язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Тадбиркорлик субъектларининг электр қурилмаларини электр тармоқларига "бир дарча" тамойили бўйича улаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 15.01.2013 й. 2411-сон билан рўйхатга олинган Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғининг 30.12.2012 й. 12-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 15 январда 2411-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Электр энергетикада назорат бўйича

давлат инспекцияси бошлиғининг

2012 йил 30 декабрдаги

12-сон буйруғига

ИЛОВА



Тадбиркорлик субъектларининг электр

қурилмаларини электр тармоқларига "бир дарча"

тамойили бўйича улаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ-4455-сон "Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 328-модда) мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсади бўлган жисмоний шахсларнинг (бундан буён матнда истеъмолчилар деб юритилади) электр қурилмаларини электр тармоқларига "бир дарча" тамойили бўйича улаш тартибини белгилайди.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


"Бир дарча" хизмати - электр таъминоти корхонасининг таркибий бўлинмаси (ёки ваколатли ходими) томонидан истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига соддалаштирилган тартибда улаш учун зарур бўлган ишларнинг ташкил этилишини амалга ошириш;

электр қурилмаси - электр энергиясини ишлаб чиқариш, трансформация қилиш, узатиш, тақсимлаш ҳамда уни энергиянинг бошқа турига айлантириш учун мўлжалланган машиналар, аппаратлар, электр узатиш линиялари ва ёрдамчи ускуналар йиғиндиси (улар ўрнатилган иншоотлар ва бинолар билан бирга);


электр таъминоти корхонаси - ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергиясини тақсимлаш ва сотишни амалга оширувчи бўлинмаси;


ҳудудий электр тармоқлари корхонаси - вилоят, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр таъминоти шартномаси асосида истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс.


2. Мазкур Низом талаблари истеъмолчиларга, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ва электр таъминоти корхоналарига, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ҳудудий бўлимларига ҳамда истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига "бир дарча" тамойили бўйича улаш тартибида иштирок этадиган лойиҳа ва пудрат ташкилотларига тааллуқлидир.

Мазкур Низом ички электр қурилмаларининг пудрат ишларини амалга оширишни назарда тутмайди.


3. "Бир дарча" хизмати қуйидаги ишларни амалга оширади:

истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш учун талабномаларни қабул қилиш ва рўйхатга олишни;

истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш учун техник шартларни (бундан буён матнда техник шартлар деб юритилади) тайёрлашни ташкил этишни ва уларни истеъмолчиларга беришни;

ташқи электр таъминоти лойиҳасини (бундан буён матнда Лойиҳа деб юритилади), шунингдек қурилиш-монтаж ва созлаш ишларини (бундан буён матнда пудрат ишлари деб юритилади) амалга оширилиши учун шартномалар тузилишини ташкил этишни;

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ҳудудий бўлими инспектори (бундан буён матнда инспектор деб юритилади) томонидан истеъмолчининг электр қурилмаларини кўрикдан ўтказилишини ва уларни эксплуатация қилишга рухсат бериш ҳақидаги далолатномани берилишини ташкил этишни;

электр таъминоти шартномаси тузилишини ташкил этишни;

истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига улашни ва кучланиш берилишини ташкил этишни;

электр қурилмалари электр тармоқларига уланганидан сўнг истеъмолчига зарур техник ҳужжатларни ҳамда электр таъминоти шартномасини тақдим этишни (ушбу ишлар "Бир дарча" хизмати орқали лойиҳа ва пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилмаган тақдирда Лойиҳа ва техник ҳужжатларни истеъмолчига хизмат кўрсатган лойиҳа ва пудрат ташкилоти тақдим этади).


4. Субистеъмолчиларнинг янги ёки қўшимча электр қурилмалари қувватларини истеъмолчиларнинг электр тармоқларига улаш, шунингдек "Бир дарча" хизматидан фойдаланишни рад этган истеъмолчиларнинг (техник шартларни олишдан ташқари) электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 35-сон, 382-модда) билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



II БОБ. ТЕХНИК ШАРТЛАРНИ БЕРИШ


5. Истеъмолчилар янги ёки қўшимча электр қурилмалари қувватларини ишга туширишдан олдин техник шартларни олишга мажбурдирлар.


6. Техник шартлар истеъмолчининг ёки туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)нинг ёхуд лойиҳа ташкилотининг талабномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида берилади.

Техник шартларнинг берилиши бепул амалга оширилади.

Истеъмолчи талабномани тақдим этиш вақтида Лойиҳа ишларини "Бир дарча" хизмати орқали амалга ошириш истагини билдирган тақдирда, унга талабнома берилган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмаган муддатда техник шартларни бериш билан бир вақтда лойиҳа ташкилотларининг Лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича шартномалар лойиҳалари тақдим этилади.

7. Техник шартларни олиш учун талабнома тармоқларига истеъмолчи электр қурилмалари уланиши мўлжалланаётган электр таъминоти корхонасининг "Бир дарча" хизматига тақдим этилади.


8. Талабномани қабул қилиш вақтида "Бир дарча" хизмати томонидан истеъмолчига қуйидагилар тушунтириб ўтилиши лозим:

истеъмолчиларда "Бир дарча" хизмати орқали техник шартларни олиш билан бир вақтда Лойиҳа ва пудрат ишларини амалга ошириш имкони мавжудлиги;

Лойиҳа ва пудрат ишларини амалга оширишда "Бир дарча" хизмати таклиф этган лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг шартлари маъқул келмаганда истеъмолчиларнинг ўзлари бошқа бир лойиҳа ва пудрат ташкилотлари билан ишлар амалга оширилиши ташкиллаштирилишини талаб қилиши мумкинлиги;

истеъмолчилар Лойиҳа ва пудрат ишларининг "Бир дарча" хизмати орқали амалга оширилишини рад этадиган бўлсалар, техник шартларни олишлари ва ушбу ишларни мустақил тарзда амалга оширишлари мумкинлиги;

электр қурилмаларининг электр тармоқларига "бир дарча" тамойили бўйича уланиш тартиби.


9. Техник шартларни олиш учун талабномада истеъмолчининг электр қурилмаларини тавсифловчи қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

умумий сўралган электр қувватининг миқдори;

электр таъминотининг ишончлилиги бўйича тоифаси;

объектнинг ўрнашган жойи (аҳоли истиқомат қилиш пунктлари билан боғланган картографик материаллар илова қилинган ҳолда);

электр қурилмаларини эксплуатацияга тушириш муддатлари.


10. "Бир дарча" хизмати талабнома келиб тушган куннинг ўзида унинг рўйхатга олинишини ва техник шартларни ишлаб чиқиш учун тегишлилигига кўра электр таъминоти корхонасига ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонасига тақдим этилишини таъминлайди.

11. Тегишли электр таъминоти корхонаси ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан талабнома келиб тушгандан бошлаб истеъмолчига техник шартларнинг берилиш муддати инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилиб, техник шартлар расмийлаштирилади ва "Бир дарча" хизматига тақдим этилади.

12. Техник шартлар туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)нинг ёки лойиҳа ташкилотининг талабномаси бўйича расмийлаштирилган ҳолларда, улар "Бир дарча" хизмати орқали бевосита туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)га ёки лойиҳа ташкилотига тақдим этилади.


13. Техник шартлар имкон қадар яқин жойлашган ишлаб турган электр тармоқларидан, тармоқларнинг ва электр қурилмаларининг юкламасини ҳисобга олган ҳолда берилади.

Қўшимча қувватни улаш билан боғлиқ бўлмаган ва ишлаб турган электр тармоқларини реконструкция қилиш бўйича асосланмаган талабларни техник шартларга киритиш тақиқланади.

Қўшимча қувватни улаш билан боғлиқ бўлган ишлаб турган электр тармоқларини реконструкция қилиш (трансформаторни, симларни, кабелларни ва бошқаларни алмаштириш) зарурияти техник ҳисоб-китобларга асосан Лойиҳа билан аниқланади.


14. Истеъмолчининг электр қувватининг уланиши қўшни ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан келишиш заруратини туғдирса, ушбу келишув техник шартларни бераётган тегишли ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан истеъмолчини жалб этмаган ҳолда амалга оширилади.



III БОБ. ЛОЙИҲАНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА УНИ КЕЛИШИШ


15. Истеъмолчи "Бир дарча" хизмати таклиф этган ёки унинг ўзи танлаган лойиҳа ташкилотларининг Лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича шартнома лойиҳалари билан хизмат томонидан таништирилади.

Истеъмолчи тақдим этилган шартномалар лойиҳаларининг шартларига рози бўлмаган тақдирда, Лойиҳа ишлаб чиқилишини амалга ошириш учун бошқа лойиҳа ташкилотлари билан мустақил равишда шартнома тузиш ҳуқуқига эга. Бунда "Бир дарча" хизмати томонидан истеъмолчига техник шартлар тақдим этилади.


16. Истеъмолчи "Бир дарча" хизмати томонидан тақдим этилган Лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича шартнома лойиҳасини имзолаган тақдирда, "Бир дарча" хизмати бир иш куни давомида тегишли лойиҳа ташкилотига Лойиҳа ишлаб чиқилиши учун техник шартларни ва расмийлаштирилган шартномани юборади.


17. Лойиҳани ишлаб чиқиш қуйидаги муддатларда амалга оширилиши лозим:

кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалар учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан бошлаб 15 кунгача;

кучланиши 6 - 10 кВ бўлган электр қурилмалари учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан бошлаб 20 кунгача;

кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун - шартномага мувофиқ.


18. Лойиҳа, уни ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти томонидан ҳудудий электр таъминоти корхонаси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилиши лозим.


19. Истеъмолчиларнинг кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтгача бўлган электр қурилмалари учун ҳисоб-монтаж схемаси Лойиҳа бўлиб ҳисобланади ва у ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳамда "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилмайди.

Бунда ҳисоб-монтаж схемаси электр таъминоти шартномасига илова қилинади.


20. Қуйидаги ҳолларда қўшимча техник шартлар олиниши ва Лойиҳа ишлаб чиқилиши шарт:

истеъмолчининг электр қурилмаларининг умумий қувватини ошириш талаб этилса;

истеъмолчининг электр таъминотининг ишончлилиги бўйича тоифасини ўзгартириш керак бўлса;

истеъмолчининг ташқи электр таъминоти схемасини ўзгартириш талаб этилса.

Бунда истеъмолчи электр қурилмаларининг умумий қуввати унинг аввал уланган қувватини ҳисобга олган ҳолда 10 кВтдан ошган тақдирда Лойиҳа ишлаб чиқилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда келишилади.


21. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан Лойиҳанинг келишуви ҳақ олинмасдан ва истеъмолчи жалб қилинмасдан амалга оширилади. Бунда Лойиҳани кўриб чиқиш ва келишиш муддати у тақдим этилган кундан бошлаб қуйидаги муддатлардан ошмаган ҳолда амалга оширилади:

кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалари учун - 3 кундан;

кучланиши 6 - 10 кВ бўлган электр қурилмалари учун - 5 кундан;

кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун - 7 кундан.

22. Лойиҳа келишилгандан сўнг бир иш куни давомида тегишли лойиҳа ташкилоти уни "Бир дарча" хизматига келишув ҳужжатлари билан бирга тақдим этади.



IV БОБ. ПУДРАТ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


23. Келишилган Лойиҳа олингандан сўнг бир иш куни давомида пудрат ишлари амалга оширилиши учун истеъмолчи "Бир дарча" хизмати томонидан таклиф этилган ёки истеъмолчининг ўзи танлаган пудрат ташкилотлари билан шартнома тузилишига рози бўлган тақдирда, шартнома тузиш учун "Бир дарча" хизмати Лойиҳани тегишли пудрат ташкилотларига юборади.

Ўз навбатида ушбу пудрат ташкилотлари келишилган Лойиҳага асосан икки иш куни давомида пудрат ишларини амалга ошириш шартномалари лойиҳаларини тузади ва уни "Бир дарча" хизматига тақдим этади.


24. "Бир дарча" хизмати истеъмолчини пудрат ташкилотларининг пудрат ишларини амалга ошириш бўйича таклиф этган шартномалари лойиҳалари билан таништиради.

Истеъмолчи тақдим этилган шартномалар лойиҳаларининг шартларига рози бўлмаган тақдирда, пудрат ишларини амалга ошириш учун бошқа пудрат ташкилотлари билан мустақил равишда шартнома тузиш ҳуқуқига эга. Бунда "Бир дарча" хизмати томонидан истеъмолчига техник шартлар ва келишилган Лойиҳа тақдим этилади.


25. Истеъмолчи "Бир дарча" хизмати томонидан тақдим этилган пудрат ишларини амалга ошириш бўйича шартномани имзолаган тақдирда, "Бир дарча" хизмати бир иш куни давомида тегишли пудрат ташкилотига келишилган Лойиҳани ва расмийлаштирилган шартномани юборади.

Пудрат ташкилоти томонидан қуйидагиларнинг таъминланиши истеъмолчи билан тузиладиган шартноманинг мажбурий шартлари ҳисобланади:

пудрат ишларини амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган рухсатномаларни олиш;

электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ҳамда уларни электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига улашгача бўлган ишларни амалга ошириш.

26. Пудрат ишлари қуйидаги муддатларда амалга оширилиши лозим:

кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалари учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан, шунингдек шартнома шартларига кўра пудрат ишлари учун керакли материаллар истеъмолчи томонидан етказиб берилиши назарда тутилган бўлса, улар етказиб берилган кундан бошлаб 15 кунгача;

кучланиши 6 - 10 кВ бўлган электр қурилмалари учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан, шунингдек шартнома шартларига кўра пудрат ишлари учун керакли материаллар истеъмолчи томонидан етказиб берилиши назарда тутилган бўлса, улар етказиб берилган кундан бошлаб 30 кунгача;

кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун - шартномага мувофиқ.


27. Кучланиши 1 кВгача бўлган ташқи электр таъминоти бўйича пудрат ишлари электр таъминоти корхонаси томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.


28. Тегишли пудрат ташкилоти пудрат ишлари тугагандан сўнг "Бир дарча" хизматига бу ҳақда маълум қилади ва у ўз навбатида бир иш куни давомида "Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг ҳудудий бўлимига пудрат ишларининг тугаганлиги ҳамда электр қурилмалар кўрикдан ўтказилиб, эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисидаги далолатнома берилиши лозимлиги ҳақида ёзма хабар беради.

Кўрикдан ўтказишнинг аниқ куни ҳамда вақти инспектор ва истеъмолчи билан келишилган ҳолда "Бир дарча" хизмати томонидан мувофиқлаштирилади.



V БОБ. ЭЛЕКТР ҚУРИЛМАЛАРИНИ

ЭКСПЛУАТАЦИЯГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


29. Электр қурилмаларини кўрикдан ўтказиб, эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисида тегишли далолатномани расмийлаштириш инспектор томонидан "Бир дарча" хизмати хабар берган вақтдан бошлаб уч иш куни мобайнида истеъмолчи (ёки унинг вакили) ҳамда пудрат ташкилотининг ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари иштирокида амалга оширилади.


30. Истеъмолчиларнинг кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтгача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улашда инспектор томонидан электр қурилмаларини эксплуатацияга қабул қилиш кўриги ўтказилмайди ва электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисидаги далолатнома талаб этилмайди.


31. Кўрикдан ўтказиш вақтида инспектор қуйидагиларни кўриб чиқади:

амалга оширилган пудрат ишларининг норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларга ва Лойиҳага мувофиқлигини;

электр тармоқларига уланишнинг техник шартларга мувофиқлигини;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган электр қурилмаларининг мувофиқлик сертификати мавжудлигини;

электр хўжалигининг хавфсиз эксплуатация қилиниши учун тайинланган жавобгар шахснинг мавжудлигини;

истеъмолчиларнинг кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалари бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасига, кучланиши 6 - 10 кВ бўлган электр қурилмалари бўйича мазкур Низомнинг 2-иловасига ва кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари бўйича норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларга мувофиқ тегишли ҳужжатларнинг мавжудлигини.

Электр қурилмаларининг бошқа шартлар бўйича кўрикдан ўтказилиши ҳамда қўшимча ҳужжатларнинг талаб этилиши тақиқланади.


32. Истеъмолчи томонидан чакана савдо тармоғига аҳолига сотиш учун келиб тушаётган ва тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлган 0,4 кВгача кучланишли ёритиш қурилмалари, электр асбоблари ва электр машиналаридан фойдаланилганда, шунингдек электр хўжалигининг хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгар шахсни тайинлаш ёки ёллаш имконияти бўлмаган тақдирда, электр хўжалигининг хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгарликни истеъмолчи ўз зиммасига олиши мумкин.

Бунда электр хўжалигининг хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгарликни ўз зиммасига олган шахсга инспектор томонидан электр қурилмаларини кўрикдан ўтказиш билан бир вақтда электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси бўйича йўриқнома берилади ва бу ҳақда йўриқномаларни рўйхатга олиш журналига қайд қилинади.


33. Мазкур Низомнинг 31-бандида кўрсатилган тартибда электр қурилмалари кўрикдан ўтказилиб, камчиликлар аниқланмаган тақдирда, инспектор шу куннинг ўзида электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат берилиши ҳақидаги далолатномани уч нусхада расмийлаштиради.

Инспектор электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат берилиши тўғрисидаги далолатноманинг битта нусхасини истеъмолчига ва битта нусхасини ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакилига кейинчалик электр таъминоти шартномасини тузиш учун топширади.


34. Мазкур Низомнинг 31-бандида кўрсатилган тартибда электр қурилмалари кўрикдан ўтказилиб, камчиликлар аниқланган тақдирда, инспектор томонидан электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат берилмаслигига сабаб бўлган камчиликлар аниқ кўрсатилган ҳолда хулоса берилади.


35. Амалга оширилган пудрат ишларининг норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларга ва Лойиҳага, шунингдек электр тармоқларига уланишнинг берилган техник шартларга номувофиқлиги ҳамда электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг ўрнатилиши билан боғлиқ бўлган камчиликлар, агарда ушбу камчиликлар пудрат ташкилотларининг айби билан юзага келган бўлса, уларнинг ҳисобидан бартараф этилади.


36. Кўрикдан ўтказиш вақтида амалга оширилган ишлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, қуйидаги ҳужжатлар имзоланади:

истеъмолчи ва пудрат ташкилотининг вакили томонидан амалга оширилган ишларнинг далолатномалари;

истеъмолчи, пудрат ташкилотининг ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари томонидан электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш приборларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланганлиги тўғрисидаги далолатнома.



VI БОБ. ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ШАРТНОМАСИНИ

ТУЗИШ ВА ЭЛЕКТР ҚУРИЛМАЛАРИНИ ЭЛЕКТР

ТАРМОҚЛАРИГА УЛАШ


37. Электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисидаги далолатнома электр таъминоти шартномасини тузиш ва истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш учун асос бўлиб ҳисобланади.


38. Электр таъминоти шартномаси ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан истеъмолчи ўртасида тузилади.


39. Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш ва уларга кучланиш берилиши қуйидаги шартлар бажарилганда амалга оширилади:

электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисидаги далолатнома ёки кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтгача бўлган истеъмолчилар электр қурилмалари учун мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ истеъмолчининг ариза-мажбурияти мавжуд бўлганда;

электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига мос келадиган қиёслашдан ўтган ҳисобга олиш приборлари ўрнатилганда;

электр таъминоти шартномаси тузилганда.


40. Электр таъминоти шартномаси тузилган кундан эътиборан истеъмолчи электр энергиясидан фойдаланиши мумкин.


41. Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш приборларини уланиш схемаси тўғрилигини текшириш ҳамда ҳисобга олиш приборларининг клеммник қопқоғини ва ўлчаш занжирларини пломбалаш электр таъминоти корхонаси томонидан кучланиш бериш вақтида амалга оширилади.


42. Истеъмолчининг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш ва уларга кучланиш бериш истеъмолчининг раҳбари ёки электр хўжалигини хавфсиз эксплуатация қилиш учун жавобгар шахс иштирокида электр таъминоти корхонаси томонидан амалга оширилади.


43. Истеъмолчининг раҳбари ёки электр хўжалигининг хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгар шахс иштирокисиз электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш тақиқланади.


44. Истеъмолчининг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш ишлари амалга оширилган куни "Бир дарча" хизмати томонидан унга бир нусхадан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

техник шартлар;

Лойиҳа;

ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш наряди;

электр таъминоти шартномаси.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


45. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


46. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзбекэнерго" ДАК ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Истеъмолчиларнинг кучланиши 1 кВгача

ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмаларини

эксплуатацияга қабул қилиш имкониятини аниқлаш учун

тақдим этилиши лозим бўлган техник ҳужжатларнинг

РЎЙХАТИ

1. Техник шартлар.


2. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган Лойиҳа.


3. Электр хўжалигига жавобгар шахсни тайинлаш ҳақидаги буйруқдан кўчирма ёки электр хўжалигининг хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш тўғрисидаги ариза-мажбурият ёхуд электр хўжалигини хавфсиз эксплуатация қилиш бўйича махсус ташкилот билан тузилган шартнома нусхаси.

4. Хавфсизлик техникаси бўйича мавжуд ҳимоя воситаларининг рўйхати.


5. Кабель ва ҳаво линиясининг ижро чизмаси.


6. Кабелни ер остидан ўтказиш ҳамда механик шикастланишлардан ҳимоялаш бўйича ер ости ишларининг далолатномаси.


7. Кабелларни ва ўлчов ток трансформаторларини синаш ҳамда коммутация электр қурилмаларини созлаш баённомалари.


8. Симлар ва электр ускуналар изоляциясининг қаршилигини ўлчаш баённомаси.


9. Ерга улаш қурилмалари ва ерга уланадиган қисмлар ўртасида занжир мавжудлигини текшириш баённомаси.


10. Ерга улаш қурилмаларининг қаршилигини ўлчаш баённомаси.


Эслатма:

электр қурилмаларини эксплуатацияга қабул қилишда мазкур рўйхатнинг 1 ва 2-бандларидаги ҳужжатлар "Бир дарча" хизмати томонидан, 3 ва 4-бандларидаги ҳужжатлар истеъмолчи томонидан, бошқа бандлардаги ҳужжатлар пудрат ташкилоти томонидан тақдим этилади;

мазкур рўйхатдаги ҳужжатлар тегишли электр қурилмалари мавжуд бўлганда талаб қилинади.






Низомга

2-ИЛОВА



Истеъмолчиларнинг кучланиши 6 - 10 кВ бўлган

электр қурилмаларини эксплуатацияга қабул қилиш

имкониятини аниқлаш учун тақдим этилиши

лозим бўлган техник ҳужжатларнинг

РЎЙХАТИ


1. Техник шартлар.


2. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган Лойиҳа.


3. Электр хўжалигига жавобгар шахсни тайинлаш ҳақидаги буйруқдан кўчирма ёки электр хўжалигини хавфсиз эксплуатация қилиш бўйича махсус ташкилот билан тузилган шартнома нусхаси.

4. Хавфсизлик техникаси бўйича мавжуд ҳимоя воситаларининг рўйхати.


5. Кабель ва ҳаво линиясининг ижро чизмаси.


6. Кабелни ер остидан ўтказиш ҳамда механик шикастланишлардан ҳимоялаш бўйича ер ости ишларининг далолатномаси.


7. Разрядлагичларни ва кабелларни синаш баённомалари.


8. Симлар ва электр ускуналар изоляциясининг қаршилигини ўлчаш баённомаси.


9. Ерга улаш қурилмалари ва ерга уланадиган қисмлар ўртасида занжир мавжудлигини текшириш баённомаси.


10. Коммутация электр қурилмаларини созлаш баённомалари.


11. Трансформатор пункти (ТП) заминлаш контурининг ижро чизмаси ва ер ости ишларининг бажарилганлиги далолатномаси.


12. Куч ва ўлчов трансформаторини синаш баённомалари.


13. Трансформатор мойининг қисқартирилган таҳлили баённомаси.


14. Юқори вольтли шиналарнинг саноат частотасидаги юқори кучланиш билан синаш баённомаси.


15. ТПни ерга улаш контурини ва ерга улаш қурилмаларининг қаршилигини ўлчаш баённомаси.


Эслатма:

электр қурилмаларини эксплуатацияга қабул қилишда мазкур рўйхатнинг 1 ва 2-бандларидаги ҳужжатлар "Бир дарча" хизмати томонидан, 3 ва 4-бандларидаги ҳужжатлар истеъмолчи томонидан, бошқа бандлардаги ҳужжатлар пудрат ташкилоти томонидан тақдим этилади;

мазкур рўйхатдаги ҳужжатлар тегишли электр қурилмалари мавжуд бўлганда талаб қилинади.






Низомга

3-ИЛОВА