ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Уй-жой қурилиши /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.09.2010 й. ПҚ-1403 "Қишлоқ жойларда уй-жойларни лойиҳалаштиришни такомиллаштириш ва қурилишни яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.09.2010 й.

N ПҚ-1403



ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА УЙ-ЖОЙЛАРНИ

ЛОЙИҲАЛАШТИРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА

ҚУРИЛИШНИ ЯХШИЛАШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Қайд этиб ўтилсинки, республикамизда қишлоқ аҳоли пунктларини архитектуравий-режали асосда қуриш бош режаларига мувофиқ қишлоқларда намунавий лойиҳалар бўйича замонавий якка тартибдаги уй-жойларни кенг кўламда барпо этиш, қишлоқ қиёфасини тубдан янгилаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани жадал шакллантириш бўйича махсус Давлат дастури ишлаб чиқилган ва у изчил амалга ошириб борилмоқда.

"Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ ихтисослаштирилган лойиҳа-қидирув институти, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуришга узоқ муддатли имтиёзли кредитларни тақдим этаётган махсус "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик-тижорат банки очилган. Якка тартибдаги уйларни ва ижтимоий объектларни "батамом тайёр" ҳолда топширадиган, ҳар бир минтақада бўлимлари мавжуд бўлган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси ташкил этилган. Барча қишлоқ туманларида уй-жойларни қуриш намунавий лойиҳалар бўйича, ижтимоий, бозор ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари билан боғланган ҳолда олиб борилмоқда.

Шу билан бирга Андижон, Фарғона ва бошқа вилоятларнинг қишлоқ жойларида якка тартибдаги уйлар қурилишидаги ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш, авваламбор лойиҳалаштиришда бир қатор камчиликларни намоён қилди. Намунавий лойиҳалар мамлакат муайян минтақасининг табиий-иқлим шароитларини ҳар томонлама ҳисобга олмаган ҳолда, қурилишда муҳим бўлган табиий омиллар - шамолнинг йўналиши, қуёшнинг ёритиши, миллий ва маҳаллий анъаналарнинг ўзига хослигини яхши ўрганмасдан туриб ишлаб чиқилган. Лойиҳаларда катта конструктив камчиликлар мавжуд - яъни шипларнинг етарлича баланд бўлмаганлиги, яшаш майдони, айниқса болалар хоналарида чекланганлиги, оиланинг яшаши учун барча зарур маиший шарт-шароитлар яратилмаганлиги шулар жумласидандир.

Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, қишлоқдаги намунавий якка тартибдаги турар жойларни лойиҳалаштириш сифатини тубдан ошириш асосида қишлоқ аҳолисининг уй-жой шароитларини янада яхшилаш, иморат солувчилар учун зарур қулайликлари билан ёруғ, кенг ва шинам уй-жойларни қуриш, шунингдек бош режаларга мувофиқ ҳолда қишлоқ аҳоли пунктларини комплекс равишда барпо этиш ҳамда замонавий муҳандислик коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини илдам ривожлантириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва ўрмон фонди категориясига киритилмаган ерларни қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жойлар қуриш учун ҳар бир иморат солувчига 0,06 гектардан ер участкалари ажратиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан талабларга жавоб бермайдиган қишлоқ уй-жойларининг намунавий лойиҳалари бекор қилинди ҳамда уйларнинг умумий майдони ва хоналар баландлигини ошириш, гаражлар ҳамда ҳовли иморатлари қуриш, ҳовлининг хўжалик қисмида буғ қозонхонасини жойлаштириш ва бошқаларни назарда тутган ҳолда иморат солувчи учун зарур қулайликларни таъминлайдиган, шинамлиги яхшиланган уч, тўрт ҳамда беш хонали якка тартибдаги уйларнинг янги намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди;

"Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ лойиҳа-қидирув институти раҳбариятини юқори малакали, замонавий фикрлайдиган ва ташаббускор ёш кадрлар билан мустаҳкамлаш чоралари кўрилди;

қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жой массивларини қуриш учун ер участкаларини танлаб олиш бўйича бутун масалалар комплексини ҳал этиш учун Қорақалпоғистон Республикасида ва республика вилоятларида йиғма ва ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди.


2. Қишлоқ жойларда асосий қишлоқ хўжалик экинлари экиладиган ҳамда ҳайдаладиган майдонларнинг бевосита яқинида якка тартибдаги уй-жой қурилиши массивлари учун ер участкалари ажратилиши тақиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари зиммасига мазкур қоидага қатъий риоя қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини лойиҳалаштиришни такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда:

қишлоқ аҳоли пунктларини ривожлантириш бош режасидан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги турар жойларни қуриш учун ер массивларини танлаб олишнинг аниқ ва очиқ-ойдин тизими яратилишини;

қишлоқда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш яшаш хоналарини оқилона режалаштириш, қуёшнинг ёритишини, шамолнинг йўналишини ҳисобга олиш ва бошқа табиий-иқлим омиллари ҳамда маҳаллий шарт-шароитлар ва хусусиятларни назарда тутган ҳолда тасдиқланган янги намунавий лойиҳаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилишини;

объектларни ва муҳандислик-коммунал инфратузилма тармоқларини - автомобиль йўллари, водопровод, газ, электр тармоқлари, телекоммуникация тизимларини илдам лойиҳалаштириш ва қуриш орқали қишлоқ уй-жой массивларини комплекс барпо этишни;

уй-жойларни "батамом тайёр" ҳолда қуришда замонавий маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиб, илғор технологиялар ва янги конструктив ечимларни қўллаш асосида турар жойларнинг сифати оширилиши ва қиймати туширилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган:

2011 йилда "Қишлоқ қурилиш банк" АТБнинг имтиёзли ипотека кредитларини жалб қилган ҳолда, уй-жойларни 1-иловага* мувофиқ 2011 йилнинг III чорагида "батамом тайёр" ҳолда топшириш шартлари асосида намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойларни барпо этиш;

2011 йилда 2-иловага* мувофиқ қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши массивларида ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари объектларини қуриш;

2011 йилда 3-иловага* мувофиқ қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши массивларида ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини бунёд этишнинг асосий параметрлари маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда 2011 йилда қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши массивларида якка тартибдаги уй-жойлар, ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини барпо этишнинг асосий параметрлари амалга оширилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ билан ҳамкорликда икки ой муддатда марказлаштирилган бюджет маблағлари ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 2011 йилда қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши Дастурини биргаликда молиялаштириш ҳажмлари ҳамда манбаларини белгиласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси уй-жойларнинг маҳаллий шароитга мослаштирилган янги намунавий лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан синчиклаб ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, объектни "батамом тайёр" қилиб топшириш принципига қатъий риоя қилишни таъминлаган ҳолда, иморат солувчилар учун давлат экспертизасидан ўтган ва мослаштирилган лойиҳа қимматлашган тақдирда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойларни қуришга якка тартибдаги иморат солувчилар билан "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК ўртасида тузилган контракт шартлари ўзгартирилмайди.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари:

"Қишлоқ қурилиш банк" АТБ билан ҳамкорликда 2010 йилнинг 1 декабригача 2011 йилда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуришга потенциал қарз олувчиларни аниқласин, шунингдек қурилишнинг ўз вақтида бошланиши учун бирламчи бадалларнинг йиғилишини таъминласин;

2 ва 3-иловаларга* мувофиқ асосий параметрларга кўра, сув таъминоти тармоқлари, шохобча йўллар ва квартал ичидаги автомобиль йўллари, шунингдек қишлоқ уй-жой массивларида ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши молиялаштирилишини таъминласин;

якка тартибдаги уй-жойларни қуришга ишончли пудрат ташкилотлари пухта ва қатъий танлаб олинишини ташкил этсин, танлаш ва баҳолаш шартларида қурилиш техникаси ҳамда кичик механизация воситалари, қурилиш асбоб-анжомлари мавжудлигини, қурувчи касбига эга бўлган малакали ишчилар ва муҳандис-техник кадрлар билан бутланганлигини, шунингдек белгиланган муддатларда "батамом тайёр" ҳолда топшириш шартларида уй-жойларни сифатли қуриш бўйича мажбуриятлар қабул қилинишини назарда тутсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар 2010 йилнинг 1 декабригача 2015 йилга қадар қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Миллий ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда қишлоқ қиёфасини тубдан янгилашга, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ уй-жой қурилишини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни кенг ёритишга бағишланган телекўрсатув ва радиоэшиттириш туркумлари, мақолалар чоп этилиши ташкил қилинишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 37-сон, 320-модда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, 9-сон, 376-модда
























































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск