ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларни қўллаш тўғрисида хат (Олий судининг 25.01.1999 й. 11-13-99-сон, Прокуратуранинг 28.01.1999 й. 7-3-99-сон, Олий хўжалик судининг 25.01.1999 й. 01/41-сон, Адлия вазирлигининг 21.01.1999 й.)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИНИНГ

26.01.1999 й.

N 11-13-99


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

25.01.1999 й.

N 01/41


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРОКУРАТУРАСИНИНГ

28.01.1999 й.

N 7-3-99


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ

21.01.1999 й.


Ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларни қўллаш тўғрисида

ХАТ



Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларни қўллашда йўл қўйилаётган қонунбузарликларни бартараф этиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш мақсадида суд, прокуратура ва адлия идоралари ўз фаолиятларида қуйидагиларга алоҳида эътибор беришлари лозим:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-314-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 ноябрдаги 523-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида"ги Низом билан Адлия вазирлигига вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий мажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертиза қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш вазифаси юклатилган.

Ушбу ваколатни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 17 июндаги 294-сонли қарори билан "Вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисида"ги Низом тасдиқланган ва ушбу санадан бошлаб вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўзларининг умумий мажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатларини Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборишлари белгиланган.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги 469-сонли "Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан идоравий меъёрий ҳужжатларни* қабул қилиш, уларни кучга киритиш ва қўллаш тартиби такомиллаштирилиб, қуйидагилар белгилаб қўйилган:

а) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий мажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, агар ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, кучга киради ва бажарилиши керак. Айрим ҳолларда амалдаги қонун ҳужжатлари билан меъёрий ҳужжатларни амалга киритиш бўйича бошқа қўшимча талаблар ҳам белгилаб қўйилиши мумкин. Шунга кўра, ушбу ҳужжатларни кучга киритиш учун, уларни давлат рўйхатидан ўтказишдан ташқари, белгиланган тартибга ҳам тўлиқ амал қилиниши лозим (масалан, уларни матбуотда чоп этилиши ва бошқалар);

б) давлат рўйхатидан ўтказилмаган меъёрий ҳужжатлар кучга кирмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ҳамда тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, ундаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун фуқаролар, мансабдор шахслар, корхоналар ва ташкилотларга жазо қўллаш учун асос бўлмайди;

в) меъёрий ҳужжатнинг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб рақами ва санаси кўрсатилмаган ҳолда тарқатилиши ва эълон қилиниши ман этилган.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги 469-сонли қарорининг 1-бандига кўра меъёрий ҳужжат (ёки унинг қисми) қуйидаги хусусиятларнинг биттаси ёки бир нечтасига эга бўлса умумий-мажбурий тусга эга бўлади:

- фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган;

- мазкур бошқарув органи тизимига (таркибий қисмига) кирмайдиган корхоналар ва ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган;

- идоралараро тусдаги (яъни иккита ёки ундан ортиқ органлар тизимига тааллуқли бўлса).


4. Умумий-мажбурий тусга эга бўлмаган идоравий ҳужжатлар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмайди ва улар тегишли идоралар томонидан тасдиқлангандан сўнг, ички идоравий муносабатларни тартибга солиш учун қўлланилиши мумкин. Ушбу ҳужжатлар ички идоравий муносабатлар чегарасидан ташқарига чиқувчи муносабатларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас. Шунингдек, ички идоравий ҳужжатлар амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.

Агарда ички идоравий ҳужжатда уни умумий мажбурий тусга эга эмаслиги белгиланган бўлса, лекин у фуқароларга ҳамда уни қабул қилган идоранинг тизимига кирмайдиган бошқа ташкилот ва корхоналарга нисбатан қўлланилса, бунинг натижасида келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар асоссиз деб ҳисобланади ва бекор қилиш учун асос бўлади.


5. 1993 йил 17 июнидан 1997 йил 9 октябргача бўлган давр мобайнида қабул қилинган ҳамда Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилмасдан қўлланилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 17 июндаги 294-сонли қарори билан белгиланган тартибни бузиб қабул қилинган ҳисобланади ҳамда ноқонуний ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. 1997 йил 9 октябрдан кейин қабул қилинган идоравий меъёрий ҳужжатлар эса мазкур хатнинг 2-бандида кўрсатилган тартибда қабул қилинади ва кучга киритилади.


6. 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган умумий-мажбурий тусдаги идоравий меъёрий ҳужжатлар амалдаги қонунларга зид бўлмаган қисмида қўлланилади. Агарда ушбу ҳужжатларга 1993 йил 17 июндан кейин ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса, у ҳолда улар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Мазкур қоида бажарилмаган тақдирда бундай ҳужжатлар ноқонуний қабул қилинган ҳисобланади ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.


7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 апрелдаги 210-сонли "Собиқ ССР Иттифоқининг қонунга оид ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорининг 1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг тегишли меъёрий ҳужжатлари қабул қилингунга қадар, собиқ Иттифоқ идоравий меъёрий ҳужжатларининг Республика Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаган қисми амал қилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган умумий-мажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатлар 1998 йил 1 июлдан бошлаб Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмоқда. Марказий банк томонидан 1998 йил 1 июль кунигача қабул қилинган умумий мажбурий меъёрий ҳужжатлар, улар давлат рўйхатига олингунга қадар қонунларга зид бўлмаган қисмида амалда бўлади. Ушбу қоиданинг ҳаракатда бўлиши 1999 йил 1 мартдан бошлаб тўхтатилади ва Марказий банкнинг умумий-мажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатларига мазкур хатнинг 2-бандида кўрсатилган талаблар тўла тадбиқ этилади.


9. Суд, прокуратура ва адлия идоралари олиб борилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни кенг қўлланилишини таъминлашлари лозим.


10. Амалиётда мазкур масалалар юзасидан вужудга келадиган муаммолар бўйича бевосита Адлия вазирлигига мурожаат этилиши тавсия қилинади.



Олий судининг раиси                                                 У. Мингбоев



Олий хўжалик судининг раиси                                   М. Абдусаломов



Бош прокурори                                                          У. Худойқулов



Адлия вазири                                                              С. Мирсафоев







Время: 0.0039
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск