язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Алоҳида эътибор талаб этувчи болалар учун таълим ва тарбия муассасалари/ Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилаётган вояга етмаганларнинг тиббий кўригини ўтказиш тартиби тўғрисида Йўриқнома (АВ томонидан 12.01.2011 й. 2179-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 17.12.2010 й. 342-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 12 январда 2179-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2010 йил 17 декабрдаги

342-сон буйруғига

ИЛОВА



Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига

жойлаштирилаётган вояга етмаганларнинг тиббий

кўригини ўтказиш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 39-сон, 341-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 26 ноябрдаги 268-сон "Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 445-модда) мувофиқ ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилаётган вояга етмаганларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 39-сон, 341-модда) 14-моддасига асосан ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари киради.


2. Вояга етмаганлар ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилишидан олдин тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим.


3. Тиббий кўрикдан ўтказиш вояга етмаганлар ҳисобда турган даволаш-профилактика муассасасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 26 ноябрдаги 268-сон "Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорида (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 445-модда) назарда тутилган ваколатли органларнинг сўровномасига асосан амалга оширилади.


4. Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилиши мазкур Йўриқноманинг иловасида келтирилган Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида сақлаш, тарбиялаш ва уларга таълим беришга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати асосида тиббий кўрик натижаси бўйича аниқланади. Ушбу рўйхатда келтирилган касалликлар аниқланган тақдирда вояга етмаганлар ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилиши мумкин эмас.


5. Тиббий кўрикнинг сифатли ўтказилишига даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари масъулдир.



II. ТИББИЙ КЎРИКНИ ЎТКАЗИШ


6. Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилаётган вояга етмаганларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида умумий амалиёт шифокори, оториноларинголог, офтальмолог, невропатолог, хирург, гинеколог кўриги ва флюорография текшируви, шунингдек тегишли клиник таҳлиллар ўтказилади.

Тиббий кўрикни ўтказаётган даволаш-профилактика муассасаси ушбу тиббий кўрик ва клиник таҳлиллардан ташқари вояга етмаган шахс тўғрисида ҳудудий психоневрология, силга қарши кураш, тери-таносил ва наркология диспансерларидан ҳамда ОИТСга қарши кураш марказларидан маълумотлар олади.


7. Тиббий кўрикдан ўтиш муддати тиббий кўрик ўтказишни сўраб мурожаат қилинган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги керак.


8. Тиббий кўрик натижаси бўйича вояга етмаган шахсни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш мумкинлиги тўғрисида тиббий кўрикни ўтказган даволаш-профилактика муассасасининг тиббий маслаҳат комиссияси томонидан профилактик эмлашлари (063у шакли) кўрсатилган ҳолда тиббий хулоса (086у шакли) берилади.

Тиббий хулоса тиббий маслаҳат комиссияси раиси ва комиссия аъзолари томонидан имзоланади ҳамда даволаш-профилактика муассасасининг муҳри билан тасдиқланади.


9. Тиббий кўрик давомида вояга етмаган шахсда ўткир касалликлар аниқланган тақдирда, касаллик тузалгандан сўнг қайта тиббий кўрикдан ўтказилади ва белгиланган тартибда тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосаси берилади.


10. Ташхисга аниқлик киритиш мақсадида вояга етмаган шахс қўшимча текширувдан ўтиш учун белгиланган тартибда ихтисослаштирилган тиббий муассасаларга юборилиши мумкин.


11. Тиббий хулоса билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилгандан сўнг, даволаш профилактика муассасаси тиббий кўрик ўтказилганлиги тўғрисидаги тиббий хулосани ва вояга етмаган шахснинг тиббий картасини (112/ҳ, 025/ҳ), шунингдек, мазкур Йўриқноманинг 6-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган тиббий маълумотномаларни сўровнома юборган ваколатли органга топширади.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДА


12. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.






Йўриқномага

ИЛОВА



Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган

ўқув-тарбия муассасаларида сақлаш, тарбиялаш

ва уларга таълим беришга тўсқинлик

қиладиган касалликлар

РЎЙХАТИ


I. СОМАТИК КАСАЛЛИКЛАР


1. Бириктирувчи тўқиманинг систем шикастланиши (систем қизил югурук, дерматополиомиозит, ревматизмнинг фаол даражаси узлуксиз кечиши билан, тугунчали периартеритнинг оғир турлари.


2. Юрак ва қон айланиш тизимининг туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари: туғма юрак ва йирик қон томирлари нуқсонлари, Тетрада Фалло) турғун юрак ва қон айланиши етишмовчилигининг II ва III даражаси.


3. Туғма ва орттирилган характердаги бронх-ўпка касалликларининг II ва III даражали турғун нафас етишмовчилиги.


4. Астманинг гормонга боғлиқ тури.


5. Локал формаси билан диспансер ҳисобида турадиган сил касалликлари: ўпканинг ўчоқли сили, яллиғланиш ва емирилиш даври БК+, ўпканинг инфильтратив сили емирилиш ва тарқалиш даври БК+, кавернали ва фиброзли-кавернали шакли турғун нафас етишмовчилиги II-III даражаси билан кечиши, цирротик ўпка сили. Ўпкадан ташқари органлар сили сурункали кечиши (суяк ва бўғимлар сили, сийдик-таносил органлари сили, сил менингоэнцефалитлари асоратлари билан ва бошқалар).


6. Сурункали гепатитни (В, С ва Дельта-агентли турлари) жигар циррозининг декомпенсация даражасига ўтиши билан кечиши.


7. Ирсий модда алмашуви касалликлари (фенилкетонурия, галактоземия, целиакия, муковисцидоз оғир турлари).


8. Сурункали буйрак етишмовчилигининг III даражаси билан кечаётган буйрак касалликлари.


9. Турли аъзоларнинг хавфли ўсмалари.


10. Туғма ва орттирилган апластик анемияларнинг оғир даражаси.


11. Оғир геморрагик криз билан кечувчи, доимо қайталаниб турувчи сурункали тромбоцитопатиялар, ирсий ва орттирилган шакллари, йилида уч маротабадан ортиқ геморрагик кризлар.


12. Гемолитик анемия ирсий, орттирилган шакллари йилида икки маротабадан ортиқ гемолитик кризлар.


13. Гемофилия оғир турлари.


14. Қандли диабетнинг оғир шакли, қон-томир ва ички аъзоларда турғун асоратлар билан кечиши.



II. АСАБ ТИЗИМИ КАСАЛЛИКЛАРИ


15. Болалар церебрал фалажи, наслий-дегенератив касалликларнинг оғир оқибатлари, яққол ифодаланган қўпол гемисиндром, тотал ҳамда ҳаракатланиш, сенсор ва олий пўстлоқ функцияларининг бузилиши (апраксия, агнозия, деменция, гиперкинезлар) каби барқарор турғун асоратларга эга бўлган бош ва орқа мия қон-томир касалликлари, оғир жароҳатлар ва инфекцион касалликлар.


16. Эпилепсия тез-тез қайталанувчи даволанишга резистент тутқаноқлар, шахснинг ўзгариши билан (ойда 4 та ва ундан ортиқ катта ёки кунда тез-тез кичик ёхуд талвасасиз тутқаноқлар).



III. ХИРУРГИК КАСАЛЛИКЛАР, АНАТОМИК

НУҚСОНЛАР ВА ДЕФОРМАЦИЯЛАР


17. Тузатиб бўлмайдиган доимий нажас ва сийдикни тута олмаслик, йўғон, тўғри ичак ва орқа чиқарув тешигининг туғма ва орттирилган оқмалари, сийдик таносил аъзолари оқмалари.


18. Ўпка, жигар, ичаклар ва аноректал соҳасининг ҳамда ўт йўлларининг атрезияси, буйрак, сийдик пуфагининг йўқлиги, яққол ривожланмаганлиги туфайли патологик асоратларда муҳим аъзоларнинг турғун функционал бузилишлари.


19. Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқима касалликларида яққол қайта тикланмайдиган функционал бузилишлар: иккала оёқ ва қўлларда туғма ва орттирилган оғир даражадаги деформациялар ва ампутацион чўлтоқлар (протезлаш имконияти бўлмаган ҳолда), анкилоз, контрактура, патологик синиш, скелет деформациясига олиб келадиган умуртқа поғонасининг тизимли зарарланиши.


20. Орқа мия чуррасининг тос аъзолари фаолиятининг бузилиши билан кечиши.



IV. КЎЗ КАСАЛЛИКЛАРИ


21. Икки томонлама кўз соққаси йўқлиги (анофтальм) ёки икки томонлама кўзнинг кўрлиги (0 дан 0,03 гача), ҳар икки кўзнинг кўриш майдони 5 - 10 градусгача торайиши.



V. ҚУЛОҚ, ТОМОҚ ВА БУРУН КАСАЛЛИКЛАРИ


22. Икки томонлама кондуктив ва нейросенсор карлик III ва IV даража ёки эшитиш қобилиятининг тўла йўқотилиши.


23. Кар-соқовлик.


24. Эшитишнинг бузилишига олиб келувчи қулоқ туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари). Икки томонлама қулоқнинг туғма ривожланмаслиги ёки тузатиб бўлмас аномалияси (қулоқ супраси ёки ташқи эшитув йўлининг бўлмаслиги).


25. Хиқилдоқ туғма аномалиялари, нутқ ва мустақил нафас олиш функцияси бузилиши билан.


26. Хиқилдоқ ва кекирдак юқори қисмининг орттирилган чандиқли торайиши, II ва III даражали нафас етишмовчилиги билан.


27. Икки томонлама хоналар атрезияси ва ташқи бурун қўпол аномалиялари.



VI. ТЕРИ ВА ТЕРИ ОСТИ КЛЕТЧАТКАСИ КАСАЛЛИКЛАРИ


28. Туғма буллез эпидермолиз.


29. Туғма ихтиоз.


30. Пўрсилдоқ.


31. Сурункали ярали пиодермия.


32. Ярали васкулит.


33. Энтеропатик акродерматит.


34. Нейрофиброматоз.


35. Захм.



VII. РУҲИЙ КАСАЛЛИКЛАР


36. Келиб чиқиши ҳар хил бўлган ақлий заифликнинг ўрта, чуқур ва оғир даражаси.


37. Шизофрения.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 1-2-сон, 15-модда.