язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Алоҳида турдаги товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш, жойини ўзгартириш/ Миллий ва хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.10.1996 й. ПФ-1601-сон "Республикада нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш чоралари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

24.10.1996 й.

N ПФ-1601



РЕСПУБЛИКАДА НАҚД ХОРИЖИЙ

ВАЛЮТА МУОМАЛАСИНИ ТАРТИБГА

СОЛИШ ЧОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республикада эркин алмаштириладиган валютада ҳисоб-китоблар ва хизматларнинг барча турларини тезкорлик билан амалга ошириб, хорижий ҳамда ватанимиздаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли валюта маблағларининг Ўзбекистон Республикасига ўз вақтида ўтказилишини таъминлаётган ваколатли банклар тармоғи вужудга келтирилган.

Шу билан бирга текширишларнинг кўрсатишича, республикада валютани тартибга солиш тўғрисида амал қилаётган қонунлар жиддий равишда бузилмоқда. Шуларга мувофиқ миллий валюта - сўм Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирдан-бир қонуний тўлов воситаси ҳисобланади ва хорижий валютада, шу жумладан нақд ҳолида ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш ман қилинган. Мазкур тартибни бузганлик учун жавобгарлик, ҳатто жиноий жавобгарлик чоралари ҳам кўзда тутилган.

Назорат қилинмаётган бозорда ғайриқонуний равишда сотиш ва олинаётган даромадларнинг солиққа тортилишидан бўйин товлаш мақсадида ажнабий фуқаролар нақд хорижий валютани каттагина ҳажмларда олиб келиш ва ҳисоб-китобларда фойдаланиш ҳолларига йўл қўйилмоқда, бу эса миллий валютага нисбатан ишончга салбий таъсир қилмоқда.

Бундай тартиб-қоидаларнинг бузилишига чек қўйиш ва республиканинг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунларига оғишмай риоя этиш мақсадида:


1. Корхоналар ва ташкилотлар, бошқа юридик ҳамда жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари республикада белгиланган тартибга қатъий амал қилсинлар, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий валюта - сўм ягона қонуний тўлов воситаси ҳисобланади ва шуни- назарда тутсинларки, мазкур тартибни бузганлик учун жавобгарлик, ҳатто жиноий жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.


2. Шу нарса белгилаб қўйилсинки, юридик шахслар нақд хорижий валютани олиб киришлари ва олиб чиқиб кетишларига йўл қўйилмайди, ваколатли банклар эса - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг олдиндан берилган рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирдагина буни амалга оширадилар.

4. Махфий.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик ва жисмоний шахслар резидентлар ва норезидентлар, шу жумладан хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар томонидан барча турдаги ишлар ва хизматлар ҳақини, шу жумладан маош ва унга тенглаштирилган тўловларни беришда нақд хорижий валютада ҳисоб-китоблар ҳамда тўловларни амалга оширишлари қатьиян ман қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, мазкур тўловлар Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасида, шунингдек сўмларни республика тижорат банкларидаги тегишли ҳисобварақларга ўтказиш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Норезидентлар учун тўловлар юқорида кўрсатилган тўлов шакллари билан бир қаторда хорижий валютани уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги валюта ҳисобварақларига ўтказиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Барча мулкчилик шаклидаги корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига Фармоннинг ушбу банди бажарилиши учун шахсий масъулият юклатилсин. Огоҳлантириб қўйилсинки, бунинг бузилишига йўл қўйилган тақдирда уларга нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлмиш ходимларига барча турдаги ишлар ва хизматлар учун миллий валютада ҳақ тўлаш бўйича; шунингдек нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тўғрисида хорижий давлатларнинг элчихоналари ҳамда чет эл фирмалари, компаниялари ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари билан иш олиб борсинлар.


7. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, ваколатли банклари "Ўзбексавдо" уюшмаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси, "Ўзбектуризм" уюшмаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда пластик ҳисоб-китоб карточкаларини қўлланиш тармоқларининг кенгайтирилишини, товарларнинг чекларга сотилишини ҳамда товарлар ва хизматлар учун нақдсиз ҳисоб-китобларнинг бошқа шакллари жорий этилишини таъминласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасииинг Бош божхона бошқармаси темир йўл, автомобиль, авиация ва дарё транспорти билан божхона чегараси кесиб ўтиладиган жойларда қўшимча божхона постларини очиш бўйича таклифларни икки ҳафта муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

9. Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликни ушбу Фармон қоидаларига мувофиқ ҳолга келтириш борасидаги таклифларни белгиланган тартибда киритсин.


10. Мазкур Фармоннинг рўёбга чиқарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов, Марказий банк Бошқарувининг раиси Ф.М. Муллажонов, Ташқи ишлар вазири А.Ҳ. Комилов зиммаларига юклансин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1996 йил, 10-сон, 191-модда