язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер қонунчилиги/ Ерга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар. Ердан фойдаланиш/ Кўп қаватли уйда жойлашган хусусий квартирасини туман ҳокимликлари ихтиёрига топширувчи фуқароларга ер участкалари ажратиш ҳақида Низом (Тошкент шаҳар ҳокимининг 30.01.2013 й. 79-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Тошкент шаҳар ҳокимининг

2013 йил 30 январдаги

79-сон қарорига

1-ИЛОВА


Кўп қаватли уйда жойлашган хусусий квартирасини

туман ҳокимликлари ихтиёрига топширувчи

фуқароларга ер участкалари ажратиш ҳақида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 97-сон ва 2006 йил 30 декабрдаги "Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 272-сон қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, фақатгина ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан, уй-жойи бузилишга тушган фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш мақсадида, кўп қаватли уйда жойлашган, яшаш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ўзининг хусусий квартирасини туман ҳокимликлари ихтиёрига топширувчи фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини ажратиш тартибини белгилайди.


1.1. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Комиссия - бузиладиган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар, қўчириладиган дарахтлар учун тўлов миқдори масаласини кўриб чиқиш ҳамда туман ҳокимликлари хоҳишига кўра бошқа ваколатли органлар вакилларидан иборат таркибда, уй-жойлари бузилишга тушган оилалар рўйхатини тузиш, тўлов миқдорини ва компенсация турини белгилаш бўйича тузилган ишчи гуруҳ.


Бузилишга тушган уй-жой (квартира) - (кейинги ўринларда "Бузилишга тушган уй-жой" деб юритилади) Тошкент шаҳри ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ишлари олиб борилиши муносабати билан, маҳаллий ҳокимият органларининг тегишли қарорларига асосан бузилиши белгиланган объект.


Бузилишга тушган уй-жой (квартира) мулкдори - (кейинги ўринларда "Бузилишга тушган уй-жой эгаси" деб юритилади) маҳаллий ҳокимият органларининг тегишли қарорларига асосан бузилиши белгиланган уй-жой эгаси, унинг оила аъзолари, шунингдек ушбу уйда доимий яшайдиган фуқаролар.


Квартира топширувчи - давлат томонидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ер участкаси ажратиб берилиши эвазига, кўп қаватли уйда жойлашган, яшаш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган хусусий квартирасини туман ҳокимликлари ихтиёрига топширувчи фуқародир.


1.2. Ўзбекжстон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 8-бандига мувофиқ, ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилиши белгиланган:

- фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

- бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш;

- ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлиқ тўланган ҳолда фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш;

- юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ва давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган бошқа зарарларни қоплаш;

- ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигача қоплаш;

- фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бўлган бузилиши керак уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш;

- янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш.

Шунингдек, "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 9-бандида - бузиладиган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар, кўчириладиган дарахтлар учун тўлов миқдори масаласини кўриб чиқиш учун тегипши туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари бошчилигида ҳокимликларнинг молия ва бошқа бошқармалари (бўлимлари) вакилларидан, ерлардан фойдаланиш ва қўриқлашни назорат қилиш бўйича давлат инспектори, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, ер участкаси олиб қўйилаётган ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи), ўзига ер участкаси ажратиб берилаётган корхона, муассаса ёки ташкилот вакилидан ҳамда ҳокимликлар хоҳишига кўра бошқа ваколатли органлар вакилларидан иборат таркибда тўлов миқдорини ва компенсация турини белгилаш бўйича комиссия (кейинги ўринларда "Комиссия" деб юритилади) ташкил қилиниши белгиланган.



II. КЎП ҚАВАТЛИ УЙДА ЖОЙЛАШГАН ХУСУСИЙ

КВАРТИРАСИНИ ТУМАН ҲОКИМЛИКЛАРИ ИХТИЁРИГА

ТОПШИРУВЧИ ФУҚАРОЛАРГА ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ

АЖРАТИШ ВА ШУ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН БОШҚА

ИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


2.1. Ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой (квартира)ларни бузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан сўнг, зарур ҳолларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси билан биргаликда оммавий ахборот воситалари орқали "Бузилишга тушган уй-жой эгаси"ни бошқа уй-жой билан таъминлаш мақсадида якка тартибда уй-жой қуриш учун мавжуд бўш ер участкалари тўғрисида ахборот нашр этиб борилади.


2.2. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси олмоқчи бўлган "Квартира топширувчи"лар Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат этадилар. Аризага фуқаролик паспорти, уй-жойнинг кадастр ҳужжати, уй-жойга нисбатан ҳуқуқини белгиловчи юридик ҳужжат нусхалари ҳамда турар жойга нисбатан банд ёки чеклов қўйилмаганлиги, коммунал тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, шунингдек "Квартира топширувчи"нинг оила аъзоларининг бунга розилиги ҳақидаги ёзма аризалари имзоланган ҳолда илова қилинади.


2.3. "Квартира топширувчи"га ер участкаси ажратиб бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқишда, Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун жойлаштириш лойиҳасидан келиб чиққан ҳолда, квартиранинг ҳар 2 хонаси ҳисобига, битта якка тартибда уй-жой қуриш учун майдони 400 кв.м.дан 600 кв.м.гача бўлган ер участкаси ҳамда 1 хона квартира ҳисобига эса майдони 400 кв.м.гача бўлган битта ер участкаси ажратиб бериш белгиланади.


2.4. "Комиссия"нинг бузиладиган уй-жойлар эвазига ажратилиши лозим бўлган бошқа уй-жойлар ажратиш ҳақидаги баённомасига асосан, "Комиссия" "Бузилишга тушган уй-жой эгаси" ва "Квартира топширувчи" билан биргаликда, бузилишга тушган уй-жойлар эвазига ажратиладиган бошқа уй-жойларни аниқлаш ва белгилаш ишлари, яъни танловни амалга оширади.

Аниқлаш ва белгилаш ишлари натижаларига кўра, бузилишга тушган уй-жойлар эвазига ажратиб бериш учун белгилаб олинган бошқа уй-жойларнинг "Бузилишга тушган уй-жой эгаси" билан келишуви "Комиссия"нинг тегишли баённомаси билан тасдиқланади.

"Комиссия"нинг бузилишга тушган уй-жойлар эвазига бошқа уй-жойлар ажратиш тўғрисидаги баённомасига асосан, давлат ихтиёрига топширилган квартиралар Тошкент шаҳар ҳокимининг "Квартира топширувчиларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиш ҳақида"ги қарорининг тегишли банди асосида уй-жойларни бузиш ишлари амалга оширилаётган тегишли туман ҳокимликларига "Бузилишга тушган уй-жой эгаси"га ажратиш учун топширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан топширилган квартиралар туман ҳокимларининг қарорларига асосан "Бузилишга тушган уй-жой эгаси"га бир вақтнинг ўзида бузилаётган уй-жойдан фуқароларни рўйхатдан чиқариш билан бирга хусусий мулк сифатида ажратилади.

Айрим ҳолларда, "Бузилишга тушган уй-жой эгаси"нинг розилигига кўра "Комиссия"нинг бузилишга тушган уй-жойлар эвазига ер участкалари ажратиб бериш тўғрисидаги тасдиқланган баённомасига асосан, "Бузилишга тушган уй-жой эгаси"га Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилади.


2.5. Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жойлари бузилиши ҳисобига ўринга-ўрин бошқа ер участкаси ёки уй-жой ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан сўнг, фуқароларни бузилишга тушган уй-жойлардан бир ой муддатда рўйхатдан чиқариш назорати Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни рўйхатга олиш туман бўлимлари томонидан амалга оширилади.