язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Оммавий ахборот воситалари/ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.06.2004 й. 274-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 11 июндаги

274-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) оммавий ахборот воситалари, ахборотлар алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик фаолияти ҳамда даврий нашрларни тарқатиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги вазифаларни ҳал этиш учун ваколат берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Агентлик ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Агентлик тизимига Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади) ҳамда Агентликка қарашли бошқа ташкилотлар киради.

Ҳудудий бошқармалар икки томонлама бўйсунадилар ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳисоб берадилар.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Агентлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Агентликни, унинг ҳудудий бошқармаларини моддий-техник таъминлаш ва Агентлик тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Агентликка қарашли ташкилотларнинг шартнома асосидаги ажратмалари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

6. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолиятни амалга оширишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига ва тегишли қонун ҳужжатларига, сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларига сўзсиз риоя қилиниши мониторингини олиб бориш;

республика фуқароларининг ахборотлар олишга бўлган эҳтиёжини янада тўлиқ қондириш, аҳолининг, энг аввало, ўсиб келаётган авлоднинг таълим, маънавий ва маданий даражасини ошириш, уларни миллий мустақиллик ғоялари руҳида тарбиялаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини, ноширлик ишларини ва матбаачиликни кенг ривожлантиришга кўмаклашиш;

ноширлик ва матбаачилик фаолияти, оммавий ахборот воситалари, даврий нашрларни тарқатиш, шу жумладан кўрсатиб ўтилган фаолият турларини рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;

нашриётлар, оммавий ахборот воситалари, телевидение, радиоэшиттириш ва республика ахборот бозорининг бошқа қатнашчилари томонидан ахборот соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш;

республика фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ноширлик фаолиятини лицензиялашни ташкил этиш;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари учун ахборот бозорида тенг шарт-шароитларни таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиш;

ноширлик ва матбаачилик фаолияти, даврий нашрларни тарқатиш соҳасида ягона техника сиёсатини ўтказиш;

рекламалар тайёрлаш, шунингдек уларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;

ноширлик-матбаачилик фаолиятининг ишлаб чиқариш-техникавий базасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш, стандартлаш ва сертификатлаш соҳасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

матбаачилик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказади;

Вазирлар Маҳкамасининг Ноширлик фаолиятини лицензиялаш комиссиясининг ишчи органи функциясини бажаради;

нашриётлар, оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио ва республика ахборот бозорининг бошқа қатнашчилари томонидан ахборот соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши мониторингини ташкил қилади;

қонун ҳужжатларига, рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш шартларига риоя этилишини назорат қилади, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари мунтазам равишда бажарилмаган тақдирда эса - рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномалар ва лицензияларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туради ва тўхтатади;

техник, шунингдек бошқа нормативлар ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда техникавий базани ривожлантириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш, стандартлаш ва сертификатлаш соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Агентлик ваколатига киритилган соҳаларда фаолиятни амалга оширувчи бошқа органларга кўмаклашади;

Агентлик ваколатига кирувчи тармоқларни ривожлантириш прогнозлари ва дастурларини ишлаб чиқади;

Агентлик фаолиятига тааллуқли иқтисодий, ижтимоий, техникавий, ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилади ҳамда уларни ҳал этиш, шу жумладан таклифлар, тегишли қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Агентлик тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг моддий-техникавий таъминотига кўмаклашади;

матбуот ва ахборот соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиради, халқаро ташкилотларнинг Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ишларида қатнашади.



III. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан ва бошқа органлар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслардан зарур ахборотлар, ҳужжатлар ва материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сўраб олиш;

қонун лойиҳаларини тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш, тадқиқот ишларини амалга ошириш ва консультациялар учун илмий ташкилотларни, давлат органлари ходимларини, мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан хорижий мутахассислар ва экспертларни белгиланган тартибда жалб этиш, вақтинчалик ижодий жамоалар ташкил қилиш;

ўз ваколати доирасида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, матбуот ва ахборот соҳасидаги қонунчиликни бузаётган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар (тақдимномалар) бериш.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Агентлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.

Агентлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.


11. Агентлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.


12. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг оммавий ахборот воситаларини цензура қилиши, материалларни таҳрир қилиши ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига бошқа ҳар қандай шаклда ноқонуний аралашиши қатъиян тақиқланади.



IV. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошчилик қилади.

Бош директорнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

Бош директор мақомига кўра вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, Бош директор ўринбосари - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

14. Бош директор:

Агентлик фаолиятига яккабошчилик асосида раҳбарлик қилади ва Агентликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Агентликнинг марказий аппарати ходимларини ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Бош директорнинг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Агентликнинг мансабдор шахслари, ҳудудий бошқармалар, Агентлик тасарруфидаги ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради, шунингдек уларнинг бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ходимларнинг сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентлик марказий аппаратининг тузилмаси ва штат жадвалини, матбуот ва ахборот ҳудудий бошқармалари ходимлари сонини, шунингдек уларнинг таъминоти харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Агентликнинг таркибий ва ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомларни, Агентликка қарашли ташкилотларнинг низомларини белгиланган тартибда тасдиқлайди.

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Агентликда бош директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари (лавозимига кўра), шунингдек Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва оммавий коммуникациялар, матбуот, нашриётлар ва матбаа соҳасидаги бошқа раҳбар ходимлардан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Бош директорнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Агентлик фаолиятининг оммавий ахборот воситалари, ахборот айирбошлаш, матбуот, ноширлик, матбаа фаолияти ва даврий нашрларни тарқатиш, республика фуқароларининг ахборот олишга бўлган эҳтиёжларини янада тўлиқ қондириш, аҳолининг таълим, ахлоқий ва маданий савиясини ошириш, тарбиялаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини, ноширлик иши ва матбаачиликни кенг ривожлантиришга кўмаклашиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Агентлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари бош директорнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Бош директор ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда бош директор пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

16. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширади.

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан Бош директор томонидан тайинланади.


17. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигини тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 24-сон, 272-модда.