Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ер қонунчилиги /

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.05.2006 й. 97-сон Қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 29 майдаги

97-сон қарорига

ИЛОВА


Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер

участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан

фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган

зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Тартиб ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш тартибини, шунингдек ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилаётган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва кўчириб ташланган дов-дарахтлар учун фуқароларга ва юридик шахсларга тўлов миқдорини ҳисоблаб чиқиш тартибини белгилайди.


2. Ер участкаси ёки унинг бир қисмини (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича - тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.

Ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда ушбу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


3. Ер участкасини олиб қўйиш ва уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш (кейинги ўринларда объектлар деб аталади) тўғрисидаги қарор бош режаларга, шунингдек шаҳарлар ва посёлкаларнинг турар жой туманлари ва микротуманларини муфассал режалаштириш ва иморат қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Олиб қўйилаётган ер участкаларида уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларнинг асоссиз бузилишига ва дов-дарахтларнинг кўчириб ташланишига йўл қўйилмайди.


3-1. Ер участкасини олиб қўйиш ва уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш (кейинги ўринларда объектлар деб аталади) тўғрисидаги қарорлар фақат қуйидаги мақсадларда қабул қилинади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;

халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуриш бўйича бажариш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ер участкаларини олиб қўйишда объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.

Жисмоний ва юридик шахсларга ноқонуний қарор чиқарилиши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади ва кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори асосида тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ер участкасини олиб қўйиш ҳамда уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисида ўз қарорини чиқарадилар.

Тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан ер участкаси олиб қўйилиши ва ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморат лар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин юқорида кўрсатиб ўтилган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас.


5. Тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш ҳамда уларнинг қийматини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, шунингдек суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.


6. Ўзбошимчалик билан барпо этилган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар ва иншоотлар қиймати тўланмайди.


7. Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда уй-жой қийматини тўлаш, уйлар (квартиралар) бериш ва вақтинчалик турар жой бериш, шунингдек янги жойга кўчиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорига кўра ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


8. Ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади:

фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш;

ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш;

давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ёки кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва етказилган зарарларни қоплаш;

ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш;

фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш;

янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар  ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш.


II. ЕР УЧАСТКАЛАРИНИНГ ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ

ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН БУЗИЛАДИГАН УЙЛАР (КВАРТИРАЛАР),

ИМОРАТЛАР, ИНШООТЛАР, КЎЧИРИЛАДИГАН

ДАРАХТЛАР УЧУН ФУҚАРОЛАР ВА ЮРИДИК

ШАХСЛАРГА ТЎЛОВ МИҚДОРИНИ

ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


9. Бузиладиган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар, кўчириладиган дарахтлар учун тўлов миқдори масаласини кўриб чиқиш учун тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари бошчилигида ҳокимликларнинг молия ва бошқа бошқармалари (бўлимлари) вакилларидан, ерлардан фойдаланиш ва қўриқлашни назорат қилиш бўйича давлат инспектори, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, ер участкаси олиб қўйилаётган ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи), ўзига ер участкаси ажратиб берилаётган корхона, муассаса ёки ташкилот вакилидан ҳамда ҳокимликлар хоҳишига кўра бошқа ваколатли органлар вакилларидан иборат таркибда тўлов миқдорини ва компенсация турини белгилаш бўйича комиссиялар ташкил қиладилар.

10. Уйлар (квартиралар), иморатлар ва иншоотларни, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкаларидаги кўп йиллик дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ариза берувчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот комиссияга берилади.

11. Фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилади.

12. Бузилаётган уйлар (квартиралар)ни, олиб қўйилаётган участкадаги бошқа иморатлар ва иншоотларни (ўзбошимчалик билан қурилганлардан ташқари) бузишдан олинган барча материаллар қурувчининг ёки тўловни мулкдорга тўлиқ тўлаётган бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи) ихтиёрида қолади.

Айрим ҳолларда, бузилаётган уй (квартира), иморатлар, иншоотлар ва кўчирилаётган дов-дарахтлар эгасининг хоҳишига кўра, уй-жойни бузишдан олинган материаллар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорига биноан мулкдорга берилиши мумкин. Бу ҳолда комиссия мулкдорга бериладиган бузишдан олинган материаллар қийматини бузиш вақтида амалда бўлган бозор нархлари бўйича уларнинг эскирганлигини ҳисобга олган ҳолда белгилаши керак.


13. Пул компенсацияларини тўлашнинг аниқ муддатлари ва тартиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарори билан, бузиш бошлангунгача пул компенсациясини тўлаган ҳолда белгиланади.



III. БУЗИЛАЁТГАН УЙЛАР

ЭГАЛАРИГА ТУРАР ЖОЙЛАР

БЕРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


14. Ер участкаларининг давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулки бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда кўрсатиб ўтилган фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшайдиган фуқароларга уларнинг танлашига кўра ҳамда томонларнинг келишуви бўйича ижтимоий нормадан кам бўлмаган майдонга эга бўлган тенг қийматли бошқа қулай уй-жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уйлар (квартиралар), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қиймати тўланади.

Берилаётган турар жойнинг тенг қийматга эгалиги мулкдорнинг бузилаётган уй-жойи (квартираси) нархига тенг миқдорда белгиланади.

Бузилаётган уй (квартира) қиймати берилаётган турар жой қийматидан ортиқ бўлган тақдирда мулкдорга тафовут тўланади.


15. Бузилаётган уйлар (квартиралар) эгасига турар жой бериш ва (ёки) компенсациянинг бошқа турларини тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан, чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг захира жамғармаси маблағлари ва (ёки) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига амалга оширилади.


16. Турар жой олиш учун бузилаётган уй (квартира) эгаси бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда оила аъзолари ёки бошқа биргаликда яшайдиган (рўйхатдан ўтган) шахслар билан келишган ҳолда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ўзига бузилган уй-жой ўрнига турар жой ажратиш тўғрисида ариза бериши керак, аризада оила таркиби, доимий яшайдиганлар сони, турар жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони олиш учун имтиёзлар кўрсатилади.


17. Комиссиянинг компенсация миқдори ва тури, бузилаётган уй (квартира) ўрнига мулкдорга турар жой бериш ёки мулкдорнинг хоҳишига кўра пул шаклида компенсация берилишини таъминлаш ҳақидаги қарори тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тасдиқлангандан сўнг мулкдор ҳокимликка бузилиши керак бўлган уй (квартира)ни бўшатиш тўғрисида кафолат хати тақдим этади.


18. Уйни (квартирани) бузиш фақат кўчмас мулкнинг бозор қиймати  ўрни тўлиқ қопланганидан ва томонларнинг келишуви бўйича мулкдорга бузилаётган уй (квартира) ўрнига турар жой берилгандан кейин амалга оширилиши мумкин. Бунда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарар тўлиқ қопланади.

Айрим ҳолларда, бузилаётган уй (квартира) эгасининг розилигига кўра тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тегишли қарорда уйларни топширишнинг аниқ муддатини кўрсатган ҳолда қурилаётган уйлардан турар жой берадилар. Қурилаётган уйларда белгиланган муддатларда турар жой билан таъминланмаган тақдирда туман (шаҳар) ҳокимлиги мазкур Низомнинг 14-банди талабларига мувофиқ бир ой муддатда турар жой бериши шарт.


19. Бузилаётган уй (квартира) эгасининг мол-мулкини янги квартирага ташиш иморат қурувчининг ёки олиб қўйилаётган ер участкаси ўзига ажратиб берилган бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи)нинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


20. Ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни бузилаётган уй-жойнинг мулкдорига компенсация қилиш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.



IV. ФУҚАРОЛАРГА БУЗИЛАДИГАН УЙ

(КВАРТИРА) ЎРНИГА ЯККА ТАРТИБДА

УЙ-ЖОЙ ҚУРИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАСИ

БЕРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


21. Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилганда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига кўра якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси берилади. Бунда ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлалигича қопланади.


22. Якка тартибда уй-жой қуриш учун компенсация сифатида ер участкаси бериш ва бузилаётган уйлар (квартиралар) мулкдорига товон тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга берилган тақдирда якка тартибда уй-жой қуриш учун компенсация сифатида ер участкаси бериш ва бузилаётган уйлар (квартиралар) мулкдорига товон тўлаш ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


23. Бузилаётган уй (квартира) мулкдори ер участкаси олиш учун бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига якка тартибда уй-жой қуриш учун унга ер участкаси ажратиш тўғрисида ариза бериши керак. Аризада оиланинг таркиби, доимий яшаётганлар сони ва ижара шартномаси асосида вақтинча турар жойга бўлган эҳтиёж кўрсатилиши керак.


24. Комиссиянинг компенсация миқдори ва тури ҳақидаги қарори тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тасдиқлангандан кейин мулкдор ҳокимликка бузилиши лозим бўлган уйни (квартирани) тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатда бўшатиб қўйиш тўғрисида кафолат хати тақдим этади.


25. Уй (квартира) якка тартибда уй-жой қуриш учун мулкдорга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан ва ер участкаси ажратилгандан, шунингдек, ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилгандан кейин бузилиши мумкин.


V. ЕР УЧАСТКАЛАРИ ДАВЛАТ ЁКИ ЖАМОАТ

ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ

ЮРИДИК ШАХСЛАРГА ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


26. Юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади.

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар, ер участкалари мулкдорларига зарарларни ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши кўрган зарарни қоплаш Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ амалга оширилади.


27. Ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахслар кўрган зарар учун компенсация тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга берилган тақдирда товон тўлаш, турар жой бериш, вақтинча турар жой бериш ва мол-мулкни янги жойга ташиш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига кўра корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


28. Ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан кўрилган зарар компенсациясини олиш учун юридик шахс бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига компенсациянинг танланган турини кўрсатган ҳолда ариза бериши керак.


29. Комиссиянинг қарори тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тасдиқлангандан кейин юридик шахс ҳокимликка бузилиши лозим бўлган уйни, бошқа иморатлар ва иншоотларни тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатда бўшатиб қўйиш тўғрисида кафолат хати тақдим этади.


VI. БУЗИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН УЙЛАР,

ИМОРАТЛАР ВА ИНШООТЛАР КЎЧИРИЛГАН

ВА ЯНГИ ЖОЙДА ТИКЛАНГАН ҲОЛДА

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


31. Фуқаролар ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бузилиши лозим бўлган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотлар уларнинг хоҳишига кўра кўчирилиши ва янги жойда тикланиши мумкин. Бунда уйлар, иморатлар ва иншоотларнинг қиймати пул билан қопланмайди.


32. Фуқаролар ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, бузилиши лозим бўлган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг қарорига кўра маҳаллий бюджетларнинг йил чораги якунлари бўйича прогноздан ортиқча тушадиган даромад қисми маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг захира фонди маблағлари, ва (ёки) давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан олинадиган тақсимланадиган, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг, олиб қўйиладиган ер участкалари ажратиладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг тегишли ҳисоб рақамларига тушадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига амалга оширилади. Бунда турар жой мулкдорлари бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга турар жойни кўчириш ва тиклаш даврига ҳокимликлар томонидан икки йилгача муддат билан ер участкасини ўзлаштириш даврига ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилади.


33. Кўчириш ва тиклаш мазкур жой (аҳоли пункти) доирасида белгиланган нормалар бўйича ажратиладиган ер участкаларида ва фақат уйлар, иморатлар ва иншоотларнинг техник ҳолати уларни кўчириш имконини бериши шартларида амалга оширилиши керак, яъни конструкциялар ва элементларнинг ҳолати қисмларга ажратиш, ташиш ва янги жойда йиғиш имконини бериши керак.


34. Уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш имконияти олиб қўйилаётган ер участкаси ажратилган иморат қурувчининг маблағлари ҳисобига ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган тегишли техник-иқтисодий асослаш ва лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда комиссиялар томонидан аниқланади.


35. Уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш тегишли туманлар (шаҳарлар)нинг ҳокимликлари томонидан белгиланадиган муддатларда, бироқ бир йилдан кеч бўлмаган муддатда амалга оширилиши керак.


36. Уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, уй-жойни вақтинча ижарага олиш, фуқаролар ёки юридик шахсларнинг мол-мулкини вақтинча ижарага олинган уй-жойга, шунингдек вақтинча ижарага олинган уй-жойдан янги жойда тикланган уйга, иморатга ва иншоотга ташиш бўйича барча харажатлар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг қарори бўйича иморат қурувчи ёки олиб қўйилаётган ер участкаси ажратилган бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи) ҳисобига амалга оширилади.


37. Юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган аввалгисига тенг қийматли уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар ва иншоотлар янги жойга фақат компенсация тури, тўлов миқдори ва муддати юридик шахс билан келишилгандан кейин кўчирилади.



VII. УЙЛАРИ (КВАРТИРАЛАРИ) БУЗИЛИШИ

ЛОЗИМ БЎЛГАН ФУҚАРОЛАР ВА ЮРИДИК

ШАХСЛАР УЧУН ЯНГИ ЖОЙДА УЙЛАР,

ИМОРАТЛАР БАРПО ЭТИЛГАНДА ҲИСОБ-КИТОБ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


38. Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг хоҳишига кўра янги жойда уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатларнинг қиймати пул билан қопланмайди.


39. Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларга мулк қилиб бериш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Ер участкалари корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларга берилган тақдирда уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ва уларга мулк қилиб бериш ушбу корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


40. Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун янги жойда уй қуриш мазкур жой (аҳоли пункти) доирасида амалга оширилади. Бунда уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга янги жойда уй, иморат қуриш даврига тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилади.


41. Турар жойни вақтинча ижарага олиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мол-мулкини вақтинча берилган турар жойга ва вақтинча берилган турар жойдан янги жойда қурилган уйга ташиш бўйича барча харажатлар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг қарорига кўра иморат қурувчи ёки ер участкаси ажратилган бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарага олувчи)нинг ҳисобига амалга оширилади.


42. Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар бузиладиган уйлар (квартиралар) ўрнига янги жойда қурилган уйни, иморатни олиш учун бузиш тўғрисидаги билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ариза беришлари керак. Аризада оиланинг таркиби, доимий яшовчилар сони ҳамда турар жой билан таъминлаш бўйича улардаги мавжуд имтиёзлар кўрсатилиши керак.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 22-сон, 193-модда.















Время: 0.0085
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск