ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Сигирлар ва насл буқаларни парвариш қилишда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 01.07.2009 й. 1977-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 02.06.2009 й. 24/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 1 июлда 1977-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 2 июндаги

24/Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Сигирлар ва насл буқаларни парвариш

қилишда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ сигирлар ва насл буқаларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган ходимлар (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, сигирлар ва насл буқаларни (бундан кейинги ўринларда моллар деб юритилади) парвариш қилиш билан шуғулланадиган корхоналар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналари (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) томонидан қўлланиши шарт.


2. Мазкур Қоидалар ҳайвонлар гигиенаси ва ветеринария-санитария қоидалари, миллий стандартлар нормалари ва бошқа тармоқ норматив ҳужжатлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.

3. Молларни парвариш қилишда меҳнатни муҳофаза қилиш хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назорати, бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса, меҳнат жамоалари ва касаба уюшмалари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

ишларини ташкил этиш


4. Молларни парвариш қилишда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади ҳамда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши.


5. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим



2-§. Ходимларга йўл-йўриқлар бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

текшириш ишларини ташкил этиш


6. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда касбий-техник тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.


7. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларини ташкил қилиш ва билимларини синовдан ўтказиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисида"ги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади, ишловчиларни шу йўриқномалар билан таъминлаш корхона раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Ходимларнинг соғлиғини

назорат қилиш


9. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


10. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сон "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосида амалга оширилиши лозим.


11. Тиббий кўриклар корхонанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


12. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


13. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик корхона маъмурияти зиммасига юкланади.


14. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.


15. Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.


16. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда маъмурият ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.



4-§. Касбий танлов


17. Корхоналарда касбига кўра саралаш ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


18. Агрессив, ёмон хулқли ва юқумли касаллик билан касалланган молларга (бундан кейинги ўринларда хавфли бўлган ишларни бажаришда деб юритилади) хизмат кўрсатишда махсус курсларни тамомлаган шахсларнинг ишлашига рухсат этилади.


19. Барча ишчилар хавфли бўлган ишларни бажаришга киришиш олдидан бундай ишларни хавфсиз амалга оширишлари бўйича йўл-йўриқ олишлари, талаблар билан танишишлари, уларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ўзлаштириб олган бўлишлари зарур.


20. Иш берувчи хавфли бўлган ишларнинг олдини олишни ташкил этишда ва хавфсиз ўтказишда белгиланган тартибга амал қилиши учун тўла жавобгардир.


21. Иш берувчи касбий танловдан сўнг ишга қабул қилинган ходимларнинг касбий маҳорати юқори эканлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида назорат ўрнатиши, зарур бўлганда қайта йўл-йўриқдан ўтказиши лозим.



5-§. Хавфли ва зарарли

ишлаб чиқариш омиллари


22. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


23. Ҳар бир корхона амалдаги тармоққа мос келадиган хавфи юқори шароитларда бажариладиган ишлар рўйхатини тузиб чиқиши зарур.


24. Молларни парваришлаш жараёнида қуйидаги хавфли ва зарарли омиллар таъсир қилиши мумкин:

ҳаракатланувчи машина ва механизмлар, ишлаб чиқариш ускуналари;

термик хавф (60 °С дан юқори сув, буғ ва бошқалар);

юқори ёки паст ҳарорат, ҳаво ҳароратининг икки томонлама (елвизак) бўлиши;

ишлаш жойида етарлича ёруғлик бўлмаслиги;

белгиланган меъёрдан ортиқ юк кўтариш ва ташиш;

кимёвий хавф (кимёвий моддалар таъсири, ювиш учун ва дезинфекция қилувчи моддаларнинг кўзга, нафас органларига ва терининг ҳимояланмаган жойларига таъсири);

электр токидан шикастланиш;

биологик хавф (бруцеллёз, туберкулёз, лептоспироз, оқсил, куйдирги ва бошқа юқумли касалликларга чалинган ва жаҳлдор моллар билан алоқада бўлиш, тажриба ўтказиш мобайнида микроорганизмларни юқтириш).


25. Молларни парваришлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда хавфли ва зарарли омиллар инсон организмига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.


26. Молларни парваришлашда инсонлар ва молларга хос бўлган касалликлар (туберкулёз, бруцеллёз, лептоспироз ва бошқа юқумли касалликлар) билан касалланган шахсларнинг ишлашлари тақиқланади.


27. Молларни парваришлашда тери касалликлари билан касалланган, шилинган ва майда яралари бор ходимлар фақат шифокор рухсати билан ишлашга рухсат этилади.


28. Агрессив ва ёмон хулқли моллар сақланадиган молхона ёки бокслар тепасига огоҳлантирувчи белги қўйиш шарт. Бу белги сариқ рангли ёзув билан ёзилиб, ҳарфларнинг баландлиги 35 мм, кенглиги 16 мм ва қалинлиги 3 мм бўлиши керак.


29. Боғлоқсиз (эркин) сақланадиган молларни парваришлаш жараёнида уларнинг ҳаракатини чеклаб қўядиган асбоб ва ускуналардан фойдаланиш керак.



6-§. Ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш


30. Иш берувчи томонидан ходимларни зарарли ва хавфли омиллар таъсиридан ҳимоя қилиш учун шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.


31. Қўлланиладиган ҳимоя воситалари вазифасига кўра, хавфсиз меҳнат шароитларини, ишлаб чиқариш муҳитидаги зарарли ва хавфли омиллар даражасини (ҳаво муҳити ва ёруғликни) меъёрий ҳолатга келтириши ёки мавжуд ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан бевосита ҳимоя қилишни ташкил этишни таъминлаши керак.


32. Ходимларни махсус кийим, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш - намунавий меъёрларга мос равишда амалга оширилади.


33. Шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш, бериш ва қабул қилиш ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


34. Иш вақтида ҳимоя кийими тугмалари маҳкам қадалган, енг манжетлари билакларгача зич қамраб олган бўлиши керак.


35. Эҳтиёт мосламалари қўллашни талаб қиладиган ишларни бажаришда меъёрларда назарда тутилганидан қатъи назар, ишловчиларга эҳтиёт чораси сифатида берилиши керак.


36. Корхона маъмурияти:

а) барча зарур ҳимоя воситаларининг мавжудлиги, созлиги ва белгиланган меъёрлар талабларига мувофиқлигини;

б) ҳимоя воситаларини қўллашни (ўрнатиш, бутлаш ва фойдаланиш)ни назорат қилиш;

в) ҳимоя воситаларини таъмирлаш ва созлаб туришни;

г) махсус кийимларни вақтида ювиш ва тикиб-чатиш, чангдан тозалашни;

д) заҳарли ва хавфли моддалар нисбатан кўп ажралиб чиқадиган шароитларда ишловчиларнинг шахсий ҳимоя воситаларини газ ва инфекциядан тозалашни;

е) шахсий ҳимоя мосламалари ишдан чиқишининг олдини олишни (респиратор фильтрларини алмаштириш, алоҳида қисмлар ва ҳоказоларни алмаштиришни) таъминлаши керак.



III. МОЛЛАРНИ ПАРВАРИШ

ҚИЛИШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


37. Молларни парвариш қилиш билан боғлиқ ишлар қуйидагилардан иборат:

молларни парвариш қилиш;

юқумли касалликлар билан касалланган молларга (бруцеллёз, туберкулёз, куйдирги ва бошқалар) хизмат кўрсатиш;

молларни транспорт воситаларига ортиш ва тушириш;

босим остида ишлайдиган техникада хизмат кўрсатиш;

қудуқларда ишлаш, суюқ гўнгларни тозалаш.


38. Соғиш аппаратларида ишлаш, сутга дастлабки ишлов берадиган ва озуқа цехи ускуналарида ишлашга электр хавфсизлиги малакасига эга бўлган ходимларга рухсат этилади.


39. Янги қабул қилинган ходимлар 12 - 14 кун мобайнида раҳбарлар (бригадирлар ёки бошқа раҳбарлар) назорати остида бўлиб, кейин мустақил ишлашга рухсат берилади.


40. Ходим ўз вазифасини бажаришда бошқа кишининг ёрдамига муҳтож бўлмаслиги керак.


41. Ходимлар механизмлар, машина ва ускуналар билан ишлаганда, уларни ишга тушириш ва тўхтатишда, ўрнатиш ва ўлчов асбобларини назорат қилишда ҳамда ишлаб чиқариш сигнализациясидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя қилиши зарур.


42. Ходимлар иш жараёнида носоз техника ва асбоб-ускуналардан фойдаланмаслиги керак.


43. Ходимлар шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши учун қуйидагиларга амал қилиши лозим:

овқат ейишдан олдин ва иш тугагандан сўнг санитар ва махсус кийимларни ечиб ажратилган жойга илиб қўйиши;

ҳожатхонага боришдан олдин санитар буюмларни ечиш ва ундан кейин қўлни ювиши;

қўлни 0,2% ли хлорли оҳак эритмасида чайиб, совун билан иссиқ сувда ювиши ва шахсий сочиқда артиши.


44. Ходим ўзини ёмон ҳис қилганда, ҳарорати кўтарилганда, териси кесилганда ва йирингли ёки бошқа тери касалликлари пайдо бўлганда, корхона раҳбарини хабардор қилиши керак.

Корхона раҳбари шифокор келгунга қадар жароҳатланган кишиларга биринчи ёрдам кўрсатилишини ташкил қилиши керак.



2-§. Сигирларни парваришлашда

хавфсизлик талаблари


45. Ходимлар сигирларни озиқлантириш, суғориш, соғиш, гўнгни йиғиштириш ишларини бажаришда сигирларни сақлашнинг кун тартибига риоя қилишлари лозим.


46. Сигирлар турган жойга "Эҳтиёт бўлинг! Сигир шохлайди" ёки "Эҳтиёт бўлинг, Сигир тепади" деб ёзилган огоҳлантирувчи белгилар осилган бўлиши лозим.


47. Сигирларга қўпол муомала қилмаслик керак.


48. Сигирларни озиқлантириш ва суғориш озуқа йўлаги орқали амалга оширилиши ва уларнинг турган жойига ўтмаслик керак.


49. Сигирлар турар жойига икки киши бўлиб кириш, ҳимоячи (иккинчи киши) қўлида ҳайвонни қўрқитадиган жиҳоз бўлиши шарт (электр қўрқитгич, таёқ).


50. Сигирлар йўқ пайтида ёки улар бўлганда кўчма чегара билан ажратиб қўйилган ҳолда уларнинг ётиш жойлари тозаланиши лозим.


51. Очиқ гўнг чиқариш жиҳозлари билан ишлаш пайтида, сигирларни ташқарига чиқариш ва киритиш тақиқланади.


52. Биринчи бор туққан сигирларни (ғунажинлар) парваришлаш ва соғишга ўргатишда қайсар сигирлардан эҳтиёт бўлиш керак.


53. Бузоқларни она сигирлар ёнида ўстирганда юввош сигирларни танлаб олиш керак.


54. Сигирлар туғиш пайтида улар таги ва гўнг ариқчаларига тўшама солиб, сирғаниши мумкин бўлган жойларни тузатиш керак.


55. Сигирларнинг боши ва оёғига жуда яқин турмаслик керак.


56. Сигирлар туғишига ёрдам бериш пайтида арқонни қўлга ўраб олмаслик керак.



3-§. Наслли буқаларни парваришлаш,

уруғ олиш ва сақлашда хавфсизлик талаблари


57. Наслли буқаларни (бундан кейинги ўринларда буқа деб юритилади) парваришлашда эҳтиёткорлик билан ишларни бажариш лозим.


58. Буқанинг турар жойини (икки томонга тортиладиган бошвоғи созлигини, занжирнинг ҳар бир ҳалқаси бутлигини, бурун ҳалқаси ва уни шохга бириктирилганлигини, йўналтириш таёқчаси созлигини ва буқани сақлаш учун керак бўлган барча бошқа жиҳозлар созлигини) текшириш ва аниқланган камчиликларни дарҳол бартараф этиш лозим.


59. Буқани етаклаш таёқчасининг узунлиги камида 2 метр бўлиши керак.


60. Буқани назорат қилиш (унинг жойига кирмай) озуқа ёки чиқариш йўлаги томонидан амалга оширилади.


61. Буқа юрадиган йўлакча ва яшаш майдони қуруқ, тоза ва бошқа нарсалардан ҳоли бўлиши керак.


62. Буқадан уруғ олишга ёки яйратишга олиб борадиган йўлакда ҳоли жойлар ва ҳимоя тўсиқлари бўлиши керак.


63. Агарда буқа безовта бўлса, сабабини аниқлаб уни тинчлантириш керак.


64. Буқани эркалаб муомала қилиш керак, аммо ҳаракатлар аниқ ва кескин бўлиши лозим. Секин, ноаниқ, ишончсизлик ҳаракатлари буқада одамга ҳамла қилиш рефлексини кучайтиради. Буқа билан қўпол муомала қилиш, кун тартиби ва яйратиш меъёрининг бузилиши унда қўрс феъл ва ҳимоя рефлексини ривожлантиради.


65. Буқанинг барча муолажалари санитар кийим-кечагида амалга оширилиб, кейин уни махсус кийим-кечакка алмаштириб олиш лозим. Буқани парвариш қилувчи ходимлар оғриқли муолажаларда қатнашмаслиги керак.


66. Янги ходимни ишга ўргатиш уруғ олиш куни амалга оширилмаслиги керак. Уруғ олувчи 10 - 12 кундан кейин буқага қараши, мазали озуқалар билан буқани сийлаши керак.


67. Буқанинг тагини ва ўзини тозалаш учун калта бошбоққа ўтказиб қўшимча занжир билан озуқа йўлак томонга боғлаш зарур.


68. Жуда жаҳлдор, феъли бузуқ буқаларга қарашда (бу тўғрида огоҳлантирувчи белгилар осилган бўлиши керак) унинг кўзи устига тўсиқ кийдирилиб, шохларининг учига ёғоч тахтача боғлаб қўйиш керак.


69. Буқани бинодан олиб чиқишда барча эшиклар беркитилиши, йўлакда ортиқча нарсалар бўлмаслиги ҳамда йўлда ёки йўлакда қарама-қарши томонга бошқа буқалар ҳаракат қилмаслиги лозим.


70. Буқа ва сигирларни ташқарига бир вақтда чиқармаслик керак.


71. Буқани турар жойидан бўйин ҳалқаси билан бирлаштирилган бошбоғдан ушлаб етаклаш таёқчаси орқали бурун ҳалқасидан енгил тортган ҳолда ташқарига олиб чиқилади.


72. Етакловчи таёқчасиз, бурун ҳалқаси орқали етаклаш ва буқанинг калласига яқин жойда юриш тақиқланади.


73. Буқаларни махсус майдончаларда яйратиш керак.


74. Фақат феъли яхши буқаларни гуруҳлаб яйратишга рухсат берилади.


75. Яйратиш тугагандан кейин буқа ўз жойига боғланади ва озуқа йўлаги томонга иккита бошвоқ билан боғланади, шундан кейин йўналтириш таёқчаси бўшатилади. Бурун ҳалқаси қайиш орқали шохига бириктирилади.


76. Буқа ишчи кийими рангига қараб ҳужум қилса, кийимни алмаштириш ёки буқани бошқа жойга ўтказиш ёки қаровчини алмаштириш керак.


77. Буқаларда уруғ махсус жиҳозланган хоналарда олинади.


78. Уруғ олишда осойишталик таъминланиши ва бегона шахслар бўлмаслиги шарт.


79. Манежга иккитадан кўп буқани киритиш тақиқланади.


80. Уруғ олишга тайёрланиш пайтида буқа томонга эгилиш мумкин эмас.


81. Манеждан буқани у тўлиқ тинчлангандан кейин олиб кетиш зарур.


82. Уруғлар музлатилганда фақат соз Дьюар идишлари ишлатилади. Дьюар идиши бузилса, уни азот ва уруғдан бўшатиб, уч кун давомида яхши ҳаво юрадиган, берк хонада сақланади.


83. Дьюар идишлари сақланадиган жойда бегона шахслар туриши ман этилади.


84. Суюқ азот билан ишлаганда юз ниқоби ва кўзни ҳимояловчи воситадан фойдаланилади. Қўлқоп катта бўлиб қўлдан осон ечилиши, шим ёки комбинезон этик устига туширилган бўлиши керак.


85. Суюқ азот билан якка ишлашга рухсат берилмайди.


86. Дьюар идиши суюқ азот билан улов идишидан шланг ёрдамида тўлдирилиш пайтида, шланг идиш тагига тегиб туриши керак.


87. Дьюар идишини бошқа идишдан суюқ азот билан тўлдириш кенг воронка орқали амалга оширилади, чунки четларига тўкилиб кетмаслиги керак.


88. Дьюар идишига суюқ азот қуйиш пайтида унинг ичида ҳарорат ташқи ҳароратга тенг бўлса, кам-кам, секин қуйилади.


89. Дьюар идишини тез тўлдириш натижасида суюқлик идишдан чиқиб кетиши ва оқибатда нафасни бўғиши ёки куйдириши мумкин.


90. Фавқулодда суюқ азот тўкилиб кетса, эшикни секин очиш ва хонадан одамларни чиқариб, шамоллатиш керак.


91. Дьюар идиш оғзидан азот қуйиш пайтида қараш тақиқланади. Унинг тўлганини унинг оғзида азот сачрашидан билиш мумкин.


92. Дьюар идиши фақат махсус қопқоқ ёрдамида беркитилади.


93. Дьюар идишларини кўчириш ёки ташишда уларнинг тушиб кетиши ёки қаттиқ силкинишидан эҳтиёт бўлиш лозим.


94. Дьюар идишидан фойдаланишда қуйидагилар ман этилади:

идиш яқинига иситиш асбобларини қўйиш;

тайёрловчи завод сертификатисиз азотни ишлатиш;

Дьюар идиши 12 марта қайта тўлдиришдан кейин идишни совуқ усери билан ювмасдан ишлатиш (идиш ичида суюқлик тўлиқ тўкилади, идиш яна суюқ азот билан тўлдирилади);

Дьюар идишидан бошқа суюқликлар учун идиш сифатида фойдаланиш;

идиш ичини органик келиб чиқишга эга эски латта билан артиш (фақат сунъий соч ва поролондан тайёрланган чўткалар ёрдамида ювишга рухсат этилади).



4-§. Молларни яйловда боқишда

хавфсизлик талаблари


95. Яйловда молларни боқишдан олдин, яйловни бегона жисмлардан (сим, тош, тиканли буталар ва ҳоказо) тозалаш, чуқурларни ва эски қудуқларни кўмиш ёки ўраб қўйиш керак.


96. Молларни суғориш жойларини кўздан кечириш ва тайёрлаш лозим.


97. Сув бериш идиши кенг, бироз пастга қаратилган бўлиши, ботқоқсиз, чўкмайдиган ва ёрилишдан сақланган бўлиши керак.


98. Молларни яйловда боқишда гуруҳларни бир жинсли ва бир ёшли қилиб подага ажратиш лозим. Гўшт йўналишида боқиладиган моллар подаларида эмизадиган сигирлар ва сут ичириш давридаги бузоқлар бўлиши мумкин.


99. Яйловдаги умумий подада наслли буқаларни боқиш тақиқланади.


100. Йирик шохли молларни ёзги даврда яйловда сақлаганда наслли буқаларни буқахонада ёки молхонадаги алоҳида жойда боғланган ҳолда сақлаш лозим.


101. Ёзги яйловда наслли буқа учун алоҳида жой ёки станок ажратилади. Бу жойда охур ва суғориш идиши бўлиши керак, буқа у ерда боғлоқ ёки боғлоқсиз сақланади. Қуёш нурларидан ва ёғингарчиликдан сақланиш учун махсус бостирма-шийпон тайёрланади.


102. Молларни боқишда уларни бошқариш учун чармдан ясалган қамчидан фойдаланилади. Қамчи ўрнига турли хил кесадиган, қадаладиган ва ўткир нарсалар, калта таёқлар, резина шланг ва бошқа асбоблардан фойдаланиш мумкин эмас.


103. Молларни яйловда боқиш учун камида икки киши бўлиши ва ўргатилган, тишламайдиган отлардан фойдаланилади.



5-§. Озуқаларни тарқатишда

хавфсизлик талаблари


104. Чорвачилик биноларига киришда ва ундан чиқишда дарвозанинг тўлиқ очилганлиги ва эшикларнинг очиқ туришини таъминловчи мослама (фиксатор) ишчи ҳолатга келтирилганлиги назорат қилиниши керак.


105. Стационар озуқа тарқатгични ишга туширишдан олдин сигнал бериб ёки ёритгич мосламаси орқали огоҳлантириш берилиши лозим.


106. Стационар озуқа тарқатгични ишга туширишда унга белгиланган миқдордан ортиқча озуқа ва ёд нарсаларнинг (ёғоч, тош, металл нарсаларнинг) тушишига йўл қўймаслик керак.


107. Очиқ озуқа транспортёрларига хизмат кўрсатишда фақат махсус жиҳозланган кўприклар орқали транспортёрнинг нариги томонига ўтиш мумкин.


108. Озуқа тарқатгич транспортёрнинг тросли-шайбали, аралаштиргич ва қирғич қисмига озуқа тиқилиб қолса транспортёр ўчирилиб, ёғоч ёки пластмассали мослама ёрдамида тозаланади. Бунда транспортёрни ишга тушириш пультига "Ёқилмасин! Одам ишлаяпти" деган огоҳлантирувчи белги осиб қўйилиши лозим.


109. Сепилувчан озуқани тарқатишда иш зонасини чанг бўлиб кетишдан асраш учун ускунанинг герметиклигини ва вентиляцион қурилманинг ишлашини назорат қилиб бориш керак.


110. От-аравада озуқани тарқатишда аравани тўхтатиб ерга тушилади, сўнгра озуқа тарқатилади.


111. Қўл аравада озуқани ташишда қуйидаги кетма-кетликка ва хавфсизлик чораларига амал қилинади:

аравага юк ортишда унинг текис жойга яхшилаб ўрнатилиши;

юкни шундай ортиш керакки, қўл аравани ҳаракатлантирганда у ёнбошга ағдарилиб кетмаслиги;

қўл араваси охурдан ўтишда, эшикдан киришда қўлни жароҳатламаслиги керак.



6-§. Молларни суғоришда

хавфсизлик талаблари


112. Молларни эркин сув ичириш учун сув охурлари мавжуд бўлиши керак.


113. Сув охурларидан сув оқмайдиган, тузатилган ҳолатда фойдаланилади.


114. Сув охурларини турли ифлосликлардан тозалашда тозалагичлардан фойдаланилади.


115. Сув охурларини моллар йўқ вақтда сув билан тўлдириб қўйиш лозим.


116. Ҳаракатланадиган сув охури сув ичириш вақтида тўхталиши лозим.



7-§. Сигирларни соғиш


117. Сигирларни соғишдан олдин соғиш аппаратларининг соғишга яроқлилигини ва тўғри йиғилганлигини текшириб кўриш керак.


118. Соғиш ускуналаридан фойдаланишдан олдин унинг яроқлилиги текшириб кўрилиши лозим.


119. Шиша найчаларида тешик ва ёрилган жойлари бўлмаслиги керак.


120. Сигирларни соғиш тинч муҳитда амалга оширилиши лозим. Сигирларга мулойим ва ишончли муносабатда бўлиш керак.


121. Сигирларни соғишдан олдин қўлни тирсаккача албатта илиқ сувда совун билан ювиш ва тоза шахсий сочиқ билан артиш ҳамда махсус санитария кийимларини (халат, оқ рўмолча ва бошқа) кийиш лозим.


122. Соғиш аппаратининг яроқсиз ҳолатга келганларини алмаштириш лозим.


123. Вакуум даражасини ва вакуум ўтказгични текшириб кўриб, зарур ҳолларда уларни талаб даражасига келтириш керак.


124. Соғиш аппаратини вакуум ўтказгичга улаганда сут челагининг қопқоғи зич ёпилганлигига ишонч ҳосил қилиниши керак.


125. Пульсатор фаолиятининг ишлаши аниқлик билан текшириб кўрилиши ва унинг ишлаши соғиш аппаратининг техник ҳужжатига мувофиқ бўлиши лозим.


126. Сигирнинг елини соғишдан олдин кўз билан кўриб чиқилиши, елин ва сўрғичлар илиқ сув билан артилиши ва уқалаш ўтказилиши лозим.


127. Елинни соғишга тайёрлаш сигирларда оғриқ ҳиссини пайдо қилмаслиги керак. Сўрғичларда ёриқлар кузатилганда, уларга вазелин ёки антисептик воситалар суркалиши лозим.


128. Йилнинг паст ҳароратли совуқ кунларида соғиш стаканлари илиқ сувда иситилиши керак.


129. Сигир соғишни бошлашдан аввал, соғиш челаги унинг ён томонига қўйилиши ва соғиш аппарати вакуум ўтказгичига уланганидан сўнг вакуум крани очилиши лозим.


130. Соғиш стаканларини елин сўрғичларига кийгизишда сигирнинг орқа оёқлари ва думи билан уришидан эҳтиёт бўлиш лозим. Бунда нотинч сигирлар бойланган жойнинг тепасида махсус огоҳлантирувчи белгилар бўлиши керак.


131. Сут сут идишларига махсус аравачаларда ташилиши лозим. Агар улар қўлда ташиладиган бўлса, икки киши кўтариши талаб этилади.


132. Сигирларни соғиш жараёнида озуқа тарқатиш, гўнг чиқарувчи транспортёрни ишлатиш ман этилади.


133. Сигирларни машинада соғишни амалга оширишда асбоб-ускуналарда носозлик кузатилса, техник ходимга мурожаат қилиш керак.


134. Соғиш ускунасининг типига қараб соғиш аппаратлари, сут ўтказгич қувурлар, сут жиҳозлари улардан фойдаланиш йўриқномалари талабларига биноан ювилиши лозим.


135. Сигирларни қўл билан соғишда улар оёғи, думи ва шохи билан шикаст етказиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.


136. Сигирларни қўлда соғишда соғувчиларнинг бўйига мос келадиган ўтирғичлардан, сигирларнинг оёқларини ва думини хавфсиз ҳолатга келтирадиган мосламалардан фойдаланиш лозим.


137. Ҳар бир сигир соғиб бўлингандан кейин қўл совун билан ёки дезинфекция эритмалари билан ювилиши лозим.



8-§. Ёш молларни иситиш ва нурлатиш


138. Бузоқларни иситиш ва нурлатиш лозим, юқори дозада электр токидан фойдаланиш хизмат кўрсатувчи ходимнинг ҳимояланмаган тана қисмларининг куйишига олиб келади.


139. Узоқ муддатли ультрабинафша лампаларидан фойдаланилгандан кейин бинолар шамоллантирилиб, азот ва азот оксиди тўпланишининг олди олиниши лозим.


140. Ультрақизил лампалар ердан 1,6-1,7 м дан паст бўлмаган баландга ўрнатилиши ва ёнувчи ашёлардан 0,6 м дан яқин бўлмаслиги лозим (ёғоч тўсиқлар ва дарахт қипиқлари).


141. Нурлантирувчи қурилманинг баландлигини меъёрлаш пайтида электр тармоғидан ўчирилган бўлиши лозим.


142. Ультрабинафша лампалари ёниқ ҳолатида биноларни, қурилма ва секцияларни тозалаш ҳамда озуқа тарқатиш ман этилади.


143. Бинолардаги ультрабинафша ва инфрақизил лампалари ишлаш вақтида бевосита иштирок этишда В-1, В-2, В-3 ёритгич фильтрли ҳимояловчи кўзойнаклар қўлланилиши ҳамда махсус кийимларнинг барча тугмалари қадалган бўлиши лозим.


144. Ультрабинафша лампа дарз кетиши натижасида оққан симоб сўриб олувчи резина мослама орқали олиниши ҳамда лампа синган жойини 1% ли марганец калий ишқори (МgCa) билан ювиш лозим.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


145. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


146. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


147. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 27-сон, 319-модда.


















































Время: 0.0167
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск