Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.07.2004 й. 323-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 10 июлдаги

323-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Саноатда,

кончиликда ва коммунал-маиший секторда

ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат

қилиш давлат инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси ("Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси) барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан республика ҳудудида саноат ва радиация хавфсизлигига, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари ва норматив-техник ҳужжатларга, шунингдек давлат томонидан тартибга солишнинг бошқа чора-тадбирларига риоя этилиши устидан давлат назоратини белгиланган тартибда амалга оширувчи саноат хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда матнда Давлат инспекцияси деб аталади) ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Давлат инспекцияси, унинг минтақавий инспекциялари ва унга идоравий мансуб ташкилотлар Ўзбекистон Республикасининг саноатда хавфсизлик соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг ягона тизимини ташкил этади.

Минтақавий инспекциялар маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил ҳисобланади ва бевосита Давлат инспекциясига бўйсунади.


3. Давлат инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Давлат инспекциясининг саноат ва радиация хавфсизлиги, шунингдек ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

5. Давлат инспекцияси ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади ҳамда халқаро битимлар асосида бошқа давлатларнинг давлат назорат органлари билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлик қилади.


6. Давлат инспекцияси, унинг тармоқ ва минтақавий инспекциялари фаолиятини молиялаштириш Давлат инспекциясига ажратиладиган давлат бюджети маблағлари доирасида, хизмат кўрсатиладиган корхоналар ва Давлат инспекциясига идоравий мансуб ташкилотлар маблағлари, шунингдек бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ва амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


7. Давлат инспекцияси, унга идоравий мансуб ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Давлат инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан саноат ва радиация хавфсизлиги соҳасидаги, газ таъминоти ва газдан фойдаланиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал хом ашёни қайта ишлаш ва металлургия жиҳатидан саралаш, геология-қидирув ишлари, шунингдек кон ишларини геология-маркшейдерлик хизмати билан таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

саноат ва радиация хавфсизлиги ишларининг, шунингдек бехатар олиб борилишини таъминлаш соҳасида олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

газ хўжалиги тизимида ва кўп квартирали турар жойлар ва республиканинг коммунал-маиший объектларининг газ таъминотида хавфсизлик таъминланишини назорат қилиш;

саноат ва радиация хавфсизлиги ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш масалалари бўйича илмий-техник дастурларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида саноат ва радиация хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳарбийлаштирилган кон-қутқариш қисмларига тезкор ва методик раҳбарлик қилиш;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда қабул қилиш;

саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш, саноат хавфсизлиги соҳасида фаолият кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимларини жорий этиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши ва ривожлантирилишини таъминлаш;

саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш тартибини ва экспертиза хулосаларини расмийлаштириш талабларини белгилаш.

9. Давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари билан келишган ҳолда ишлаб чиқаришлар (технологиялар), объектлар, асбоб-ускуналар ҳамда потенциал хавфли ишлаб чиқаришлар ва технология объектларига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини белгилайди ва тасдиқлайди;

саноатда ишларни бехатар олиб бориш, ускуналар, лойиҳалаштирилиши, тайёрланиши, тузилиши ва ишлатилиши, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал хом ашёни қайта ишлаш ҳамда металлургия жиҳатидан саралашга доир талаблар мавжуд бўлган давлат стандартлари ва бошқа норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва белгиланган тартибда келишиб олади ҳамда ушбу масалалар бўйича қоидалар ва нормаларни тасдиқлайди;

ўз ваколатлари доирасида фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни ташкил этади;

ўз ваколатларига кирувчи алоҳида иш турларига белгиланган тартибда рухсатномалар беради ва уларни бекор қилади;

фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхоналар ва объектларни тугатиш ва консервация қилишда ер ости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан бажарилиши керак бўлган техник талабларни белгилайди (ишларнинг хавфсизлиги, фойдали қазилмалар конларини ишга туширишда ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларида фойдаланишга яроқли бўлган кон маҳсулотларини сақлаш қисми бўйича);

фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун, шунингдек фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қурилиши ва улардан фойдаланиш учун кон ажратиш ҳужжатларини беради;

қазиб олиш жараёнида қазиб олинган ва йўқотилган фойдали қазилмалар захираларини қазиб олиш корхоналари ҳисобдан чиқаришни келишиб олади ва саноат учун аҳамиятини йўқотган ёки кейинги геология-қидирув ишларида ва конларни қазишда тасдиқланмаган захираларни ҳисобдан чиқариш учун хулосалар беради;

минерал хом ашёни қазиб олишда ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларнинг нормадан ортиқча йўл қўйилган йўқотишларини аниқлайди;

кон қазувчи ва қайта ишловчи корхоналарнинг геология-қидирув ишлари лойиҳаларини, техник лойиҳаларини, ишларни бехатар олиб бориш юзасидан техник ечимларга доир кон ишлари режаларини, фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишда, минерал хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларнинг камайиши ва майдалашуви нормативларини келишиб олади;

шахталар (конлар)нинг, нефть-газ тармоғи қудуқларининг бир тоифадан бошқа тоифага ўтказилишини тасдиқлайди ва келишиб олади;

ишларнинг айрим масъулиятли технологик босқичларини, технологик регламентларни ва бошқаларни олиб бориш иш режаларини келишиб олади;

газ назорати объектларини, босим остида ишловчи буғ ва сув иситиш қозонларини, идишларни, буғ ва иссиқ сув қувурларини ва кўтариш иншоотларини рўйхатдан ўтказади;

турар жойлар ва коммунал-маиший объектларнинг газ хўжалиги тизимида техника хавфсизлигини таъминлаш соҳасида коммунал-маиший корхоналар хизматлари томонидан норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатлар бажарилишини текширади ва мониторинг олиб боради;

ўз назорати остидаги корхоналар ва объектларни фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссиялари таркибида қатнашиш учун вакилларни тайинлайди, ушбу объектларда фойдаланиш учун қабул қилиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади;

тегишли ўқув юртларида меҳнат хавфсизлиги ҳамда ер ости масалалари ва илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш дастурларини шакллантириш ва келишишда қатнашади;

саноат ва радиация хавфсизлиги ҳамда ер ости бойликларини муҳофаза қилиш соҳасида хавфли ишлаб чиқариш объектлари ходимларини тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси томонидан захираларни тасдиқлашда қабул қилинган қарорлар ва хулосаларнинг ер ости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан бажарилишини назорат қилади;

назорат остидаги объектларда саноат ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш хавфсизлиги жиҳатидан хорижий технологияларни ва асбоб-ускуналарни қўллаш имкониятлари тўғрисида эксперт хулосасини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

саноатда ишларни бехатар олиб боришни назорат қилиш, кон назорати, атом энергетикаси ва илмий тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади, Давлат инспекцияси ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ташкилотлар, бошқа мамлакатларнинг тегишли назорат органлари билан белгиланган тартибда алоқа ўрнатади;

саноат хавфсизлиги масалалари, саноат хавфсизлиги соҳасида эксперт ташкилотларини аккредитация қилиш ва Давлат инспекцияси ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив техник ҳужжатларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда қабул қилади;

хавфли юклар ва портловчи моддалар транзитига қонун ҳужжатларига мувофиқ хулосалар беради ва уни назорат қилади;

ўз назоратидаги объектларда авариялар ва ишлаб чиқариш травматизмининг олдини олиш тадбирлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ҳамда корхоналарнинг, ҳарбийлаштирилган кон-қутқариш қисмининг нефть фонтанига қарши, газдан қутқариш бўлинмаларининг ва авария-диспетчерлик хизматларининг содир бўлиши мумкин бўлган аварияларни бартараф этиш ва уларнинг оқибатларини тугатишга тайёрлигини назорат қилади, шунингдек кўрсатиб ўтилган бўлинмаларни жойлаштириш схемаларини келишиб олади.

хавфли ишлаб чиқариш объектлари давлат реестрида хавфли ишлаб чиқариш объектлари ҳисобини юритади;

ташкилотларнинг хавфли ишлаб чиқариш объектини ишлатишга тайёрлигини ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектидаги аварияларнинг тарқалишини чеклаш ва оқибатларини тугатишга доир саъй-ҳаракатларини текширади;

хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги экспертизасини ташкил этади;

саноат хавфсизлиги соҳасида эксперт ташкилотлари аккредитациясини белгиланган тартибда амалга оширади;

саноат хавфсизлиги экспертизаси натижаси бўйича эксперт хулосаларни тасдиқлайди;

саноат хавфсизлиги декларациялари тўғри ишлаб чиқилиши ва тақдим этилиши мониторингини олиб боради;

ишлаб турган ва қурилаётган хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини декларациялашнинг ўтказилишини назорат қилади;

хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф муҳитга зарар етказилганлиги учун мажбурий жавобгарликни суғурта қилишда хулоса беради;

юқори техноген хавфли зоналарнинг давлат кадастри юритилишини мувофиқлаштиради;

меҳнат хавфсизлиги ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш, назорат фаолиятини такомиллаштириш, авариялар ва ишлаб чиқаришда майиб бўлишнинг олдини олиш зарурлигини тарғиб қилади.

10. Давлат инспекцияси:

кўмир, кон-руда ва норуда, кимё, металлургия, нефть ва газ қазиб олиш, нефть ва газни қайта ишлаш саноатида, геология-қидирув ташкилотларида, магистрал нефть-газ ва уларнинг маҳсулотларини узатиш қувурларида, ишлаб чиқариш жараёнида газдан фойдаланишда, портлаш ва ёнғин хавфи бўлган объектларда, дон сақлаш ҳамда уни қайта ишлаш объектларида, ер остида транспорт ва гидротехника қурилишларини олиб боришда, портлаш ва ёнғин хавфи бўлган қурилиш объектларида ва бошқа тармоқларнинг ўта хавфли объектларида;

саноат портловчи моддалари ва портлатувчи воситаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ишлатиш ва ҳисобга олишда;

газ, нефть ва уларнинг маҳсулотлари узатиладиган магистрал қувурларни, шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойларини газ билан таъминлаш тизимларини, шунингдек нефть маҳсулотларини, табиий ва суюлтирилган (пропан-бутан) газларни ташиш, сақлаш ва фойдаланиш билан боғлиқ объектларни лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва таъмирлашда;

нефть ва газ излашда, нефть ва газ қудуқларини қазишда, уларни синаб кўришда ва ишлатишга тайёрлашда;

портлаш ва ёнғин хавфи бўлган назорат остидаги ишлаб чиқаришларни ва объектларни қуришда, реконструкция қилишда, улардан фойдаланишда ва уларни таъмирлашда;

ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда;

радиоактив материаллар ва рудаларни (ваколатига кўра), ионловчи нурланиш манбалари мавжуд бўлган буюмларни ташиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни кўмиб ташлаш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва ҳисобга олишда, ядро объектларидан ва ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи ёки уларни олувчи бошқа объектлардан фойдаланишда;

кўтариш иншоотларини, буғ ва сув иситиш қозонларини, босим остида ишлайдиган идишларни, буғ ва иссиқ сув қувурларини, шунингдек назорат остидаги бошқа объектларни барпо этиш, лойиҳалаш, тайёрлаш, монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишда;

хавфли юклар ва портловчи моддаларни транзит ташишда ўз ваколатларига мувофиқ давлат назоратини амалга оширади.

Давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўз минтақавий инспекциялари ва ўзига қарашли ташкилотлар орқали ҳал қилади.



III. ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан корхоналар ва объектларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

назорат остидаги корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарларига, шунингдек Давлат инспекцияси назорати остидаги объектларга эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларига саноат ва радиация хавфсизлиги ҳамда ер ости бойликларини муҳофаза қилиш талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

саноат ва радиация хавфсизлиги талаблари бузилган ҳолда олиб борилаётган ишларни белгиланган тартибда тўхтатиб туриш, шунингдек одамлар ҳаёти хавф остида қолганда ёки авария ҳолати вужудга келганда уларни иш жойларидан чиқариш, иш жойларини ёки ускуналарини муҳрлаб қўйиш;

ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ҳамда саноат ва радиация хавфсизлиги талабларини бузганлик учун мансабдор шахслар ва фуқароларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида маъмурий жавобгарликка тортиш;

ўз назорати остидаги ишлаб чиқаришлар учун ходимлар тайёрловчи курсларни, шунингдек кон ва портлатиш ишлари олиб борилишига жавоб бериш ҳуқуқи бериладиган мутахассислар тайёрловчи курсларни ташкил этиш, ўта хавфли ишларни бажариш учун тайёрланадиган шахслардан имтиҳонлар олиш ва уларга тегишли гувоҳномалар бериш;

ўз назорати остидаги объектларда мутахассисларнинг хавфсизлик қоидалари ва нормаларини, технологик регламентларни ва ишчиларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш йўриқномаларини билишларини текшириш, ўз назорати остидаги корхоналар, шу жумладан саноат соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширувчи корхоналар раҳбарлари ва мутахассисларининг хавфсизлик ҳамда ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларини билишларини текширишда белгиланган тартибда қатнашиш;

Давлат инспекцияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича хавфли ишлаб чиқариш объектларини ишлатадиган ташкилотларнинг раҳбарлари ҳисоботларини эшитиш;

саноат хавфсизлигини экспертиза қилиш ҳуқуқини берадиган аккредитациялаш аттестатининг амал қилишини бекор қилиш ва тўхтатиб туриш;

қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда тайёрланган саноат хавфсизлиги экспертизаси хулосасини белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб эътироф этиш;

саноат хавфсизлиги соҳасида экспертиза ва аккредитациядан ўтказиш бўйича қонун ҳужжатлари талаблари бузилган тақдирда белгиланган тартибда эксперт гувоҳномасини бекор қилиш ёки амал қилишини тўхтатиб туриш;

саноат хавфсизлигини экспертиза қилиш бўйича аккредитация қилинган ташкилотлар фаолиятини инспекцион назорат қилиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш;

ўз назорати остидаги корхоналар ва давлат бошқаруви органлари раҳбарларига саноат ва радиация хавфсизлиги ҳамда ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидалари, йўриқномалари ва бошқа норматив-техник ҳужжатлар талабларини бузувчи шахсларни эгаллаб турган лавозимидан белгиланган тартибда бўшатиш ёки ишларга техник раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан бир йилгача муддатга маҳрум этиш тўғрисида тақдимнома киритиш;

айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш;

аварияларнинг ҳолатлари ва сабабларини, ишлаб чиқариш жароҳати, портловчи материалларнинг йўқолиши ҳолатларини белгиланган тартибда техник жиҳатдан текшириш ва текшириш натижалари бўйича ўз ваколатига киритилган масалаларга оид бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;

зарур ҳолларда корхоналар ва ташкилотлар томонидан асбоб-ускуналар ва материалларнинг назорат синовлари, иш бажариладиган муҳит ва атроф табиий муҳит таҳлиллари, лойиҳа ва лойиҳа-конструкторлик ечимларининг мустақил экспертизаси ўтказилишини тайинлаш;

тайёрловчи заводларда ва таъмирлаш корхоналарида ўз назорати остидаги саноат тармоқлари учун асбоб-ускуналарнинг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини текшириш, улар стандартлар, саноат хавфсизлиги талабларига ҳамда тасдиқланган лойиҳа ечимларига мувофиқ бўлмаган тақдирда уларнинг ишлаб чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ва қўлланишини тақиқлаш;

вазирликлар, идоралар, давлат бошқаруви бошқа органларидан, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналардан ўз ваколатига тегишли масалалар бўйича зарур ахборотларни белгиланган тартибда олиш;

мансабдор шахсларда ва фуқароларда ишларга ва уларнинг бажарилишига техник раҳбарлик қилиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлар мавжудлигини, шунингдек ўта хавфлилик билан боғлиқ ишлар учун махсус белгиланган талабларга риоя қилинишини текшириш;

хизмат кўрсатиладиган корхоналар ҳисобига молиялаштириладиган минтақавий инспекцияларга тезкор ҳамда методик раҳбарлик қилиш;

вазирликлар, идоралар ва корхоналар билан келишган ҳолда шартнома асосида уларнинг мутахассисларини ишлаб чиқаришлар, объектлар ва ишларнинг хавфсизлиги ҳамда ер ости бойликларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ мустақил экспертизалар ва ишланмалар ўтказиш учун шартнома асосида жалб қилиш.

Давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Давлат инспекцияси инспекторлари ўз вазифаларини бажаришлари учун назорат остидаги корхоналар уларни хизмат хоналари, алоқа воситалари, махсус кийим-бош ва ҳимоя воситалари, транспорт билан таъминлайдилар, шунингдек уларга доимий бириктириб қўйилган минтақавий инспекциялар инспекторларига коммунал хизматлар кўрсатиладиган ва телефон алоқаси бўлган идоравий турар-жой ажратишда кўмаклашадилар, идоравий мактабгача болалар муассасаларида ва санаторий-курорт муассасаларида жой берадилар, тиббий хизмат кўрсатиш ва ижтимоий-маиший таъминот масалаларини ҳал қиладилар.


13. Давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.


14. Давлат инспекцияси ва унинг минтақавий инспекциялари мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажармаганликлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



IV. ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Давлат инспекциясига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ бошчилик қилади.

Давлат инспекцияси бошлиғининг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ўринбосари бўлади.

Бошлиқ мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирига, ўринбосар эса - тегишли равишда вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


16. Давлат инспекцияси бошлиғи:

Давлат инспекцияси фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Давлат инспекциясига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

зарурат бўлганда Давлат инспекцияси бошқарув аппарати тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади, штат жадвалини ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

белгиланган тартибда Давлат инспекциясининг таркибий бўлинмалари ва минтақавий инспекциялари тўғрисидаги низомларни, ўзига қарашли ташкилотлар низомларини (уставларини) тасдиқлайди, Давлат инспекциясининг ҳарбийлаштирилган кон-қутқариш қисми тўғрисидаги низом бундан мустасно;

Давлат инспекцияси бошқаруви аппарати ходимларини ҳамда ўзига қарашли ташкилотлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Ҳарбийлаштирилган кон-қутқариш қисми штабининг ҳарбийлаштирилган кон-қутқариш қисмининг аварияга учраган одамларни қутқаришга, юз бераётган аварияларни бартараф этишга ва корхоналарда авария-техника ишларини бажаришга тайёрлигини таъминлаш бўйича ишлари устидан назоратни ташкил этади.

Бошлиқ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


17. Тармоқ инспекциялари ва минтақавий инспекциялар ўз фаолиятини Давлат инспекцияси томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширадилар.


18. Хавфли ишлаб чиқариш объектларини ишлатиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш учун Давлат инспекцияси ҳузурида Давлат инспекцияси бошлиғи бошчилик қиладиган Саноат хавфсизлиги бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилади. Саноат хавфсизлиги бўйича идоралараро кенгашнинг шахсий таркиби ва Кенгаш тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Давлат инспекцияси бошлиғи томонидан тасдиқланади.

19. Давлат инспекциясида бошлиқ (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари (лавозимига кўра), шунингдек Давлат инспекцияси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Давлат инспекцияси бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Давлат инспекцияси фаолиятининг республика ҳудудида барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан саноат ва радиация хавфсизлиги, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича қонун ҳужжатлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши юзасидан давлат назоратини амалга оширишни давом эттириш, шунингдек саноат ва радиация хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кон назорати соҳасида олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Давлат инспекцияси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Давлат инспекцияси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Давлат инспекцияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари бошлиқнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Бошлиқ ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда бошлиқ пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

20. Инспекторлар таркибига ва Давлат инспекцияси органлари ходимларига белгиланган тартибда фарқлаш белгилари бўлган формали кийим-бош ва ягона намунадаги гувоҳнома берилади.


21. Давлат инспекциясини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 28-сон, 321-модда.













































Время: 0.0186
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск