Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва сақлашда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 11.08.2011 й. 2253-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 14.07.2011 й. 42-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 11 августда 2253-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2011 йил 14 июлдаги

42-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш

ва сақлашда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва сақлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишларини амалга оширувчи ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.


28. Ходимлар махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан қонун ҳужжатларида белгиланадиган меъёрларга мувофиқ бепул таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


30. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


31. Босим остида ишловчи ишлаб чиқариш ускуналари ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


32. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


35. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


36. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


37. Ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссия тавсияларини бажармаган тақдирда, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақлидир.


38. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


39. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


40. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


41. Ёриткичларнинг конструкцияси ва тузилиши электр тармоғининг номинал кучланиши ва ташқи муҳитга мос ҳолда бажарилиши керак.


42. Бинодан ташқарида ўрнатилган, нам, ўта нам, чанг муҳитли хоналардаги ёриткичларнинг ишга тушириш аппаратлари ташқи муҳитдан ҳимояланган усулда бажарилган бўлиши керак.


43. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларини улаш тақиқланади. Авария ёритишларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


44. Ўта хавфли бўлмаган хоналарда барча стационар ёриткичларга 220 В дан юқори бўлмаган кучланишдан фойдаланишга рухсат этилади.


45. Чўғланма лампали маҳаллий стационар ёриткичлар учун қуйидаги кучланиш қўлланиши лозим:

юқори хавфли бўлмаган хоналарда - 220 В дан юқори бўлмаган;

юқори хавфли ва ўта хавфли хоналарда - 42 В дан юқори бўлмаган.


46. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.


47. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


48. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


49. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


50. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


51. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кўчма электр ёриткичлардан фойдаланилганда кучланиш 36 В дан юқори бўлмаслиги керак. Ўта хавфли хоналарни (ишлаб чиқариш ускуналари, бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқаларнинг ички сиртини) ёритиш учун кўчма электр ёриткичлар учун тармоқдаги кучланиш 12 В дан ошмаслиги керак.


52. Электр ёритиш тармоқлари полдан 2,5 м дан паст бўлмаган баландликдан ўтган бўлиши керак.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


53. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


54. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


55. Ишлаб чиқариш биноларида микроиқлим СанҚваМ 0203-06 "Ишлаб чиқариш бинолари микроиқлими санитария меъёрлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


56. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


57. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


58. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


59. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши керак.


60. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


61. Йилнинг ёз вақтида йўлкалар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.



11-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


62. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


63. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


64. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


65. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланадиган бўлиши керак.


66. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


67. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


68. Транспорт воситалари бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


69. Дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


70. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


71. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


72. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



12-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


73. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


74. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


75. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


76. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С ва оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.


77. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


78. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



13-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


79. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локаль тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


80. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражасини мунтазам назорат қилиб туриш керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки цехдан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун, унинг манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва шу кабилар) мустақил полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


81. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


82. Ишлаб чиқариш оқова сувлари ташқи канализацияга етиб келгунча зарарли моддалардан тозаланиши лозим.


83. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


84. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


85. Иш жойидан сув ичиш қурилмасигача бўлган масофа 75 м дан ошмаслиги керак.


86. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



15-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


87. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Технология жараёнларига қўйиладиган

умумий хавфсизлик талаблари


88. Технологик жараёнлар ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


89. Технологик жараёнларнинг хавфсизлиги қуйидаги талабларни амалга ошириш орқали таъминланади:

ускуналарга хизмат кўрсатиш тартибидаги технологик жараёнларни (иш турларини), иш усуллари ва режимларини қўллаш;

ишловчиларга зарарли таъсир кўрсатмайдиган хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни, бутловчи маҳсулотларни қўллаш (ушбу талабни бажаришнинг имкони бўлмаган тақдирда, технологик жараённинг хавфсизлигини ва ходимларнинг ҳимоясини таъминловчи чоралар кўриш орқали);

шикастланиш ва касб касалликлари манбаи бўлмаган ишлаб чиқариш ускуналарини қўллаш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг тарқалишини чекловчи воситаларни қўллаш;

ускуналарни тўғри жойлаштириш ва иш жойларини тўғри ташкил этиш;

хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни, тайёр маҳсулотларни ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш ва транспорт воситаларида ташишнинг хавфсиз усулларини қўллаш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг хусусиятига мос келувчи ҳимоялаш воситаларини қўллаш;

иш бажарилаётган пайтдаги хавфли ҳудудларни белгилаш.


90. Технологик жараёнлар атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларининг тегишли нормативларидан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги шарт.


91. Технологик жараёнлар соз ускуналарда, соз назорат-ўлчаш асбоблари, ҳимоя тўсиқлари, блокировкалар, ишга туширувчи аппаратлар, технологик асбоб ва ускуналар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши лозим.


92. Технологик жараён қатъий равишда технологик ҳужжатга мувофиқ олиб борилиши лозим.



2-§. Ёнғин ва портлаш бўйича хавфсизлик талаблари


93. Технологик жараёнлар ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблар"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


94. Ишлаш жараёнида синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


95. Бинолар ва хоналарнинг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


96. Ишларни амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


97. Бинолар ва хоналар дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


98. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


99. Бинолар ва хоналар учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


100. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.


101. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.



3-§. Электр қурилмалари ва уларни эксплуатация қилишда

хавфсизлик техникасига қўйиладиган талаблар


102. Ташкилотда раҳбарнинг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун масъул шахс тайинланган бўлиши ва бу шахс электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.


103. Кучланиш 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда электр хўжалиги учун масъул шахс электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига ва кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда IV малака гуруҳига эга бўлиш талаб этилади. Масъул шахс ҳамда ташкилотдаги электр ускуналарга хизмат кўрсатувчи электротехник ходимлар даврий равишда ўрнатилган тартибда электр хавфсизлиги бўйича билим синовидан ўтишлари шарт.


104. Ташкилотнинг электр хўжалигига жавобгар шахс қуйидагиларни таъминлаши шарт:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилмаси, аппаратура ва тармоқларда режали таъмирлаш ишлари ва профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкил этишни;

электр энергияси сарфининг ҳисобини олиб боришни;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ва уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини.


105. Электр қурилмаларига хизмат кўрсатувчи барча электротехник ходимлар керакли ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари талаб этилади.


106. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


107. Энерготаъминот корхонаси томонидан берилган техник шартлар талабларига зид бўлган электр қурилма ва жиҳозларидан ҳамда шикастланган электр кабеллар ва симлардан фойдаланиш тақиқланади.


108. Ёриткичлар, электр қурилмалари ҳамда электр тармоқлари хоналарнинг муҳит шароитларига ва у ердаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос ҳолда танланиши керак.


109. Электр қурилмаларида изоляциянинг ишдан чиқиши натижасида ходимларнинг электр токидан жароҳатланишининг олдини олиш мақсадида барча электр қурилмалари заминланган ёки нолланган бўлиши керак.

Электр қурилмаларини заминлаш ёки ноллаш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилиши лозим:

кучланиши 380 В ва ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 В ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда барча электр қурилмаларида;

номинал кучланиши 42 В дан юқори, лекин 380 В дан паст бўлган ўзгарувчан ток ва 110 В дан юқори, лекин 440 В дан паст ўзгармас токда - фақат юқори хавфли, ўта хавфли хоналардаги ва ташқи қурилмаларда.

Номинал кучланиши 42 В гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 В гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларини заминлаш ёки ноллаш талаб этилмайди. Умумий металл конструкцияга ўрнатилган, кучланиши 42 В гача бўлган ўзгарувчан токда ишлайдиган ва 110 В гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган контроль кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалари, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чўлғамлари бундан мустасно.


110. Ерга ток ўтказувчи конструкциялар контурга пайвандланган, электр ускуна, машина ва аппаратларнинг корпуслари кўп толали эгилувчан сим орқали зангламайдиган болт билан контурга бириктирилган бўлиши керак.


111. Электр двигателларнинг айланадиган қисмлари ва электр двигателни механизмлар билан боғловчи қисмлари (муфта, шкив) тўсиқ билан ҳимояланган бўлиши лозим.



4-§. Автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва сақлаш

ишларини олиб боришда хавфсизлик талаблари


112. Кўприклар ва бинолар қурилишида хавфсизлик техникаси бўйича тадбирлар ишлаб чиқилиши ва график тузилиши керак. Графиксиз ишларни бажариш тақиқланади.


113. Йўл-қурилиш ишлари чуқурлиги 1,5 м дан ортиқ бўлган сув устида бажарилаётганда иш жойи яқинида қутқарув жиҳозлари билан жиҳозланган навбатчи қайиқ туриши керак.


114. Йўл-қурилиш ишлари бошлангунга қадар транспорт воситаларининг қурилаётган объектларга бемалол боришини таъминловчи кириш йўллари ва ички қурилиш йўллари бўлиши лозим.


115. Ҳаракатни ташкил этишга салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай тасдиқланган схемалардан четга чиқиш, шунингдек носоз техник воситалардан фойдаланиш тақиқланади.


116. Йўл-қурилиш ишларини бошлашдан олдин ходимлар ва йўл-қурилиши машиналари машинистлари билан турли ишоралар ва байроқчалар ёрдамида бериладиган шартли сигналлар, йўл-қурилиши машиналари ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, бурилиш, кириш, материаллар ва жиҳозлар сақланадиган жойларда манёврлаш тартиби бўйича йўриқнома ўтказилиши керак.


117. Йўл-қурилиш ишларини бажариш чоғида ишлатиладиган вақтинчалик йўл белгилари, тўсиқлар ва бошқа техник воситаларни ўрнатиш лозим.


118. Иш ҳудудидаги хавфли жойлар (хандақлар, котлованлар, ўралар) тўсиқлар (деворлар) ҳамда қоронғу ва туман пайтида ёқиладиган сигнал фонарлари билан тўсилиши керак.


119. Қурилиш ҳудуди транспорт воситалари ва маршрутлар ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи йўл белгилари билан жиҳозланган бўлиши лозим.



5-§. Баландликда ишларни бажаришда хавфсизлик талаблари


120. 5 м дан ортиқ баландликда бажариладиган ишларга ёши 18 дан кичик бўлмаган, тиббий кўрикдан ўтган, ишларни хавфсиз бажариш талабларини биладиган ва баландликда ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга шахслар қўйилади.


121. Тиркама нарвонларда туриб бажариладиган ишлар камида икки киши томонидан амалга оширилиши керак.


122. Силлиқ юзага ўрнатиладиган кўчма нарвонларга резина қопланган бўлиши керак. Ерга ўрнатиладиган тиркама нарвонларга металл учлар ўрнатилган бўлиши керак.


123. Боғланган нарвонлардан, шунингдек электр қурилмаларига хизмат кўрсатаётганда ва уларни таъмирлаётганда металл нарвонлардан фойдаланиш тақиқланади.


124. Ёғоч тиркама нарвонларнинг поғоналари ҳар 2 м дан тортқи болтлар билан тортилган таранг ип билан маҳкамланган бўлиши керак. Мих билан қотирилган ёки поғоналари таранг ипсиз маҳкамланган нарвонлардан фойдаланиш тақиқланади. Ёғоч нарвоннинг узунлиги 5 м дан ошмаслиги керак.


125. Тиркама нарвоннинг умумий узунлиги ходимга нарвоннинг юқори учидан камида 1 м масофадаги поғонада туриб ишларни бажариш имконини бериши керак.


126. Чақмоқ пайтида ва шамолнинг кучи 6 баллдан юқори бўлганда ҳавоза ва кўприкчаларда туриб ишларни бажариш тақиқланади.


127. 1,5 м дан ортиқ баландликда ишларни бажаришда ҳимоя камарларидан фойдаланиш лозим.


128. Ҳимоя камарларида паспорт бўлиши ва у ҳар 6 ойда 225 кг статик юк остида 5 минут давомида синалиши керак. Ҳимоя камарида рақам ва синовдан ўтказилган сана бўлиши керак.



IV БОБ. ЙЎЛ-ҚУРИЛИШИ МАШИНАЛАРИДА

ИШЛАШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Йўл-қурилиши машиналарида ишлашда

хавфсизликнинг умумий талаблари


129. Йўл-қурилиши машиналари, шу жумладан, осма ва тиркама ускуналар монтаж қилинадиган базавий машиналарни бошқаришга тегишли тайёргарликдан ўтган ва бундай машиналарни бошқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берадиган гувоҳномага эга шахслар қўйилиши керак.


130. Йўл-қурилиши машиналарига хизмат кўрсатадиган ходимлар қуйидаги асосий маълумотларни ўз ичига олган машиналардан фойдаланиш бўйича йўриқномани билишлари ва унга амал қилишлари керак:

машинанинг вазифаси ва унинг қўлланиш соҳаси;

машина ва унинг асосий элементларининг қисқача тавсифи;

кинематик схема ва унинг тавсифи;

машинани бошқариш тизими схемаси ва унинг тавсифи;

мой қуйиш жойлари, мойлаш материалларининг маркалари, уларни қуйиш усуллари ва алмаштириш даврийлиги кўрсатилган мойлаш схемаси;

энг муҳим механизмларни ростлашга доир асосий маълумотлар;

ростланадиган узеллар ва йиғув бирликлари чизмалари ёки схемалари, ростлаш тартиби тавсифи, уларни бажариш даврийлиги;

машина ва унинг двигателидан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар;

чегаравий юк ва тезликлар тўғрисида маълумотлар;

машинада ишлаётганда ва унга техник хизмат кўрсатаётганда хавфсизлик техникаси қоидалари;

пўлат арқонлар, занжирлар, тасмалар, подшипниклар, тормоз тасмалари, колодкалар, зичлагичлар ва айниқса тез едириладиган деталлар спецификацияси;

пневмоғилдиракли машиналар учун - бурилиш радиуслари ва бўйлама ўтувчанлик миқдори, шина ўлчамлари ва уларда йўл қўйиладиган босим тўғрисида маълумотлар.


131. Иш бошлангунга қадар ҳар бир машина синчковлик билан кўздан кечирилиши, текширилиши ва унда аниқланган носозликлар бартараф этилиши, шунингдек машинанинг смена журнали текширилиши, сменада техник хизмат ўтказилганлиги қайд қилиб борилиши керак.


132. Йўл-қурилиши ишларида ғилдирак ёки гусеница тормозлари, шунингдек қўл тормозлари бўлган машиналарда ишлаш лозим.


133. Бир жойдан бошқа жойга ҳаракатланганда атрофдагилар учун хавфни юзага келтирадиган машиналар товуш ва ёруғлик сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши керак. Машина ишлаётганда ҳар гал уни ишга тушириш, тўхтатиш, шунингдек ҳаракат тезлигини ўзгартиришдан олдин машинист тиркама машинадаги оператор ва ходимларни бу ҳақда огоҳлантириш учун сигнал бериши шарт.


134. Сутканинг қоронғи пайтида ишлаш учун машиналар етарли миқдорда ички ва ташқи ёритиш асбоблари билан жиҳозланган бўлиши керак. Сутканинг қоронғи пайтида ташқи ёритиш асбобларини қўшмасдан бирор ишни бажариш тақиқланади.


135. Арқон-блок бошқарув тизимли машинада ишлаганда камида бир ҳафтада 1 марта арқонлар кўздан кечирилиши лозим. Агар арқоннинг 1 м да 10 фоизгача тола узилиши аниқланса, у алмаштирилиши лозим.


136. Гидравлик бошқарув тизимли машиналар ишлаётганда қуйидагилар тақиқланади:

бошқарув ричагларини кескин қўшиш ва узиш;

тизимнинг сақловчи клапанини мустақил ростлаш (клапанни механик ростлаши керак);

шланглар узилгандан кейин ишлаш;

гидравлик тизимдаги ишчи суюқликнинг 60°С дан ортиқ қизишига йўл қўйиш.


137. Кабиналар ёки бошқарув майдончалари ҳамда барча ричаг ва педаллар тоза ва қуруқ бўлиши керак. Ричаг ва педалларнинг белгиланган вазифасига қараб уларни қўшиш ёки узиш учун таъсир кучи қуйидаги миқдорлардан ошмаслиги керак:

доим ишлатиладиган ричаглар учун 2 - 30 Н;

тез-тез ишлатиладиган ричаглар учун 30 - 60 Н;

кам ишлатиладиган ричаглар учун 120 - 200 Н;

ишчи органларни бошқариш педаллари учун 40 - 80 Н;

акселератор педаллари учун 20 - 35 Н.


138. Машинист махсус костюм, қўлқоп ва кўзойнакда ишлаши керак. Иш пайтида машинистга машинани двигатели ишлаган ҳолда қолдириш тақиқланади, шунингдек у машина конструкцияларида, айниқса, базавий машина ёки тягач ва осма ёки тиркама ускуна ўртасида ҳеч ким бўлмаслигини кузатиб туриши керак.


139. Сунъий иншоотлар устидан фақат уларнинг ҳолати текширилгандан кейингина кесиб ўтиш лозим. Бунда машинанинг, шунингдек базавий трактор ёки тягачнинг массаси ҳисобга олиниши керак.


140. Базавий машиналарнинг кабиналарида бегона шахсларнинг бўлиши қатъиян тақиқланади.


141. Базавий машиналарнинг кабиналарида тиббиёт қутичаси бўлиши керак.



2-§. Бульдозерда ишлашда хавфсизлик талаблари


142. Кўтарилишда 20° ва тушишда 30° дан ортиқ бўлган нишабликларда, шунингдек кўндаланг нишаблик 25° дан ортиқ бўлганда бульдозернинг ишлаши тақиқланади.


143. Янги тўкилган кўтарма бўйлаб тупроқ сураётганда бульдозерни у қияликдан тушиб кетмаслиги учун кўтарма чеккасига трактор ғилдираги ёки гусеницаси четидан 1 м дан кам масофага яқинлаштириш тақиқланади.


144. Отвални чеклагичгача кўтаришга рухсат этилмайди.


145. Иш пайтида бульдозер бехосдан тўхтаб қолганда, отвал ерга тушириб қўйилиши лозим.


146. Отвал ерга киритилган, шунингдек юкланган ҳолда бульдозерни буриш, ёмғирли ҳавода ва лойли ерда бульдозер билан ишлаш тақиқланади.


147. Бульдозер қисқа муддатга тўхтаганда уловчи муфта узиб қўйилиши, двигатель кичик оборотга ўтказилиши, тезликни алмаштириш ричаги нейтрал ҳолатга келтирилиши ва отвал пастга туширилган ҳолатда бўлиши лозим.


148. Бульдозер нисбатан узоқ муддатга тўхтаганда отвал пастга туширилиши, двигатель ўчирилиши ва тормоз қўшилиши керак.



3-§. Скреперда ишлашда хавфсизлик талаблари


149. Скреперда ишлаганда қуйидаги талабларга риоя қилиниши керак:

скрепер базавий трактор ёки бошқа машина билан қаттиқ мослама ёрдамида уланиши;

скрепер кўтарилишда ишлаётганда унинг пичоғини жуда чуқур ботирмаслик;

скреперлар ёрдамида грунтни қазишда чегаравий бўйлама нишаблик 12 - 15°, кўндаланг нишаблик эса 15 - 20° бўлиши ва бунда грунт қуруқ бўлиши;

скрепер фақат узатиш лебёдкаси ўчирилган ҳолатда ташилиши;

скреперни иш участкасидан ташқарида ҳаракатлантираётганда унинг ковши кўтарилган ҳолда маҳкамланган бўлиши;

ковшда туриш ва фақат арқон-блокли ёки гидравлик бошқарув тизими ушлаб турадиган клапан кўтарилган ҳолда бирор иш бажармаслик;

гидравлик бошқарувли скрепер дишлоси ва базавий машина ўртасида узунлиги скрепер ва машина ўртасидаги эластик шланглар узунлигидан кам бўлган сақловчи арқон маҳкамланиши;

пневматик скрепер тебранганда қулф ҳалқали диск олдида ходимларнинг турмаслиги.


150. Итарувчи трактор, скреперда ёки итарувчи сифатида бульдозер ишлатилганда қуйидаги эҳтиёт чоралари кўрилиши керак:

скрепер машинистининг ўтирғичдан ва базавий машина кабинасидан тушиб қолишига, шунингдек скрепернинг бузилиб қолишига йўл қўймаслик учун итарувчи машина бир текис, силтовларсиз ҳаракатланиши;

зарбаларни юмшатиш учун итарувчи машина ёғоч буфер билан жиҳозланган бўлиши;

итарувчи машина ва трактор ёки скрепер уланган бошқа базавий машинанинг ҳаракат тезлиги бир хил бўлиши;

итарувчи машина ва скрепер двигателлари бир хил маркали бўлиши;

ковш бир хил тезликда тўлдирилиши;

итарувчи машина скреперга тақаб ҳаракатланиши.



4-§. Грейдерларда ишлашда хавфсизлик талаблари


151. Грейдерни ташишда у базавий трактор билан қаттиқ мослама ёрдамида уланиши лозим. Шатакка олиш занжир ва арқонлари ҳалқа ва илгаклар билан жиҳозланган бўлиши керак.


152. Иш участкаси охирида грейдерни буриб олиш, шунингдек сунъий иншоотлар устидан кесиб ўтиш тракторнинг бир хил тезлигида бажарилиши керак.


153. Нишаблиги 12 - 15° дан ортиқ бўлган грунт йўллардан ўтаётганда грейдер трактор билан қаттиқ мослама ёрдамида уланган бўлиши керак. Тормозлаш учун отвалдан фойдаланишга рухсат этилади.


154. Грейдер пичоғини ўрнатиш ва қайта ўрнатиш ишлари иккита ходим томонидан бажарилиши керак.


155. Ҳаракат чоғида базавий трактор ва грейдер ўртасида туриш ва шатакка олиш қурилмалари устидан ўтиш тақиқланади.



V БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига қўйиладиган

хавфсизликнинг умумий талаблари


156. Ишлаб чиқариш ускуналари монтаж қилиш, фойдаланиш ва таъмирлаш пайтида ишларнинг хавфсизлигини таъминлаши, ёнғин ва портлаш хавфидан ҳоли бўлиши, улардан фойдаланиш жараёнида атроф-муҳитни зарарли моддалар билан санитария меъёрларидан ортиқ миқдорда ифлослантирмаслиги ва намлик, қуёш радиацияси, механик тебранишлар, босим ва ҳароратнинг ўзгаришлари натижасида хавф-хатар юзага келтирмаслиги лозим.


157. Ишлаб чиқариш ускуналарининг ҳаракатланувчи қисмлари тўсилган ёки ГОСТ 12.2.062-81 талабларига мувофиқ блокировкалаш, тўхтатиш, хабардор қилиш тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


158. Ишлаб чиқариш ускуналарининг элементлари (электр ўтказгичлари, ўтказиш қувурлари, кабеллари ва бошқалар) уларнинг шикастланишига имкон бермайдиган ҳолатда тайёрланган бўлиши лозим.


159. Барча назорат мосламалари (термометр, монометр, ҳисоблагич ва бошқалар), шунингдек сигнал берувчи чироқларнинг жойлашуви ишлаб чиқариш ускуналарини ишлатиш ва созлаш пайтида қулай кузатиш имкониятини таъминлаши керак.


160. Катта ўлчамли (габаритли) ишлаб чиқариш ускуналари ва уларнинг қисмларига хизмат кўрсатиш, текшириш, таъмирлаш ва созлаш учун қулай ҳамда ердан 2 м ва ундан баландда жойлашганда тўсиқлари ва зиналари бор майдонлар билан таъминланган бўлиши керак.


161. Ускуналарни бошқариш органларида уларнинг вазифаси кўрсатилган аниқ ёзувлар ёки шартли белгилари бўлиши лозим.


162. Ишлаб чиқариш ускуналари таркибига кирувчи ҳимоя воситалари:

ўчириб қўйилган ёки носоз ишлаб чиқариш ускунасининг ишлашини чеклаб қўйиши;

хавф туғилган ёки одам хавфли ҳудудга яқинлашган ҳолатларда ишлаб кетиши;

фақат хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири тугагандан сўнггина ўзининг ҳимоя вазифасини тугатишини таъминлаши;

ҳимоя воситаларининг айрим элементлари ишдан чиққан тақдирда, қўшимча хавф-хатарни юзага келтирмаган ҳолда бошқа ҳимоя воситаларининг ҳимоялаш вазифасини таъминлаши;

хизмат кўрсатиш ва назорат қилиш учун қулай бўлган жойда ўрнатилган бўлиши, айрим ҳолларда уларнинг ишлашини автоматик равишда назорат қилувчи қурилмалар билан таъминланган бўлиши лозим.


163. Ишлаб чиқарувчи ускуналар ўткир учли, қиррали ва бошқа жароҳатлаши мумкин бўлган элементларга, шунингдек тўсилмаган иссиқ ёки жуда ҳам совутилган қисм ва деталларга эга бўлмаслиги лозим.


164. Ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг тузилиши ва жойлашиши монтаж қилиш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда қулайлик ва хавфсизликни таъминлаши керак.


165. Ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг барча айланувчи ва ҳаракатланувчи қисмлари бутунлай ёки тўр парда билан тўсилган бўлиши керак.


166. Тез-тез текширилиб туриладиган тўсиқлар тез ёки осон ечиладиган бўлиши керак.



2-§. Фойдаланишга киритишдан олдин ускуналарнинг

техник ҳолатига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


167. Қисмларга ажратилган ускуналарнинг ишлаш қобилияти уларни йиққандан кейин, фойдаланишга киритишдан олдин текширилиши лозим. Агар текшириш жараёнида нуқсонлар аниқланса, ишлаб чиқарувчи ташкилотга уларни тайёрлаш сифати бўйича рекламацияга юборилиши керак.


168. Ускуналарнинг техник ҳолати уларни ташқи кўздан кечириш, салт ҳолатда юргизиб кўриш, юк билан синаб кўриш йўли билан текширилиши лозим. Шундан кейин ускунани куч агрегатидан бошлаб ишчи органлар томонга муайян кетма-кетликда кўздан кечириш ва кўзга кўринадиган нуқсонлар бор-йўқлиги аниқланиши лозим.


169. Айрим йўл ишларининг мавсумий бажарилиши баъзи машина ва ускуналар - автогудронаторлар, асфальт ётқизгичлар, ўзиюрар катоклар, грунт аралаштиргичлар ва бошқаларни иш бўлмаган пайтда консервациялаш талаб этилишини инобатга олган ҳолда, уларни фойдаланишга киритишдан олдин ички ва ташқи деталларидаги консервация мойи олиб ташланиши лозим. Дизель ёқилғисида ишлайдиган двигателларни консервациядан чиқаришда цилиндрлар блоки каллагининг сув йўлларига 90 - 95°С гача қиздирилган сув ёки буғ юборилиши керак.

Бунда дизель ёқилғисида ишлайдиган двигатель деталлари қизийди, эриган мой картерга оқиб тушади. Бир вақтнинг ўзида тирсакли вални икки-уч оборотга айлантириш керак. Консервация мойи оқиб тушиши тўхтагач, двигателни консервациядан чиқариш тугаган ҳисобланади.


170. Консервациядан чиқарилган машина ва ускуналарнинг техник ҳолати уларни ташқи кўздан кечириш, салт ҳолатда юргизиб кўриш, юк билан синаб кўриш йўли билан текширилиши лозим.


171. Машина ёки ускуналарни ташқи кўздан кечириш чоғида уларнинг куч агрегатидан бошлаб ишчи органлар томонга муайян кетма-кетликда кўздан кечириш орқали кўзга кўринадиган нуқсонлар бор-йўқлиги аниқланиши лозим.


172. Салт ҳолатда ишлатиб кўриш орқали барча агрегат ва узелларнинг ишлаши, тўғри йиғилганлиги, уларнинг ишланганлик даражаси ва осон ишга тушиши, шунингдек мойлаш тизимидаги босим, ишончли ишлаши текширилиши лозим.


173. Машина ёки ускунани фойдаланишга киритишдан олдин юк остида ишлатиб кўриш лозим. Бунда уларнинг техник тавсифларининг фойдаланиш синовлари маълумотларига мувофиқлиги текширилади.


174. Янги ёки капитал таъмирдан чиққан машина ёки ускунани қабул қилиб олгандан кейин титрайдиган деталлар чиниқтирилиши шарт.


175. Агар чиниқтириш даврида ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан берилган йўриқномада кўрсатилган вақт мобайнида машина ва ускуналарнинг нормал ва узлуксиз ишлаши таъминланган бўлса, улар чиниқтириш тугаши билан фойдаланишга қабул қилиниши керак.


176. Йўл қурилиши машиналари ва ускуналари монтаж қилиниб, чиниқтирилгач ва махсус комиссия томонидан созлиги текширилиб, далолатнома тузилгандан сўнг фойдаланишга киритилиши лозим.



VI БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ

БАЖАРИШДА ХАВФСИЗЛИК


1-§. Таъмирлаш ишларини бажаришда

хавфсизликнинг умумий талаблари


177. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари, уларнинг техник паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши лозим.


178. Ускуналар зарур техник ҳолатда бўлиши учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режали ва олдини олувчи таъмирлашнинг қатъий бажарилиши ҳамда таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.


179. Асосий ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Ишларни ташкил этиш лойиҳаларида таъмирлашни ўтказишга жавобгар шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларининг тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўрсатилиши лозим.


180. Ишлаётган цехларда пудратчи ташкилотлар томонидан бажариладиган таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.


181. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши лозим.


182. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ҳолатда бўлиши ва у ерда хавфсизлик плакати ва белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


183. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал таъмирлашда банд бўлган барча ходимлар ишларни ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилиши лозим.


184. Носоз юк кўтарувчи механизм ва мосламаларда, шунингдек шаҳодатланган муддати тугаган механизмларда ишлаш тақиқланади.


185. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


186. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


187. Ҳавоза ва тўшамаларда ишлаш учун эҳтиёт камарлари ва арқонларидан фойдаланиш шарт.


188. Эҳтиёт камарлари арқонининг маҳкамланиш жойи конструкцияларда аввалдан белгилаб қўйилган бўлиши лозим.


189. Таъмирлаш ишлари бажарилаётган ҳудуддаги электр ўтказгичлар ёки ускуналарнинг кучланиш остида бўлган очиқ қисмлари олдиндан электр токидан ўчириб қўйилган ёки махсус изоляцияловчи воситалар билан ишончли ҳимояланган бўлиши лозим.


190. Ходимларнинг қизиган ускунанинг ичига кирган ҳолда таъмирлаш ишларини олиб боришига ускунани шамоллатиб, ичидаги газлар бутунлай чиқариб юборилгандан ва ҳавонинг ҳарорати кўпи билан 40°С гача пасайтирилгандан сўнг рухсат этилади.


191. Барча таъмирлаш ишлари цех ёки ташкилот раҳбари томонидан тайинланган шахсларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


192. Материалларни ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва улар тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши лозим.


193. Таъмирлаш олиб борилаётган жой ва барча ўтиш жойлари белгиланган меъёрларга мувофиқ ёритилиши лозим.


194. Таъмирлаш тугагач барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар ва блокировкалар ўз жойига ўрнатилиши лозим.



2-§. Йўл-қурилиши машиналарига техник хизмат кўрсатиш

ва уларни таъмирлашни амалга ошириш


195. Йўл-қурилиши машиналарига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишлари фақат махсус ажратилган, барча узел ва деталлар билан ишлаш қулай, яхши ёритилган жойларда бажарилиши керак.


196. Таъмирлаш чоғида двигатель тўхтатилиши (уни ростлаш ишларидан ташқари ҳолларда) керак. Двигатель ишлаган ҳолда фақат бульдозер отвали, скрепер ҳамда арқонли ва гидравлик бошқарувли бошқа ускуналарнинг ковшини кўтариш ва тушириш механизми ишлашини текширишга рухсат этилади.


197. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш пунктлари машиналарнинг массаси 50 кг дан ортиқ бўлган алоҳида қисмлари ва узелларини кўтариш учун мўлжалланган кўтариш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши керак. Юк кўтариш механизмлари ва мосламаларини белгиланган юк кўтариш қобилиятидан ортиқ юклаш тақиқланади.


198. Учқун ҳосил бўлиши ва юқори ҳарорат билан боғлиқ ишлар таъмирланаётган машинадан ташқарида бажарилиши керак, таъмирлаш талаб этиладиган деталь ёки узелни ечиб олиш имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.


199. Пайвандлаш ишлари машинадан камида 20 м узоқликдаги масофада бажарилиши лозим.


200. Йўл-қурилиши машиналарига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашда фақат техник шартларда кўзда тутилган, шунингдек ходимлар (машинистлар, таъмирловчилар) ишлатишга ўргатилган асбоб ва мосламалар ишлатилиши лозим.


201. Бульдозер, скрепер ва бошқа машиналарга арқонларни ўрнатиш ва эҳтиёт сим арқон қўйиш ишлари қўлни узилган сим арқон толалари шикастлашидан сақловчи қўлқопларда бажарилиши керак. Сим арқонларнинг кесими ва узунлиги ишлаб чиқарувчи заводнинг тавсияларига мувофиқ бўлиши керак.


202. Двигатели ишлаб турган машина ва ускуналарда монтаж-демонтаж, таъмирлаш ишларини бажариш, ёқилғи қуйиш, двигатель тизимлари, редукторлар ва бошқа узелларда мойни алмаштириш, шунингдек машинанинг узел ва деталларини мойлаш тақиқланади.


203. Гидротизимларни кўздан кечириш, уларда маҳкамлаш ишларини бажариш ва кичик носозликларни бартараф этишда насосларнинг узатмалари ўчирилган, гидротизимлар эса умуман босимдан узилган бўлиши керак.


204. Гидравлик бошқарувли йўл-қурилиши машиналарига техник хизмат кўрсатишда тизимдаги мой босими машина учун паспортда белгиланган меъёрдан, ҳарорат эса 65°С ошмаслиги кузатиб турилиши керак. Гидравлик тизимнинг сақловчи клапани пломбаланган ва манометр билан таъминланган бўлиши керак.


205. Техник хизмат кўрсатилган машинанинг ишлашини текшириш чоғида кабинада бегона шахсларнинг бўлиши тақиқланади. Техник хизмат ва таъмирдан чиққан машина салт ҳолатда ва юк остида текширилиши ва шундан кейин ишга чиқарилиши керак.


206. Йўл-қурилиши машиналарида ишлайдиган барча шахслар ёнғинга қарши жиҳозлардан фойдаланишни билишлари керак.


207. Дала шароитида вақтинчалик машина турадиган жойлар қуруқ ўтлардан тозаланган, атрофи 1 м кенгликда шудгор қилинган ва ёғоч-тахта омборхоналари, дарахтзорлар, пичан ғарамлари ва турли уй-жойлардан камида 10 м масофада жойлашган бўлиши керак. Машина турадиган жойларда чекиш ва очиқ олов билан боғлиқ турли таъмирлаш ишларини бажариш тақиқланади.


208. Тиркама ва осма ускунали тракторларда, шунингдек ўзиюрар машиналарда ёнғин ўчириш ускуналари бўлиши керак. Трактор ва машиналар сақланадиган жойларда ҳам ёнғин ўчириш ускуналари ва қум тўлдирилган яшиклар бўлиши керак.


209. Ёнғинга қарши жиҳозлар махсус шитда жойлаштирилган бўлиши керак.


210. Машиналар таъмирлаш ташкилотига юргизиб (масофа кичик бўлганда), шатакда, трейлер ёки машина кузовида (баъзан махсус автомобилларда) ва темирйўл орқали олиб келиниши лозим.


211. Таъмирлаш ташкилотига юргизиб келинган машинадан захира ёқилғи, мой, ишчи ва совутиш суюқликлари тўкиб олиниши керак.



3-§. Таъмирлаш ўтказиш муддатлари, таъмирлаш

ишларини бажариш учун масъул шахсни тайинлаш


212. Таъмирлашдан белгиланган муддатларда ўтмаган машиналар фойдаланиш учун қўйилмайди.


213. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш режа-графикларини тузиш учун ташкилотларда мунтазам равишда машиналарнинг ишлаган вақти ҳисобини юритиш йўлга қўйилган бўлиши лозим.


214. Машинани режа-графикда белгиланган муддатда капитал таъмирлашга қўйишдан олдин комиссия унинг техник ҳолатини текшириши керак. Комиссия таркибига бош муҳандис, бош механик ва тегишли машина машинисти киритилиши лозим.


215. Агар машина ёки ускунанинг техник ҳолатига кўра режа-графикда белгиланган муддатда уни таъмирлаш талаб этилмаса, комиссия ундан фойдаланишни давом эттириш учун рухсатнома бериши, уни навбатдаги кўздан кечириш санаси ёки тегишли таъмир ўтказиш учун қўйиш санасини белгилаши керак.


216. Машина режа-графикда белгиланган муддатдан илгари таъмирлашга фақат комиссиянинг хулосаси, тегишли далолатнома бўйича юборилиши керак.


217. Машинани техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун тўхтатишнинг белгиланган муддатларига ва уларнинг давомийлигига риоя қилиниши устидан назорат ташкилотининг бош муҳандиси (бош механиги) томонидан амалга оширилиши керак.



4-§. Таъмирланадиган участкани ажратиш (тўсиш) ва махсус

таъмиролди ишларни бажаришда хавфсизлик қоидалари


218. Техник хизмат кўрсатиш ишларини бошлашдан олдин дала шароитида йўл қурилиши машиналарига техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишларини бажарадиган бригада механик-раҳбари ва линия механиги машина техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш учун жойлаштириладиган майдонча танлашлари керак.


219. Майдонча горизонтал ҳолатда ҳамда йўлнинг қатнов қисми ва қурилаётган объектдан ходимларни автомобиллар уриб юборишига йўл қўймайдиган масофада жойлашган бўлиши керак.


220. Машина танланган майдончага қўйилиши, тормозланиши ва ғилдираклари, гусеницаси ёки сирғалиб юрувчи қисми остига пона-қистирмалар қўйилиши, тиркама машина ёки ускуна узиб қўйилиши керак.


221. Ташқи тозалашдан олдин машинадан электр асбоблари, панеллари, аккумуляторлар, кабиналар, кожухлар ва тўсиқлар ечиб олиниши лозим.


222. Машиналар бетон майдончаларда ёки қисмларга ажратиш участкасига имкон қадар яқин жойлашган хоналарда тозаланиши керак. Участкалар сув оқиб чиқиш йўллари, эстакада, қайтган сувни сақлаш учун резервуар, тиндиргичлар, нефть маҳсулотларини тутиб қолувчи қурилмалар, мой йиғиш қудуғи билан жиҳозланиши лозим.


223. Машиналарни қисмларга ажратиш ва қисмларга ажратиш кетма-кетлиги, операциялар ва ўтишлар тартиби технологик ҳужжатлар талабларига мувофиқ белгиланиши керак.


224. Таъмирлаш жараёнида ҳаракатланадиган ва қўзғалмас бирикмалар қисмларга ажратилиши лозим.


225. Машина қисмларга ажратилгандан кейин унинг деталлари тозаланиши лозим.



5-§. Таъмирлаш ишларининг ва таъмирлашдан сўнг қабул қилишнинг

хавфсиз олиб борилишини таъминловчи талаблар


226. Таъмирлаш жараёнида ходимлар ҚМҚ 3.01.02-00 "Қурилишда хавфсизлик техникаси" талаблари ва меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими қоидаларига риоя қилишлари керак.


227. Машиналарни таъмирлаш чоғида уларнинг ўз-ўзидан ҳаракатланишига қарши чоралар кўрилиши керак.


228. Ходимлар бажариладиган ишнинг хусусиятига мос бўлган асбоб ва мосламалар комплекти билан таъминланган бўлиши керак.

Носоз асбоб ва мосламалардан фойдаланиш тақиқланади.


229. Асбоб ва мосламаларнинг ҳолати камида 1 ойда бир марта текширилиши керак.


230. Ғилдираклари ечиб олинган ва фақат домкрат, таль ва бошқа кўтариш қурилмаларида турган машиналарда таъмирлаш ишларини бажариш тақиқланади.


231. Кўтарилган ва арқонлар ёки гидравлик механизмлар ёрдамида ушлаб турилган машиналарнинг остида туриш тақиқланади.


232. Бўёқ ишлари бажариладиган ишлаб чиқариш участкалари ҳаво тортиш ва юбориш вентиляцияси билан жиҳозланган бўлиши керак.


233. Бўяш ва қуритиш камераларининг электр ускуналари портлаш хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилган бўлиши керак.


234. Стационар пайвандлаш (эритиш) постлари маҳаллий вентиляция тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.


235. Пайвандлаш ишлари бажариладиган жойларда ўт олиш хавфи бўлган материаллардан фойдаланиш тақиқланади. Пайвандловчининг оёғи остида резина гиламча бўлиши ва пайвандлаш ва эритиш қурилмалари ишончли ерга уланган бўлиши керак.


236. Очиқ майдончалар ва ишлаб турган ускуна жойлашган хона зарур тўсиқлар, ҳимоя ва сақловчи мослама ва қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Иш жойларида ва қурилиш майдончасида бегона шахсларнинг бўлиши тақиқланади.


237. Бензинда ишлайдиган двигателларни таъмирлашдан олдин уларнинг юзалари керосин билан хўлланган латта билан яхшилаб артилиши керак.


238. Бензин қуйиш колонкалари ёки насослар двигателларининг деталларини таъмирлашдан олдин тозалаш ва зарарсизлантириш учун вақти-вақти билан алмаштириб туриладиган ишқорли эритма ёки керосинга солиш лозим.


239. Ишқорли эритмалар концентрацияси кўпи билан 6 фоиз бўлиши керак. Ишқорли эритмада ювилгандан сўнг албатта қайноқ сув билан чайилиши лозим.


240. Монтаж қилинган ёки таъмирланган машинани фойдаланишга туширишдан олдин қуйидагилар бажарилиши лозим:

одамларни хавфсиз масофага кўчириш;

машинанинг ичидаги бегона нарсаларни олиб ташлаш;

ҳимоя тўсиқларининг мавжудлиги ва мустаҳкамлигини текшириш;

ҳаракатланадиган қисмларни мойлаш ва ростлаш;

сақлаш ва назорат-ўлчаш асбобларининг созлигини текшириш;

машинани салт ҳолатда ва юк остида синаб кўриш.


241. Таъмирлаш ишлари ўтказилгандан сўнг машина участка механиги ва у бириктирилган машинист томонидан белгиланган тартибда қабул қилиб олиниши лозим.



VII БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


242. Ташкилотларни (цехларни) лойиҳалаштиришда, қуришда (монтаж қилишда) мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


243. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VIII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


244. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси ва "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 32-33-сон, 339-модда


























































Время: 0.0173
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск