Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.10.2008 й. ПФ-4041-сон "Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

20.10.2008 й.

N ПФ-4041



ОЗИҚ-ОВҚАТ ЭКИНЛАРИ ЭКИЛАДИГАН

МАЙДОНЛАРНИ ОПТИМАЛЛАШТИРИШ ВА

УЛАРНИ ЕТИШТИРИШНИ КЎПАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда такрорланаётган сув танқислиги, озиқ-овқат маҳсулотларига жаҳон бозорида нарх-навонинг муттасил ошиб бораётгани муносабати билан, шунингдек республикада озиқ-овқат экинлари маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини янада ошириш ҳамда уларнинг турларини кўпайтириш ва шу асосда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлиқроқ қондириш, пировард натижада қишлоқ аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлигининг 2009 йил ҳосилидан бошлаб контрактация шартномалари бўйича пахта хом ашёси етиштириш ҳажмлари ва тегишли равишда пахта экиладиган майдонларни 1-иловага* мувофиқ камайтириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Пахта экиладиган майдонларни қисқартириш ҳисобига:

2009 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари экиладиган майдонлар 2-иловага* мувофиқ кўпайтирилсин;

зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлган туманлар ва хўжаликларда сабзавот ҳамда бошқа озиқ-овқат экинлари экилиши таъминлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимликлари қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш бўйича ишларни амалга оширишда:

муайян қишлоқ хўжалик экинларини экиш учун зарур шарт-шароитлар етарли эканлигига, фермер хўжаликларида алоҳида экин турларига ишлов бериш бўйича кўникма ва тажриба мавжудлигига;

суғориш ва мелиорация тизимлари ҳолатига, ҳудудларнинг сув билан таъминланиш даражасига;

лалми ерларда мойли, озуқабоп ва полиз экинлари майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари 2008 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида қўшимча кузги бошоқли дон экинлари экилишини ташкил этиш бўйича 2-иловага мувофиқ комплекс чора-тадбирлар ўтказилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари зиммасига 2009 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш ҳамда шудгорлаш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


5. "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси:

фермер хўжаликларини жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида қўшимча кузги бошоқли дон экинлари экилишини ўз вақтида амалга ошириш учун зарур бўлган ҳажмларда ва муддатда юқори сифатли ишлов берилган ва дориланган буғдой уруғлари билан белгиланган тартибда таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда 2009 йилда суғориладиган ерлар учун бошоқли дон экинларининг юқори сифатли уруғларини тайёрлаш ҳажмларини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Давлат захиралари учун назарда тутилган ҳажмлардан ортиқча тайёрланган бошоқли дон экинларининг уруғларидан қўшимча экиш учун фойдаланишга рухсат берилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 4 сентябрда қабул қилинган "2009 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш, навларни жойлаштириш ва харид қилишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-956-сонли Қарорига мазкур Фармондан келиб чиққан ҳолда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 43-сон, 430-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2008 йил, 10-сон, 550-модда








































Время: 0.0122
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск