ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Махсус суюқликлар (бензин, бензол, сульфат кислота, ишқорлар, техник мойлар) билан ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 28.01.2011 й. 2187-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 06.12.2010 й. 199-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 28 январда 2187-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2010 йил 6 декабрдаги

199-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Махсус суюқликлар (бензин, бензол, сульфат

кислота, ишқорлар, техник мойлар) билан

ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ махсус суюқликлар (бензин, бензол, сульфат кислота, ишқорлар, техник мойлар) билан ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар махсус суюқликлар (бензин, бензол, сульфат кислота, ишқорлар, техник мойлар) билан ишловчи ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) учун тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


5. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ходимлар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



2-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


7. Ташкилот хоналаридаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 талабларига мувофиқ бўлиши керак.


8. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


9. Ишлаб чиқариш хоналари табиий ва сунъий ёруғлилиги даражаси ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


10. Ишлаб чиқариш биноларида микроиқлим СанҚваМ 0203-06 "Ишлаб чиқариш бинолари микроиқлими санитария меъёрлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


11. Иш жойлари ишлаб чиқиш жараёнлари хусусиятларига мувофиқ тик туриб ва ўтириб ишлаш учун ГОСТ 12.2.032-78 ва ГОСТ 12.2.033-78 талабларига мувофиқ мосламалар билан жиҳозланиши лозим.



3-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


12. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


13. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


14. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


15. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


16. Сульфат кислотаси, ишқорлар ва уларнинг аралашмалари махсус кийимга теккан заҳоти сув билан ювиб ташланиши лозим.


17. Махсус кийимнинг сиртига сульфат кислотаси ва ишқор қуйилиб кетганда уни ўша заҳоти алмаштириш керак. Махсус кийимни ечиш эҳтиёткорлик билан резина ёки хлорвинил қўлқоп ёрдамида илиқ сув билан ювиб ташлангандан сўнг амалга оширилади.


18. Сульфат кислотаси, ишқорлар тўкилган махсус кийим ёғсизлантирувчи аралашмада бўктирилади, сувда ювилади ва ювишга берилади.


19. Махсус суюқлик аралашмаларини тайёрловчи ходимлар махсус кийимларнинг тозалигини кузатиб боришлари ва ҳафтада бир марта ювишга беришлари лозим.


20. Махсус кийимни ташкилотдан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.


21. Барча ҳимоя воситалари белгиланган муддатларда синовлардан ўтказиб борилиши лозим.


22. Ҳимояланмаган қўл билан махсус суюқликларга тегиш тақиқланади.


23. Махсус суюқликлар билан ишлашда юқори самарали вентиляция тизимлари ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш (респиратор) лозим.



4-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


24. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


25. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


26. Ходим ҳолсизланиб, заҳарланганлигига гумон бўлганда ташкилотнинг тиббий муассасасига, у мавжуд бўлмаган ҳолларда даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилиниши лозим.


27. Махсус суюқликлар билан ишловчи ходимлар ўз-ўзига ва ўзгаларга ёрдам кўрсатиш дастури бўйича ўқитилган бўлиши лозим.


28. Махсус суюқликлар билан ишловчининг иш жойида кўриниб турадиган жойда заҳарланганда ва куйганда биринчи ёрдам кўрсатиш қўлланмаси бўлиши лозим.


29. Сульфат кислотаси, ишқор ёки уларнинг аралашмаси билан зарарланган жойни тоза сув билан ювиб, зарарсизлантирувчи восита билан ишлов бериш керак.


30. Ходим сульфат кислотаси, ишқор ёки унинг аралашмаси билан зарарланганда уни дарҳол ечинтириш, илиқ сувда ювинтириш ва тиббиёт муассасасига етказиш лозим.


31. Кўзга сульфат кислотаси, ишқор ёки унинг аралашмаси тушганда ўша заҳоти махсус сув қувуридаги фавворачада ёки резина найчали бутилкада 10 - 15 минут давомида ювиш ҳамда тоза боғич қўйиб боғлаш ва тиббий муассасага мурожаат этиш лозим.


32. Сульфат кислотаси буғи билан заҳарланган ходимни дарҳол зарарланган атмосферадан тоза ҳавога олиб чиқиш ва эркин нафас олиши учун халақит бераётган кийимини ечиш, осойишта дам олишига имкон бериш ва нам кислород билан узоқ вақт нафас олдириш керак.



5-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


33. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабига мос бўлиши лозим.


34. Ёритиш воситаларида кўзни қамаштиришдан сақловчи чоралар кўрилган бўлиши керак.


35. Участкаларда ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


36. Кўчма ёритиш воситалари сифатида 36 В дан юқори бўлмаган электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Кўчма ёритиш воситаларини ишлатишда резина шлангли эгилувчан ўтказгичдан фойдаланиш лозим.


37. Ёритиш воситаларини таъмирлаш ва унинг ички элементларини кўздан кечириш, куйган лампа ва ҳимоя шишаларини алмаштириш ишлари электр тармоғидан ўчирилган ҳолда бажарилиши лозим.


38. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.


39. Ёритиш воситаларини назорат қилиш ва таъмирлаш ишлари шу ишларни амалга оширишга масъул бўлган ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим.


40. Электр ёритиш ўтказгичлари полдан 2,5 м дан паст бўлмаган баландликда бўлиши керак.


41. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


42. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Технология жараёнларига бўлган

умумий хавфсизлик талаблари


43. Ташкилотларда махсус суюқликлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган технологик ҳужжатлар меҳнат муҳофазаси бўйича ГОСТ. ССБТ. 12.3.002-91 талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиши керак.


44. Янги технологик жараёнларни ишлаб чиқиш ва янгитдан ишлатиладиган махсус суюқликларни жорий қилишда тегишли технологияларда ва технология йўриқномаларида баён этилган меҳнат муҳофазаси талаблари инобатга олиниши шарт.


45. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган талаблар амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари ва технологик жараёнларига мувофиқ ишлаб чиқилиши керак.


46. Махсус суюқликларни қўлловчи ташкилот цех ва участкаларда иш вақти, танаффуслар кўрсатилган иш графигини ишлаб чиққан ҳолда ходимларга зарарли омилларнинг таъсир қилишини камайтириши лозим.


47. Махсус суюқликларни қўллашда уларни камроқ заҳарловчи хусусиятга эга бўлган турлари билан алмаштириш керак.



2-§. Ишлаб чиқариш жараёнларига қўйиладиган

ёнғин ва портлаш хавфсизлиги бўйича талаблар


48. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


49. Ишлаб чиқаришда синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


50. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳитнинг унинг чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


51. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


52. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


53. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ҳолда ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


54. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.


55. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


56. Иш жойлари ГОСТ.ССБТ. 12.4.026-85 талабларига мувофиқ огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгилар билан таъминланган бўлиши лозим.


57. Махсус суюқликлардан бўшаган идишлар зарарсизлантирилган ва ювилган ҳолда омборхонага ёки бостирма остига қўйилиши керак. Енгил алангаланувчи моддалардан бўшаган идишларни ишчилар ишлаётган хоналарда сақлаш тақиқланади.



3-§. Ишлаб чиқариш қурилмаларининг авария ҳолатида

ўчирилишини таъминловчи технологик жараёнларни

назорат қилиш ва бошқариш тизимига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


58. Технологик жараёнларнинг хавфсизлиги технологик ҳужжатларга ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларга мувофиқ таъминланиши керак.


59. Иш ҳудудида зарарли моддаларнинг концентрацияси назоратини амалга оширувчи ҳамда қурилмаларнинг авариявий ўчирилишини таъминловчи газ таҳлил қилиш аппаратлари ўрнатилиши зарур.


60. Махсус суюқликлар билан бажариладиган ишлар махсус жиҳозланган хоналарда ёки хоналарда ўрнатилган махсус камералар (стендлар)да бажарилиши керак. Хоналарга киришда "Ёнғиндан хавфли", "Чекилмасин", "Бегоналар кириши тақиқланади" каби огоҳлантирувчи ва тақиқловчи хавфсизлик белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


61. Алоҳида олинган технологик жараён (операция)ларда ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларининг вужудга келганлиги тўғрисида ўз вақтида хабар беришни таъминлаш мақсадида, газ таҳлил қилиш аппаратларидан ташқари, газ таҳлил қилиш аппаратларида ишлайдиган ёруғлик ва овоз берувчи сигнализаторлар кўзда тутилиши лозим.


62. Ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари юзага келиши билан боғлиқ бўлган технологик жараёнлар ва операциялар вақтида, ушбу ҳудудда ходимга бевосита хавфли ва зарарли омилларнинг таъсирини чегараловчи ҳимоя экрани ўрнатилган махсус стендлар бўлиши ёки ушбу операциялар механизацияланган (автоматлаштирилган) қурилмалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши лозим.


63. Технологик жараён бузилган ҳолларда ходимларга зарарли ва хавфли омилларнинг таъсир этиши истисно қилиниши ва улар учун иш бажарилаётган жойни зудлик билан ва ҳеч қандай қийинчиликсиз тарк этиш имконияти таъминланиши зарур.



4-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар


64. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


65. Барча ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга тушириш аппаратлари ва мосламалари фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


66. Ёритиш ва электр тармоқларининг тузилиши хоналардаги муҳит шароитларига ва улардаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос бўлиши шарт.


67. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёки ёпиқ ижрода бўлиши шарт.


68. Ёнғин хавфи мавжуд хоналар, бинолар ва омборхоналардаги ёриткичлар ёпиқ ва чанг ўтказмайдиган бўлиши лозим.


69. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 220 В дан юқори бўлмаган электр асбоби, ўта хавфли хоналарда ва хоналардан ташқарида кучланиши 42 В дан юқори бўлмаган электр асбоблари қўлланиши лозим.


70. Электр тармоғидаги ва электр қурилмаларидаги учқун, қисқа туташув, кабеллар ва симлар изоляциясининг ҳаддан ташқари қизишига олиб келувчи носозликлар бартараф этилиши ёки ўчириб қўйилиши лозим.


71. Кабеллар ва симларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр двигателларнинг ишлаш режими ташкилот электр хўжалиги бўйича масъул шахс томонидан ташқи кўрикдан ўтказиш ва асбоблар билан ўлчаш орқали текшириб турилиши лозим.


72. Носоз электр қурилма ва жиҳозларидан ҳамда шикастланган электр кабеллар ва симлардан фойдаланиш тақиқланади.


73. Қисқа туташув токларидан ҳимоялаш учун ностандарт сақлагичлардан ва электр иситгичларидан фойдаланиш тақиқланади.


74. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим.



5-§. Махсус суюқликлар билан ишлашда чиқиндиларни

йўқ қилиш ва зарарсизлантиришга бўлган талаблар


75. Барча қўлланилаётган махсус суюқликлар ҳақида уларнинг номланиши, таркиби, хавфлилик (заҳарлилик) даражаси, қўлланиш соҳаси, уларни қўллашда ҳимояланиш чоралари тўғрисида маълумот бўлиши лозим. Ушбу маълумотларга эга бўлмаган махсус суюқликларни ишлатиш тақиқланади.


76. Махсус суюқликлар билан ишларни бажариш жараёнида ишлатилган материаллар ёнмайдиган махсус идишга йиғилиши керак.


77. Махсус суюқликлар полга (ерга) тўкилган ҳолларда суюқлик тўкилган жойга зудлик билан қум сепилиши ва шундан сўнг қум тўпланиб, ёпиладиган махсус идишга солиниши лозим.


78. Ишлатилган махсус суюқликлар қайта ишлатилмаслиги ва ушбу суюқликлар иш жараёни тугаганидан кейин ёпиладиган махсус идишга йиғилиши лозим.


79. Ишлаб чиқариш чиқиндилари учун идиш махсус ажратилган жойда туриши ва иш тугаганидан кейин эса утиллаштириш учун махсус жиҳозланган жойларга чиқарилиши керак.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҚУРИЛМАЛАРИГА

БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Қурилмаларга бўлган хавфсизлик талаблари


80. Махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланилувчи қурилмалар ГОСТ.ССБТ. 12.2.003-91, СанҚваМ-0011-94 талабларига мувофиқ бўлиши керак. Барча қурилмаларга, шу жумладан, электр қурилмаларига улардан фойдаланиш бўйича техник паспортлар бўлиши лозим.


81. Қурилмаларнинг ҳаракатланувчи қисмлари тўсиқларга ҳамда уларнинг ажратиб олинувчи ва очилувчи қисмлари эса бехосдан очилиб кетишини истисно қилувчи мосламаларга эга бўлиши керак.


82. Қурилмаларни бошқариш органларининг жойлашиши, унда ўрнатилган назорат-ўлчов аппаратлари қурилмаларга бемалол яқинлашиш имконини бериши, шунингдек уларнинг ўз-ўзидан ёқилиши ва ўчишини истисно қилиши керак.


83. Махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланиладиган асосий ва ёрдамчи қурилмалар учқун чиқазмайдиган материаллар (алюминий, мис қотишмалар)дан ясалган бўлиши керак.



2-§. Ишлаб чиқариш қурилмаларини

жойлаштиришдаги хавфсизлик талаблари


84. Қурилмаларнинг жойлаштирилиши уларга хизмат кўрсатиш ва авария ҳолатларида ходимларни хавфсиз эвакуация қилиш учун зарур қулайликларни таъминлаши керак.


85. Қурилмаларни жойлаштиришда уларда мавжуд бўлган хавфли ва зарарли омилларнинг ходимларга таъсир кўрсатишини истисно қилиш учун бир-биридан 2,5 м дан кам бўлмаган масофада ўрнатиш лозим.


86. Қурилмалар орасида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган ўтиш оралиғи 2,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


87. Қурилмалар ва хона конструкциялари орасидаги масофага мувофиқ равишда девордан - 1,5 м, колоннадан - 1,2 м масофада бўлиши керак.



3-§. Иш жойларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


88. Махсус суюқликларни қўллашда иш жойлари умумий ҳаво алмашиш ва маҳаллий ҳаво оқимини киритиш-тортиб чиқариш, шамоллатиш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.


89. Иш жойларида технологик жараёнларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган предметлар бўлмаслиги лозим.


90. Стендларнинг иш зонаси, ванналар ва бошқа жиҳозларнинг баландлиги полнинг юзасидан 1 м дан баланд бўлмаслиги шарт.


91. Иш жойларидаги махсус суюқлик идишлари зич ёпилган ва ерга уланган ҳолда бўлиши, идишлардаги махсус суюқликларнинг миқдори уларнинг сменага мўлжалланган меъёридан ошмаслиги керак.


92. Иш жойларида зарарли модда буғларининг концентрация даражаси уларнинг йўл қўйилган чегаравий миқдори даражасидан ортиқ бўлмаслиги керак.


93. Махсус суюқликлар билан ишлашда иш жойлари уларни полга тўкмасдан бир идишдан бошқа идишга қуйиш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.


94. Махсус суюқликлардан фойдаланиш билан боғлиқ иш жойларида кунига камида бир марта пол ювилиши шарт.


95. Махсус суюқликларни ишлатиш билан боғлиқ ишларни баландликда бажаришда иш жойлари ҳимоя мосламалари билан жиҳозланган бўлиши зарур.


96. Махсус суюқликлар билан ишлашда ходимлар махсус билагузуклар орқали ерга улаш контурларига уланишлари шарт.



V. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Таъмирлаш ишларини бажаришда

умумий хавфсизлик талаблари


97. Махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланилувчи қурилмаларни таъмирлаш ишлари ГОСТ.ССБТ. 12.2.003-91 "Ишлаб чиқариш жиҳозлари. Хавфсизлик талаблари"га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


98. Махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланилувчи қурилмаларни таъмирлаш ишларини бажаришга тааллуқли техник ҳужжатлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, зарурият бўлганда эса бош энергетик билан келишилган бўлиши лозим.


99. Техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланилувчи қурилмаларни таъмирлаш вақтида ишлатилувчи бирламчи материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар ходимларга зарарли ёки хавфли таъсир кўрсатмаслиги ҳисобга олиниши керак.


100. Махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланилувчи қурилмаларни таъмирлаш режали-эҳтиёт таъмирлаш режасига мувофиқ бу ишларни бажарувчи тегишли ташкилотлар томонидан амалга оширилиши лозим.


101. Махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланилувчи қурилмаларни таъмирлаш ишларини бажаришда бу ишларни бажарувчи тегишли ташкилот ёзма равишда таъмирлаш ишлари бажарилиши лозим бўлган қурилма жойлашган бўлинма раҳбарини огоҳлантириши ва ушбу бўлинма раҳбарининг ёзма равишда берган розилиги олинганидан сўнг таъмирлаш ишлари амалга оширилиши керак.


102. Таъмирлаш ишларининг бажарилиши тўғрисидаги огоҳлантиришда таъмирлаш ишларининг бошланиши, тугаши ва ишларни бажариш вақтлари ҳамда ушбу ишларнинг бажарилиши учун масъул шахс кўрсатилган бўлиши лозим.


103. Таъмирлаш ишлари бажарилиши лозим бўлган қурилма жойлашган бўлинма раҳбари таъмирлаш ишларининг ўтказилишига ёзма равишда берган розилигида бу ишларнинг бажарилиши учун масъул шахс тайинлайди.


104. Махсус суюқликлар билан ишлашда қўлланилувчи қурилмаларни таъмирлаш ишларига меҳнат муҳофазаси бўйича тегишли йўриқномалардан ўтган, билимлари синовдан ўтказилган ва ўн саккиз ёшдан кичик бўлмаган ходимлар қўйилади.



2-§. Таъмирлаш ишларини бажаришни бошлашдан

олдин қўйиладиган хавфсизлик талаблари


105. Таъмирлаш ишларининг бошланишидан олдин ишларни бажариш жойи бирламчи материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва деталлардан тозаланиши керак. Зарарли омиллар бўлган ҳолларда қурилмаларни таъмирлаш ишлари фақат якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланилган ҳолда, атрофдагиларга зарарли омиллар таъсир этиши эҳтимоли бўлган ҳолларда эса иш бажариш жойи тўсилган ва тегишли хавфсизлик белгилари ўрнатилган ҳолда бажарилиши лозим.


106. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин таъмирланувчи қурилмага ходимлар бемалол ўтишлари учун жойлар бўлиши лозим.


107. Таъмирлаш ишлари амалга оширилишидан олдин қурилма электр манбаидан ўчирилиши шарт.


108. Ишларни очиқ майдончаларда бажаришда ишларни бажариш ҳудуди ажратилиши ва у тўсилган бўлиши лозим.


109. Таъмирлаш ишларини бажаришда ходимларнинг ишлаётган қурилмага тўсатдан тегиб кетиш эҳтимолини истисно этувчи тўсиқлар ўрнатилиши шарт.


110. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин иш зонасида зарарли моддаларнинг концентрация миқдорлари йўл қўйилган чегаравий миқдордан юқори бўлса, хона шамоллатилиши керак. Бунда барча таъмирланувчи қурилмалар махсус суюқликлардан тозаланиши ва махсус суюқликлар таъмирлаш ишларини бажариш ҳудудидан олиб чиқилиши лозим.


111. Таъмирланган қурилмалар фойдаланишга қабул қилинишидан олдин далолатнома билан расмийлаштирилиши ва қурилманинг техник паспортига тегишли ёзувлар киритилиши керак.



VI. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


112. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


113. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


114. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 4-5-сон, 40-модда.























































Время: 0.0069
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск