ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Автоклавларда ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 28.02.2009 й. 1913-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 02.02.2009 й. 5/1-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 28 февралда 1913-сон

билан рўйхатга олинган

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 2 февралдаги

5/1-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Автоклавларда ишлашда

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ автоклавларда ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларга биноан автоклавлар лабораторияларда ишлатиладиган шиша идишлар ва тиббий асбобларни барча микроблардан тозалаш ҳамда иш жараёнида ҳосил бўлган барча юқумли материалларни зарарсизлантиришда ишлатилади.


2. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, соғлиқни сақлаш ва автоклавдан фойдаланадиган бошқа муассасаларда (бундан кейинги ўринларда муассасалар деб юритилади) автоклавларни ўрнатиш, техник кўрикдан ўтказиш, фойдаланиш ва тузатиш билан боғлиқ ишларни бажарувчи ходимлар (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) томонидан қўлланиши шарт.


3. Мазкур Қоидалар қонунчилик ҳужжатлари, қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативлари, миллий стандартларнинг тегишли қоидалари, шунингдек бошқа тармоқ норматив ҳужжатлари талаблари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.

4. Мазкур Қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш муассасанинг хавфсизлик техникаси бўйича хизмати (муҳандиси) зиммасига юклатилади.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ

УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

ишларини ташкил этиш


5. Муассасаларда автоклавларда ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ амалга оширилади.


6. Муассасаларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


7. Автоклавларда ишлашда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937 - Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўриқнома бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

текшириш ишларини ташкил этиш


8. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда касбий-техник тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.


9. Ходимларни хавфсизлик техникаси бўйича йўриқлардан ўтказиш, ўқитиш ва билимларини текшириш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


10. Ходимлар ваколатли идоралар ёки муассасанинг юқори турувчи органлари томонидан ташкил қилинган курсларда ўқитилади.


11. Янги ишга келган ходим ишга тушишидан олдин ва кейинчалик иш жараёнида ҳар 12 ойда бир марта ўқитилиб, бу ҳақда тегишли журналга қайд қилинади.


12. Ходимларнинг билим савияси ҳар 12 ойда камида бир марта муассасада ташкил этилган синов комиссияси томонидан текширилади. Синов натижалари бўйича ходимга белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.


13. Ходимлар учун автоклавлардан фойдаланиш ҳамда уларни хавфсиз ва тўғри ишлатилиши бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади.


14. Автоклавларга техник хизмат кўрсатувчи ходим учун автоклавни ишлаб чиқарган заводнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда автоклавларга техник хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади.



3-§. Касбий танлов


15. Автоклавдан фойдаланувчи ходим:

автоклавдан фақат 18 ёшдан кичик бўлмаган, кўрсатилган ишларни бажариш учун саломатлиги, малакаси етарли бўлган, махсус ўқитилган, аттестациядан ўтган бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғига (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937) асосан ишга киришдан олдин ва даврий равишда тиббий кўрикдан ўтган бўлиши;

махсус курсларда малака оширганлиги тўғрисида гувоҳномага эга бўлиши керак.



4-§. Автоклав хоналарига

ўрнатилган талаблар


16. Автоклав алоҳида хоналарга (автоклав хонаси) ўрнатилиши керак.


17. Автоклав хоналари СанҚваН 0054-96 "Даволаш-профилактика муассасаларини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш санитария қоида ва нормалари"га мувофиқ жиҳозланиши лозим.


18. Автоклавни бевосита даволаш ва муолажа хоналари, бўлинмаларнинг устки ёки остки қаватида, шунингдек бошқа хоналар билан қўшилган ҳолда жойлаштириш мумкин эмас.


19. Автоклав жойлаштирилган хоналар табиий ёритилган, шунингдек хонанинг деразаси ёки дарчаси ҳамда шамоллатиш тизими бўлиши керак.


20. Автоклав хоналарининг эшиги ташқарига очилиши ва автоклав ишлаётганда қулфланмаслиги керак. Хоналарга ойнали эшикларнинг ўрнатилишига йўл қўйилмайди.


21. Автоклав хоналарида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши лозим.


22. Автоклав хоналарида автоклавга хизмат кўрсатиш ёки уни таъмирлашга тааллуқли бўлмаган ишларни амалга ошириш тақиқланади.


23. Автоклав хоналарида ифлослантирувчи ёки ишга ҳалал берувчи бегона нарсаларни сақлаш тақиқланади.


24. Автоклав хоналарига уларга хизмат кўрсатувчи, шунингдек улардан фойдаланишни назорат қилувчи шахслардан бошқа шахсларнинг кириши тақиқланади.



III. АВТОКЛАВЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Автоклавлар ўрнатилишига

қўйиладиган талаблар


25. Автоклав хоналарининг поли электр токи ўтказмайдиган материалдан бўлиши ёки полга диэлектрик резинали гиламча тўшалган бўлиши лозим.


26. Автоклав ҳамма томондан хонанинг девор қисмига ёндош қилиб ўрнатилиши керак. Бунда девордан автоклавгача бўлган масофа камида 0,8 м ни ташкил қилиши лозим. Шкаф тузилишли автоклавни хона деворидан 1,5 м масофа узоқликда ўрнатилади.


27. Ҳар бир автоклав электр тармоғига алоҳида тармоқ орқали ёки автоматик ёқиб-ўчирувчи мослама орқали (АП-50 ёки шунга ўхшаш) уланиши керак. Автоклавни бевосита электр розеткага улаш қатъиян ман қилинади. Автоклавни ёқиб-ўчирувчи мослама хонанинг полидан 1,6 м баландликда ҳамда автоклавдан 1 м узоқликда ўрнатилади. Унга яна бошқа электр асбобларини улаш тақиқланади.


28. Автоклавдан фойдаланишда "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари" (2004 йил 9 июль, рўйхат рақами 1383 - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ва "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари"да (2004 йил 20 август, рўйхат рақами 1400 - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) белгиланган хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиниши лозим.


29. Одамлар хавфсизлигини таъминлаш, чақмоқ ва бошқа ортиқча кучланишлардан сақлаш мақсадида автоклавнинг корпуси ерга уланиши шарт.


30. Ҳар бир автоклав автоклавни ишлаб чиқарган муассаса томонидан тақдим этилган паспортга эга бўлиши керак. Бу паспорт автоклавнинг тўғри ва хавфсиз ишлаши учун жавобгар шахс томонидан тўлдирилади ва сақланади.


31. Автоклав ўрнатилганидан кейин, унда қуйидаги кўрсаткичлар бўлиши керак:

автоклавни шаҳодатлаш ва буни журналда қайд қилиш;

автоклав ишлаши мумкин бўлган босим;

автоклавнинг кейинги ички кўриги ва гидравлик синов санаси.



2-§. Манометр ва хавфсизлик

клапанларига қўйиладиган талаблар


32. Ҳар бир автоклав аниқ ва соз манометр ҳамда хавфсизлик клапанлари билан таъминланган бўлиши керак.


33. Автоклавга ишчи босимнинг юқори даражаси шкаланинг учдан икки қисмидан юқори бўладиган манометр ўрнатилади.


34. Автоклав манометрида ишчи босимнинг рухсат этилган меъёрини кўрсатувчи қизил чизиқ ёки кўрсаткичларга бўлинган маҳкамланган темир пластинка бўлиши керак.


35. Қуйидаги ҳолларда манометрни ишлатишга рухсат берилмайди:

тамға ёки муҳр бўлмаганда;

давлат текширувидан ўтказиш муддати тугаган бўлса;

ускуна ўчирилганда манометр кўрсаткичи нолга қайтмаса;

манометр ойнаси синган бўлса ёки бошқа носозликлар манометрнинг босимни тўғри кўрсатишига тўсқинлик қилса.


36. Манометрларни текшириб, уларга муҳр ёки тамға қўйилиши 1 йилда бир мартадан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади. Бундан ташқари, техник хизмат кўрсатадиган муассасалар томонидан қўшимча равишда ҳар 6 ойда бир марта манометр кўрсаткичлари назорат манометрлари кўрсаткичлари билан, назорат манометрлари бўлмаганда давлат текширувидан ўтган бошқа ишчи манометр кўрсаткичлари билан солиштириб текширилади ва натижалари назорат дафтарига қайд қилинади.


37. Автоклавнинг хавфсизлик клапани рухсат этилган буғ босимига тўғриланган бўлиши керак. Клапанларнинг ишлаши мунтазам равишда автоклавнинг хавфсиз ишлатилиши бўйича йўриқномада кўрсатилган муддатларда текширилиб туриши керак.



IV. АВТОКЛАВНИ ТЕХНИК КЎРИК ВА

ГИДРАВЛИК СИНОВДАН ЎТКАЗИШДА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Автоклавни техник кўрикдан ўтказиш


38. Техник кўрик натижасига кўра автоклавнинг ишлашига рухсат этилади ёки тақиқланади. Техник кўрик натижалари техник кўрикни ўтказган шахс томонидан автоклавнинг паспортига ҳамда автоклавларни шаҳодатдан ўтказиш ва қайд қилиш журналига ёзилади.


39. Автоклав ички қисмларини техник кўрикдан ўтказиш санаси ва гидравлик синов ўтказиладиган сана ваколатли идора ёки муассаса (автоклав эгаси) раҳбарияти томонидан белгиланади.


40. Автоклав қуйидаги ҳолларда техник кўрикдан ўтказилади:

босим остида ишлайдиган автоклав қисмлари пайвандланганда ёки тўлиқ таъмирлангандан сўнг;

автоклавни ишга туширишдан олдин бир йилдан кўп вақт ишламаган бўлса (омборда консервация қилиш бундан мустасно);

автоклавлар 3 йилдан кўп вақт сақланган бўлса;

автоклав ишлатилаётган жойидан кўчирилиб, янги жойга ўрнатилган бўлса;

назорат қилувчи шахс томонидан ёки автоклавнинг хавфсиз ишлаши учун жавобгар шахс томонидан автоклавни техник кўрикдан ўтказиш лозим деб топилганда.


41. Автоклавни техник кўрикдан ўтказиш муддати 3 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.



2-§. Автоклав ички қисмларини

техник кўрикдан ўтказиш


42. Автоклав ички қисмларини техник кўрикдан ўтказиш уни ишга туширишдан олдин ҳамда ҳар 2 йилда бир маротаба амалга оширилади. Автоклав темирининг занглашига олиб келувчи муҳитлар остида ишловчи автоклав эса камида 12 ойда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Автоклав ички қисмлари техник кўрикдан ўтказилганда унинг мустаҳкамлигига таъсир қилувчи носозликлар аниқланиши ва бартараф қилиниши керак.


43. Автоклав ички қисмларини техник кўриги қуйидаги тартибда ўтказилади:

автоклав ўчирилганидан кейин совутилиб, зарарсизлантирилаётган материаллардан бўшатилади;

автоклавнинг барча қисмларидан ҳимоя қопламалари ечилади;

автоклавнинг сувли, буғли, зарарсизлантириш камералари ва буғ қозони қурум ёки зангдан темиригача тозаланади ҳамда уларда занглаш, чиғаноқ бўлиши, букилиш ва бошқа камчиликлар борлиги текширилади;

автоклавнинг темири ечилади, қурумдан тозаланиб, таъмирланади, жўмрак ва клапанлар тозалаб артилади.



3-§. Автоклавни гидравлик синовдан ўтказиш


44. Автоклавнинг биринчи гидравлик синови автоклавни ишлаб чиқарган заводда ўтказилган синовдан кўпи билан 4 йилдан кейин, кейинчалик эса ҳар 2 йилда камида бир марта ўтказилади. Агарда автоклавни ташиш ва ўрнатиш вақтида унга зарар етказилган бўлса, шунингдек муассаса томонидан автоклавни гидравлик синовдан ўтказиш лозим деб топилган тақдирда автоклав юқорида кўрсатиб ўтилган муддатлар тўлмасдан туриб ҳам гидравлик синовдан ўтказилиши мумкин.


45. Қуйидаги ҳолларда автоклав гидравлик синовдан ўтган ҳисобланади:

автоклав деворларида ва бошқа қисмларида ёриқлар ҳосил бўлмаганда;

гидравлик синовдан сўнг автоклав деворларининг шакли ва ҳолати бузилмаганда;

пайвандлаш йўли билан уланган қисмлардан сув оқиб чиқмаганда;

автоклав темирида узилиш кузатилмаганда.


46. Агар пайвандланган чокларда, деворда сув томчилари ёки буғ пайдо бўлса, автоклав гидравлик синовдан ўтмаган ҳисобланади.



V. АВТОКЛАВНИ ИШЛАТИШ ВА

ТУЗАТИШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ҚОИДАЛАРИ


1-§. Автоклавларни ишлатишда

хавфсизлик қоидалари


47. Барча автоклавлар уларнинг эгаларида махсус журналда рўйхатга олинган бўлиши ва автоклавларнинг шаҳодатномалари тегишли ходимда сақланиши лозим.


48. Ходим автоклавлардан фойдаланганда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қўлланиладиган ҳимоя воситалари стандартлар ва бошқа техник ҳужжатлар талабларига жавоб бериши керак. Ҳимоя воситалари белгиланган муддатларда ва тартибда кўрикдан ва синовдан ўтказилиши лозим.


49. Муассаса маъмурияти мазкур Қоидалар талабларига риоя қилган ҳолда автоклавларни тўғри ишлатиши ва хавфсизлигини таъминлаши керак.


50. Ходимлар:

автоклавни хавфсиз ишлатиш қоидаларига қатъий риоя қилиши ва арматура, назорат ўлчов асбоблари, сақловчи мосламаларнинг техник созлигини ўз вақтида текшириб туриши;

Ўзбекистон Республикаси СанҚваН 0044-95 "Даволаш профилактика муассасаларида стерилизация ва дезинфекция ишларининг уюштирилганлигини текшириш бўйича қоида ва нормалари"нинг 8-жадвалида белгиланган зарарсизлантирувчи материалларнинг стерилизация тартибини назорат қилишлари шарт.


51. Ходимларнинг ёнида доимо автоклавда ишлаш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси бўлиши керак.



2-§. Автоклавларни таъмирлашда

хавфсизлик қоидалари


52. Автоклавларни таъмирлаш ва монтаж ишлари муассаса билан таъмирлаш муассасаси ўртасида тузиладиган шартномага асосан амалга оширилади.


53. Автоклавни таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш уни ишлаб чиқарган завод томонидан тақдим этилган паспорт ва тегишли йўриқнома асосида амалга оширилади.


54. Автоклав ишлаб турган вақтда уни ёки унинг ишчи қисмларини таъмирлаш тақиқланади.



VI. МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


55. Автоклавларда ишлашда мазкур Қоидаларга риоя қилиш учун жавобгарлик автоклавларда тегишли ишларни бажарувчи муассасалар зиммасига юклатилади.


56. Жавобгарликка инструктаж бўйича тегишли ўқитиш ва уни рўйхатга олиш амалга оширилганидан сўнг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузган ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир бошқа талабларни бажармаган ходимлар ҳам тортилишлари мумкин.


57. Автоклавларда ишлаш давомида жабрланган ходимларга етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


58. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 10-11-сон, 116-модда.




















































Время: 0.0069
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск