ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Коммунал хўжалик / Электр энергия таъминоти. Газ таъминоти. Иссиқлик таъминоти. Сув таъминоти /

Аҳоли пунктларида давлат капитал қўйилмалари ҳисобига молиялаштириладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.02.2015 й. 19-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 3 февралдаги

19-сон қарорига

3-ИЛОВА


Аҳоли пунктларида давлат капитал

қўйилмалари ҳисобига молиялаштириладиган

ичимлик  сув  таъминоти  ва  оқова  сув  хизмати

объектларини қуриш ва реконструкция қилишни

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом аҳоли пунктларида давлат капитал қўйилмалари ҳисобига молиялаштириладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари, аҳоли пунктларида бошқа манбалар ҳисобига ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари қуриладиган ва реконструкция қилинадиган тақдирда, тавсия хусусиятига эгадир.


2. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш механизми ушбу Низомнинг иловасига* мувофиқ аҳоли пунктларида давлат капитал қўйилмалари ҳисобига молиялаштириладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишни ташкил этиш схемасига биноан лойиҳаларни амалга оширишнинг пировард натижалари учун манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотларининг масъулиятини оширишни назарда тутади.


3. Давлат капитал қўйилмалари ҳисобига ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишни ташкил этиш ва молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг "Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарорида ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


4. Қуйидагиларга:

қуриш ва реконструкция қилиш ишларини молиявий ресурслар манбалари (тўлиқ ёки қисман) тегишли ҳужжатлар (тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхати) билан тасдиқланмаган тақдирда бажаришга;

агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматининг битта объектини (халқаро молиявий институтлар иштирокида биргаликда молиялаштириш ҳоллари бундан мустасно) турли манбалардан қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштиришга йўл қўйилмайди.


5. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


буюртмачи - Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси ДУК (кейинги ўринларда Инжиниринг компанияси деб аталади);

фойдаланувчи ташкилот - қуриш ва реконструкция қилиш ишлари тугаллангандан кейин ишга тушириладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектини фойдаланишга қабул қилинишини таъминлайдиган ҳамда ушбу объектни қабул қилиб оладиган ҳудудий сув таъминоти ташкилоти;


пудрат ташкилоти - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов асосида танлаб олинган қурилиш ташкилоти;

Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари - лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳамда аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг дастлабки манзилли рўйхатларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш ишларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган;

сувда қудуқларни бурғулашга рухсатнома - Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан белгиланган тартибда бериладиган рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат;

қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхати - ажратилган лимитлар доирасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг тегишли қарори асосида ҳар йили буюртмачи томонидан тузиладиган, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари рўйхатини, шунингдек улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича ишлар ва харажатлар ҳажмини ўз ичига олувчи молиявий ҳужжат.


II. АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА ҚУРИШ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ

ҚИЛИШ УЧУН ИЧИМЛИК СУВ ТАЪМИНОТИ ВА ОҚОВА

СУВ ХИЗМАТИ ОБЪЕКТЛАРИНИ ТАНЛАШ ҲАМДА

МАНЗИЛЛИ РЎЙХАТЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ ВА МЕЗОНЛАРИ


6. Қуриш ва реконструкция қилиш объектларини танлаш лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш бўйича қуйидаги материаллар ва мезонлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади:

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари схемаларининг Аҳоли пункти бош режасига мувофиқлиги;

қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун ташқи ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш;

аҳоли пунктларида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари қуришнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ва устуворлиги;

режалаштирилган қурилишга ичимлик сув тармоқларига уланиш нуқтасида ичимлик сув ҳажми ва босимининг етарлилиги бўйича ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотларининг хулосаси, шу жумладан, узоқ муддатли истиқболга зарур бўлган ичимлик сувнинг ҳажмларининг тасдиқланиши;

аҳоли пунктининг муқобил сув таъминоти манбалари ва марказлаштирилган ичимлик суви таъминотининг мавжуд эмаслиги;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари билан биргаликда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати тизимларининг мавжуд ҳолатини, шунингдек жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш зарурлиги тўғрисидаги мурожаатлари асосида тизимли техник текширув натижалари;

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг (Санитария-эпидемиология хизмати ҳудудий бошқарма ва бўлимининг) белгиланган талабларга (O`zDST 950:2011 "Ичимлик сув") мувофиқ сув таъминотининг мавжуд тизимларида ичимлик суви сифатини яхшилашнинг зарурлиги тўғрисидаги хулосалари натижалари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитасининг ҳудудий хизматлари гидрогеологик қидирувлари натижалари;

лойиҳа параметрлари бўйича сувга қудуқни бурғулашга рухсатнома мавжудлиги (сув таъминотининг ер ости манбаи бўлган сув таъминоти объекти қуришда);

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда берилган махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатнома ҳамда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш учун ер участкасини танлашда атроф-муҳитга таъсир аризаси лойиҳасига давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжудлиги;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланган тартибда берилган сунъий сув объектларидан махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатнома мавжудлиги.

7. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган мезонлар (лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш бўйича материаллар) асосида 1 апрелгача кейинги 3 йил учун республика ҳудудлари бўйича ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматини ривожлантириш схемасига киритилган биринчи навбатдаги ва устувор ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг дастлабки манзилли рўйхатларини тузадилар (кейинги ўринларда дастлабки манзилли рўйхатлар деб аталади) ва дастлабки манзилли рўйхатларни кўриб чиқиш учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тақдим этадилар.

Кейинги 3 йил учун республика ҳудудлари бўйича дастлабки манзилли рўйхатлар ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган мезонларга мувофиқ вақти-вақти билан янгиланиши керак.


8. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳар йили тасдиқланган дастлабки манзилли рўйхатларни ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати тизимларини ривожлантириш схемасига боғлиқлиги бўйича ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритган ҳолда комплекс кўриб чиқилишини ва ҳамда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати тизими объектлари қуришнинг якуний манзилли рўйхатлари 1 июнгача тасдиқлаш учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига юборилсин.

9. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 1 июлгача навбатдаги мажлисда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан киритилган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуришнинг якуний манзилли рўйхатларини кўриб чиқади ҳамда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасида лойиҳаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Инжиниринг компанияси билан биргаликда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан қабул қилинган қарорлар натижалари бўйича ҳар йили:

1 августгача - белгиланган тартибда фойдаланувчи ташкилот билан келишилган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун техник топшириқларнинг тайёрланишини;

1 сентябргача - лойиҳа-смета ҳужжатлари параметрларининг техник топшириқларга қатъий мувофиқ равишда ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий органлари, сув таъминоти ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан келишилишини;

1 октябргача - якуний рўйхатга киритилган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича танлов савдолари ўтказилишини, пудрат шартномаларининг белгиланган тартибда тузилишини;

1 ноябргача - якуний манзилли рўйхатларнинг ваколатли органларда молиялаштиришни бошлаш учун белгиланган тартибда Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига киритилишини таъминлайдилар.

11. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартиби, уларнинг таркиби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилади.


12. Лойиҳа-смета ҳужжатларидаги лойиҳа ечимларини муфассаллаштириш даражаси ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасида лойиҳанинг қабул қилинаётган техник ечимлари, ҳажмлари ва қийматини асослаш учун етарли бўлиши ҳамда зарур сифатга эга бўлган қурилиш ишлари тўлиқ бажарилишини таъминлаши керак.


13. Халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар экспертиза органлари томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ижобий қарори мавжуд бўлган тақдирда ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг дастлабки техник-иқтисодий асосланиши (техник-иқтисодий асослаш), дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб (техник-иқтисодий ҳисоб-китоб) ишлаб чиқилган ҳолда комплекс кўриб чиқилади.

14. Халқаро молиявий институтлар иштирокида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳаларни кўриб чиқиш муддатлари ушбу лойиҳаларнинг ташаббускорларининг мурожаатларига ва асосланган таклифларига мувофиқ Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланади.

15. Пудрат ташкилотини танлаш бўйича танлов савдолари комиссияси таркибида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилоти вакилининг иштирок этиши мажбурий ҳисобланади.



III. АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА ИЧИМЛИК СУВ ТАЪМИНОТИ

ВА ОҚОВА СУВ ХИЗМАТИ ОБЪЕКТЛАРИНИ ҚУРИШ

ВА РЕКОНСТРУКЦИЯЛАШНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ВА ТЕКШИРИШ


16. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектини қуриш ва реконструкциялаш тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ва ишларни бажаришнинг календарь жадвалига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади.


17. Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг сифати ва тўлиқлигини назорат қилишни буюртмачининг техник назоратчиси - Инжиниринг компанияси амалга оширади, шунингдек лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчи муаллиф - лойиҳа ташкилоти томонидан муаллифлик назорати юритилади.

18. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари тўғрисида Намунавий низомларга белгиланган ваколатлар доирасида объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилишининг сифати ва тўлиқлиги юзасидан назоратни амалга оширадилар.

19. Буюртмачи ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларида ҳар бир объект бўйича бажариладиган қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги юзасидан техник назоратни биргаликда амалга оширишга ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотларини мажбурий тартибда жалб этади.



IV. ҚУРИЛИШИ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНИШИ

ТУГАЛЛАНГАН ИЧИМЛИК СУВ ТАЪМИНОТИ ВА ОҚОВА

СУВ ХИЗМАТИ ОБЪЕКТИНИ ФОЙДАЛАНИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


20. Лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилган қурилиш-монтаж ишлари тугаллангандан кейин ва пудрат ташкилотининг тақдимномаси бўйича Инжиниринг компанияси ШНҚ 3.01.04-04 шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ Давлат қабул комиссиясининг ишини ташкил этади.

21. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектини давлат томонидан фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси белгиланган шакл бўйича қуйидаги асосларнинг ижобий натижалари мавжуд бўлган тақдирда расмийлаштирилади:

тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг вакили иштирокида назорат ўлчови;

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (Санитария-эпидемиология хизмати ҳудудий бўлинмалари) томонидан ўтказиладиган ичимлик сув сифатининг белгиланган талабларга (O`zDST 950:2000 "Ичимлик сув") мувофиқлиги юзасидан лаборатория таҳлили.

22. Объектни давлат томонидан қабул қилиб олиш далолатномаси фақат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқлангандан кейин кучга киради.


23. Объектни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномалари расмийлаштирилгандан кейин ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объекти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига қурилиб фойдаланишга топширилаётган объектларнинг муҳандислик тармоқлари ва иншоотларини хизмат кўрсатувчи ташкилотлар балансига бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2004 йил 26 октябрдаги 502-сон қарорида белгиланган тартибга мувофиқ тегишли ичимлик суви таъминоти ташкилотига берилиши керак.

Тегишли ичимлик суви таъминоти ташкилотига берилган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари бўйича кафолатли суммани (объект қийматининг 5 фоизи) молиялаштириш ушбу объектлардан фойдаланувчи ичимлик сув таъминоти ташкилотининг хулосаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари текшируви натижалари асосида фойдаланишнинг кафолатли муддати тамом бўлгандан кейин амалга оширилади.


V. БАЖАРИЛГАН ИШЛАР СИФАТИНИ ҲАМДА АҲОЛИ

ПУНКТЛАРИНИНГ ИЧИМЛИК СУВ ТАЪМИНОТИ ВА ОҚОВА

СУВ ХИЗМАТИ ОБЪЕКТЛАРИНИ ҚУРИШ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ

ҚИЛИШ УЧУН АЖРАТИЛГАН ПУЛ МАБЛАҒЛАРИДАН МАҚСАДЛИ

ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


24. Техник топшириқни, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлашнинг тўғрилиги ва сифати, танлов савдолари ўтказилиши, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ бажариладиган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми ва сифатини назорат қилиш буюртмачи, фойдаланувчи ташкилот, Қурилиш вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

25. Аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган давлат капитал қўйилмаларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

26. Пудрат ташкилоти томонидан ортиқча олинган маблағларни ундириш учун асос бўладиган, назорат ўлчовлари ва ҳисоб-китоб ҳужжатларини текшириш натижасида бажарилган ишларнинг қиймати ва ҳажмлари ошириб юборилганлиги аниқланган тақдирда ортиқча олинган сумма пудрат ташкилотларидан ундириб олинади, аниқланган ошириб кўрсатишлар учун жавобгарлик эса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.



VI. ИЧИМЛИК СУВ ТАЪМИНОТИ ВА ОҚОВА

СУВ ХИЗМАТИ ОБЪЕКТЛАРИНИ ҚУРИШ СОҲАСИДАГИ

ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ

ТОМОНЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


27. Ўзбекистон Республикаси Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси:

ичимлик сув таъминотининг ер ости манбалари, уларнинг мавжудлиги ва ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларнинг таҳлили ҳамда хатловларнинг ўз вақтида ўтказилиши;

таҳлил асосида ер ости сувлари захирасини баҳолаш ва қайта баҳолаш бўйича зарур гидрогеологик тадқиқотларнинг таъминланиши;

лойиҳа параметрлари бўйича сувга қудуқни бурғулашга рухсатнома ўз вақтида келишилиши, бурғуланган қудуқнинг жойлашган жойи ва конструкциясига риоя қилиш шарти билан сувга қудуқни бурғулашга рухсатномасида кўрсатилган қудуқларнинг лойиҳа параметрларининг холислиги ва ишончлилиги учун жавоб беради.


28. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатнома бериш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш учун ер участкаси танланишида лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири ариза лойиҳасига давлат экология экспертизаси хулосасининг ўз вақтида ва асосли тақдим этилиши учун жавоб беради.


29. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сунъий сув объектларидан махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатноманинг ўз вақтида ва асосли тақдим этилиши учун жавоб беради.

30. Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бўлинмалари мавжуд ва ишга тушириладиган сув таъминоти тизимларидаги ичимлик сув сифатининг белгиланган талабларга (O`zDST 950:2011 "Ичимлик сув") мувофиқлиги тўғрисидаги хулосанинг асосли ва ўз вақтида тақдим этилиши учун жавоб беради.

31. Лойиҳа ташкилотлари ваколатли органлар томонидан берилган техник шартларга мувофиқ бўлган лойиҳа бўйича техник ечимларнинг тўғри қабул қилиниши ва лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиши учун жавоб берадилар.


32. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:

вилоятлар (туман, кўча, маҳалла) бўйича ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларининг (иншоотлар ва тармоқларнинг) ўз вақтида ялпи хатловдан ўтказилиши;

вилоятлар ва республика ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати тизимини ривожлантириш схемаларининг умуман Аҳоли пунктларининг бош режаларига узвий боғлиқ равишда ишлаб чиқилиши;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуришнинг дастлабки манзилли рўйхатларининг ўз вақтида ва асосли келишилиши;

ялпи хатлов асосида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини, шу жумладан ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатлари тасдиқланган пайтдан бошлаб, ичимлик сув таъминоти ташкилотларига фойдаланишга топширилган ва беш йил мобайнида фойдаланилишини ўз ичига олувчи маълумотларнинг ягона электрон базасини Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда ташкил этиш йўли билан ичимлик сув ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатлари бажарилиши бўйича мониторинги олиб борилиши;

маълумотларнинг ягона электрон базасининг вақти-вақти билан янгиланиши, унга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг қарорларига мувофиқ янгилик ва қўшимчалар киритилиши;

Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва ичимлик сув таъминоти ташкилотларининг маълумотлари асосида қурилиб фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб 5 йил мобайнида ичимлик сув ва оқова сув хизмати объектлари фаолиятини доимий равишда таҳлил қилишнинг ташкил этилиши;

Аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати билан таъминланишини истиқболли прогноз қилиш учун объектларининг мавжуд техник параметрлари самарадорлиги ўрганиб чиқилиши;

аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминотига ва оқова сув хизматига мавжуд эҳтиёжларини аниқлаш учун жавоб беради.


33. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари, Инжирининг компаниялари раҳбарлари:

ишда кейинчалик фойдаланиш учун ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотнинг асосий манбаи сифатида доимий янгиланиб туриладиган маълумотларнинг электрон базаси шакллантирилиши;

аҳоли пунктларини ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати билан таъминланиши бўйича тизимли мониторинг олиб борилиши;

ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари билан келишган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларини лойиҳалаштиришга, ишлаб чиқишга буюртма жойлаштирилишига, сифатли техник топшириқ тайёрланиши, техник топшириққа мувофиқ лойиҳа ташкилоти билан биргаликда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиши учун жавоб беради.


34. Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари буюртмачи ва фойдаланувчи ташкилот томонидан архитектура-режалаштириш топшириғининг сифатли тайёрланиши, шу жумладан:

ишга тушириладиган объектнинг Аҳоли пункти бош режасига мувофиқлиги;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳаси тегишли ташкилотлари томонидан бериладиган техник шартларнинг мавжудлиги;

режалаштирилган қурилишга, ичимлик сув тармоқларига уланиш нуқтасида ичимлик сув ҳажми ва босимининг етарлилиги бўйича гидрогеология хизматлари хулосаси, шу жумладан узоқ муддатли истиқбол учун зарур бўлган ичимлик сув ҳажмларининг тасдиқланиши;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати тизимларининг мавжуд ҳолати бўйича техник текширувининг тўлақонли натижалари, сув олиш ва сув тақсимлаш объектлари (қудуқлар, сув олиш иншоотлари, ичимлик сув миноралари, оқова сувни тозалаш иншоотлари, сув тақсимлаш иншоотлари, магистрал ва сув тақсимловчи қувур ва канализация тармоқлари, сувни дезинфекциялаш ва хлорлаш қурилмалари, тўсиқлар ва шу кабилар)нинг техник яроқлилигини баҳолаш;

белгиланган талабларга (O`zDST 950:2011 "Ичимлик сув") мувофиқ сув таъминотининг мавжуд тизимларида ичимлик сув сифатини яхшилашнинг зарурлиги тўғрисидаги хулосаларнинг натижалари;

лойиҳа параметрлари бўйича сувга қудуқни бурғулашга рухсатноманинг мавжудлиги;

сув қувури ва канализация тармоқлари ва иншоотларини янгидан қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишнинг талаб этиладиган ҳажмлари аниқланиши учун жавоб берадилар.


35. "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясининг ҳудудий бўлинмалари "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Табиий монополиялар субъектлари томонидан мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчиларга товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни тартибга солиш тўғрисида" 2008 йил 24 декабрдаги 277-сон қарорига мувофиқ ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотларига мажбурий хизмат кўрсатилишини таъминлайдилар.


36. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ҳокимликларининг молия бошқармаларига ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш, шунингдек давлат капитал қўйилмаларининг тасдиқланган лимитлари доирасида тўғри ва ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш юкланади.



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 9 февраль, 5-сон, 55-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 2-сон, 6-модда

























































Время: 0.1592
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск