язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Матбаа-нашриёт фаолияти/ Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.06.2004 й. 275-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 11 июндаги

275-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Лицензия олиш:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив ҳужжатлар тўпламлари ва бошқа ҳужжатларни нашр этишда;

корхоналар, ташкилотлар, ўқув юртлари ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зарур бўлган ва қўлёзма ҳуқуқлари билан оммавий равишда тарқатиш ёки кўпайтириш учун мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;

мазкур оммавий ахборот воситалари таҳририятлари томонидан оммавий ахборотнинг матбаа воситаларини нашр этишда талаб қилинмайди.


3. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) томонидан қабул қилинади.

Лицензиялар бериш тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш, тайёрлаш учун Агентлик қарори билан ишчи гуруҳ тузилади, унинг шахсий таркиби Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.

4. Юридик шахслар лицензиялар талабгорлари бўлиши мумкин.


5. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


6. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар ноширлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

ноширлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, норматив-техник ва бошқа талабларга мажбурий риоя этиш;

урушни тарғиб қилиш, давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартириш, мамлакатда хавфсизликни ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асосларини, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни бузиш, Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотларни тарқатиш ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган матбаа маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатишга йўл қўймаслик;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситаларининг мавжудлиги;

лицензияда кўрсатилган ихтисос бўйича ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

ноширлик-матбаа сифатининг амалдаги талаблар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш;

муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш;

лицензиат томонидан тайёрланган матбаа маҳсулотларининг (шу жумладан мазкур маҳсулот таркибига кирган асарларнинг) нусхалари, тайёрланган нусхалар сони, шунингдек лицензиат ёхуд буюртмачининг нашр этишга ҳуқуқини (лицензиат томонидан муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиниши) тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобининг юритилиши;

лицензиат томонидан ноширлик фаолиятининг ёнғин хавфсизлиги қоидалари, санитария-гигиена нормалари, меҳнатни (ишлаб чиқаришни) муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган бино ва хоналарда амалга оширилиши;

лицензиат томонидан хоналар, технологик асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситаларини, шунингдек ноширлик фаолиятида фойдаланиладиган сарфланувчи материалларни ишончли қўриқлашнинг таъминланиши;

юридик шахс штатида тегишли олий ёки ўрта махсус маълумотга ва ноширлик ишида камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлган камида бир нафар ходимнинг мавжудлиги.


8. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 7-бандида қайд этилганлардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами;

фамилияси, исми, отасининг исми, лицензия талабгори - юридик шахс раҳбарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари;

фаолиятнинг лицензияланаётган тури;

ихтисослашуви;

маблағ билан таъминлаш манбалари;

б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

г) фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд моддий - техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситалари тўғрисидаги маълумотлар;

д) юридик шахс ходимларида тегишли олий ёки ўрта махсус маълумотнинг ва ноширлик ишида камида 3 йиллик иш тажрибасининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг ва меҳнат дафтарчасининг нусхаси).


10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан Агентликка бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар ишчи гуруҳнинг раҳбари томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда аризачига юборилади (топширилади). Ишчи гуруҳ раҳбари вақтинча жойида бўлмаган тақдирда унинг функциясини ишчи гуруҳ раҳбари белгилайдиган шахс бажаради.


12. Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тўлов кунидаги энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аризани кўриб чиққанлик учун йиғим суммаси Агентликнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


14. Ноширлик фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази хулосасини ҳисобга олган ҳолда лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади.

Ишчи гуруҳ зарур ҳолатларда лицензия талаблари ва шартларининг лицензия талабгори томонидан бажарилиши имкониятини жойига борган ҳолда ўрганиш ҳуқуқига эга.

15. Агентлик лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия бериш юзасидан қарор қабул қилингани тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда жўнатилади (тақдим этилади).

Лицензия битими Агентлик билан лицензиат ўртасида тузилади ва унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини Агентлик томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва Агентлик учун бир нусхадан тузилади.


16. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензия бланкалари намуналари Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда босмахона усулида "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.

Лицензиялар ишчи гуруҳ томонидан расмийлаштирилади ва Агентлик бош директори томонидан имзоланади.

17. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.


18. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида Агентликка лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Агентлик лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

19. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи гуруҳ ва Агентлик мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

21. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришнинг рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ

22. Лицензиат - юридик шахс ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда Агентликка кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга юридик шахслар - лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

23. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


24. Агентлик лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш Агентлик томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси Агентликнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади.

26. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.

Лицензия дубликатлари беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси Агентликнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензиат томонидан лицензия шартлари ва талабларига риоя этилишини назорат қилиш Агентлик томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни амалга оширишда Агентлик ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензиатдан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ноширлик фаолиятининг лицензиясиз амалга оширилишининг аниқланган фактлари тўғрисидаги материалларни қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўриш учун солиқ органларига белгиланган тартибда жўнатиш.


29. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда Агенликнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси Агентликда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда шунингдек тегишли фаолият турлари бўйича Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази хулосаси асосида Агентлик томонидан амалга оширилади.

Агентликнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензия амал қилишининг тўхтатиб турилиши суд томонидан асоссиз деб эътироф этилган тақдирда, Агентлик лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


31. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда Агентлик қарорига кўра амалга оширилади.

Агентликнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатишнинг асоссизлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Агентлик лицензиат олдида унинг кўрган зарари миқдорида жавоб беради.

32. Лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Агентлик қарорига кўра амалга оширилади.

Агентликнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензияни бекор қилишнинг асоссизлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Агентлик лицензиат олдида унинг кўрган зарари миқдорида жавоб беради.


VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


33. Агентлик лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

солиқ тўловчининг идентификация тартиб рақами;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига лицензия бериш тўғрисидаги маълумотлар;

лицензияни қайта расмийлаштириш, уларнинг тўхтатиб туриш ва амал қилишини тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат беришнинг асослари ва санаси.


34. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.


IX. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


36. Ноширлик фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш учун тўлов кунида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Болалар адабиётлари, норматив маълумотномалар, илмий-техника адабиётлари, маълумотнома-қомусий китоблар, шунингдек ногиронлар учун мўлжалланган адабиётлар нашр этишга ихтисослашаётган нашриётлар давлат божини белгиланган миқдорнинг 50 фоизи миқдорида тўлайдилар.

Давлат божи республика бюджети даромадига ўтказилади.





Низомга

ИЛОВА


Ноширлик фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқилар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

>

Лицензия талабгори - юридик шахс

  

1. Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси орқали тақдим этади.

    

Лицензия талабгори хоҳишига кўра






V


2-босқич

>

Агентлик

ишчи гуруҳи


      

1. Лицензия олиш учун ҳужжатлар Агентлик ишчи гуруҳи раҳбари томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


2. Эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан Агентлик раҳбариятига тасдиқлаш учун киритади.


3. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин ҳужжатлар такроран тақдим этилган тақдирда хулоса тайёрлайди.

    

1) ҳужжатлар

қабул қилинган кунда

2) аризалар олингандан кейин

15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда

3) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 6 кун мобайнида


<

3-босқич

>

Агентлик

     

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия беришга қарор қилингани тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.


2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).


3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

        

тегишли қарор қабул қилингандан сўнг

2 кун мобайнида




Лицензиат

Агентликка лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Агентлик лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай


4-босқич

Лицензия

талабгори

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.


2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда



1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Имзоланган лицензияларни лицензиатга беради.

1) лицензия битими имзолангандан ва давлат

божи тўлангандан кейин

1 кун муддатда

2) лицензия имзолангандан

кейин 1 кун муддатда

5-босқич

>

Агентлик

<


V

6-босқич

>

Агентлик

Тегишли ёзувни реестрга киритади.

лицензиялар расмийлаштирилгандан

кейин 1 кун муддатда

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 24-сон, 273-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., N 6, 57-модда.