши мумкин.

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни бекор қилишга оид низолар суд тартибида ҳал қилинади.


29. Васийлик ва ҳомийлик органи оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб боради.


Д. Васийлик ва ҳомийлик органининг вояга етмаганларни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) бўйича ваколатлари


30. Вояга етмаган, ўн олти ёшга тўлган шахс агар у меҳнат шартномаси бўйича ишлаб турган ёки ота-онаси, фарзандликка олганлар ёхуд ҳомийнинг розилиги билан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб турган бўлса, тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.

Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига кўра иккала ота-онанинг, фарзандликка олганларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан, ёхуд бундай розилик бўлмаган тақдирда, суд қарори билан амалга оширилади.



IV. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК ОРГАНИНИНГ

ҚАРОРИ ҲАМДА ВАСИЙ ВА ҲОМИЙНИНГ

ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


31. Васийлик ва ҳомийлик органининг васий ёхуд ҳомийни тайинлаш ёки васий ёхуд ҳомийни бу вазифадан четлатиш тўғрисидаги қарори, шунингдек, васийлик ва ҳомийликнинг бошқа барча масалалари юзасидан манфаатдор шахслар томонидан судга шикоят қилиниши мумкин.


32. Васий ва ҳомийнинг хатти-ҳаракатлари устидан ҳомийнинг турар жойидаги тегишли васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга ҳомийликдаги шахснинг ўзи, давлат муассасалари, жамоат бирлашмалари ва бошқа фуқаролар томонидан шикоят қилиниши мумкин.


33. Васийлик ва ҳомийлик органининг қарори ҳамда васий ва ҳомийнинг хатти-ҳаракатлари устидан қилинган шикоятлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



V. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК

ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ


34. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган муассасалар (мактабгача тарбия муассасалари, умумтаълим, даволаш ва бошқа муассасалар)нинг мансабдор шахслари ва бошқа фуқаролар бу ҳақда болаларнинг аниқ турган жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига хабар беришлари шарт.

Васийлик ва ҳомийлик органи бундай хабарни олган кундан бошлаб боланинг турмуш шароитини текшириб чиқиши ва бола ота-она ёки қариндошлари қарамоғидан маҳрум бўлганлиги аниқланганда, уни жойлаштириш масаласи ҳал бўлгунга қадар боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.


35. Васийлик ва ҳомийлик органи васийлик ва ҳомийлик мажбуриятларининг бевосита бажарилиши учун васий ва ҳомийни тайинлайди.


36. Васий ёки ҳомий тайинлашда унинг шахсий фазилатлари, тегишли мажбуриятларни бажаришга қобилияти, мазкур шахс ва васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахс ўртасидаги мавжуд муносабатлар, шунингдек, 10 ёшга тўлган ҳомийликка олинувчининг ўз хоҳиши эътиборга олиниши лозим.


37. Васийлик ва ҳомийлик органларига васийлик ёки ҳомийлик белгилаш зарурати маълум бўлган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирилмасдан васий ёки ҳомий тайинланиши лозим.


38. Васий, ҳомий ва болаларни тарбияга олган шахсларнинг мажбуриятлари бажарилиши ва уларнинг ҳуқуқлари амалга оширилиши устидан назорат васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.


39. Васийлик ва ҳомийликка оид ишларни кўриб чиқишда васийлик ва ҳомийлик органи васий ёки ҳомий бўлишни хоҳловчи шахсларни, васий ва ҳомийларни, ариза берувчиларни, манфаатдор ва ишга алоқадор шахслар (қариндошлар, жамоат бирлашмалари вакиллари, экспертлар, гувоҳлар ва бошқалар)ни ҳамда айрим ҳолларда васийликка ёки ҳомийликка муҳтож шахсларни таклиф қилиши мумкин.

Кўрсатиб ўтилган шахсларнинг келмаганлиги, агар васийлик ва ҳомийлик органи уларнинг иштирокини мажбурий деб ҳисобламаса, ишнинг кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмайди.


40. Васийлик ва ҳомийлик органлари васий ва ҳомийни улар зиммасига қонун билан юкланган мажбуриятларни лозим даражада бажармаган ҳолларда уларни бу мажбуриятларни бажаришдан четлатади.


41. Васий ёки ҳомий ўз зиммасига юкланган вазифалардан ғаразгўйлик ёки бошқа мақсадларда фойдаланганида, ҳомийликдаги шахсни назоратсиз ва зарур ёрдамсиз қолдирганида, васийлик ва ҳомийлик органи айбдорни қонун билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун зарур чоралар кўриши мумкин.


42. Васийлик ва ҳомийлик органлари васий ёки ҳомийдан ўз зиммасига юкланган вазифаларни инсофсизлик ёки эътиборсизлик билан бажариши натижасида етказилган мулкий зарарни тўлашини талаб қилиши шарт, васийлик ва ҳомийлик тугатилганда эса, васийлик ва ҳомийликда бўлган муомалага лаёқатли шахс ҳам бундай талабни қўйишга ҳақли.


43. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳомийликдаги вояга етмаган шахслар ўз иш ҳақларини, нафақаларини, стипендияларини ва бошқа даромадларини мустақил равишда тасарруф қилишга ҳақлидир. Етарли асослар бўлганда васийлик ва ҳомийлик органи уларнинг бу маблағларни мустақил тасарруф қилиш ҳуқуқини чеклаш ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилиш юзасидан судга мурожаат этиши мумкин, фуқаролик кодексининг 22-моддасининг иккинчи қисмида ва 28-моддасида назарда туғилган ҳоллар бундан мустасно.


44. Васий ва ҳомийлар васийлик ва ҳомийлик органларига йил тугаши билан келгуси йилнинг бошида (10 январгача) ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкининг сақланиши ва бошқарилиши, уларга тегишли пул маблағлари ва бошқа қимматли буюмларни сақлашнинг аҳволи ҳақида ёзма ҳисобот тақдим қиладилар.


45. Васийлик ва ҳомийлик тугаганида, васий ва ҳомийни ўз мажбуриятини бажаришдан четлатилганда, шунингдек, вояга етган шахсга ҳомийлик қилиш мажбуриятидан озод этилганида васийлик ва ҳомийлик органи мол-мулк, пул маблағларини ва бошқа қимматли буюмларнинг сақланиши чора-тадбирларини кўради.

Васий ва ҳомий васийлик ва ҳомийлик органига ўзининг фаолияти тўғрисида ахборот беради.


46. Васийлик ва ҳомийлик бўйича иш юритиш тегишли равишда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш, соғлиқни сақлаш бўлимлари ҳамда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан юритилади.


II ҚИСМ

ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Васийлик ва ҳомийлик ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни таъминлаш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, шунингдек, уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида белгиланади.


2. Васийлик 14 ёшга тўлмаган болаларга ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, ҳомийлик эса 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларга ва суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги ҳолларда белгиланади:

ота-онаси вафот этган бўлса;

ота-онаси суд қарори билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганида ёки уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда;

ота-онаси касал бўлганда;

ота-онаси суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

ота-онаси б ойдан ортиқ муддат бўлмаган ҳолларда, агар бу болаларнинг манфаатлари учун зарур бўлса;

ота-онаси бедарак йўқолганда;

ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, шу жумладан, ота-она тарбия, даволаш муассасалари, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш муассасалардан боласини олишдан бош тортганда, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда.


3. Соғлиғининг ёмонлиги сабабли мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан ҳомийлик шу шахсларнинг илтимосига биноан белгиланиши мумкин.



II. ВАСИЙ ВА ҲОМИЙЛАРНИ ТАНЛАШ ВА ВАСИЙЛИККА

ЁКИ ҲОМИЙЛИККА БЕРИЛИШИ КЕРАК БЎЛГАН

ШАХСЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


4. Мактабгача таълим, умумтаълим, даволаш муассасалари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уй-жой хўжалиги органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вояга етмаганлар иши бўйича комиссиялар, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар ва бошқа муассасалар, шунингдек фуқаролар васийлик ва ҳомийлик органларига:

ота-онаси ёки фарзандикка олувчилари бўлмаган болалар тўғрисида;

ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган болалар тўғрисида;

ота-онасининг тарбиясида бўлиши болалар манфаатларига зид бўлганда,, шунингдек уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун бевосита таҳдид мавжуд бўлган болалар тўғрисида;

ота-онаси 6 ойдан ортиқ йўқ бўлган болалар тўғрисида, агар бу болаларнинг манфаатлари учун зарур бўлса;

ота-онасининг касаллиги сабабли ота-онасининг қаровисиз қолган болалар тўғрисида;

ота-онаси уларни тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидан ва бошқа шунга ўхшаш муассасалардан олишдан бош тортган болалар тўғрисида;

одам савдосидан жабрланган болалар тўғрисида;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахслар тўғрисида;

соғлиғи туфайли ҳомий тайинланишига муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли шахслар тўғрисида маълумотлар беришга мажбурдирлар.

5. Васийлик ёки ҳомийлик органлари васийлик ва ҳомийлик бўйича мажбуриятларни бевосита амалга ошириш учун ушбу органларга васийлик ёки ҳомийлик тайинлаш лозимлиги маълум бўлган вақтдан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан васий ёки ҳомий тайинлайди.


6. Васий ёки ҳомий этиб вояга етган ҳар икки жинсдаги фуқаролар уларнинг розилиги билангина, мазкур Низомнинг З6-бандининг I қисмида назарда туғилган ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда, тайинланиши мумкин.


7. Тарбиялаш ва даволаш муассасалари, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва бошқа шунга ўхшаш муассасалар тарбияси ва таъминотида бўлган шахсларга васийлик ёки ҳомийлик белгиланмайди, васий ва ҳомий мажбуриятларини бажариш ушбу муассасаларга юкланади.


8. Қуйидаги шахслар васий ва ҳомий қилиб тайинланиши мумкин эмас;

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

собиқ фарзандликка олувчилар агар фарзандликка олганлиги Оила кодексининг 169-моддасига мувофиқ бекор қилинган бўлса;

қонун билан зиммаларига юкланган мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликлари ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганликлари учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларидан четлатилганлар;

руҳий ёки наркологик муассасаларда рўйхатда турганлар;

қасддан содир эттан жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар.



III. ВАСИЙЛИК ЁКИ ҲОМИЙЛИКНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ УЧУН ТАЛАБ

ҚИЛИНАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


9. Васий ёки ҳомий бўлишни истовчилардан васий ёки ҳомийликка олишни расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

а) васийликка ёки ҳомийликка олувчиларнинг исми, фамилияси, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда қачондан бери турганлиги ва уларнинг бирга ёки алоҳида яшаши, оилада фарзандлар бўлса, уларнинг сони ва ёши ва васийлик ёки ҳомийликка олинувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, ёши, шунингдек, васийлик ёки ҳомийликка олиш асослари кўрсатилган ариза;

б) шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

в) турар жойидан оила аъзолари кўрсатилган маълумотлар;

г) никоҳ гувоҳномаси (никоҳдан ажралганлик гувоҳномаси) нусхаси;

д) иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;

е) иш жойи ёки турар жойидан тавсифнома;

ж) васий ва ҳомий бўлишни истовчи шахсларнинг соғлиғи тўғрисидаги врачлик маслаҳат комиссиясининг хулосаси, руҳий ва наркология муассасалари, тери-таносил диспансери маълумотномалари.


10. Васийлик ва ҳомийлик органлари васийликка ёки ҳомийликка берилаётган шахс тўғрисида қуйидаги ҳужжатларни тайёрлайди:

туғилганлик ҳақида гувоҳнома( паспорт) нусхаси;

ота-онасининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалар нусхаси ёки   ота-онасининг ёки улардан бирининг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги ёхуд бедарак йўқолган деб топилганлиги ҳақида суд қарори;

ота-оналарнинг болаларни тарбиялашдан ва таъминотидан бўйин товлаганлиги ҳақидаги, ота-оналарга қидирув эълон қилинганлиги ҳақидаги ҳужжатлар, ички ишлар, даволаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларнинг   болаларнинг   ота-онасиз   қолганлиги   тўғрисидаги далолатномалари;

саломатлиги тўғрисида тиббий муассасанинг хулосаси;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланаётган шахснинг турар-жойи мол-мулки, тўғрисидаги маълумот;

васийлик ва ҳомийлик органининг болани васийлик ёки ҳомийликка олишни  хоҳлаётган  оиланинг маиший турмуш  шароитлари, оила аъзоларининг саломатлиги ва оиланинг бошқа шароитлари тўғрисидаги текширув далолатномаси.



IV. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИКНИ

БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


11. Васийлик ёки ҳомийлик васий ёки ҳомий бўлишни хоҳловчи шахсларнинг аризасига биноан туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.

Васийлик ва ҳомийлик васий ёки ҳомий тайинланишга муҳтож бўлган шахс яшаётган жойда, агар шахснинг муайян яшаш жойи бўлмаса, васий ёки ҳомий яшаётган жойда белгиланади.


12. Васийлик ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкини бошқариш мол-мулк жойлашган ерда белгиланади.

Васийлик ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкини бошқариш, уларга тегишли мол-мулкни бошқаларга ўтказиш, васийлик ва ҳомийликдаги шахсларга тегишли пул ва бошқа қимматли буюмларни сақлаш, мол-мулкни бошқариш ва сақлаш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тартиби ва шартлари, шунингдек, васийлик ва ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкини бошқариш ва сақлаш бўйича васий ва ҳомийларнинг ҳисобот бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



V. ВАСИЙ ВА ҲОМИЙНИНГ ҲУҚУҚ

ҲАМДА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Васийлар ўз қарамоғидаги шахсларнинг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ва улар номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузадилар.

Ҳомийлар ўз қарамоғидаги шахсларга улар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашадилар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари учинчи шахслар томонидан суиистеъмол этилишидан ҳимоя қиладилар.

Васийлар ва ҳомийлар васийлик ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини барча муассасаларда, шу жумладан, судда ҳам алоҳида ишончномасиз ҳимоя қилади.


14. Васий ва ҳомий:

турар жойи ўзгарганлиги тўғрисида васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилиши;

васийлиги ва ҳомийлигидаги болаларни тарбиялаши, уларнинг таъминоти, саломатлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиши, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;

ўз қарамоғидаги вояга етмаган болалар билан бирга яшаши шарт. 16 ёшга тўлган ҳомийликдаги боланинг ўз ҳомийсидан алоҳида яшашига, башарти бу унинг тарбиясига ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишига салбий таъсир қилмаса, васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан йўл қўйилади.


15. Васий ва ҳомий қуйидагиларга:

васийлиги ва ҳомийлигидаги боланинг фикри, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда болани тарбиялаш усулларини мустақил равишда белгилашга;

васийлиги ёки ҳомийлигидаги болани қонуний асослар бўлмасдан туриб, ўз қарамоғида сақлаб турган ҳар қандай шахслардан, шу жумладан, боланинг яқин қариндошларидан суд тартибида қайтариб беришни талаб қилишга ҳақлидирлар.


16. Васий ва ҳомий боланинг ўз ота-онаси ва   бошқа яқин қариндошлари билан кўришиб туришига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас, бундай кўришиш бола манфаатларига зид ҳоллар бундан мустаснодир.


17. Васий ёки ҳомий, агар ўз қарамоғидаги шахсни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ёхуд психотроп моддаларни истеъмол қилиши натижасида муомала лаёқати чекланган деб топилишига асос бўлган ҳолатлар барҳам топса, уни муомалага лаёқатли деб топишни ва васийлик ёки ҳомийлик бекор қилинишини сўраб судга мурожаат этиши шарт.


18. Васий васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан;

васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битим (шартнома)лар тузишга;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулкни тақсимлаш, бир йилдан ортиқ муддатга гаровга қўйиш ёки ижарага беришга;

васийликдаги шахс номидан мерос ва (ёки) ҳадя олишдан воз кечишга;

васийликдаги шахсга қарашли турар жойни айирбошлашга;

васийликдаги шахсга тегишли ҳар қандай ҳуқуқдан воз кечишга ҳақлидир.


19. Васий ва ҳомий, уларнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийлик ва ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васий ёки ҳомийнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди.


20. Васийлик ва ҳомийлик вазифалари бепул бажарилади. Васий ва ҳомий ўз васийлиги ёки ҳомийлигидаги шахсга таъминот беришга мажбур эмас.

Васий ва ҳомийнинг ўз васийлиги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти учун қилган харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур шахснинг маблағи ҳисобидан қопланади, бу маблағ етарли бўлмаган тақдирда эса, унинг таъминоти учун васийлик ва ҳомийлик органлари нафақа тайинлаши мумкин.


21. Соғлиғининг ёмонлиги сабабли ҳомий белгиланишига муҳтож бўлган вояга етган шахснинг ҳомийси ўз ҳомийлигидаги шахс талаби билан ҳомийлик мажбуриятидан озод қилиниши лозим. Бундай ҳолда васийлик ва ҳомийлик органлари ҳомий тайинланишига муҳтож шахснинг розилиги билан унга бошқа шахсни ҳомий этиб тайинлаши мумкин.



VI. ВАСИЙ ВА ҲОМИЙЛАР

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


22. Васий ва ҳомий ҳуқуқларининг амалга оширилиши ҳамда мажбуриятларининг бажарилишини васийлик ва ҳомийлик органлари назорат қилади.


23. Васий ёки ҳомий ўз зиммасига қонун билан юкланган мажбуриятларни лозим даражада бажармаганида васийлик ва ҳомийлик органлари тавсиясига кўра туман (шаҳар) ҳокими васий ёки ҳомийни бу мажбуриятларни бажаришдан четлатади.



VII. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИКНИНГ ТУГАШИ


24. Васийлик қуйидаги ҳолларда:

васийликдаги шахс ёки васий вафот этганда;

вояга етмаганларга нисбатан - улар 14 ёшга тўлганда ёки улар ота-онаси тарбиясига қайтарилганда;

қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганлар учун - уларнинг муомала лаёқати суд томонидан тикланган ҳолларда тугайди.


25. Вояга етмаган бола 14 ёшга тўлганлиги сабабли васийлик тугаганида васий вазифасини бажарувчи шахс махсус тайинланмасдан вояга етмаган боланинг ҳомийси бўлиб қолади.


26. Ҳомийлик қуйидаги ҳолларда:

ҳомийликдаги шахс ёки ҳомий вафот этганда;

ҳомийликдаги шахс вояга етганда;

ҳомийликдаги шахс ота-онасига қайтарилганда;

ҳомийликдаги шахс никоҳга кирганда;

вояга етмаган шахс тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация);

фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;

ҳомийликдаги вояга етган шахснинг соғлиғи яхшиланганлиги туфайли у мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва мажбуриятларини бажариш мумкин бўлганда тугайди.
















































Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск