язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Аҳоли бандлиги/ Ижтимоий ҳимоя қилинишга муҳтож бўлган ва ишга жойлашишда алоҳида қийинчиликларга дуч келадиган шахсларни ишга қабул қилишни ташкил қилиш учун ишчи ўринларининг энг кам миқдорини белгилаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.05.1992 й. 235-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 13 майдаги

235-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ижтимоий ҳимоя қилинишга муҳтож бўлган ва ишга

жойлашишда алоҳида қийинчиликларга дуч келадиган

шахсларни ишга қабул қилишни ташкил қилиш учун

ишчи ўринларининг энг кам миқдорини белгилаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Давлат иш қидиришда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларни қўшимча кафолатлар билан таъминлайди, шу жумладан:

ёлғиз ҳамда 14 ёшгача бўлган болалари ва ногирон болалари бўлган кўп болали ота-оналарни;

таълим муассасаларини тамомлаган ёшларни;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати қўшинларидан бўшатилганларни;

ногиронларни;

пенсия ёшига яқинлашиб қолган кишиларни;

жазони адо этиш муассасаларидан озод этилган ёки суд қарори билан тиббий тусдаги мажбурий чора-тадбирлар кўришга юборилган шахсларни.

2. Аҳолининг кўрсатилган гуруҳларини иш билан таъминлаш мақсадида жойлардаги давлат ҳокимияти органлари корхоналарга, муассаса ва ташкилотларга, мулкчилик ва хўжалик юритишнинг шаклларидан қатъи назар, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни ишга қабул қилиш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилайдилар.

Ишловчиларнинг умумий сонидан фоизларда иш жойларининг умумий квоталар барча корхоналарга жорий қилинади (рўйхатдаги сони 100 кишидан ошмайдиган корхоналар бундан мустасно). Квоталар ҳисобига тўлиқсиз иш куни (ҳафтаси) ва касаначилик ишларини ташкил этиш мумкин.

3. Ҳудудида корхоналар жойлашган маҳаллий ҳокимликларга ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар учун ходимлар сонининг ўзгаришига мувофиқ иш жойларининг энг кам миқдори ҳар йили қайта кўриб чиқиш ҳуқуқи биркитиб қўйилади.


II. ЭНГ КАМ МИҚДОРДАГИ ИШЧИ ЎРИНЛАРИНИ

БЕЛГИЛАШ ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБЛАРИ

4. Ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахсларнинг ҳар бир гуруҳи бўйича ишчи ўринларининг энг кам миқдори тўғрисидаги таклифлар аҳолини иш билан таъминлашнинг аҳволи, мавжуд иш жойларини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни ҳисобга олган ҳолда, шаҳар, ноҳия меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ва маҳаллий бошқарув органларининг қарори билан тасдиқланади.

5. Ихтисослаштирилган иш жойларини яратиш учун ишчи ўринларининг энг кам миқдорининг умумий миқдори корхоналарда ишловчиларнинг умумий сонига нисбатан 7 фоиз, шу жумладан, ногиронлар учун камида 3 фоиз ҳажмида белгиланади.

Иш берувчиларнинг белгиланган энг кам миқдордан ортиқча ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун қўшимча иш жойларини ташкил этишга, щунингдек, уларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қилган сарф-харажатлари Давлат аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

Корхоналарнинг ҳудудий квоталари тўғрисидаги маълумотлар календарь йил бошланишидан камида уч ой олдин маълум қилиниши керак.

6. Маҳаллий ҳокимликлар иш жойлари яратиш учун ишчи ўринларининг энг кам миқдори белгиланадиган корхоналар доирасини чеклаш, шунингдек, турли корхоналар учун ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахсларнинг меҳнати характери ва корхона имкониятларидан келиб чиқиб аҳоли гуруҳлари бўйича квоталарнинг миқдорини ҳар хил корхоналар учун табақалаштириш ҳуқуқига эгадирлар.

7. Шаҳар (ноҳия) меҳнат органлари иш жойларининг энг кам миқдори ҳисобини олиб боради ва бундай иш жойларига ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни ишга юборишни таъминлайди.


III. ЭНГ КАМ МИҚДОРДАГИ ИШЧИ ЎРИНЛАРИНИ

БЕЛГИЛАШДА КОРХОНАЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

8. Корхоналар, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан белгилаб қўйилган ишчи ўринларининг энг кам миқдори ҳисобига ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахсларни ишга олишга мажбурдирлар ва юқорида кўрсатилган тоифадаги аҳолини ишга олишни рад этишга ҳақлари йўқ.

9. Корхоналар ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахсларни белгиланган энг кам миқдордаги ишчи ўринлари ҳисобига ишга қабул қилаётганда улар билан 6 ойга муддатли меҳнат шартномалари тузадилар ва улар кейинчалик томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ узайтирилиши мумкин.

10. Корхоналарда қабул қилинадиган коллектив шартномаларда ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахслар учун иш ўринлари яратиш юзасидан тадбирларни кўзда тутиш тавсия этилади. Бу иш ўринларида меҳнат қилиш шартлари амалдаги қонунчиликда назарда тутилган талаблар ва нормаларга мувофиқ келмоғи керак. Ишга жойлашган мазкур тоифадаги шахсларнииг ижтимоий масалаларини ҳал этиш умумий асосларда амалга оширилади.


11. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар учун ишчи ўринларини қисқартириш ва ёки уларни тугатиш касаба уюшмалари қўмиталари ва ходимларнинг бошқа хил вакиллик органлари, меҳнат маҳаллий органлари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

12. Иш берувчилар маҳаллий ҳокимликларнинг ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахслар учун энг кам миқдордаги иш ўрнини белгилаш тўғрисидаги қарорини бажармасалар, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш фондига ўтган йил учун, ташкил қилинмаган ҳар бир иш ўрни учун ўртача йиллик иш ҳақи миқдорида меҳнат органининг тўлов топшириғи бўйича молия ажратмалари ўтказадилар.

Агар корхоналар, ўзлари аввал буюртма берган олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими ва олий маълумот олган, шунингдек, касб-ҳунар тайёргарлигидан ўтишга ва қайта тайёрлашга, малака оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни рад этган ҳолларда уларга ҳам шу миқдорда жарима солинади.

13. Корхоналар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ҳар ойда туман (шаҳар) меҳнат бўлимларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, ҳар бир бўшатиладиган ходим тўғрисида, унинг ихтисоси, мутахассислиги, малакаси ва иш ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда, ахборот (камида икки ой олдин) тақдим этадилар.

14. Ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахсларга ўзларида иш ўрни беришнинг имкони бўлмаса, корхоналар иш жойини ижарага, сотиб олишлари ёки пенсия ёшига етган пенсионерлар, ногиронларнинг меҳнатини татбиқ қилувчи корхоналар, маҳаллий саноат, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ва касаначилар меҳнатидан фойдаланувчи бошқа корхоналар, (бирлашмалар) билан бирга уларни яратишлари мумкин.