ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суғурта / Суғурта бозори иштирокчилари. Суғурта ташкилотлари /

Суғурталовчи ва қайта суғурталовчининг инвестиция фаолияти тўғрисида Низом (АВ томонидан 16.07.2009 й. 1982-сон билан рўйхатга олинган Молия вазирининг 03.07.2009 й. 68-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 16 июлда 1982-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2009 йил 3 июлдаги

68-сон буйруғига

ИЛОВА


Суғурталовчи ва қайта суғурталовчининг

инвестиция фаолияти тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги ПҚ-618-сон "Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 158-модда) мувофиқ суғурталовчи ва қайта суғурталовчининг инвестиция фаолиятига оид талабларни белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат ижтимоий суғурта ташкилотларига нисбатан қўлланилмайди.


2. Мазкур Низом мақсадларида қўлланиладиган асосий тушунчалар:


диверсификация - маблағлар ёки улардан олинадиган даромадларнинг эҳтимол тутилган йўқотишлар таваккалчилигини пасайтириш мақсадида суғурталовчи (қайта суғурталовчи) маблағларининг турли қўйилма объектлари ўртасида тақсимланиши;

инвестициялар - фойда олиш мақсадида иқтисодий ва бошқа фаолият объектларига жойлаштириладиган суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ҳар қандай шаклдаги қўлга киритилган ёки назорат қилинадиган активлари;


инвестиция фаолияти - суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлари мажмуи;


ликвидлик - суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ўз мажбуриятларини бажариши учун маблағларининг номинал қийматини сақлаб қолган ҳолда уларни пул маблағларига тезлик билан конверсиялаш имконияти;


масъул шахс - инвестиция фаолиятини ташкил этиш бўйича мажбурият юклатилган суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ходими;


фойдалилик - суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) инвестицияларидан даромад олиши;


қайтарилиш - суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) маблағларини жойлаштиришнинг аниқ шароитларида инвестицион таваккалчиликни энг паст даражага келтириш орқали имкон қадар юқори хавфсизлигини таъминлаш. Ушбу ҳолатда инвестицион таваккалчилик деганда инвестициялардан олинган ҳақиқий фойда мўлжалланган фойдадан паст бўлиши эҳтимоли тушунилади.



II. ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИ ОБЪЕКТЛАРИ


3. Қуйидагилар суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестиция фаолиятининг объектлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари;

хорижий давлатларнинг давлат қимматли қоғозлари;

банк сертификатлари (депозит сертификатлари);

кредит ташкилотларига қўйилган омонатлар (депозитлар);

кўчар ва кўчмас мол-мулк (бинолар, иншоотлар, ускуналар ва бошқа моддий бойликлар) ҳамда уларга доир ҳуқуқлар;

юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш улуши;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқариш ва муомалага киритишга рухсат берилган, ёки тегишли ваколатли орган томонидан берилган қимматли қоғозлар бозорида савдони ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга (рухсатномага) эга бўлган хорижий эмитентлар томонидан чиқарилган ҳамда қимматли қоғозлар бозорида муомалага қўйилган қимматли қоғозлар;

ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари устав капиталида улушли иштирок этиш, шунингдек ипотека қимматли қоғозларини сотиб олиш;

лизинг ташкилотларига қарзлар (молиявий ёрдам);

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чиқарилган корпоратив облигациялар.

4. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестицияларни қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган инвестиция фаолиятининг бошқа объектларига ҳам амалга ошириши мумкин.


5. Барпо этилиши ва фойдаланилиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозликка оид ва бошқа талабларга жавоб бермайдиган, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган объектларга инвестиция киритиш тақиқланади.



III. ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИГА

ОИД АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


6. Молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ўз активларини қайтарилиш, ликвидлик, диверсификация ва фойдалилик принциплари асосида жойлаштириши лозим.


7. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестиция фаолиятини амалга оширишда қуйидаги асосий шартларга риоя этишга мажбур:

инвестициялар ва улар билан боғлиқ таваккалчиликларни малакали бошқариш;

ахборотларнинг шаффофлиги ва конфиденциаллигини таъминлаш.


8. Инвестициялар ва улар билан боғлиқ таваккалчиликларни малакали бошқариш суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан қуйидаги йўллар билан таъминланади:

суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестиция фаолиятининг асосий йўналишлари кўрсатиладиган инвестиция сиёсатини тасдиқлаш;

зарурат бўлганда, инвестиция фаолиятини ташкил этишга инвестиция маслаҳатчилари, инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар ва қимматли қоғозлар бозорининг бошқа профессионал иштирокчиларини жалб қилиш;

инвестициялаш объектларини таҳлил қилиш ва олинган даромадлиликни даврий баҳолаш ва ҳ. к.


9. Ахборотларнинг шаффофлиги ва конфиденциаллиги қуйидаги йўллар билан таъминланади:

ахборотни қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ошкор этиш;

амалга оширилган инвестициялар тўғрисида таъсисчилар олдида ҳар йили ҳисобот бериш;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ходимлари ва бошқарув органлари аъзолари томонидан хизмат ва маҳфий ахборотдан суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) инвестиция сиёсатига мувофиқ фойдаланиш.


10. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестиция фаолиятини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

а) Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2008 йил 22 апрелдаги 41-сон буйруғи билан тасдиқланган "Суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом" (рўйхат рақами 1806, 2008 йил 12 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 20-21-сон, 178-модда) билан белгиланган суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) активларини жойлаштиришга оид талабларга ва Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2008 йил 20 ноябрдаги 107-сон буйруғи билан тасдиқланган "Суғурталовчиларнинг суғурта захиралари тўғрисидаги низом" (рўйхат рақами 1882, 2008 йил 15 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 529-модда) билан белгиланган суғурта захираларини жойлаштириш тартибига оид талабларга риоя қилиш;

б) молиявий, техник ва ахборот ресурслари мавжудлигини таъминлаш;

в) маблағларни инвестиция қилиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида масъул шахснинг ёзма хулосаларини олиш;

г) масъул шахснинг ушбу Низом билан белгиланган малакавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш.


11. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлган ва суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) тўлов қобилиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган таваккалчиликларни бошқариш тизимини ташкил этиши лозим.



IV. ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


12. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) жорий молиявий йилнинг 20 декабрига қадар кейинги молиявий йил учун суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) Кузатув кенгаши ёки бошқа ваколатли органи томонидан тасдиқланадиган инвестиция сиёсатини ҳар йили ишлаб чиқади.


13. Инвестиция сиёсати қуйидаги асосий элементларни назарда тутиши лозим:

инвестиция фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ таваккалчиликларнинг таҳлили;

суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларининг инвестиция фаолияти объектлари бўйича узоқ муддатли тақсимланиши;

суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларининг инвестиция фаолияти объектлари, географик ҳудудлар ва иқтисодиёт соҳалари бўйича тақсимланиш лимитлари;

инвестиция фаолиятининг маълум бир объектларига инвестиция қилишнинг чекловлари ва тақиқлари;

масъул шахсларнинг қарорларни қабул қилишдаги ваколат чегаралари ва суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) активларини инвестиция қилишдаги чекловларини белгилаш;

масъул шахсларга қўшимча малакавий талаблар;

масъул шахс томонидан экспертиза ўтказиш ва хулоса тайёрлаш тартиби;

инвестиция фаолияти билан боғлиқ ёмон шароитлар оқибатларини юмшатишга оид фавқулодда ҳолатдаги тадбирлар режаси.


14. Маблағларни инвестиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар масъул шахс зарур ҳужжатларни (бизнес-режа, ҳисоботлар ва ҳ. к.) йиғади ва маблағларни инвестиция қилиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан экспертиза ўтказади. Масъул шахс экспертиза натижаси бўйича зарур ҳужжатларни олган кундан бошлаб бир ҳафталик муддат ичида ўзининг ёзма хулосасини тайёрлайди.


15. Масъул шахс ўз хулосасининг тўғрилиги, объективлиги ва асослилиги учун шахсан жавоб беради.


16. Инвестиция қайтарилиши муддатини кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш масаласи фақатгина етарли асос бўлгандагина амалга оширилади.


17. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестиция объектлари ва турлари бўйича тақсимланиши, инвестицияларни жойлаштириш ва тугатиш саналари, фоиз ставкалари, олинган дивидендлар (фоизлар), битимлар бўйича фойдалар акс эттирилган инвестициялар бўйича ички ҳисобот юритиши лозим.


18. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) қуйидагиларни ўз ичига олган қарорлар қабул қилиш ва инвестиция фаолиятидаги чекловлар бўйича мажбуриятларнинг турли бўлинмалари ўртасида тақсимланишини таъминлаш учун тегишли назоратни амалга ошириши лозим:

а) масъул шахс бухгалтерия операцияларини ўтказмаслиги, пул маблағларини қабул қилмаслиги, бухгалтерия проводкалари солиштирмасини тасдиқламаслиги ва амалга оширмаслиги лозим;

б) инвестиция фаолиятини ташкил этиш ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳамда бирламчи ҳужжатлар ва бухгалтерия ёзувлари билан солиштирилган бўлиши шарт.


19. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ҳар йили ўз инвестиция фаолиятининг қонунчилик шартлари ва талаблари ва тасдиқланган инвестиция сиёсатига риоя этилиши юзасидан ички назоратни амалга ошириб бориши шарт.


20. Ички назоратни олиб бориш натижалари бўйича Кузатув кенгаши ёки суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) бошқа ваколатли органига тақдим этилувчи ҳисобот тайёрланади.



V. МАСЪУЛ ШАХСГА ҚЎЙИЛАДИГАН

МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


21. Масъул шахс қуйидаги малака талабларига мос келиши лозим:

а) Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий (иқтисодиёт, молия, бухгалтерия, математика, ахборот технологиялари соҳаларида) маълумотга ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида тан олинган олий (иқтисодиёт, молия, бухгалтерия, математика, ахборот технологиялари соҳаларида) маълумотга эга бўлиши;

б) юридик шахснинг молиявий ва иқтисодий фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган 1 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши (ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш стажи ҳисобга олинмайди).

Бунда, масъул шахс қуйидагилардан бирига эга бўлган тақдирда, унга иш стажига эга бўлиш бўйича талаб қўйилмайди:

"Сертификатланган ички аудитор (CIA)" ёки "Сертификатланган молиявий таҳлилчи (CFA)" халқаро сертификатлари;

"Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)", "Сертификатланган дипломли бухгалтер (ACCA)", "Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)" ёки "Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (CPA)" халқаро бухгалтерлик сертификатлари;

"Сертификатланган риск менежери (CRM)" ёки "Молиявий риск менежери (FRM)" таваккалчиликни бошқаришга оид халқаро сертификатлари.

22. Масъул шахс этиб, ушбу шахс томонидан амалга оширилган ҳаракатлар юридик шахсни банкротликка ёки уни мажбурий тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқарилишига олиб келганлиги бўйича маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда, банкрот деб топилган ёки суд томонидан уни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтгача бир йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари, бош бухгалтери ёки ходими бўлган шахс тайинланиши мумкин эмас.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


23. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) инвестиция фаолиятини чеклаб қўйиш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) қарори ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа тартибда амалга оширилиши мумкин.


24. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 29-сон, 340-модда.
















































Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск