ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Архив фонди. Архивлар /

Ўзбекистон Республикасининг 15.06.2010 й. ЎРҚ-252-сон "Архив иши тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 03.11.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 07.05.2010 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.06.2010 й.

N ЎРҚ-252



АРХИВ ИШИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 3 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2010 йил 7 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади архив иши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Архив иши тўғрисидаги қонунчилик

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)

Архив иши тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг архив иши тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алоҳида қимматли ҳужжат - ўчмас тарихий-маданий ва илмий қимматга, жамият ҳамда давлат учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланишнинг алоҳида тартиби белгиланган архив ҳужжати;


архив - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса;


архив иши - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш бўйича фаолият;


архив фонди - юридик ёки жисмоний шахслар фаолияти натижасида яратилган, тарихий ёки мантиқий жиҳатдан ўзаро алоқадор архив ҳужжатлари мажмуи;


архив ҳужжатлари - фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамияти боис сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек бошқа моддий жисмлардаги ёзувлар;


архив ҳужжатларини депозитар сақлаш - архив ҳужжатларини уларнинг мулкдори (эгаси) билан архив, музей, ахборот-кутубхона муассасаси ўртасидаги келишувда (шартномада) белгиланадиган муддатлар ва шартлар асосида мулкдорнинг (эгасининг) архив ҳужжатларига бўлган мулк ҳуқуқини (эгалик ҳуқуқини) сақлаб қолган ҳолда сақлаш;

идоравий архив - юридик шахснинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинмаси;


иш юритиш - юридик шахснинг ҳужжатлаштириш ва расмий ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш бўйича фаолиятини таъминлаб берувчи жараён;


Миллий архив фонди - Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларининг тарихан таркиб топган ва доимо бойитиб бориладиган мажмуи;


Миллий архив фондининг давлат каталоги - архив ҳужжатлари Миллий архив фондининг таркибига киритилган архив фондларининг ҳажми ва таркиби тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжати;


ноёб ҳужжат - ўзида мавжуд бўлган ахборот ва (ёки) ташқи белгилари бўйича ўхшаши йўқ, йўқотилган тақдирда ўзининг аҳамияти ва (ёки) асл қўлёзмалиги нуқтаи назаридан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган алоҳида қимматли ҳужжат;


суғурта нусха - алоҳида қимматли ҳужжат ёки ноёб ҳужжатнинг бошқа моддий жисмдаги, асл нусхада мавжуд бўлган ахборотни ўқиш ёки кўриш (эшитиш) имконини берувчи кўчирма нусхаси;


шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар - ходимнинг иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларини акс эттирувчи архив ҳужжатлари.



4-модда. Архив ҳужжатларига бўлган мулк шакллари

Архив ҳужжатлари хусусий ҳамда оммавий мулк шаклларида бўлиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида турган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан давлат архивлари, музейлари ва ахборот-кутубхона муассасаларига топширилган архив ҳужжатлари давлат мулки ҳисобланади ҳамда мазкур ҳужжатлар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, олди-сотди ёки мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин эмас.

Давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари, шу жумладан, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар давлат мулки бўлиб қолади ва белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади.

Нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари уларнинг хусусий мулкидир.

Вафот этган фуқароларнинг Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган шахсий архив ҳужжатлари, васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлар бўлмаганда, шунингдек архив ҳужжатларининг мулкдорини аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, давлат мулкига ўтади.



5-модда. Қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган корхоналар,

муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари тегишли давлат архивлари билан келишилган ҳолда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ворисларига топширилади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли давлат ёки нодавлат архивларига топширилиши керак.


2-БОБ. АРХИВ ИШИ СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг архив иши соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

архив ишини ривожлантириш ва архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир давлат дастурларини тасдиқлайди;

архив иши ва иш юритишнинг ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

Миллий архив фонди тўғрисидаги ва Миллий архив фондининг давлат каталоги тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш тартибини белгилайди;

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини доимий (муддатсиз) сақлашни амалга оширадиган вазирликлар ва идораларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

архив ҳужжатларининг маҳфийлик тоифаларини, шунингдек давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловларни белгилайди;

архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди;

архивларнинг асосий иш турлари бўйича вақт ва ишлаб чиқариш намунавий нормаларини белгилайди;

архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив"

агентлигининг архив иши соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги (бундан буён матнда "Ўзархив" агентлиги деб юритилади):

архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

архив ишини ривожлантириш ва архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

архив иши ва иш юритишнинг ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;

Миллий архив фондининг давлат каталогини юритади;

архив ҳужжатларини белгиланган тартибда Миллий архив фонди таркибига киритади ҳамда унинг таркибидан чиқаради;

ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди;

архив ҳужжатларини алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар сирасига киритиш тартибини, шунингдек суғурта нусхаларни тайёрлаш ва сақлаш тартибини белгилайди;

архив ҳужжатларини кириб кўриш тартиби ва шартларини белгилайди;

давлат мулки бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини, шунингдек Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқишга рухсат беради;

архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартибини белгилайди.

"Ўзархив" агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

архив иши соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

Миллий архив фонди таркибига киритилган, тегишли ҳудудда жойлашган давлат архивлари ва идоравий архивларда турган архив ҳужжатларининг сақланиши учун лозим даражадаги шарт-шароитларни таъминлайди;

Миллий архив фонди таркибига киритилган, тегишли ҳудудда жойлашган архивлар ва идоравий архивларда турган архив ҳужжатларининг ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;

тегишли ҳудуддаги давлат архивларини молиялаштириш миқдорини ўз ваколатлари доирасида белгилайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


3-БОБ. МИЛЛИЙ АРХИВ ФОНДИ

9-модда. Миллий архив фондининг таркиби

Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари Ўзбекистон халқи маданий меросининг ажралмас қисмидир.

Миллий архив фонди Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмидан ва давлатга тегишли бўлмаган қисмидан иборатдир.

Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларининг фуқаролик муомаласига ушбу Қонунда белгиланган чекловларга риоя этилган ҳолдагина йўл қўйилади.


10-модда. Архив ҳужжатларини Миллий

архив фонди таркибига киритиш

Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари мулкдорига мазкур ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома белгиланган тартибда берилади.


11-модда. Архив ҳужжатларини Миллий

архив фонди таркибидан чиқариш

Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



12-модда. Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш

Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш "Ўзархив" агентлиги томонидан амалга оширилади.


13-модда. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркиби

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига, кимнинг эгалигида турганлигидан қатъи назар, доимий (муддатсиз) сақланиши лозим бўлган, давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари киради.


14-модда. Миллий архив фондининг давлатга

тегишли бўлмаган қисми таркиби

Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига доимий (муддатсиз) сақланиши лозим бўлган, нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари киради.


15-модда. Миллий архив фонди таркибига киритилган

архив ҳужжатларининг фуқаролик муомаласи хусусиятлари

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини тасарруфдан чиқариш мумкин эмас. Мазкур ҳужжатлар йўқолган ёки емирилган ҳолларда улар Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибидан чиқарилади.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатлари "Ўзархив" агентлиги олдиндан ёзма шаклда хабардор қилинган ҳолда тасарруфдан чиқарилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин.


4-БОБ. АРХИВЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

16-модда. Архивларни ташкил этиш шартлари

Архивларни ташкил этиш учун архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш талабларига жавоб берадиган моддий-техник база, шу жумладан, бино (хоналар), зарур жиҳозлар, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситалар бўлиши шарт.

Архивларнинг асосий иш турлари бўйича вақт ва ишлаб чиқариш намунавий нормалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Маҳфий архивлар ташкил этилишига йўл қўйилмайди.



17-модда. Архивларнинг турлари ва тоифалари

Архивлар давлат ва нодавлат архивлари турларида ташкил этилиши мумкин.

Давлат архивлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:

миллий архивлар;

марказий давлат архивлари;

вилоят ва туман (шаҳар) давлат архивлари;

тармоқ давлат архивлари.


18-модда. Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш

ва тугатиш тартиби

Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


19-модда. Идоравий архивларни ташкил этиш

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда идоравий архивларни ташкил этиши мумкин.


5-БОБ. АРХИВ ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЖАМЛАШ, ҲИСОБГА

ОЛИШ, САҚЛАШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

20-модда. Архив ҳужжатларини жамлаш

Архив ҳужжатларини жамлаш архивлар, идоравий архивлар ва жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини архив ҳужжатлари билан тўлдиришни ўз ичига олади.

Миллий архивлар, марказий, вилоят, туман (шаҳар) давлат архивлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан олинган ёки уларга нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар топширган архив ҳужжатлари билан жамланади.

Тармоқ давлат архивлари тегишли вазирликнинг ёки идоранинг фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари билан жамланади.

Нодавлат архивлар қонунчиликда белгиланган тартибда жамланади.

Архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартиби "Ўзархив" агентлиги томонидан белгиланади.

Нодавлат архивлар ва жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари билан жамланишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари сотилаётганда давлат архивлари имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни жамлаши шарт.

Архив ҳужжатларини жамлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


21-модда. Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси

Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси сақлаш учун танлаб олиш мақсадида ҳужжатлар ёки архив ҳужжатларининг қимматлилигини белгилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олади.

Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби "Ўзархив" агентлиги томонидан белгиланади.


22-модда. Архив ҳужжатларини ҳисобга олиш

Архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

архивлар ва идоравий архивларда ҳисобга олиш ҳужжатларини тузиш;

архивлар ва идоравий архивларда йиғма ҳужжатларни тузиш ва уларни "Ўзархив" агентлигига тақдим этиш;

Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш.

Архивлар ва идоравий архивлардаги ҳисобга олиш ҳужжатларига қуйидагилар киради:

ҳужжатларнинг келиб тушиш китоби;

архив фондларининг рўйхати;

архив фонди варағи;

архив рўйхати;

архив фонди йиғмажилди.

Архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини ҳисобга олиш улар томонидан мустақил амалга оширилади.



23-модда. Архив ҳужжатларини сақлаш

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатларини, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини сақлаш улар томонидан мустақил амалга оширилади.

Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари доимий (муддатсиз) сақланиши лозим ва уларни йўқ қилиб ташлаш тақиқланади.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини доимий (муддатсиз) сақлаш давлат архивлари, музейлари ва ахборот-кутубхона муассасаларида, шунингдек рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган вазирликлар ва идораларда амалга оширилади.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини вазирликлар ва идораларда доимий (муддатсиз) сақлаш "Ўзархив" агентлиги билан келишилган идоравий норматив ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш ушбу Қонуннинг 24-моддасида белгиланган муддатлар мобайнида амалга оширилади.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатлари архивлар ва идоравий архивларда, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари таркибида сақланиши мумкин.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари, жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари архивлар, музейлар ва ахборот-кутубхона муассасаларига депозитар сақлаш учун топширилиши мумкин.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни сақлаши шарт.

Архив ҳужжатларини сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


24-модда. Архив ҳужжатларини идоравий архивларда

вақтинча сақлаш муддатлари

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлашнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек республика бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - ўн беш йил мобайнида;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари, вилоят бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - ўн йил мобайнида;

туман ва шаҳар бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - беш йил мобайнида;

устав фондида давлат улуши бўлган, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, бошқа ташкилотларнинг архив ҳужжатлари - ўн йил мобайнида;

илмий, технологик, конструкторлик ва патент ҳужжатлари - йигирма йил мобайнида;

капитал қурилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари - йигирма беш йил мобайнида;

телеметрик ҳужжатлар - беш йил мобайнида;

овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари - тайёрланган вақтидан бошлаб уч йилдан ошмаган муддат мобайнида;

машинада ўқиладиган ҳужжатлар - беш йил мобайнида.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач улар белгиланган тартибда давлат архивларига электрон кўчирма нусхалари билан бирга, алоҳида қимматга эга бўлган ва ноёб ҳужжатлар учун эса суғурта нусхалари билан бирга топширилади.

Агар қонунчиликда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракатлар ёзувлари, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар, суд ишлари ва хўжалик китоблари идоравий архивларда етмиш беш йил мобайнида сақланиши лозим.

Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракатлар ёзувлари, суд ишлари ва хўжалик китобларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач улар белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади.


25-модда. Архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш

Архивлар ва идоравий архивларда архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш архивлар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг зиммасига юклатилади.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминламаётган мулкдорлар суд қарорига биноан мазкур ҳужжатларга бўлган мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин, шундан сўнг бу ҳужжатлар сақлаш учун тегишли давлат архивига топширилади.

Давлат архивларининг бинолари мазкур архивларни архив ҳужжатларини сақлашни ва улардан фойдаланишни ташкил этиш талабларига жавоб берадиган бинолар билан таъминламасдан туриб бошқа шахсга ўтказилмаслиги лозим.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши шарт.

Жисмоний шахслар ўз шахсий архив ҳужжатларининг бут сақланишини мустақил равишда таъминлайди.

Алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатларнинг суғурта нусхалари яратилади.

Архив ҳужжатларини алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар сирасига киритиш тартиби, шунингдек суғурта нусхаларни тайёрлаш ва сақлаш тартиби "Ўзархив" агентлиги томонидан белгиланади.


26-модда. Архив ҳужжатларидан фойдаланиш

Архив ҳужжатларидан фойдаланиш хизмат, ишлаб чиқариш, илмий, маданий, маърифий, таълим мақсадида ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мақсадларда амалга оширилади.

Архив ҳужжатларидан фойдаланувчилар:

архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартибига риоя қилиши;

архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаши;

архив ҳужжатларига етказилган шикастлар ёки архив ҳужжатларидаги етишмовчиликлар аниқланганлиги тўғрисида тезкор равишда архив ва идоравий архив ходимларига хабар бериши;

архив ҳужжатларидан олинган маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки сохталаштиришга йўл қўймаслиги шарт.

Архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан белгиланади.


27-модда. Архив ҳужжатларини кириб кўриш

Архивлар ва идоравий архивлардаги архив ҳужжатларини кириб кўриш фойдаланувчига илмий-маълумотнома аппаратини, шунингдек тегишли архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини тақдим этиш орқали таъминланади.

Архивлар ва идоравий архивлардаги архив ҳужжатларини, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини кириб кўриш уларнинг бут сақланишини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёки уларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи маълумотларни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловлар архив ҳужжатлари тайёрланган вақтдан эътиборан етмиш беш йил муддатга белгиланади. Ушбу муддатдан олдин мазкур ҳужжатларни кириб кўришга фуқаронинг ўзи томонидан, унинг вафотидан сўнг эса шу фуқаронинг меросхўрлари томонидан рухсат берилиши мумкин.

Архив ҳужжатларини кириб кўриш тартиби ва шартлари "Ўзархив" агентлиги томонидан белгиланади.

Архив ҳужжатларининг маҳфийлик тоифалари, шунингдек давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


28-модда. Архивлар ва идоравий архивлар томонидан

кўрсатиладиган хизматлар

Архивлар ва идоравий архивлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда хизматлар кўрсатади.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган архив маълумотномаларини, шунингдек тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига архив маълумотномаларини ва архив ҳужжатининг кўчирма нусхасини бериш бепул амалга оширилади.



29-модда. Архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасидан

ташқарига олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига

олиб кириш

Давлат мулки бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини, шунингдек Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга йўл қўйилмайди, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Давлат мулки бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини, шунингдек Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқишга "Ўзархив" агентлигининг рухсати билан қонунчиликда белгиланган тартибда йўл қўйилади.

Хусусий мулк бўлган, Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилмаган архив ҳужжатлари ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхалари Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқилиши мумкин. Бу ҳолда олиб чиқилиши билдирилган архив ҳужжатлари "Ўзархив" агентлиги томонидан белгиланган тартибда ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасидан ўтказилиши лозим.

Қонуний асосларда қўлга киритилган ва (ёки) олинган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасига олиб киришга рухсат берилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

30-модда. Архивларни молиялаштириш

Давлат архивларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат архивларининг пулли хизматлар кўрсатишдан ва молиялаштиришнинг бошқа манбаларидан олинадиган маблағлари қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

Нодавлат архивларини молиялаштириш уларнинг мулкдорлари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


31-модда. Архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


32-модда. Низоларни ҳал этиш

Архив иши соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


33-модда. Архив иши тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Архив иши тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


34-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган "Архивлар тўғрисида"ги 768-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 5, 120-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган "Архивлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 769-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 5, 121-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 621-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 5, 90-модда) XIX бўлими.



35-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳукуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2010 йил 16 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 24-25-сон, 192-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2010 йил, 6-сон, 233-модда






















































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск