Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Коммунал хўжалик /

Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Махсус республика комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.02.2015 й. 19-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 3 февралдаги

19-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув

хизмати соҳасидаги дастурларнинг амалга

оширилишини мувофиқлаштириш бўйича

Махсус республика комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Махсус республика комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда бошқа манфаатдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


3. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Комиссия шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланадиган коллегиал орган ҳисобланади.



II. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар Комиссиянинг вазифалари ҳисобланади:

давлат капитал қўйилмалари маблағлари ва халқаро молия институтларининг жалб этилган кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳалар бўйича молиялаштиришни очиш учун асос ҳисобланадиган ичимлик сув манбалари тасдиғини ҳисобга олган ҳолда хулосалар бериш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилиш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича якуний рўйхатларни тасдиқлаш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши мониторингини уларнинг лойиҳадаги параметрларига ва кўрсаткичларига эришилишини ҳисобга олган ҳолда юритиш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишда лойиҳа параметрлари ва кўрсаткичларига эришишни таъминламаганлик сабабларини аниқлаш ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш;

тасдиқланган тармоқ жадвалларига ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амал оширишга йўналтирилган тезкор чора-тадбирлар кўриш.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат, хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва бошқа ташкилотлардан ҳамда Комиссия аъзоларидан зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраб олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларини, лойиҳалаш, пудрат ташкилотлари, эксперт органлари раҳбарларини, буюртмачи вакилларини, шунингдек комиссия аъзоларини унинг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботларини мажлисларида эшитиб бориш;

қуриш ва реконструкция қилишнинг илгари тасдиқланган қиймати ўзгарган тақдирда, тегишли хулосалар мавжуд бўлганда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларининг лойиҳа ва қиймат параметрларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг изчил амалга оширилишини назорат қилиш.


7. Комиссия қуйидагиларга мажбур:

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги давлат капитал қўйилмалари маблағлари ва халқаро молия институтларининг жалб этилган кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ичимлик сув манбаларининг амалда мавжудлиги тўғрисидаги материаллар ва ахборотларни кўриб чиқиш, шунингдек улар юзасидан хулосалар берган ҳолда уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг якуний рўйхатларини ўз қарори билан тасдиқлаш, протокол қарор нусхасини Иқтисодиёт вазирлигига юбориш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишида уларнинг лойиҳадаги параметрлари ва кўрсаткичларига эришилиши асосида мониторинг юритиш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг лойиҳадаги параметрлари ва кўрсаткичларига эришилишини доимий ўрганиш, уларга эришишни таъминламаганлик сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

тасдиқланган тармоқ жадвалларига ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амал оширишга йўналтирилган тезкор чора-тадбирлар кўриш.



IV. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Комиссияга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Комиссия мажлисларининг кун тартибини белгилаш ва мажлисларни чақириш;

Комиссия қабул қилган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этиш;

Комиссияга юкланган вазифаларни бажариш доирасида Комиссия аъзоларининг ишларини мувофиқлаштириш;

Комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан бошқа ҳаракатларни бажариш.


9. Комиссия мажлислари тасдиқланган иш режаларига ва жадвалга мувофиқ ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.

Комиссия раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин. Комиссия томонидан, зарурат бўлганда, вазирликлар, идоралар ва Комиссияга аъзо бўлган бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин.


10. Комиссия мажлисини унинг раиси бошқаради. Комиссия раиси бўлмаган тақдирда мажлисни унинг ўринбосари бошқаради. Комиссия мажлиси унда аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


11. Комиссия раиси билан келишувга кўра, объектив сабаблар билан мажлисда қатнашмаётган Комиссия аъзолари уларнинг мажлисда овоз бериш ҳуқуқисиз қатнашадиган ваколатли вакиллари билан алмаштирилиши мумкин.


12. Комиссия мажлисига давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари ва бошқа манфаатдор шахслар зарур бўлганда таклиф этилиши мумкин.


13. Комиссиянинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят билдириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


14. Комиссия ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот тақдим этади.



V. КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


15. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

16. Комиссиянинг ишчи органи:

навбатдаги давр учун Комиссиянинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;

Комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда давлат, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа ташкилотлардан ва Комиссия аъзоларидан зарур материалларни ва эксперт хулосаларини олиш ҳуқуқига эга;

таҳлилий материалларни тайёрлашни ва кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлисларини ўтказишни ташкил қилади;

Комиссияга кўриб чиқиш учун ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек унинг қарорларига мувофиқ бошқа зарур материалларни тақдим этади.


17. Комиссия котиби:

Комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

ишчи органнинг Комиссия мажлисига материалларни тайёрлаш бўйича ишларини ташкил қилади;

мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини Комиссия раиси билан келишади;

Комиссия аъзоларига ва таклиф этиладиган шахсларга мажлиснинг ўтказилиш санаси, вақти, жойи тўғрисида хабар қилади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлисларининг ўтказилишини ташкил қилади;

Комиссия протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Комиссия аъзоларига, манфаатдор вазирликларга, идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳамда бошқа ташкилотларга юборади;

Комиссия қарорларининг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этади.



VI. КОМИССИЯ МАЖЛИСИГА МАТЕРИАЛЛАРНИ

ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


18. Тақдим этилган материаллар ишчи орган томонидан кўриб чиқилади, ишчи орган уларни Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун расмийлаштиради, Комиссия мажлисининг кун тартибини тайёрлайди ва ҳужжатлар пакетини Комиссия котибига тақдим этади.


19. Комиссия мажлиси кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича ҳужжатлар пакетида барча зарур материаллар ва Комиссия қарори лойиҳаси мавжуд бўлиши керак.


20. Комиссия котиби тақдим этилган материаллар ҳақида Комиссия раисига ахборот беради, Комиссия раиси кун тартиби ва тақдим этилган материалларни, улар маъқулланган тақдирда, Комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт ва санани, шунингдек Комиссия мажлисига таклиф этиладиган шахсларни белгилайди.


21. Комиссия котиби ишчи орган билан биргаликда мажлис материалларининг Комиссия аъзоларига, зарурат бўлганда эса, мажлисга таклиф этилган шахсларга юборилишини таъминлайди.



VII. КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


22. Комиссия қарори мажлисда қатнашаётган Комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


23. Комиссия раиси қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш мақсадида, Комиссия аъзолари билан келишилган айрим масалалар бўйича Комиссия қарорини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.


24. Комиссия протоколлари Комиссия мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади. Мажлис протоколи унинг барча аъзолари томонидан келишилиб, котиб томонидан имзоланиб, раис томонидан тасдиқланади ҳамда бир ҳафта муддатда Комиссия аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.


25. Комиссия протоколларининг асл нусхаси ва унинг материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментида сақланади.

26. Комиссия қарорларининг бажарилишини назорат қилиш Комиссиянинг ишчи органи ва котиби томонидан амалга оширилади.


27. Ишчи орган Комиссия қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурат бўлганда, Комиссия раисига тегишли таклифлар киритади.



VIII. ИЧИМЛИК СУВ ВА ОҚОВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИ

ҚУРИШ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЯКУНИЙ

РЎЙХАТЛАРНИ КОМИССИЯ ТОМОНИДАН КЎРИБ ЧИҚИШ

ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


28. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатларига киритиш учун тавсия этилаётган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича якуний рўйхат юзасидан қарорни кўриб чиқиш, тайёрлаш, дастлабки манзилли рўйхатларини комплекс кўриб чиқиш якунлари бўйича ишчи орган томонидан Комиссияга киритилгандан кейин, тузатишлар ва қўшимчалар киритишни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Комиссия ҳар йили 1 июлгача материалларни навбатдаги мажлисда кўриб чиқади ва келгуси йилларда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш, реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилади.


29. Комиссия қарори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ривожланиш давлат дастурларини келгуси йилга шакллантириш учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этилади.

30. Қуриш ва реконструкция қилиш объектларини Ўзбекистон Республикаси ривожланиш давлат дастурларининг киритиш учун якуний манзилли рўйхатни тасдиқлаш бўйича протокол қарор лойиҳасида қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлиши керак:

минтақа бўйича қуриш ва реконструкция қилишнинг умумий йиғма параметрлари;

қуриш ва реконструкция қилиш объектларининг номи;

ишга тушириладиган, қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектнинг қуввати;

қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектнинг фойдаланишга топшириш муддатлари;

ичимлик сув таъминоти манбалари;

ичимлик сув ва оқова сув хизматлари билан таъминланадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг сони.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 9 февраль, 5-сон, 55-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 2-сон, 6-модда





























Время: 0.1693
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск