ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Агротехник, ирригация ва мелиорация ишлари /

Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.06.2013 й. 176-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 21 июндаги

176-сон қарорига

1-ИЛОВА



Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни

тежайдиган бошқа суғориш технологияларини

жорий этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 19 апрелдаги ПҚ-1958-сон қарорига мувофиқ томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш Давлат дастурини ҳамда ҳудудий манзилли дастурларни шакллантириш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди.


2. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этиш сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.


3. Қуйидагилар:

томчилатиб суғориш тизимини қўллаган ҳолда суғориш;

ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини полиэтилен плёнка қопланган эгатлар бўйича, қаторлар орасига ишлов берган ҳолда суғориш;

ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини кўчма эгилувчан суғориш қувурлари, сифонлар ва шу кабилар билан суғориш суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларининг устувор турлари ҳисобланади.


4. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш устувор тартибда:

вегетация даврида сув ресурслари ўртача кўп йил тақчил бўлган суғориладиган ер участкаларида, шунингдек суғориш сувини юқорига кўтаришда катта харажатлар қилинадиган машина билан суғориладиган ерларда;

боғлар, узумзорлар, сабзавот-полиз маҳсулотлари ва бошқа юқори рентабелли экинлар учун ажратилган ер участкаларида;

ирригация эрозиясига учраган катта нишабли ер участкаларида;

шўрланмаган ва шўрланишга мойил бўлмаган енгил тупроқли текис ер участкаларида амалга оширилади.


5. Ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини полиэтилен плёнка қопланган эгатлар бўйича, қаторлар орасига ишлов берган ҳолда суғориш технологияларини:

шўрланмаган ва кам шўрланган ерларда;

ер юзаси кам ва ўртача нишабли ер участкаларида жорий этиш тавсия қилинади.

Суғоришнинг барча зоналарида ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини кўчма эгилувчан суғориш қувурлари орқали нисбатан тоза сув билан суғориш тавсия этилади. Қишлоқ хўжалиги экинларини сифонлардан фойдаланган ҳолда суғориш лоток ва кўтарма каналлардан сув олинадиган барча ерларда тавсия этилади.


6. Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ҳар йили тасдиқланадиган Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш Давлат дастурлари (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) асосида амалга оширилади.



II. ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ ТИЗИМИНИ ВА СУВНИ

ТЕЖАЙДИГАН БОШҚА СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШНИНГ ҲАР ЙИЛГИ ДАВЛАТ ДАСТУРИНИ

ҲАМДА ҲУДУДИЙ МАНЗИЛЛИ ДАСТУРЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


7. Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг ҳар йилги ҳудудий манзилли дастури (кейинги ўринларда ҳудудий манзилли дастур деб аталади) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг номлари, уларнинг жойлашган жойи, томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш майдонлари, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, дастлабки қиймати ва молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳолдаги лойиҳалар рўйхатидан иборат бўлади.


8. Ҳудудий манзилли дастурни шакллантириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг қарорлари билан тегишли равишда ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари ташкил этилади.


9. Ҳудудий ишчи гуруҳ таркибига:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбари;

Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармаси бошлиғи - ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари;

тижорат банкларининг вилоят бўлинмалари раҳбарлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, вилоят сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи;

ҳудудий Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раиси;

ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбари;

мелиоратив экспедиция, шунингдек, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи;

электр тармоғи ҳудудий ташкилоти бошлиғи;

лойиҳа ташкилотлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари киритилади.

Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳудудий ишчи гуруҳнинг ишчи органи ҳисобланади.


10. Туман ишчи гуруҳи таркибига:

туман ҳокими - ишчи гуруҳ раҳбари;

тижорат банкларининг туман бўлинмалари раҳбарлари;

туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи;

туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси;

ирригация тизими бошқармаси раҳбари;

ирригация тизимлари бошқармаларининг гидроучасткалари ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедициянинг мелиоратив тизимлари раҳбарлари;

туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи;

электр тармоғи туман ташкилоти бошлиғи;

бошқа манфаатдор ташкилотларнинг раҳбарлари киритилади.

Ирригация тизимининг тегишли бошқармаси ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри туман бўлими туман ишчи гуруҳининг ишчи органи ҳисобланади.


11. Туман ишчи гуруҳи ҳар йили 1 февралгача оммавий ахборот воситаларида келгуси йилда томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этишни хоҳловчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг (кейинги ўринларда талабгорлар деб аталади) лойиҳаларини танлаш, шунингдек уларни танлаш шартлари тўғрисида эълон беради.


12. Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишни хоҳловчи талабгорлар ҳар йили 1 мартгача туман ишчи гуруҳига хат-ариза билан мурожаат қиладилар.

Хат-аризага қуйидагилар илова қилинади:

томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳанинг бизнес-режаси;

суғориш участкаларининг контурлари, уларнинг балл-бонитети ва суғориш манбалари кўрсатилган ҳолда ер участкасининг масштабли харитаси;

охирги уч йилда суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлиги ва мелиоратив ҳолати тўғрисидаги маълумотлар;

охирги уч йилда ёхуд амалда фойдаланилган даврда ер участкаларидан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тўғрисидаги маълумотлар;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчисининг хўжалик фаолияти ва молиявий ҳолати, шунингдек кредит олиш учун гаров билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ариза берувчининг лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун ўз маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ер-сув ресурслари, лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисидаги асосий маълумотлар кўрсатилган ҳолда лойиҳага аннотация.

Туман ишчи гуруҳи юқорида кўрсатилган маълумотларни ва зарур ҳужжатларни тўплашда талабгорларга кўмаклашади.

Лойиҳанинг бизнес-режаси ва бошқа маълумотлар талабгор томонидан мустақил равишда ёки ихтисослаштирилган ташкилотни шартнома асосида жалб этган ҳолда тайёрланади.


13. Туман ишчи гуруҳи ҳар йили 1 апрелгача:

жойига борган ҳолда томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишни хоҳловчи талабгорларнинг хат-аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганади;

ҳар бир лойиҳа бўйича томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги асосланган хулосани тайёрлайди;

энг устувор лойиҳаларни танлайди ва келгуси йил учун томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш бўйича туман манзилли дастури лойиҳасини шакллантиради.


14. Келгуси йил учун томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш туман манзилли дастури лойиҳаси (кейинги ўринларда туман манзилли дастури лойиҳаси деб аталади):

лойиҳанинг, талабгорнинг номи ва суғориш манбаи, ер участкаси контури рақами, қишлоқ хўжалиги экинининг майдони ва тури, лойиҳанинг дастлабки қиймати, молиялаштиришнинг мўлжалланаётган манбалари (банк кредити, талабгорнинг ўз маблағлари), молиялаштирувчи тижорат банкларининг номлари ва бошқаларни;

кутилаётган самара кўрсатилган ҳолда туман манзилли дастури лойиҳасининг аннотациясини ўз ичига олади.


15. Туман ишчи гуруҳининг туман манзилли дастури лойиҳасини маъқуллаш тўғрисидаги қарори гуруҳнинг ҳар бир аъзоси билан келишган ҳолда баённома билан расмийлаштирилади.

Туман манзилли дастурининг маъқулланган лойиҳаси талабгорларнинг аризалари, туман ишчи гуруҳи раҳбарининг хати билан биргаликда ҳар йили 15 апрелгача кўриб чиқиш учун ҳудудий ишчи гуруҳга киритилади.


16. Ҳудудий ишчи гуруҳ:

туман манзилли дастурлари лойиҳаси тақдимотини ташкил этади, туман манзилли дастури лойиҳасига киритилган ҳар бир лойиҳани батафсил муҳокама қилади;

молиялаштириш манбаларини, ҳар бир лойиҳанинг асосланганлиги ва самарадорлигини ўрганади ва зарурият бўлганда туман манзилли дастури лойиҳасига тузатишлар киритади;

ҳар йили 1 майгача туман манзилли дастурлари лойиҳаларини умумлаштиради ва тасдиқланган прогноз параметрлар доирасида томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг ҳудудий манзилли дастури лойиҳасини (кейинги ўринларда ҳудудий манзилли дастур лойиҳаси деб аталади) ишлаб чиқади.

Ҳудудий манзилли дастур лойиҳаси қуйидагилардан иборат бўлади:

лойиҳалар ва талабгорлар сони, лойиҳаларнинг майдони ва дастлабки қиймати, қишлоқ хўжалиги экинлари турлари, молиялаштириш манбалари (банк кредити, талабгорнинг ўз маблағлари), молиялаштирувчи тижорат банкларининг номлари ва бошқалар кўрсатилган ҳолда туманлар бўйича лойиҳаларнинг йиғма рўйхати;

лойиҳанинг, талабгорнинг номи ва суғориш манбаи, ер участкаси контури рақами, қишлоқ хўжалиги экинлари майдони ва тури, лойиҳанинг дастлабки қиймати, молиялаштириш манбалари (банкнинг кредити, талабгорнинг ўз маблағлари), молиялаштирувчи тижорат банклари номлари ва бошқалар кўрсатилган ҳолда туманлар бўйича лойиҳалар рўйхати;

кутилаётган самара кўрсатилган ҳолда ҳудудий манзилли дастур лойиҳасининг аннотацияси.

Ҳудудий ишчи гуруҳнинг туман манзилли дастури лойиҳасини маъқуллаш тўғрисидаги қарори гуруҳнинг ҳар бир аъзоси билан келишган ҳолда баённома билан расмийлаштирилади.


17. Ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбарлари ҳар йили 15 майгача Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳар бир лойиҳанинг аннотациясини илова қилган ҳолда ҳудудий манзилли дастурнинг маъқулланган лойиҳасини киритадилар.

18. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили:

25 майгача - ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарлари билан биргаликда ҳудудий манзилли дастурлар лойиҳаларини муҳокама қилади;

10 июнгача - томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш параметрлари доирасида ҳудудий манзилли дастурлар лойиҳаларини умумлаштиради ва Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқади.

Давлат дастури лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

лойиҳалар ва талабгорларнинг сони, лойиҳаларнинг майдони ва дастлабки қиймати, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, молиялаштириш манбалари (банк кредити, талабгорнинг ўз маблағлари), молиялаштирувчи тижорат банкларининг номлари ва бошқалар кўрсатилган ҳолда ҳудудлар бўйича лойиҳаларнинг йиғма рўйхати;

лойиҳа ва талабгорнинг номи ва суғориш манбаи, қишлоқ хўжалиги экинлари майдони ва тури, лойиҳанинг дастлабки қиймати, молиялаштириш манбалари (банк кредити, талабгорнинг ўз маблағлари), молиялаштирувчи тижорат банкларининг номлари ва бошқалар кўрсатилган ҳолда ҳудудлар ва туманлар бўйича лойиҳалар рўйхати;

кутилаётган самара кўрсатилган ҳолда Давлат дастури лойиҳасининг аннотацияси.


19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ҳар йили 15 июнгача Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига келгуси йилда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратиладиган Жамғарма кредит линияси маблағларининг дастлабки ҳисоб-китоб ҳажмини тақдим этади.

20. Жамғарма ҳар йили 25 июнгача тижорат банкларига келгуси йилда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратиладиган Жамғарма кредит линияси маблағларининг дастлабки лимити тўғрисидаги ахборотни тақдим этади.

21. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги келгуси йилда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратиладиган Жамғарма кредит линияси маблағларининг ҳисоб-китоб ҳажмини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаларни молиялаштириш манбалари юзасидан Давлат дастури лойиҳасига тузатиш киритади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари билан келишилган таклифлари асосида Давлат дастурларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга. Бунда тақдим этилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўн кун ичида кўриб чиқилади.

22. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Давлат дастури лойиҳасини маъқуллаш, Давлат дастурига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарорлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг барча аъзолари билан келишилган баённома билан расмийлаштирилади.

23. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ҳар йили 1 июнгача келгуси йилга Давлат дастури лойиҳасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси Кенгашига (кейинги ўринларда Жамғарма Кенгаши деб аталади) киритади ва унинг тақдимотини ташкил этади.

Келгуси йил учун Давлат дастури ҳар йили 1 июлгача Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланади.



III. ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ ТИЗИМИНИ ВА СУВНИ

ТЕЖАЙДИГАН БОШҚА СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ДАВЛАТ ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


24. Келгуси йил учун Давлат дастури асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ва туманлар ҳокимлари 15 июлгача келгуси йил учун томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг тегишли ҳудудий ва туман дастурларини (кейинги ўринларда ҳудудий ва туман дастурлари деб аталади) тасдиқлайдилар ва танланган талабгорларга етказадилар.


25. Ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари талабгорлар мурожаатлари асосида уларга томчилатиб суғориш тизимларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлайдиган ва пудрат ишларини бажарадиган ташкилотларни жалб қилишда амалий ёрдам кўрсатади.

26. Қуйидагилар лойиҳаларни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш лойиҳалари бўйича - кредит линияси маблағлари, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг ўз маблағлари, шу жумладан, тижорат банкларининг кредитлари;

сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш лойиҳалари бўйича - қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг ўз маблағлари, шу жумладан, тижорат банкларининг кредитлари.


27. Томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни Жамғарманинг кредит линияси ҳисобига молиялаштириш белгиланган тартибда амалга оширилади.


28. Томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш учун ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш молиялаштирадиган тижорат банклари томонидан назорат қилинади.

29. Томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича тугалланган лойиҳа белгиланган тартибда уч нусхада тузилган қабул қилиш ҳужжати банк, томчилатиб суғориш тизимини қурган пудрат ташкилоти ва қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили томонидан имзолангандан сўнг фойдаланишга қабул қилинади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 1 июль, 26-сон, 334-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 6-сон, 41-модда





























Время: 0.0074
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск