ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Банк сири ва банклар хавфсизлиги /

Ўзбекистон Республикасининг 04.04.2006 й. ЎРҚ-30-сон "Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 16.11.2005 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.02.2006 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

04.04.2006 й.

N ЎРҚ-30



АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН

БАНК ТИЗИМИДА АХБОРОТНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2005 йил 16 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 24 февралда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида

ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги

қонунчилик

Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Автоматлаштирилган банк тизими


Автоматлаштирилган банк тизими банк фаолияти соҳасида ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва ундан фойдаланишни амалга ошириш учун мўлжалланган ахборот тизимидир.



4-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида

ахборотни муҳофаза қилишнинг мақсадлари


Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

банкларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш;

ахборотнинг тарқалиб кетиши, ўғирланиши, йўқотилиши, бузиб талқин этилиши, тўсиб қўйилиши, қалбакилаштирилиши ва ундан ўзгача тарзда рухсатсиз фойдаланилиши, шунингдек нусха олинишининг ҳамда автоматлаштирилган банк тизимига бошқача шаклдаги аралашувларнинг олдини олиш.


5-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида

ахборотнинг муҳофаза қилинишини ташкил этиш


Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотнинг муҳофаза қилинишини ташкил этиш:

ахборотни муҳофаза қилиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларга риоя этиш, шунингдек автоматлаштирилган банк тизимида ишлов бериладиган ахборотни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш;

сертификатланган техника воситалари ва ахборотни муҳофаза қилиш воситаларидан фойдаланиш;

автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш;

автоматлаштирилган банк тизимида ахборот тўплашга доир фаолиятни ва унга ишлов бериш усулларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш йўли билан амалга оширилади.



6-модда. Автоматлаштирилган банк

тизимида ахборотдан фойдаланиш


Автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчи автоматлаштирилган банк тизимида ахборот мулкдорининг рухсати билан ахборотдан фойдаланади.

Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотдан ахборот мулкдорининг рухсатисиз фойдаланишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.


7-модда. Автоматлаштирилган

банк тизими мулкдори


Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори юридик шахс бўлиши керак.

Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори ахборот мулкдори ва автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчи ўртасидаги ўзаро муносабатларни мувофиқлаштиради.

Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори ахборот мулкдорини ва автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчини автоматлаштирилган банк тизимида ахборотга ишлов бериш усулларининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида хабардор қилиши, ахборот мулкдори ва автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчи эса таклиф этилган ишлов бериш усулларининг қўлланилишига рози эканлигини ва эътирозлари йўқлигини тасдиқлаши шарт.

Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ ахборотнинг муҳофаза қилинишини таъминлаши ҳамда ахборот мулкдорини унинг ахбороти муҳофазаси бузилишининг барча ҳоллари тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори давлат сирларини ўз ичига олган ёки махфий ҳисобланган ахборотнинг муҳофаза қилинишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда таъминлаши шарт.


8-модда. Автоматлаштирилган банк тизимидаги

техника воситаларини сертификатлаштириш


Автоматлаштирилган банк тизимидаги техника воситаларини, шунингдек бу тизимнинг давлат сирларини ўз ичига олган ёки махфий ҳисобланган ахборотга ишлов берувчи муҳофаза воситаларини (шу жумладан криптография воситаларини) сертификатлаштириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


9-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида

ахборотни муҳофаза қилиш хизмати


Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ва банкларда автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши керак.

Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш хизмати:

ахборотнинг сақланишини таъминлаш устидан назоратни ташкил этади;

ахборотни муҳофаза қилиш масалаларида услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тизимини лойиҳалаш, синовдан ўтказиш ва қабул қилиб олишда иштирок этади;

автоматлаштирилган банк тизимида ахборотдан рухсатсиз фойдаланишга уринишлар бўлганлиги, унга бошқача шаклда аралашилганлиги аниқланганда ҳамда тизимнинг ишлаш қоидалари бузилганда мазкур тизимдаги ахборотни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўради;

ахборотни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг ҳолати ва самарадорлигини таҳлил этади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


10-модда. Низоларни ҳал этиш


Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


11-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида

ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


12-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2006 йил 7 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 14-сон, 112-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2006 йил, 4-сон, 156-модда



















































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск