Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари. Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш /

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 19.01.2015 й. 2649-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 18.12.2014 й. 21-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 19 январда 2649-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2014 йил 18 декабрдаги

21-сон буйруғига

ИЛОВА



Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини

аттестациядан ўтказиш ва уларга малака

тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом талаблари тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларда фаолият юритадиган врачлар, фармацевтлар, "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга (бундан буён матнда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.


2. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш уларни ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришга йўналтириш ва моддий рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига учинчи, иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.

Малака тоифасини олиш "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимлари учун ихтиёрий бўлиб, уларнинг мурожаатига кўра амалга оширилади. Шифокорлар ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтказилади. Шифокорларга қулайлик яратиш ва аттестацияни шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади, шунингдек, онлайн тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида трансляция қилинади.

3. Учинчи малака тоифаси - керакли назарий билимга эга бўлган, лекин иккинчи малака тоифасини олиш учун зарур иш стажига эга бўлмаган қуйидаги врачларга берилади:

умумий стоматология мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлган врачларга - фақат умумий стоматология мутахассислиги бўйича;

магистратурани тамомлаган ёки қайта тайёрлашдан ўтган врачларга - олган тор мутахассислиги бўйича.

Учинчи малака тоифаси врачларнинг хусусий тиббиёт муассасаларига ишга кириши ва ушбу муассасалар фаолиятини лицензиялашга шароит яратиш мақсадида берилади. Учинчи малака тоифасига эга давлат тиббиёт муассасалари врачларига малака тоифасига эга бўлмаган врачлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари қўлланилади.


4. Иккинчи малака тоифаси - мутахассислиги бўйича камида уч йил иш стажига ҳамда зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади. Иккинчи малака тоифасини олиш учун учинчи малака тоифасининг бўлиши талаб қилинмайди.

5. Биринчи малака тоифаси - мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига, яхши назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.

6. Олий малака тоифаси - мутахассислиги бўйича камида етти йил иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда биринчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.

7. Малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган врачларнинг мутахассислик бўйича иш стажи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомнинг 3-иловасига мувофиқ аниқланади.

Мутахассислик бўйича иш стажини ҳисоблаб чиқишда мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган турдош мутахассисликлар бўйича иш стажи ўзаро ҳисобга олинади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходими мутахассислигининг номи ўзгарганда, унинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси ва у бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланади, кейинчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда олдинги мутахассислиги бўйича иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади.

Оилавий шифокор пунктлари, оилавий ёки кўп тармоқли марказий поликлиникаларда умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаётган тор мутахассисликка эга бўлган врачлар иш фаолиятини тор мутахассислиги бўйича давом эттирган тақдирда, уларнинг умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаган даврда олган малака тоифаси сақланиб қолади, шунингдек тор мутахассислиги бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаган давридаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади ҳамда улар тегишли тор мутахассислиги бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилади.

Тиббиёт муассасаларида тор мутахассислиги бўйича ишлаётган врачлар оилавий шифокор пунктлари, оилавий ёки кўп тармоқли марказий поликлиникаларга умумий амалиёт шифокори лавозимига ишга ўтган тақдирда, уларнинг тор мутахассислик бўйича олган малака тоифаси сақланиб қолади, шунингдек умумий амалиёт шифокори лавозими бўйича малака тоифасини олиш учун белгиланган тартибда мурожаат қилганда тор мутахассислиги бўйича ишлаган даврдаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш мутахассислиги бўйича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари гигиена мутахассислиги бўйича малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

8. Малака тоифаси "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг мурожаатига кўра асосий ва ўриндош иш жойидаги мутахассисликлардан биттаси бўйича ёки уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилиши мумкин.

Шифокорларга малака тоифасини олиш бўйича аттестация мажбурий бўлиб, асосий ва ўриндош иш жойидаги мутахассисликларнинг ҳар бири бўйича малака тоифасини олиши лозим.

Бунда тиббиёт ёки фармацевтика ходими тегишли мутахассислик бўйича мазкур Низомда белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

9. Малака тоифаси беш йил муддатга берилади.

Зарур иш стажига эга бўлган тиббиёт ёки фармацевтика ходимига у фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномасига асосан муддатидан олдин, бироқ охирги малака тоифаси берилган кундан камида бир йилдан кейин навбатдаги малака тоифаси берилиши мумкин.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилган малака тоифалари уларга табақалаштирилган ҳақ тўлаш учун асос бўлади, учинчи малака тоифаси бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида бевосита диагностика ва даволаш-профилактика фаолияти билан шуғулланаётган илмий даражаси мавжуд бўлган, шунингдек мазкур Низомнинг 4-6-бандларига мувофиқ иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларга истисно тариқасида, бир поғона юқори малака тоифаси берилади. Бунда, соғлиқни сақлаш вазирининг тақдимномасига кўра илмий даражаси мавжуд бўлмаган мутахассисларга ҳам бир поғона юқори малака тоифаси берилиши мумкин.


2-БОБ. ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ХОДИМЛАРИНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ ВА УЛАРГА МАЛАКА

ТОИФАЛАРИ БЕРИШНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


1-§. Ихтисослаштирилган аттестация комиссияларини

тузиш ва уларнинг ишини ташкил этиш


10. Малака тоифалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малака тоифаси олиш учун аттестациядан (бундан буён матнда аттестация деб юритилади) ўтказиш натижаларига кўра берилади.

Аттестация "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходими учун ихтиёрийлик, шифокорлар учун мажбурийлик, даврийлик, холислик ва ошкоралик принциплари асосида Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) ҳузурида ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари (бундан буён матнда аттестация комиссиялари деб юритилади) томонидан ўтказилади.

11. Аттестация комиссияларини ташкил этиш учун Марказ томонидан камида етти нафар аъзодан, шу жумладан аттестация комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда номзодлар рўйхатлари шакллантирилади.

Аттестация комиссияларининг таркиби Марказ директори томонидан тасдиқланади.

Аттестация комиссиялари таркиби ҳар йили қайта тасдиқланади. Бунда аттестация комиссияси таркибининг камида йигирма фоизи янгиланиши керак.

Аттестация комиссиялари аъзолари аттестация комиссияси таркибига шартнома асосида жалб этилади.


12. Аттестация комиссияларининг сони, ҳар бир аттестация комиссиясининг ихтисослиги ва улар томонидан аттестациядан ўтказиладиган мутахассисликлар тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Аттестация комиссиясининг ихтисослиги аттестация комиссияси аъзоларининг мутахассислигига мувофиқ бўлиши зарур.


13. Марказ ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркибига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, олий тиббиёт таълим муассасалари, ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, даволаш-профилактика муассасалари, тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши вакиллари киритилиши мумкин.

Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркибига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари, олий тиббиёт таълим муассасалари, ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари, даволаш-профилактика муассасалари, ҳудудий касаба уюшма бирлашмалари кенгашлари вакиллари киритилиши мумкин.

14. Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан қуйидаги малака тоифаларини бериш бўйича аттестациялар ўтказилади:

врач ва фармацевтларга - учинчи, иккинчи ҳамда биринчи малака тоифаси бериш бўйича, мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган врач ва фармацевтлар бундан мустасно;

"Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига - иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаларини бериш бўйича.


15. Марказ ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига барча турдаги малака тоифаларини бериш бўйича аттестациялар ўтказилади.

16. Қуйидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фақат Марказ ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан аттестациядан ўтказилади:

врач ва фармацевтлар - олий малака тоифаси бериш бўйича;

соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш мутахассислиги бўйича ишлаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари;

республика тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари;

фаолият юритаётган жойдаги Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган аттестация комиссиялари таркибида мутахассислиги бўйича аттестация комиссияси аъзоси мавжуд бўлмаган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари.

17. Аттестация комиссияси:

аттестациядан ўтказиладиган талабгор ҳақида қисқача ахборотни тинглайди;

аттестациядан ўтадиган талабгорга саволлар беради, унинг жавоблари натижалари бўйича очиқ овоз беришни ўтказади;

аттестация натижаси бўйича талабгорга баҳо беради;

аттестациядан ўтган талабгор фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

аттестация саволларини тузади ва уларни янгилаб боради;

аттестация ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.

Аттестация комиссияси йиғилиши унинг ишида аттестация комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


18. Марказ ҳузуридаги аттестация комиссиясининг доимий ишчи органи Марказнинг тегишли таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Доимий ишчи орган ходимларидан бир нафари аттестация комиссиялари йиғилишида кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

19. Доимий ишчи орган:

талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг мазкур Низомнинг 22-банди талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади;

талабгорларнинг ҳужжатларини аттестация комиссиясида кўриб чиқиш учун тайёрлайди;

аттестациядан ўтказиладиган талабгорлар рўйхатини тузади;

аттестация саволлари рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлайди;

аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги, шунингдек узрли сабабларга кўра уларнинг ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда талабгорларга етказади;

аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа вазифаларни амалга оширади.


20. Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган аттестация комиссияларида доимий ишчи органнинг вазифалари тегишлилиги бўйича Марказнинг мазкур ҳудудлардаги мутахассислари томонидан амалга оширилади.

21. Ҳар бир аттестация комиссиясининг йиғилишлари Марказ томонидан тасдиқланадиган йиллик жадвал асосида ўтказилади.

Марказ ҳузурида ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган аттестация комиссиялари йиғилишларининг йиллик жадвали Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайти ва тизимидаги оммавий ахборот воситаларида январь ойининг ўн бешинчи санасига қадар эълон қилинади.


2-§. Талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш


22. Мазкур Низомнинг 1-боби талабларига мувофиқ тегишли малака тоифасини олиш ҳуқуқига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 апрелдаги ПҚ-4666-сон "Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 4-иловасида белгиланган кредитлар ҳажмини тўплаган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ малака оширган талабгорлар малака тоифаси олиш учун аттестациядан ўтказувчи тегишли органга ариза билан мурожаат қилади.

Аризада талабгорнинг биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси маълумотлари (серияси, рақами, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда туғилган йили) кўрсатилади, шунингдек аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси (малака тоифасига эга бўлган талабгорлар учун);

мутахассислик бўйича малака оширганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси;

илмий семинарлар, съездлар, конференцияларда қатнашганлиги ҳамда хорижий давлатларда малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (диплом, гувоҳнома, сертификат ва ҳ.к.) нусхаси (мавжуд бўлганда);

талабгор фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномаси (муддатидан олдин малака тоифаси олишга талабгорлар учун);

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда тўлдирилган аттестация варақаси;

аттестация ўтказиш учун амалга оширилган тўлов ҳужжатининг нусхаси.

Талабгорнинг никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотлар (диплом ёки малака тоифаси олгандан сўнг фамилияси ўзгарган талабгорлар учун), тиббий ёки фармацевтик маълумоти тўғрисидаги диплом маълумотлари, шунингдек иш стажини тасдиқловчи маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали доимий ишчи орган томонидан мустақил равишда сўраб олинади.

Талабгорлардан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни сўраб олишга йўл қўйилмайди.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун талабгор ва ташкилот раҳбари масъул ҳисобланади.

23. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар аттестациядан ўтказувчи органнинг электрон почта манзили орқали ҳам тақдим этилиши мумкин. Бунда талабгор аттестацияга иштирок этиш учун келганида электрон почта орқали жўнатилган ҳужжатларининг қоғоз нусхаларини тақдим этиши талаб этилмайди.

Электрон шаклда тақдим этилган ариза ва унга илова қилинаётган ҳар бир ҳужжат алоҳида файл кўринишида бўлиши ҳамда ҳар бир файл ўлчами 10 мбдан ошмаслиги лозим.

Ҳужжатлар "PDF" форматида сканер қилинган ҳолда юборилади.

24. Аттестация ўтказиш учун врач ва фармацевт талабгорлардан қўшилган қиймат солиғи билан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида тўлов ундирилади. Аттестациядан ўтказиш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари, "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан тўлов ундирилмайди.

25. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида кўриб чиқилади. Қуйидаги ҳолларда талабгорни аттестациядан ўтказиш рад этилади:

талабгор мазкур Низомнинг 1-боби талабларига мувофиқ, тегишли малака тоифасини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 апрелдаги ПҚ-4666-сон "Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 4-иловасида белгиланган кредитлар ҳажмини тўпламаган ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ малака оширмаган тақдирда;

мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки қалбакилаштирилган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда.

Аттестациядан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.


26. Аттестациядан ўтказиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда талабгорга ёзма равишда асослантирилган хабар берилади ва кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун уч ой муддат берилади.

Кўрсатилган камчиликлар талабгор томонидан уч ой ичида бартараф этилган тақдирда, аттестация ўтказиш учун қайта мурожаат қилиш, шу жумладан такроран тўлов амалга ошириш талаб этилмайди. Ушбу муддат ўтгач, талабгор аттестациядан ўтиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишга ҳақли.

Кўрсатилган камчиликлар талабгор томонидан уч ой ичида бартараф этилган тақдирда, аттестация ўтказишни илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.


27. Малака тоифаси муддати тугаши билан эгаллаб турган ёки бошқа малака тоифасини олиш истагида бўлган талабгор, амалдаги малака тоифаси муддати тугашидан камида уч ой олдин аттестациядан ўтиш тўғрисида мурожаат қилиши лозим. Бунда мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлган тақдирда, ушбу талабгор уч ой ичида аттестациядан ўтказилиши шарт.

Талабгор амалдаги малака тоифаси муддати тугагандан кейин ҳам малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишга ҳақли. Малака тоифаси муддатининг тугаганлиги талабгорга ушбу малака тоифаси ёки навбатдаги малака тоифаси беришни рад этиш учун асос бўлмайди.



3-§. Талабгорларни аттестациядан ўтказиш

ва уларга малака тоифаси бериш

29. Аттестация 5 та саволдан иборат билет асосида суҳбат шаклида ўтказилади.

Талабгорлар аттестацияга паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида киритилади.

Аттестация саволлари комиссия раиси ва масъул котибнинг имзолари билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Саволларга тайёрланиш учун талабгорларга 15 дақиқагача вақт ажратилади.

Саволларга тайёрланиш жараёнида талабгорларга қуйидагилар тақиқланади:

уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ёки шпаргалкалардан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

талабгорга аттестация натижаси эълон қилинмагунча хонадан ташқарига чиқиш.

Талабгорнинг мазкур қоидага амал қилмаслиги уни аттестацияда қатнашишдан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатда масъул котиб томонидан мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома расмийлаштирилади ва комиссия аъзоларининг камида уч нафари томонидан имзоланади.

Аттестацияда қатнашишдан четлаштирилган талабгор олти ой давомида кейинги аттестацияларга қўйилмайди.

30. Талабгорнинг саволларга жавоблари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

ўз мутахассислиги бўйича тайёргарлик даражаси;

касбий фаолияти натижалари, умумий ва махсус билим ҳамда амалий кўникмалари;

ўз хизмат фаолиятини таҳлил қила олиш ва касбига боғлиқ вазиятли масалаларни тўғри ҳал қилиш қобилияти;

замонавий профилактика стандартлари, диагностика ва даволаш усулларини билиши ҳамда амалиётда қўллай олиши (врачлар учун);

тиббиёт деонтологияси ва касб этикаси асосий принципларини билиши;

соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, шу жумладан, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимидан хабардорлиги.

Талабгорнинг ҳар бир саволга жавоби аттестация комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан ўн баллик тизимда баҳоланади. Овозлар тенг бўлганда аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи бўлади.

Республика миқёсида фавқулодда вазиятлар ёки карантин тартиби эълон қилинган давр мобайнида аттестация қуйидаги тартибда ўтказилади:

ҳужжатлар фақат электрон шаклда қабул қилинади ҳамда талабгорга ҳужжат қабул қилинганлиги, аттестация куни ва соати тўғрисида хабар юборилади;

аттестация оғзаки имтихон шаклида масофадан туриб (онлайн режимда) ўтказилади. Аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади. Бунда талабгорга мутахассислиги бўйича ўн баллик тизимда баҳоланадиган 5 та савол берилади ва саволларга тайёрланиш учун 15 дақиқа вақт ажратилади. Талабгор томонидан тўпланган баллар мазкур Низомнинг 31-бандига мувофиқ баҳоланади.

31. Аттестацияда олинган баллар ҳар бир талабгор бўйича аттестация комиссияси томонидан қуйидагича қарор қабул қилиниши учун асос бўлади:

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизи ва ундан юқори балл учун - талабгорлик қилаётган малака тоифасига лойиқ деб топиш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизидан 64 фоизигача балл учун - талабгорлик қилаётган малака тоифасидан бир поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 46 фоизидан 55 фоизигача балл учун - талабгорлик қилаётган малака тоифасидан икки поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 40 фоизидан 45 фоизигача балл учун - талабгорлик қилаётган малака тоифасидан уч поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 40 фоизидан кам балл учун ёки мазкур банднинг учинчи - бешинчи хатбошиларига мувофиқ тегишли паст поғонадаги малака тоифаси мавжуд бўлмаган ҳолларда - малака тоифаси беришга нолойиқ деб топиш ҳақида.

Талабгорлар томонидан аттестацияда олинган баллар ҳамда аттестация комиссияси қарори шу куннинг ўзида уларга ўқиб эшиттирилади.

Агарда аттестация комиссияси етарли балл тўплай олмаган шифокорлар бўйича малака тоифаси беришга нолойиқ деб топиш тўғрисида қарор қабул қилса, унда улар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида ўз хисобидан навбатдан ташқари бир ойлик малака ошириши ва аттетация ўтказилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач умумий асосларда қайта аттестациядан ўтиши лозим бўлади.

32. Аттестация натижаси ҳамда ҳар бир талабгор бўйича аттестация комиссияси қарори талабгорнинг аттестация варақасига киритилади ҳамда ушбу варақа аттестация комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

33. Аттестация давомида аттестация комиссияси котиби томонидан баённома юритилади.

Баённомада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

аттестация ўтказилган жой ва сана;

аттестация бошланган ва тугалланган вақт;

аттестацияда қатнашган аттестация комиссияси аъзоларининг исми ва отасининг исми бош ҳарфлари, фамилияси ҳамда лавозими;

аттестациянинг умумий натижалари;

аттестация жараёнига тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар.

Баённомага аттестацияда ҳозир бўлган ва келмаган талабгорлар рўйхати киритилган жадвал илова қилинади. Мазкур жадвалда ҳар бир талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, иш жойи, лавозими, мутахассислиги, умумий иш стажи, мутахассислиги бўйича иш стажи, малака оширган вақти, амалдаги малака тоифаси ва берилган йили, талабгорлик қилаётган малака тоифаси, аттестацияда олинган баллар ҳамда аттестация комиссиясининг қарори кўрсатилади.

Баённома аттестация комиссияси раиси ва котиби томонидан имзоланади.


34. Баённомага асосан, аттестация тугаган кундан бошлаб ўн кун ичида аттестация якунлари бўйича аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи қабул қилинади ҳамда малака тоифаси берилган талабгорларга Малака тоифаси берилганлиги тўғрисида сертификат (бундан буён матнда сертификат деб юритилади) расмийлаштирилади. Бунда барча тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун (бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари, "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан ташқари) мазкур Низомнинг 3-иловасига, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари, "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимлари учун мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги сертификат берилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Сертификатнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR-коди ва тартиб рақамига эга бўлади.

Электрон ҳамда қоғоз шаклда берилган сертификатлар тенг юридик кучга эга ҳисобланади.

Электрон шаклда берилган сертификатнинг қоғоз шакли талабгорнинг аризасига кўра, қатъий ҳисобда турадиган бланкларда электрон сертификатни расмийлаштирган орган раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ҳолда берилиши мумкин.

Шифокорлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан бошқа тиббиёт муассасаларида фаолият юритганда мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда сертификат олиш учун умумий асосларда аттестациядан ўтиши лозим бўлади.

35. Сертификат берилганлиги учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларидан қўшилган қиймат солиғи билан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида, "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан қўшилган қиймат солиғи билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

36. Аттестацияда тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан кам балл олган талабгорлар аттестация ўтказилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач, малака тоифаси олиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин.

Аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилган, бироқ бир йил ичида аттестацияда иштирок этмаган талабгорлар малака тоифаси олиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин.

Талабгор аттестациядан ўтмаган ёки унда иштирок этмаган ёхуд малака тоифасини олишдан бош тортган тақдирда, аттестация ўтказиш учун қилинган тўловлар қайтарилмайди.



3-БОБ. СЕРТИФИКАТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТУГАТИШ ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


37. Қуйидаги ҳолларда сертификатнинг амал қилиши тугатилади:

сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганда;

тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг фаолиятида беморнинг ўлимига сабаб бўлувчи қўпол хато ва бузилишларга йўл қўйилган ёхуд ногиронлик тайинланишига олиб келувчи оғир тан жароҳатлари етказилганлиги суднинг қарори билан аниқланганда;

малака тоифаси муддати тугагунга қадар аттестацияда иштирок этган талабгорга амалдаги малака тоифасидан пастроқ малака тоифаси берилган ёки малака тоифаси берилмаган ҳолларда.

Сертификатнинг амал қилиш муддатини олдин тугатиш уни берган аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Бунда сертификатнинг амал қилиши мазкур буйруқ қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.


38. Малака тоифаси сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги суднинг қарори билан аниқланганда, сертификат бекор қилинади.

Сертификатни бекор қилиш уни берган аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Бунда сертификат у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.


39. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш ҳақидаги буйруқнинг нусхаси ўн кун ичида унинг эгасига ва у фаолият юритаётган тиббиёт муассасасига юборилади.

Сертификатнинг амал қилиши тугатилган ёки у бекор қилинганда талабгор томонидан қилинган тўловлар қайтарилмайди.



4-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИ БЕРИШ

ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


40. Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган талабгорлар аттестация ўтказилган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида Марказ ҳузурида тузиладиган апелляция комиссиясига ёзма равишда апелляция шикояти бериш ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Апелляция комиссияси таркиби Марказ директори томонидан тасдиқланади. Аттестация комиссияси аъзолари апелляция комиссияси таркибига киритилмайди.

41. Апелляция шикоятини апелляция комиссияси томонидан икки ҳафта ичида талабгор иштирокида, зарур ҳолларда аттестация комиссияси аъзолари ва бетараф мутахассисларни таклиф қилган ҳолда кўриб чиқилади.

Апелляция шикоятида кўрсатилган важлар апелляция комиссияси томонидан аттестация материаллари асосида ўрганилади. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаларига кўра уни қаноатлантириш ёки аттестация комиссияси қарорини ўзгартиришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади.


42. Апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.



5-БОБ. СЕРТИФИКАТНИНГ ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


43. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган сертификатнинг ўрнига ушбу сертификат эгасининг аризасига кўра ўн беш кун ичида унинг дубликати берилиши шарт.


44. Сертификат дубликатида унинг аввалги ҳисобга олиш рақами, белгиланган амал қилиш муддати ҳамда юқори ўнг бурчагида "ДУБЛИКАТ" ёзуви кўрсатилади. Сертификатнинг дубликатини берганлик учун аттестациядан ўтиш ва қўшимча ҳақ тўлаш талаб қилинмайди.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


45. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш ҳамда сертификатлар расмийлаштириш учун талабгорлардан ундириладиган тўловлар Марказнинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.

46. Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан йиллик жадвал бўйича барча йиғилишлар ўтказилгандан кейин, бироқ кейинги йил январь ойининг ўн бешинчи санасидан кечиктирмасдан ўтказилган аттестация натижалари ҳақида Марказга ахборот тақдим этилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилган малака тоифаларининг ҳисоби Марказ томонидан юритилади.

47. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


48. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган

врачларнинг мутахассислик бўйича иш стажини

ҳисоблаб чиқаришда ўзаро ҳисобга олинадиган

турдош мутахассисликлар

Т/р

Мутахассислик номи


Ўзаро ҳисобга олинадиган

мутахассисликлар номи


1.

"Психиатрия"

"Наркология", "Психотерапия", "Суд-психиатрия экспертизаси", "Суицидология"


2.

"Терапия"

"Гастроэнтерология", "Гериатрия", "Диетология", "Клиник фармакология", "Нефрология", "Касб касаллиги", "Пулъмонология", "Ревматология", "Тез тиббий ёрдам"


3.

"Педиатрия"

"Неонатология", "Болалар кардиологияси ва ревматологияси", "Болалар нефрологияси", "Болалар пульмонологияси", "Болалар гастроэнтерологияси", "Тез тиббий ёрдам"


4.

"Тиббий радиология"

"Интервенцион радиология", "Рентгенология", "Ультратовуш ташхиси", "Ядроли тиббиёт"


5.

"Умумий гигиена"

"Меҳнат гигиенаси", "Овқатланиш гигиенаси", "Болалар ва ўсмирлар гигиенаси", "Коммунал гигиена", "Радиацион гигиена", "Пестицид ва минерал ўғитларнинг қўлланилишини назорат қилиш гигиенаси"


6.

"Умумий амалиёт шифокори"


Барча тор мутахассисликлар


7.

"Ўсмирлик даври ва хизматга чақирилувчи ёшлар касалликларининг тиббий экспертизаси"


"Умумий амалиёт шифокори", "Терапия", "Педиатрия"


8.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тиббий меҳнат экспертиза инспекцияси тизимида эксперт


"Невролог", "Терапевт", "Хирург", "Офтальмолог", "Фтизиатр", "Психиатр" ва бошқа мутахассисликлар


         





Низомга

2-ИЛОВА


(ташқи қисми)

        

3. АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИНИНГ ҚАРОРИ:


Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини

аттестациядан ўтказиш ва уларга малака

тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги

низомнинг 31-бандига мувофиқ талабгор


___________________________________________

(фамилияси, исми, отасининг исми)

________ малака тоифасига ______деб топилди.

(малака тоифаси)       (лойиқ ёки нолойиқ)


Аттестация комиссияси раиси:

____________________________ ______________

(Ф.И.О.)                                 (имзо)


Аттестация комиссияси раиси ўринбосари:

____________________________ ______________

(Ф.И.О.)                                (имзо)


Аттестация комиссияси аъзолари:

___________________________ ______________

(Ф.И.О.)                                 (имзо)


___________________________ ______________

(Ф.И.О.)                                 (имзо)


___________________________ ______________

(Ф.И.О.)                                 (имзо)



Аттестация комиссияси котиби:

___________________________ ______________

(Ф.И.О.)                               (имзо)


     

____________________________________________


____________________________________________

(аттестация комиссиясининг тўлиқ номи)




МАЛАКА ТОИФАСИ

ОЛИШГА ТАЛАБГОР


______________________________________ нинг

(фамилияси, исми, отасининг исми)





АТТЕСТАЦИЯ ВАРАҚАСИ

(ички қисми)

              

1. ТАЛАБГОР ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР


1. Фамилияси, исми, отасининг исми:

______________________________________________

______________________________________________


2. Иш жойи ва лавозими:

______________________________________________

______________________________________________


3. Туғилган йили: ______________


4. Миллати:

______________________________________________


5. Маълумоти:

______________________________________________

______________________________________________

   (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар, тамомлаган

   таълим муассасасининг номи, тамомлаган йили,

                    диплом серияси ва рақами)


6. Магистратурани тамомлаган ёки қайта

тайёрлашдан ўтган мутахассислиги:

______________________________________________

______________________________________________

              (муассаса номи, тамомлаган йили)


7. Аттестация ўтказиладиган мутахассислик:

______________________________________________

8. Малака тоифаси олиш учун малака

оширганлиги ҳақида маълумот:

______________________________________________

        (малака оширилган муассаса номи, йили

               ва малака ошириш даврийлиги)


9. Аттестациядан ўтаётган мутахассислиги

бўйича олдинги олган малака тоифаси

тўғрисидаги маълумот:


а) малака тоифаси

______________________________________________


б) малака тоифаси берган аттестациядан

ўтказувчи орган, берилган йили, буйруқ рақами:

______________________________________________

______________________________________________


Талабгорнинг имзоси: ______________________


Тўлдирилган вақт: 20 __ йил "___" ___________

               

         

2. АТТЕСТАЦИЯ НАТИЖАЛАРИ:


Суҳбат ўтказилган сана: 20__ йил "___" ________


1) Савол ____________________________________

                         (саволнинг қисқача мазмуни)


Жавоб: _______ балл билан баҳоланди.



2) Савол ____________________________________

                         (саволнинг қисқача мазмуни)


Жавоб: _______ балл билан баҳоланди.



3) Савол ____________________________________

                         (саволнинг қисқача мазмуни)


Жавоб: _______ балл билан баҳоланди.



4) Савол ____________________________________

                         (саволнинг қисқача мазмуни)


Жавоб: _______ балл билан баҳоланди.



5) Савол ____________________________________

                         (саволнинг қисқача мазмуни)


Жавоб: _______ балл билан баҳоланди.



Аттестацияда умумий тўпланган балл:

________ (_______ %)



Аттестация комиссияси котибининг имзоси:

______________________________________________



Тўлдирилган вақт: 20__ йил "___" _____________

          





Низомга

3-ИЛОВА

       

MALAKA TOIFASI BERILGANLIGI TO`G`RISIDA

SERTIFIKAT


AA 000000

Ushbu sertifikat



(familiyasi, ismi, otasining ismi)



ning

(attestatsiya o`tkazuvchi organ nomi)


20__ yil "___"__________ dagi _______ -son buyrug`i bilan



mutaxassisligi bo`yicha

(mutaxassislik nomi)



malaka toifasi berilganligini tasdiqlaydi.

(malaka toifasi turi)


Berilgan sana:

Amal qilish muddati:

20 __ yil "__" ________

20 __ yil "__" ________

Sertifikatni rasmiylashtirgan organ rahbari:





(imzo)


(F.I.O.)

        

Mazkur sertifikat Tibbiyot va farmatsevtika xodimlarini attestatsiyadan o`tkazish va ularga malaka toifalari berish tartibi to`g`risidagi nizomga (ro`yxat raqami 2649, 2015 yil 19 yanvar) muvofiq shakllantirilgan barcha tibbiyot va farmatsevtika xodimlari uchun (birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalari tibbiyot xodimlari, "Oliy hamshiralik ishi" mutaxassisligiga ega bo`lgan hamshiralar, o`rta tibbiyot va o`rta farmatsevtika xodimlaridan tashqari) berilgan sertifikatning elektron nusxasi hisoblanadi. Elekton hujjatning nusxasida ko`rsatilgan malumotlar to`g`riligini tekshirish uchun toifareestr.uz portaliga o`ting yoki mobil telefon yordamida QR-kodni skaner qiling.

Diqqat! Tibbiyot va farmatsevtika xodimlarini attestatsiyadan o`tkazish va ularga malaka toifalari berish tartibi to`g`risidagi nizomga (ro`yxat raqami 2649, 2015 yil 19 yanvar) muvofiq elektron va qog`oz shaklda berilgan sertifikatlar teng yuridik kuchga ega hisoblanadi.



QR-kod


         





Низомга

4-ИЛОВА

MALAKA TOIFASI BERILGANLIGI TO`G`RISIDA

SERTIFIKAT

AA 000000

Ushbu sertifikat



(familiyasi, ismi, otasining ismi)



ning

(attestatsiya o`tkazuvchi organ nomi)


20__ yil "___"__________ dagi _______ -son buyrug`i bilan



mutaxassisligi bo`yicha

(mutaxassislik nomi)



malaka toifasi berilganligini tasdiqlaydi.

(malaka toifasi turi)


Berilgan sana:

Amal qilish muddati:

20 __ yil "__" ________

20 __ yil "__" ________

Sertifikatni rasmiylashtirgan organ rahbari:





(imzo)


(F.I.O.)

Mazkur sertifikat Tibbiyot va farmatsevtika xodimlarini attestatsiyadan o`tkazish va ularga malaka toifalari berish tartibi to`g`risidagi nizomga (ro`yxat raqami 2649, 2015 yil 19 yanvar) muvofiq shakllantirilgan barcha tibbiyot va farmatsevtika xodimlari uchun (birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalari tibbiyot xodimlari, "Oliy hamshiralik ishi" mutaxassisligiga ega bo`lgan hamshiralar, o`rta tibbiyot va o`rta farmatsevtika xodimlaridan tashqari) berilgan sertifikatning elektron nusxasi hisoblanadi. Elekton hujjatning nusxasida ko`rsatilgan malumotlar to`g`riligini tekshirish uchun toifareestr.uz portaliga o`ting yoki mobil telefon yordamida QR-kodni skaner qiling.

Diqqat! Tibbiyot va farmatsevtika xodimlarini attestatsiyadan o`tkazish va ularga malaka toifalari berish tartibi to`g`risidagi nizomga (ro`yxat raqami 2649, 2015 yil 19 yanvar) muvofiq elektron va qog`oz shaklda berilgan sertifikatlar teng yuridik kuchga ega hisoblanadi.



QR-kod


             





Низомга

5-ИЛОВА


Имтихон жараёнидан четлаштириш ҳақида

ДАЛОЛАТНОМА


20__ йил "___" __________


Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, талабгор

           

(талабгорнинг Ф.И.О.)

қуйидаги cабабларга кўра имтихондан соат _____:_____ да четлатилди:


уяли алоқа воситалари, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари,


китоб ёки шпаргалкалардан фойдаланди;


бошқа талабгорлар билан суҳбатлашди;


аттестация якунига етмасдан хонадан ташқарига чиқди.

Натижада талабгор томонидан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 29-банди талаблари бузилди.

Комиссия аъзоси





(имзо)


(Ф.И.О.)

Комиссия аъзоси





(имзо)


(Ф.И.О.)

Комиссия аъзоси





(имзо)


(Ф.И.О.)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 26 январь, 3-сон, 32-модда














































Время: 0.1973
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск