ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Аҳоли пунктларидаги сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимларидан фойдаланишда ишлар хавфсизлиги Қоидалари (АВ томонидан 20.01.2015 й. 2650-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги бош директорининг 26.12.2014 й. 140-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 20 январда 2650-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат"

агентлиги бош директорининг

2014 йил 26 декабрдаги

140-сонли буйруғига

ИЛОВА



Аҳоли пунктларидаги сув таъминоти

ва оқова сувни чиқариш тизимларидан

фойдаланишда ишлар хавфсизлиги

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ҳамда 2013 йил 6 ноябрдаги 300-сонли "Республиканинг иссиқлик ва сув билан таъминлаш ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, аҳоли пунктларидаги сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимларидан фойдаланиш ташкилотлари ходимлари учун ишлар хавфсизлиги қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар аҳоли пунктларидаги сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимлари ташкилотлари (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидалар талаблари ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, технологик жараёнларни ва цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.



2-БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


5. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларни ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.


6. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган корхоналарда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган корхоналарда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юкланади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


9. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


10. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимларини синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


11. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


12. Ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади. Ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


13. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлишлари лозим.


14. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчов натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


15. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


16. Ташкилотлар ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим.


17. Лавозим йўриқномаларига мувофиқ, хавфли моддалар билан бажариладиган ишларни, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган резервуарлар, электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ҳамда тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ бошқа хавфли ишларни бажаришни назарда тутувчи касблар ўта хавфли касблар рўйхатига, мазкур вазифаларни бир марталик топшириқ асосида бажарилишини назарда тутувчи ишлар ўта хавфли ишлар рўйхатига киритилиши зарур.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши учун ташкилот раҳбарияти жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини меъёрлаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик электр токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратидан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


24. Ташкилот ходимлари Уй-жой-коммунал хўжалиги ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2275, 2011 йил 6 октябрь) мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг номенклатураси ва зарур миқдори;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларини олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ зарур маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Босим остида ва бошқа ўта хавфли ишларда ишловчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт.


31. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга жалб қилинмаслиги лозим.


32. Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга жалб қилинмаслиги керак.



7-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш шарт-шароитлари


33. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида қатнашишга қўйиш олдидан қуйидагилар текширилиши зарур:

иш жойининг мазкур Қоидаларда белгиланган санитария ва гигиенага, хавфсизлик талабларига, шунингдек шовқин ва тебранишга, шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талабларга мувофиқлиги;

ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш, унга йўл-йўриқ бериш ва саломатлигини назорат қилиш даврийлигига амал қилинганлиги;

технологик жараёнларда иштирок этувчи асбоб-ускуналар ва уларнинг ҳимоя воситалари созлиги;

жамоавий ҳимоя воситаларининг созлиги ва ходимларнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларига эгалиги.



8-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) талаблари асосида амалга оширилиши керак.


35. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.


36. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлари натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


37. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.


38. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларга қўйиш тақиқланади.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


39. Ташкилот иш ҳудудидаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


40. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги талабларга мувофиқ сақланиши лозим:

ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсумини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


41. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини амалга оширишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


42. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


43. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


44. Ташкилотда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши ҳамда ташкилотга кириш ва чиқиш жойлари ҳамда иш жойларининг кўринарли қисмига осиб қўйилиши зарур.


45. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим. Майдонлардаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


46. Ёзги мавсумда йўлкалар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


47. Қишки мавсумда йўлкалар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан, карнизлари эса муздан тозалаб турилиши зарур.


48. Йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


49. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб, дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


50. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган бўлиши ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



11-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


51. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


52. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда ёрдамчи бинолар ва хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


53. Мунтазам ишлашга мўлжалланган хоналарнинг полларига ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши, мазкур пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши зарур.


54. Бинонинг транспорт воситалари кириш жойларида дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиши лозим.


55. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


56. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари энидан ортиқ бўлиши, дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситаларининг баландлигидан камида 0,2 м ортиқ бўлиши зарур.


57. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


58. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки марта (баҳорги ва кузги мавсумда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши зарур.


59. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Бунда хавфли ҳудудлардаги иш жараёни ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши ва у ердаги ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


60. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинларни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


61. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши зарур.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


62. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


63. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарига жойлаштириш;

тебраниш манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатиш.


64. Шовқинни техник воситалар билан бартараф этиш имкони бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланган ҳолда ҳимоялаш керак.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


65. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


66. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


67. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари ўтиш йўлакларининг кенглигига қўйилган талабларни бузмаслиги зарур.


68. Иш жойларидаги ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


69. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


70. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналаргача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


71. Сув таъминоти ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши зарур.


72. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига мувофиқ бўлиши, унинг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


73. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ёки махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.



15-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


74. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


75. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши зарур. Ёруғлик тушувчи ойналар ҳар йили камида икки марта тозаланиши лозим.


76. Ёруғлик тушувчи ойна ва эшиклар турли буюмлар билан тўсиб қўйилмаслиги керак.


77. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилиши зарур. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


78. Иш жойлари ва хоналарда портлаш хавфи бўлган газ ва чанг концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


79. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 V дан ошмаслиги керак.


80. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан электр ўтказгичлар қўлланилиши зарур.


81. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажратилиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.


82. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши зарур.



16-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


83. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


84. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлар, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва бошқа маиший хона ва жиҳозларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши зарур.


85. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


86. Барча маиший иморатлар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғи пайтида ёритилган бўлиши керак.



17-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


87. Ташкилот фаолияти атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


88. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитни оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


89. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши керак. Ушбу идишлар чиқиндилар бўшатилганда хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



18-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


90. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилот томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Иш жараёнларига қўйиладиган хавфсизликнинг

умумий талаблари


91. Технологик жараёнлар ГОСТ 12.3.002-75 "Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Ишлаб чиқариш жараёнлари. Хавфсизлик бўйича умумий талаблар"га мувофиқ ташкил этилиши керак.


92. Ишлаб чиқариш хоналаридаги технологик жараёнларнинг хавфсизлиги қуйидаги талабларни амалга ошириш орқали таъминланиши лозим:

ишлаб чиқариш ускуналарига хизмат кўрсатиш тартибидаги иш турлари ва усулларини қўллаш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг тарқалишини чекловчи воситаларни қўллаш;

технологик жараёнлар натижасида атроф муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланиши ва зарарли омилларнинг тегишли меъёрларидан ортиқ даражада тарқалишининг олдини олиш.


93. Технологик жараёнларни амалга оширувчи ускуналар кетма-кетлиги блокировка (автоматик тўхтатиб қўйиш) тизими билан таъминланган бўлиши зарур.


94. Ускуна автоматлаштирилган тармоқларда улар ишга туширилганлигини билдирувчи овозли ва ёруғлик сигналлари бўлиши керак. Сигнал элементлари (электр қўнғироқ, ўчиб-ёнувчи лампа) механик бузилишлардан ҳимояланган ва хизмат кўрсатувчи ходимлар эшитадиган даражада бўлиши лозим.


95. Автоматлаштирилган линиялар огоҳлантирувчи ёруғлик сигнали бериш мосламасига эга бўлиши керак.

Автоматлаштирилган линия тўхтатилгандан сўнг, уни овозли ва ёруғлик сигнали бермасдан ишга тушириш тақиқланади.


96. Технологик жараёнларни амалга оширувчи ускуналар улар ишга яроқли, назорат-ўлчаш асбоблари ва блокировка (автоматик тўхтатиб қўйиш) тизими соз ҳолатда бўлганида ишга туширилиши зарур.


97. Барча тармоқларда технологик жараёнлар хавфсиз бажарилиши лозим.


98. Ташкилотларда технологик жараёнларни амалга оширувчи барча ускуналарнинг техник ҳужжатлари (паспорти, чизмаси ва ишлатишга доир қўлланмаси) бўлиши керак.


99. Технологик ускуналарга ташкилот раҳбари томонидан мазкур ишни бажариш топширилган ходим томонидан хизмат кўрсатилиши лозим. Бегона шахсларнинг ишлаб чиқариш жойларида бўлишларига йўл қўйилмаслиги керак.


100. Ишлаб чиқариш жойларидаги йўлакларга хом ашё, тайёр маҳсулот ва чиқиндиларни жойлаштириш (қолдириш) тақиқланади.


101. Барча ишлаб чиқариш жойларида механизмларни тозалаш ва иш жойларини тартибга келтириш учун зарур жиҳозлар бўлиши лозим. Ускуна ишлаб турганда уни артиш, созлаш, таъмирлаш ва чиқиндиларни олиб ташлаш тақиқланади.


102. Ишлаб турган ускуналар жойлашган жойлар зарур тўсиқлар, ҳимоя ва сақловчи мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Иш жойлари ва ишлаб чиқариш биноларига бегона шахсларнинг киришига йўл қўйилмаслиги лозим.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлигига қўйиладиган талаблар


103. Ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га мувофиқ таъминланиши лозим.


104. Белгиланган тартибда синовдан ўтказилмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқаришда қўллаш тақиқланади.


105. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик даражалари лойиҳа ташкилоти томонидан ШНҚ 2.01.19-09 "Бино, хона ва ташқи қурилмаларни портлаш, ёнғин ва ёнғин хавфлилиги тоифаларини аниқлаш"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


106. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


107. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


108. Ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


109. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ускуналар ва иш жойларида очиқ оловдан фойдаланишни тақиқловчи ҳамда алангаланувчи ва портловчи моддалар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи белгилар бўлиши зарур.


110. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


111. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатишда ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларига риоя қилиниши керак.


112. Электр энергиясидан фойдаланадиган ташкилотларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хавфсизлиги учун масъул ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши зарур.


113. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим кучланиши 1000 V ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 V гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда ташкилотда тузилган электр хавфсизлиги бўйича комиссияда синовдан ўтиши лозим.


114. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма ва тармоқларда режали таъмирлаш ишлари ҳамда профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини;

электр энергия сарфининг ҳисоби олиб борилишини;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини таъминлаши керак.


115. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


116. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса, суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши керак.


117. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши зарур.


118. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланилувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


119. Кабеллар ва электр симларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва ўлчаш асбоблари орқали текшириб турилиши керак.


120. Электр аппаратлари ва агрегатларининг ноллаш ва ерга улаш симлари бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши, текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши зарур.


121. Қуйидаги электр қурилмалари нолланиши ёки ерга уланиши лозим:

кучланиши 380 V ундан юқори бўлган ўзгарувчан электр ток ҳамда 440 V ва ундан юқори бўлган ўзгармас электр токда ишловчи барча электр қурилмалари;

номинал кучланиши 42 V дан юқори, лекин 380 V дан паст бўлган ўзгарувчан электр ток ва 110 V дан юқори, лекин 440 V дан паст ўзгармас электр токда ишловчи юқори хавфли ташқи қурилмалар.


122. Номинал кучланиши 42 V гача бўлган ўзгарувчан электр токда ва 110 V гача бўлган ўзгармас электр токда ишлайдиган электр қурилмаларини ноллаш ёки ерга улаш талаб этилмайди, металл конструкцияга ўрнатилган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалар, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чўлғамалари бундан мустасно.


123. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


124. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун ускуналарнинг ғилофлари, асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


125. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўр билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши лозим.


126. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши зарур.


127. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорги мавсумда текшириб турилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши лозим.



4-§. Хлордан фойдаланишда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


128. Хлорни ишлатадиган ҳар бир объект бўйича хлорнинг келиб тушишини ҳисобга олиш, хлорни текшириш, аварияли вазиятларни локаллаштириш бўйича машқ машғулотларини ўтказиш дафтарлари юритилиши зарур.


129. Сув таъминоти ва сувни чиқариш тизимларининг ҳар бир ишлаб чиқариш ташкилотларида хлордан фойдаланишга масъул ходим буйруқ асосида тайинланиши зарур.


130. Суюқ хлордан фойдаланувчи уни сақловчи ҳар бир ташкилотда режали-огоҳлантирув таъмирлаш ишлари жадвали, хлордан фойдаланиш ускуналарининг техник кузатувлари ва синов ишлари қатъий ва ўз вақтида бажарилиши керак.

Техника хавфсизлиги бўйича йўриқномаларда хлорнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ эҳтимолий авария ҳолатларини бартараф этиш, бундай ҳолларда ходимларнинг ҳаракатлари тўғрисида аниқ кўрсатмалар бўлиши лозим.


131. Хлор омборига, шунингдек хлорлагич хонага кириш олдидан навбатчи ходим шамоллатиш тизими ишлашининг созлиги ва хоналарда газ йўқлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.


132. Омбордан бочка ва баллонлар, хлордозатор хоналарига махсус замбилларда ёки тегишли идиш учун қирқими бор бўлган тагликли араваларда ташилади. Баллонларни хлордозатор хоналарига қўлда ташиш, шунингдек бочка ва баллонларни думалатишга рухсат этилмайди.


133. Хлорли баллонлар ва бочкалардан дозалаш тизимига ўтказишдан олдин жиҳознинг тайёрлигини, шу жумладан буғлатгичларни (тегишли ҳароратдаги сувнинг сизиб ўтиш имконияти борлигини) текшириш, суюқ ва газсимон хлорни қабул қилиш учун хлордозатор хонасидаги ходимларнинг ҳаммаси хлор узатилаётганидан огоҳлантирилганлигига ишонч ҳосил қилиш керак.


134. Хлорни буғлатгичга узатадиган линиядаги хлор жўмрагини аста-секинлик билан хлор тармоғидаги ортиқча босимни 4 атмосфера сиғимидан оширмасдан очиш керак.


135. Хлор ишлатиб бўлинганидан кейин унинг баллонлар ва бочкаларда қолганлиги оғирликни тортиш орқали аниқланади. Ишлатилган баллонларда хлорнинг қолдиқ босими 0.5 атмосферадан кам бўлмаслиги керак.


136. Хлорли баллонлар ва бочкаларни алмаштириш, қопқоқларни, кранлар маховикларини очиш, ишлатилган баллонлар ва бочкалардан трубкаларни олиш, хлорли янги идишларни ўрнатишда ва газ сизиб чиқиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлардаги ишларни газниқобда амалга ошириш лозим.


137. Хлордан фойдаланишда авария ҳолати ёки хлорнинг сизиб чиқиши аниқланган тақдирда, товушли сигналдан фойдаланган ҳолда бу ҳақда атрофдаги барчани хабардор қилиш керак.



5-§. Кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни

сақлашда хавфсизлик талаблари


138. Сув таъминоти тизимларининг тозалаш иншоотларида қўлланадиган кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларга қуйидагилар киради:

босим остида сақланадиган - суюқ учувчан аммиак ва хлор;

буғланадиган кислоталар - сульфат, хлорид кислоталари.


139. Оқова сувни чиқариш тизимларининг тозалаш иншоотларида фақат хлор қўлланади.


140. Суюқ хлор ва аммиак уларни етказиб берувчи заводлардан пўлат баллонлар, бочкалар, контейнерлар ва темир йўл цистерналарида, кислоталар эса темир йўл ёки транспорт воситалари цистерналарида келтирилиши лозим.


141. Хлор, аммиак ва кислота захиралари махсус жиҳозланган омборларда сақланиши зарур.


142. Кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни сақлаш учун сарфлаш омборларини сув етказиш тармоқлари майдончасига жойлаштириш ҚМҚ 2.04.02-97 "Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар. Амалдаги санитария қоидаларини лойиҳалаштириш меъёрлари" талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак.

Бунда хавфли зона доираси баллонларда суюқ хлор сақлаш омборлари учун 150 м, контейнерларда сақланадиган омборлар учун 500 м қилиб белгиланиши керак.


143. Лойиҳалаштирилаётган суюқ хлор омборлари бошқа бинолар ва иншоотларга нисбатан пастроқ жойларда ҳамда яқин аҳоли пунктлари жойлашган жойга нисбатан шамоллар кўп бўлган йўналишларнинг асосан шамолдан пана томонида жойлаштирилиши керак.


144. Суюқ хлор сақланадиган омбор ҳудудига бегона кишиларнинг киришига йўл қўймаслик учун баландлиги камида 2 м бўлган бир текис, авария ҳолатда газ тўлқинлари ўтмайдиган ҳамма томони берк тўсиқ ўрнатилган бўлиши керак. Тўсиқни омбор бинолари ва иншоотларидан камида 10 м узоқликда ўрнатиш керак.

Тўсиқ темир-бетон, тиканли сим ёки темирдан ишланиб, устидан баландлиги 0,5 м дан кам бўлмаган темир асослар 4 қаторли тиканли сим билан ўралиши лозим. Тўсиққа қулфланадиган дарвоза ва эшиклар ўрнатилиши керак.


145. Суюқ хлор омборига ёнғин ўчириш транспорт воситалари ва газдан қутқариш хизмати транспорт воситаларининг кириши қулай бўлиши керак.


146. Суюқ хлорли идишлар ва қувурлардан фойдаланилганда уларга намлик ва ҳарорат, босимни оширишга ёки хлор билан бирикиб портлаш хавфини юзага келтирадиган моддаларнинг аралашишига йўл қўймаслик керак.


147. Хлор қуйиш-тўкиш, буғланиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш майдонлари хлорни жойидан сўриб олиш ва ютиш учун кўчма қурилмалар билан жиҳозланиши керак.



6-§. Очиқ манбалардан сув олиш ва фойдаланишда

хавфсизлик талаблари


148. Сув олиш иншоотларини чўкмалардан тозалаш, музни ёриш, оқим линияларини ювиш, сувни тўплаш ҳовузларида жойлашган сеткаларни тозалашда ишлар хавфсизлиги таъминланиши керак.


149. Соҳил бўйи қудуқларидаги сўриб оладиган ва оқим линияларида ўрнатилган қурилмалар (зулфинлар, шиберлар, кўтарув механизмлари, қабул қопқоқлари ва бошқалар) уларни таъмирлаш учун қулай жойлашган бўлиши керак. Зулфинлар маховиклари сиртга бостирмадан 0,7 м дан кам бўлмаган баландликка чиққан бўлиши керак.


150. Соҳил бўйи қудуғининг ҳар бир секциясида таъмирлаш ва тузатиш ишларини олиб бориш учун қулай шарт-шароит яратилган бўлиши керак. Сув қабул қилиш жойининг сувни сўриб оладиган камерасида қувурлардан деворгача бўлган масофа одам ўтиши учун қулай бўлиши ҳамда оралиқ масофаси 0,9 м дан кам бўлмаслиги лозим.

Қудуққа тушиш учун пастдан ва юқоридан пухта маҳкамланган металл зиналар ўрнатилган бўлиши керак.


151. Сув сўриш линияларида кириш панжараларини кўздан кечириш, таъмирлаш ва тозалаш ишлари фақатгина насос станциялари тўхтатилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


152. Қайиқлардаги қўл хаскашлари билан кириш панжараларини тозалаш фақатгина сув оқими кучсиз бўлганда (0,6 м/сек), канал чуқурлиги саёз бўлганда (2 м гача) ҳамда кам ифлосланишда рухсат этилади.

Панжараларга хизмат кўрсатаётган ходим сувда сузишни билиши лозим. Тез оқимга эга бўлган чуқур дарёларда панжараларни фақат ғаввослар, ғаввослик ишларини амалга ошираётганда техника хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда тозалашлари лозим.


153. Сувни қабул қилиш жойининг каллаги панжараларини буғ ёки иссиқ сув билан қиздиришда сув ёки буғ етказиб берувчи шлангнинг зарур босимга чидамлилиги текширилиб кўрилади ҳамда ходимларнинг куйиб қолишининг олдини олиш мақсадида шланглар бирлаштирилган жойлар маҳкам қотирилади. Ушбу ишларни бажараётганда ходимлар қўлқоплар ва муҳофаза маскалари билан таъминланган бўлиши керак.


154. Панжараларни иситиш ишлари сув олиш иншоотларидан фойдаланиш учун масъул бўлган ходимнинг бевосита кузатуви ва раҳбарлигида амалга оширилиши лозим.


155. Сув тошқинлари вақтида тўғонларда кеча-кундуз навбатчиликни ўрнатиш керак. Навбатчилар қутқарув қайрилма қозиқлари, ходалар ва бошқа мосламалар билан таъминланиши керак.


156. Сув қабул қиладиган қудуқлар чўкмадан тозаланганда ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қудуққа тушишида қудуқлар ҳамда сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш тизимлари коллекторларида техника хавфсизлиги талабларига риоя этилиши керак.

Ходимларнинг сув қабул қилиш ҳовузларига тушиши билан боғлиқ ишлар фақатгина сув насос станциялари ишдан тўхтатилганда ва сув олиш иншоотларидан фойдаланиш учун масъул бўлган ходимнинг кузатувида амалга оширилишига рухсат этилиши лозим.



7-§. Қудуқлардан сув олишда хавфсизлик талаблари


157. Сув қудуқлари устидаги павильонлар насос станциялари қурилмалари учун белгиланган техника хавфсизлиги талабларига жавоб бериши керак.


158. Ер ости павильонига эга насос станцияларида монтаж ишларини ер устида бажариши лозим. Ходимлар насосларни кўтариш ва туширишда хавфсизликни таъминлайдиган тартибда жойлаштиришлари керак.


159. Қудуқларнинг сув кўтариш жиҳозларини таъмирлаш бўйича ишларни амалга ошираётган ходимлар махсус кийимда, қўлқоп ва каскаларда бўлиши зарур.


160. Чуқур камераларга тушиш техника хавфсизлиги талабларига мувофиқ бажарилиши, камеранинг газланганлиги текширилиши ҳамда уни шамоллатиш таъминланиши керак. Иш қутқарув белбоғлари тақилганда ва қудуқни ёритиш лампаси ёниб турганда ишларни амалга ошириш лозим. Камераларга тушиш билан боғлиқ ишларда бригада таркиби камида тўрт кишидан иборат бўлиши керак.



4-БОБ. СУВ ТАЪМИНОТИ ВА СУВНИ ЧИҚАРИБ ЮБОРИШ

ТИЗИМЛАРИ ИНШООТЛАРИГА АВТОМАТИК ҚУРИЛМАЛАР

ВА НАЗОРАТ-ЎЛЧОВ АСБОБЛАРИНИ ЎРНАТИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


161. Сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш тизимларида алоҳида иншоотлар ва умуман тизим устидан марказлаштирилган назорат ҳамда масофали (диспетчерлик) бошқарув ташкил қилиниши керак. Сув таъминоти ва сувни чиқариб юборишнинг асосий иншоотлари назорат-ўлчов асбоблари билан таъминланган бўлиши керак.


162. Насос станциялари ва тозалаш иншоотларининг бошқарувида автоматик ва телемеханик бошқарилиш билан бирга автоматика ва телемеханика ускуналарининг ишдан чиқиши ҳолатида уларнинг узлуксиз фойдаланилишини таъминлайдиган қўл билан бошқарилиши ҳам назарда тутилиши керак.


163. Автоматика ва масофали (диспетчерлик) бошқаруви тизимлари жадвалда белгиланган муддатларда ва заруратга қараб, бироқ бир йилда камида бир марта текширилиши лозим.


164. Автоматика аппаратураси ва масофали (диспетчерлик) бошқаруви, клеммали йиғмалар, предохранителлар ва иккиламчи коммуникациянинг бошқа аппаратурасидан фойдаланишда техника хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши керак.



5-БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Насос станциялари ускуналарининг тузилиши

ва жойлаштиришга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


165. Насос станцияларининг тузилиши ва жиҳозланиши, иситилиши, ёритилиши ҳаво алмашиши ва хоналарнинг ёнғинга қарши ускуналари ҚМҚ 2.04-02-97 "Сув таъминоти ташқи тармоқлар ва иншоотлар"нинг талабларига жавоб бериши лозим.


166. Бошқа сув иншоотлари билан блокировка қилинган сув насос станциялари, ёнмайдиган конструкциялар билан ажратилиши шарт ва тўғри ташқарига чиқиш йўлига эга бўлиши керак.


167. Ер сатҳидан пастда жойлашган насос станциялари сизот сувлардан ишончли ажратилган ва ер усти сувлари босимидан ҳимояланган бўлиши шарт.


168. Насос станцияларининг машина залларида ускунани таъмирлаш учун монтаж майдончаси ва юк кўтарувчи механизмлар бўлиши керак.


169. Машина залининг полидан шифтигача бўлган баландлиги кўтарма ускуналари бўлмаганда 3 м дан кам бўлмаслиги керак. Машина залидаги ускуналар монтаж майдончаси балкони ёки хизмат кўрсатиш майдонидан ўтиш йўлаги деворигача 2,4 м дан кам бўлмаслиги керак.


170. Насос станциясининг поли сув кетиши учун нишаб қилиб қурилган бўлиши керак.


171. Павильонларда асосий электр ёриткичлардан ташқари кўчма аккумулятор фонарлари ёрдамида фавқулоддаги ҳолатларда ёритиш назарда тутилиши керак.


172. Насос станцияси агрегатлари, тақсимлаш шитлари, қувурлар, арматуралар, ёрдамчи ускуналар ва бошқа механизмлар шундай жойлашиши керакки, улар олдига бемалол ўтиш мумкин бўлиши керак.


173. Насос станцияси агрегатлари ва бошқа механизмларни созлаш, ростлаш, мойлаш, профилактик кузатиш ва таъмирлаш фақатгина электр асбоблар ўчиқлигида ва улар режали-огоҳлантирув таъмирлаш жадвалига мувофиқ тўлиқ тўхтатилганда амалга оширилиши лозим.


174. Насос станциялари навбатчи ходимларига алоҳида хоналар ажратилиб, алоқа воситалари билан таъминланган бўлишлари керак.



2-§. Таъмирлаш ишларини амалга оширишга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


175. Насос станцияси агрегатлари ёки бошқа жиҳозларни диспетчер ёки смена бўйича бошлиқнинг рухсатисиз ўчириш, ёқиш ёхуд захирадан чиқариш тақиқланади. Ходимлар хавфсизлигига ёки жиҳознинг бутлигига таҳдид соладиган ҳоллар бундан мустасно.

Мураккаб ўчириб ёқишлар ёки хавфли ишлар бажарилиши зарурати билан боғлиқ, шунингдек насос станцияси иши режимининг ўзгариши туфайли жиҳоз ёки захиранинг ишдан ўчирилиши учун бош муҳандис ёки бошқарманинг бошқа мансабдор ходими томонидан тасдиқланган махсус иш дастурлари тузилиши керак.


176. Насос ва компрессор қурилмалари ишлаётган вақтда ҳимоя қопламаси ва бошқа ҳимоя мосламаларини ечиб қўйиш, мой ўтказгич тизимини кавшарлаш лампаси ва очиқ оловли мосламалар билан иситиш, ёритиш мақсадида машъаладан фойдаланиш, агрегатларни улар ишлаётган вақтда таъмирлаш ва уларнинг ҳаракатланаётган қисмларини қўл билан тўхтатиш қатъиян тақиқланади. Ёғлаш учун ишлатиладиган мойлар, артиб тозаланадиган ва бошқа енгил ўт оладиган материалларни компрессорлар ва электр двигателларига яқин жойда сақлашга рухсат этилмайди.


177. Барча компрессор қурилмаларида пломбаланган манометрлар бўлиши лозим.


178. Ҳар қандай агрегатни ишга туширишдан олдин навбатчи машинист уларнинг барча қисмлари ва ҳимоя қурилмаларини ишга шайлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Агрегатни ишга яроқсизлиги аниқланса, у ҳолда зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда агрегатнинг носозлиги тўғрисидаги маълумотни китобчага қайд этиб, раҳбариятни хабардор қилиш лозим.


179. Сменали иш вақтида машинист, у билан смена алмашувчи ходим келиб навбатчиликни қабул қилиб олмагунча, ўз ишини тугатмаслиги зарур.


180. Аварияларни бартараф этиш навбатчи диспетчернинг рухсати ва тезкор иштирокида амалга оширилиши лозим.


181. Сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш тизимлари трассасини ташқи томондан қудуқлар қопқоғини очмасдан, сигналли нимча, илгак ва тўсиқ белгисига эга бўлган бир ходим кўздан кечириши керак.


182. Тармоқлар трассасини қудуқлар қопқоғини очган ҳолда кўздан кечиришни қудуқ сиртини тозалаш учун мосламалар (лом, белкурак), тўсиқ белгиси, илгаклар, сигналли нимча билан таъминланган, камида 2 ходимдан иборат бригада амалга оширади. Очиқ қудуқ ёки камера люклари олдида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, қудуқни кўздан кечириш мақсадида ёқилган гугурт ёки машъала ташлаш қатъиян ман этилади.


183. Техник (атрофлича) кўздан кечирув ва ходимнинг қудуққа тушиши билан боғлиқ ишларда бригадада камида 3 та ходим бўлиши керак: бир ходим қудуқда ишлайди, иккинчиси - ер юзасида, учинчиси - қудуқдаги ишни махсус кузатиб туради ҳамда зарурат туғилганда қудуқда ишлаётган ходимга ёрдам беради. Қудуқда ишлаётган ходим ер юзасига чиқиб олмагунга қадар кузатувчини бошқа ишларга чалғитиш ман этилади.

Камераларда ишлаш вақтида бригадада камида 4 та ходим бўлиши керак.


184. Қудуққа ёки камерага тушиш олдидан уларда газ тўпланмаганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим, бунинг учун узоқдан ёритувчи махсус лампадан уни ишлаб чиқарган завод ва сув таъминоти ҳамда оқова сувни чиқариш ташкилотлари йўриқномаларига мувофиқ фойдаланиш керак, шунингдек скобалар ёки нарвонларнинг мустаҳкамлигига хода ёрдамида ишонч ҳосил қилиш лозим.

Текширув натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, ходимнинг қудуқ ёки камерага тушиб, ҳимоя белбоғисиз ва махсус лампани ёқмасдан ишлаши ман этилади.


185. Қудуқ ичидаги газни чиқариб юборишда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

ишлатилаётган қудуқ қопқоғи ва сувни чиқариб юбориш қувуридаги 2 та туташ (юқорида ва қуйида турувчи) кузатув қудуқлар қопқоғини очиш орқали табиий шамоллатиш ёхуд сув таъминоти тармоқларидаги фақатгина фойдаланилаётган қудуқнинг қопқоғини очиш;

қўл вентилятори ёки махсус транспорт воситаларга ўрнатилган ҳаво пуркаш мосламаси ёрдамида ҳавони ҳайдаш;

сув қувури қудуғини унда жойлашган ўт ўчириш ёнғин гидрантидан кейинчалик чиқариб ташланадиган сув билан тўлдириш.


186. Ходимнинг ортга ташланадиган шлангли ниқобда туриб қудуқда танаффуссиз ишлашига 10 дақиқадан кўп вақтга рухсат этилмайди.


187. Сув чиқариб юбориш тизимининг ўтиш каналини техник кўздан кечириш олдиндан тайёргарлик кўргандан сўнг бажарилиши керак.

Бунинг учун иш бошланишидан 6 - 8 соат олдин канал суюқ оқовадан тозаланиши ва каналнинг ҳавосини алмаштириш мақсадида кузатув қудуқларининг қопқоқлари очилиши лозим ҳамда қудуқларга панжаралар ўрнатилади ёки навбатчилик пости ташкил этилиши зарур.


188. Сув чиқаришни ўтказиш каналини кўздан кечириш бўйича бригадада камида 7 кишидан иборат бўлиши, шу жумладан фойдаланиш хизматининг 2 нафар масъул ходими (бош муҳандис, тармоқ хизмати бошлиғи, навбатчи муҳандис) ҳозир бўлиши лозим. Бригада икки гуруҳга бўлиниши, биринчи гуруҳ (камида 3 та ходим) катта мутахассис раҳбарлигида канал бўйлаб юриши, иккинчи гуруҳ (камида 3 та ходим) бошқа катта мутахассис раҳбарлигида ер юзасида туриши ва биринчи гуруҳнинг ҳаракатини кузатиши керак. Иккинчи гуруҳ газ анализатори, газ индикатори ҳамда махсус лампа ёрдамида қудуқларда газ борлигини текшириши ва зарурат туғилганда каналда ишлаётган гуруҳга ёрдам кўрсатиши зарур.


189. Қудуқлар, камералар ва ўтиш каналларида иш бажараётган бригадада махсус транспорт воситалари ва қуйидаги муҳофаза ва ҳимояланиш мосламалари бўлиши керак:

бригаданинг ҳар бир аъзосига йўриқномага мувофиқ текширилган ҳимоя тасмаси ва арқонлари мавжуд бўлган якка тартибдаги хавфсизлик камарлари;

узунлиги қудуқ чуқурлигидан камида 2 м узун бўлган арқон;

карабинли арқон;

сигналли нимча, ҳимоя каскаси;

қудуқ чуқурлигидан 2 м дан узун бўлган, лекин умумий узунлиги 12 м дан ошмайдиган шлангли изоляциялайдиган газниқоб (каналларда ишлаётганда 2 та газниқоб). Изоляциялайдиган газниқобни фильтрлайдиган газниқоб билан алмаштириш қатъиян ман этилади;

12 V дан кўп бўлмаган кучланишдаги аккумуляторли фонарь (каналларда ишлаётганда 2-3 та фонарлар). Аккумуляторли фонарни очиқ оловли ёруғлик манбаи билан алмаштириш тақиқланади;

қўл ёки механик вентилятор;

белгиланган намунадаги кўчма тўсиш белгилари;

қудуқлар қопқоғини очиш учун чангаклар ва ломлар;

скобаларнинг маҳкамлигини текшириш мақсадидаги хода ёки йиғиладиган линейка.


190. Қудуқлар ва камераларнинг қопқоқлари чангак ва лом билан очилиши лозим.

Қопқоқларни қўл билан очиш тақиқланади. Очилган қопқоқ қудуқдан транспорт воситаси ҳаракатининг йўналиши бўйича жойлаштирилиши керак.


191. Сув чиқариб юбориш тизимини профилактик тозалаш қувур тармоқлари диаметри, ўтиш жойларида ҳаракатнинг интенсивлиги ва қўлланиладиган мослама воситаларидан келиб чиқиб, 3 - 5 нафар ходимдан иборат бўлган бригада томонидан амалга оширилиши керак.


192. Тармоқни шарлар ва бошқа мосламалар билан тозалаганда лебедкалардан фойдаланиш керак. Агар лебедкалар билан ишлаётган вақтда кўтарилаётган юкдан чеккада туришнинг иложи бўлмаса, қудуқ ёки камералар ичида бўлиш, пўлат арқонни лебедка барабанига қўл билан йўналтириш тақиқланади. Лебедкаларнинг тишли ғилдираклари махсус қоплама билан ёпилган бўлиши зарур. Пўлат арқон ечилганда лебедка барабанида арқоннинг камида тўрт бурамаси қолиши керак. Ҳар куни иш тугаганидан кейин қудуқни дарҳол қопқоқ билан ёпиш лозим.


193. Ходимлар ишлаётган қудуқни сув билан тўлиб қолишини олдини олиш учун йирик тиргагичли тўрларда йиғилиб қолган ифлосликларни тозалашда юқоридаги қудуқда тиқин (пробка) ўрнатилиши зарур.



6-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


194. Мазкур Қоидалар талабларига амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар раҳбарияти зиммасига юклатилади.


195. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


196. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 26 январь, 3-сон, 34-модда
















































Время: 0.1742
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск